Россия нега кундузи Украина устига "шаҳед"лар билан ҳужумлар қиляпти? Тактика ўзгардими?

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Россия Украина ҳудуди ичкарисига кенг миқёсда зарбалар бериш учун асосан "Шаҳед" худкуш дронларидан фойдаланмоқда. Айни пайтда, Россия нафақат ушбу дронларнинг янги модификацияларини ишлаб чиқмоқда, балки тактика борасида ҳам тажрибалар ўтказмоқда. Масалан, кун давомида юзлаб дронларни учирмоқда.

Россия 2022 йил кузида "Шаҳед"дан Украина ҳудудига зарба бериш учун илк бор фойдаланганидан буён бу дронни жиддий ўзгартирди.

Дроннинг радиоэлектрон мудофаа воситаларига қарши туриш учун махсус антенналари пайдо бўлди, жанговар қисми анча катталашди, уни реал вақт режимида бошқариш мумкин бўлиб қолди.

Бундан ташқари, россияликлар реактив двигатель билан жиҳозланган "Шаҳед"лардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Бу двигатель дронни поршенли двигателли дронларга қараганда икки баравар тезроқ учиради.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Модификациясига қараб, бундай дрон соатига 300 дан 600 километргача тезликка эриша олади. Бироқ реактив дронларнинг учиш масофаси қисқароқ, шу сабабли россиялик ҳарбийлар улардан одатда фақат чегараолди вилоятларига зарба бериш учун фойдаланади.

Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Александр Сирский айтишича, жорий йил баҳоридан бошлаб Россия "Шаҳед"ларни қўллаш тактикасини ўзгартира бошлаган. Хўш, асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

Кундузги ҳужумлар

Март ва апрель ойи бошларида рус ҳарбийлари Украинага узоқ масофали дронлар учун ноодатий вақтда, яъни кундузи бир неча бор оммавий ҳужум уюштирди.

Бунга қадар россиялик операторлар дронларни одатда оқшомда – бир нечта йўналишдан бир вақтда, тўп-тўп қилиб учирар эди. Дронларни учириш, қоида тариқасида, тун бўйи давом этар ва тонгга яқин тўхтарди.

Бу 10–12 соат ичида Украинага ўртача 250–350 та дрон учиб кирган, уларнинг 60–70 фоизини айнан "Шаҳед"лар ташкил этган. Бу дронларнинг 80–90 фоизи уриб туширилган.

Украина Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, апрель ойи биринчи ҳафтасида россияликлар 1300 га яқин "Шаҳед" учирган, улардан атиги 150 таси нишонга етиб борган.

Март ойида Россия "Шаҳед"лар билан узлуксиз бир суткалик ҳужум ўтказишга уринди, яъни уларни нафақат тунда, балки кундузи ҳам тўп-тўп учирди.

Хусусан, 23 март соат 18:00 дан кейинги кун соат 18:00 гача бўлган бир сутка ичида Украинага мингга яқин дрон, жумладан, 600 га яқин "Шаҳед" учиб кирган.

Ўша куни улар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларига ҳужум қилиб, ҳатто Украинанинг ғарбий вилоятларигача етиб борган: Лвов, Луцк, Тернопил ва Ивано-Франковскка зарбалар берилган.

Шунга ўхшаш ҳужум 31 март оқшомидан 1 апрель оқшомигача содир бўлди. Бир сутка давомида россияликлар 700 га яқин дрон қўллаган, улардан 450 таси "Шаҳед" дронларидир.

Март ва апрелнинг бошқа кунларида ҳам кундузги ҳужумлар бўлиб турди, лекин улар оммавий тус олмаган ва зарбалар асосан фронтолди ҳудудларга: Харков, Суми, Чернигов ва Днипропетровск вилоятларига берилган.

Шу билан бирга, оммавий кундузги ҳужумлар пайтида Россия томонининг дрон йўқотишлари фоизи юқорилигича қолган ва ҳатто тунги ҳужумлардагидан ҳам кўпроқ бўлган. Масалан, 24 март куни Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия дронларининг 97 фоизини уриб туширишга ва бостиришга муваффақ бўлган.

Хўш, унда тактикани ўзгартиришдан нима маъно бор эди?

Украина президенти идораси раҳбари ўринбосари, генерал Павло Палисанинг фикрича, Россия буни фақат тинч аҳолини террор қилиш ва Украинага кўпроқ иқтисодий зарар етказиш учун қилмоқда.

"Россияликлар тинч аҳоли орасида талафотлар кўпроқ бўлиши учун тунги ҳужумларни кундузгилари билан уйғунлаштира бошлади. Тинч аҳолига босимни кучайтирмоқда... Бунинг иқтисодий жиҳати ҳам бор. Иш куни ўртасидаги оммавий ҳужумлар бизнесни сезиларли даражада издан чиқаради", деган у "РБК-Украина"га берган интервьюсида.

Дарҳақиқат, Украинанинг ғарбий ҳудудларига қилинган ҳужумлар пайтида асосан фуқаролик объектлари, хусусан, Лвов ва Ивано-Франковскнинг гавжум марказий туманлари зарар кўрган.

"Кундузги ҳужумда дронлар беҳуда йўқотилиши ҳар доим тунги ҳужумдагига қараганда анча кўп бўлади", дейди авиация бўйича эксперт Валерий Романенко.

Бунинг сабаби шундаки, бундай нишонларни тунги осмонда қўшимча ёритишга ҳожат йўқ, уларни кўриш ва, масалан, вертолётдан "уриб тушириш" осонроқ. Яъни, кундузи "Шаҳед"ларни уриб тушириш осонроқ.

"Бунда ҳеч қандай ҳарбий маъно йўқ эди. Россияликлар умид қилиши мумкин бўлган ягона нарса шуки, оммавий тунги ҳужумдан сўнг зенит-ракета мажмуалари ва мобил ўт очар гуруҳлар ҳолдан тойган бўлади, шунинг учун улар кундузги ҳужумни самарали қайтара олмайди", деб ҳисоблайди у.

Тўғри, "аҳолини террор қилиш"дан ташқари, самарадорлиги шубҳали бўлишига қарамай, россиялик ҳарбийларнинг кундузги ҳужумларни давом эттираётганининг яна бир сабаби бор.

Mesh-тармоқлар нима?

Гап шундаки, кундузги ёруғликда "шаҳедлар" mesh-тармоқлар орқали бошқарилади ва ҳаракатланувчи объектни нишонга олиш имконига эга.

Оддий "шаҳед" оператор билан алоқа қилмайди ва йўналиш бўйлаб стационар нишонга, масалан, ҳаво ҳужумидан ишончли ҳимояланган нефть базасига учади.

Битта учувчисиз учиш аппарати бу ҳимояни ёриб ўтиши эҳтимоли жуда оз. Бундай вазиятда муваффақият эҳтимоли фақат бир нишонга бир нечта дроннинг оммавий зарбаси бўлса ёки тезкорроқ реактив учувчисиз учиш аппаратлари ишлатилса, ошади.

Бироқ, агар дрон бошқариладиган режимда учиб, кундузи нишонга ҳужум қилса, ҳамма нарса ўзгаради. Шунда ҳатто битта "шаҳед" ҳам ҳимояланмаган нишонни топиб, унга зарба бериши мумкин.

"Шаҳедлар" тунда учирилганда, улар фақат координаталар бўйича учади, – дейди ҳарбий таҳлилчи Михаил Жирохов Би-би-сининг Украина хизматига. – Оператор кундузи, масалан, тепловозни кўрганда, уни йўқ қилиш эҳтимоли юқори бўлади.

Бунинг учун Россия дрони темир йўл бўйлаб узоқ вақт махсус учиб, нишонни қидириши мумкин. Агар оператор керакли нишонни топа олмаса ва парвоз ресурси тугаб қолса, у ҳолда "Шаҳед"ни бошқа ҳаракатланувчи ёки стационар объектга, масалан, автобусга ёки энг яқин маъмурий бинога йўналтириши мумкин.

Жироховнинг айтишича, бундай тактика нишонларни минимал воситалар билан йўқ қилиш учун амалга оширилади. Яъни, битта зарба берувчи учувчисиз учиш аппарати билан маълум бир вазиятда максимал самарага эришиш.

Mesh тизимларига келсак, Россия армияси бу технологиядан 2025 йил бошида ўзининг зарба берувчи ва разведкачи дронларини реал вақт режимида бошқариш учун жуда фаол фойдалана бошлади. Ундан Украина қуролли кучлари ҳам фойдаланади.

Тўғри, ўтган йил охирида Россия бундай дронлар учун Starlink сунъий йўлдош алоқа терминалларидан фаол фойдаланган, бироқ Украина ва SpaceX Россия ҳарбийларини бундай имкониятдан бутунлай маҳрум қилганидан сўнг, Россия mesh-тармоқлардан фойдаланишга қайтди.

Бу нима?

Бу аслида катта хоналарда барқарор ва узлуксиз Wi-Fi алоқасини таъминлаш учун мўлжалланган фуқаролик технологиясидир. Асосий ғоя шуки, хонанинг турли қисмларидаги бир нечта сигнал ретранслятори сигналнинг яхлит тармоғини яратади. Бундай тизимда ҳар бир модуль ҳам қабул қилувчи, ҳам ретранслятор бўлиб хизмат қилади. Бу эса сигнал сифатини йўқотмасдан узоқ масофаларга узатиш имконини беради.

Россия бундай схемани дронлар билан амалга оширди.

Россия ҳарбийлари "Шаҳед" ва бошқа узоқ масофали дронларга махсус Хитой модемларини ўрнатди, улар нафақат радиосигнални қабул қилди, балки уни қўшни модемларга ҳам узатди. Шундай қилиб, оператор нишондан юзлаб километр узоқликда "Шаҳед"ни реал вақт режимида бошқариши, қурилма билан барқарор алоқага эга бўлиши ва ундан барқарор видеосигнал олиши мумкин бўлди.

Бу схема қуйидагича ишлайди: модемлар билан жиҳозланган 10-15 та дрон гуруҳи парвоз пайтида ўзаро тармоқ ҳосил қилади. Модемларнинг ҳар бири узатгич, қабул қилгич ва ретранслятор сифатида ишлайди, бу эса, ўз навбатида, дронлардан бири уриб туширилган тақдирда ҳам вазифани охирига етказиш имконини беради.

Шу билан бирга, парвоз масофаси бу ерда деярли муҳим роль ўйнамайди, чунки биринчи гуруҳ дронлари кейинги гуруҳдан сигнал олади ва ҳоказо. "Шаҳедлар" реал вақт режимида Украинанинг ғарбий ҳудудларигача учиб борган ҳолатлар қайд этилган.

Тўғри, айрим муҳим жиҳатлар бор.

Бундай тармоқлар учун сигнални одатда мобил алоқа минораларида ўрнатилган махсус станциялар генерация қилиши керак.

Радиосигнал барқарор ва етарлича кучли бўлиши учун Россия бу станцияларни Украина чегараси яқинида ва босиб олинган ҳудудларда ўрнатмоқда. Украина ҳукумати Беларус ҳудудида ҳам бир нечта шундай станцияларни аниқлаганини маълум қилди.

Хусусан, улардан олинган сигнал реал вақт режимида дронлардан Киев яқинидаги парвозлар учун фойдаланиш имконини берган.

Февраль ойи охирида Украина мудофаа вазири Михаил Федоров Беларус ҳудудидаги бундай станцияларнинг mesh-тармоғини йўқ қилишга муваффақ бўлганини маълум қилганди.

Ушбу баёнотдан сўнг Киевга дронларининг оммавий ҳужумлари қайд этилмади, аммо Россия "Шаҳедлари" Украинанинг ғарбий ва шимоли-ғарбий вилоятларига айрим ҳолларда етиб борди.

Украина Қуролли кучлари ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат 7 апрель куни миллий телемарафон эфирида Россия Украинага ўз дронларини юбориш учун Беларус, шунингдек, Молдова, Днестрбўйи ва Руминия ҳудудидан фойдаланаётганини айтди. Бу россияликларга дарҳол Украинанинг фронтдан узоқроқ ҳудудларига учиб кириш имконини беради.

Гап шундаки, "шаҳедлар"нинг ярмига яқини айнан фронт чизиғи ва шарқий чегара яқинида адашмоқда. Бу ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва воситалари кўпроқ.

Шундай қилиб, агар дрон ушбу йўлакни учиб ўтган бўлса, у деярли ҳеч қандай тўсиқсиз фронт орти ҳудудларига йўл олиши мумкин. Агар бу оддий дрон эмас, балки радиосигнал ретрансляторига эга дрон бўлса, унинг оператори реал вақт режимида нишонни танлаши мумкин.

Бунга қандай қарши туриш мумкин?

"Шаҳед"ларга махсус сигнал ретрансляторларини ўрнатиш уларнинг бошқарилишини яхшилайди, бироқ ишлаб чиқариш таннархини сезиларли оширади. Битта шундай модемнинг нархи 8000 долларгача етиши мумкин. Ваҳоланки, тахминий маълумотларга кўра, оддий "Шаҳед"нинг умумий нархи ҳозирда 30 мингдан 50 минг долларгача туради.

Аслида, Россия армиясида бундай тажриба оммалашмагани сабабларидан бири ҳам шу.

Яна бир сабаб – дронларнинг mesh-тармоғидаги радиосигнални Украинанинг радиоэлектрон кураш (РЕК) воситалари ёрдамида аниқлаш ва ўчириб қўйиш анча осон.

"Замонавий воситалар ушбу сигнал манбасини тезда аниқлаш ва уни бостириш имконини беради", дейди РЕК воситаларини ишлаб чиқарувчи компания раҳбарларидан бири Би-би-сига.

"Биз mesh-тармоқлар билан анча муваффақиятли курашяпмиз. Асосийси, бундай дронларни осмонда ўз вақтида аниқлаш", дея қайд этди у.

Мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Бескрестновнинг айтишича, РЕК воситалари "Шаҳед"лардаги mesh-модемларни 200–500 метр масофада бостиради.

Бунга йўл қўймаслик учун россияликлар сигнал частоталари ва ҳужум йўналишларини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.

Украиналик мутахассислар, ўз навбатида, радиомониторинг ҳудудини имкон қадар кенгайтириш ва бундай радиобошқариладиган "Шаҳед"лар гуруҳларини олдиндан аниқлаш устида ишламоқда.

Тўғри, ҳудудни, айниқса, фронт ортидаги ғарбий вилоятларни тўлиқ радиолокацион қамров билан таъминлаш анча мураккаб.

Украина дрон ҳужумлари муаммосини ҳал қилиши керак бўлган "дронга қарши гумбаз" деб аталувчи тизимни жорий этишни энди бошламоқда.

Авиация мутахассиси Валерий Романенконинг айтишича, бу ердаги "заиф нуқта" зарба бериш усуллари эмас, балки айнан радиолокацион қурилмалар ва нишонларни самарали тақсимлашдир.

"Бизда зарба бериш воситалари етарли. "Дронга қарши гумбаз" – бу "Шаҳед"ларни аниқлаш, уларнинг парвозини кузатиш ва айни пайтда нишонларни автоматик тарзда тақсимлаш имконини берадиган тизимдир", деб тушунтиради у.

"Агар биз дронга қарши тизимни йўлга қўйсак, россиялик ҳарбийлар учун дрон йўқотишлари доимий равишда 95 фоиз даражасида бўлади ва шунда Россия бу турдаги қуролдан воз кечишга мажбур бўлади, чунки у келтирадиган зарар ушбу дронни ясаш харажатларидан кам бўлади", дея таъкидлайди авиация мутахассиси.

Айнан "дронга қарши гумбаз"ни барпо этишга масъул бўлган Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони ўринбосари Павел Елизаров март ойи бошида ушбу тизим ишлаб чиқилгани ва Украина армияси уни жорий этишга "киришаётганини" маълум қилди.

У, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа экипажлари сонини шунчаки ошириш билан "Шаҳед"лар муаммосини ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Бу россияликларнинг оммавий ҳужумлар пайтида зарба берувчи дронлар сонини кўпайтираётгани билан боғлиқ бўлиб, уларнинг бир қисмига Украина ҳаво ҳужумидан мудофаанинг ҳатто учта чизиғини ёриб ўтиш имконини беради.

"Улар ҳозир "тўда" бўлиб учмоқда. Яъни кичик гуруҳларда учмаяпти… Бу гўё ўрмонда тўнғизлар югуриб, йўлида учраган ҳамма нарсани яксон қилишига ўхшайди. Ҳозирги усул шундай ва у келажакда янада кўпроқ қўлланади, чунки бу уларнинг тактикаси, бу мантиқан тўғри", дейди Елизаров.

Елизаров россияликларнинг "Шаҳед" ҳужумлари муаммоси "яқин келажакда" ҳал этилишига умид билдирди.

Мудофаа вазири Михаил Фёдоров 8 апрель куни Украина қурол ишлаб чиқарувчилари олдига реактив двигателли дронларга қарши курашиш учун "технологик ечим топиш" вазифасини қўйганини маълум қилди. Шубҳасиз йўллардан бири – реактив тутиб олувчи дронларни яратиш ва нишонга олишни автоматик тўғрилаш тизимини такомиллаштиришдир.