You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон ва минтақа емаган сомсасига пул тўлайдими?
Марказий Осиё раҳбарлари янги хавф қаршисида бирлашмаса бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Бу - иқлим ўзгариши.
Минтақа ушбу хавфга қарши якка курашиш самарасиз эканини тан олмоқда.
Аммо бугунги асосий савол — экологик харажатларни ким ва қандай тақсимлаш керак?
Орол денгизининг қуриши ёнида энди кучайиб бораётган иқлим ўзгариши оқибатлари шундоқ ҳам аксар саҳро ҳудулардан иборат, сув захиралари камайиб, аҳолиси ошиб бораётган нисбатан камбағал минтақа учун жиддий синовга айланиши мумкин.
Бир неча кун олдин Қозоғистон пойтахтида ўтган минтақавий экологик саммитда Марказий Осиё раҳбарлари, асосан, иқлим ўзгариши, унинг оқибатларига қарши кураш ҳамда сув захиралари масаласига эътибор қаратишди.
Ўзбекистон нимадан норози?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзига хос "иқлим адолатсизлиги" муаммосига эътибор қаратади.
Соддароқ тилда айтганда, емаган сомсага пул тўлашдан норози.
Унинг фикрича, глобал исишга энг кам ҳисса қўшган давлатлар бугун унинг оғир оқибатлари олдида ёлғиз қолмоқда.
Бу оқибатлар сув танқсилиги, оролнинг қуриши ортидан пайдо бўлган тузли чанглар, чўллашиш каби иқлим муаммоларидир.
Айниқса, сув ресурсларининг тақчиллиги минтақа учун энг оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон етакчисининг ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув тақчиллиги икки баравар кўпайиши мумкин.
Шу боис, у нафақат маблағ ажратиш, балки мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини тубдан қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда.
Зеро, минтақа қишлоқ хўжалигида бир долларлик қиймат яратиш учун ҳали ҳам уч куб метр сув сарфланаётган бир шароитда, иқлим ўзгаришига қарши кураш фақат баёнотлар билан чекланиб қолмаслиги шарт эканлиги айтилади.
Қирғизистон: Қўшнилар ҳам пул тўласин
Шу билан бирга, минтақанинг "сув бошида турадиган" давлатларидан бири - Қирғизистон бу масалага бошқа бир томондан қарашни таклиф қилмоқда.
Президент Садир Жапаров иқлим ўзгаришининг оғир юки Қирғизистон учун номутаносиб равишда юқори эканини таъкидлади.
Мамлакатда карбонат ангидрид чиқиндилари минимал бўлса-да, иқлим исиши туфайли музликларнинг шиддат билан эриши минтақавий сув хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солмоқда.
Қирғизистон етакчисининг айтишича, мамлакат ўз ҳудудида шаклланаётган 50 миллиард куб метр сувнинг атиги 20 фоизини ишлатади, қолгани эса қўшни давлатларга оқиб ўтади.
Шу боис, Жапаров сув инфратузилмасини сақлаш ва музликларни ҳимоя қилиш харажатлари фақат Қирғизистоннинг эмас, балки барча сув истеъмолчиларининг умумий масъулияти бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Яъни сувдан фойдаланяпсизми, унда сиз ҳам ҳақ тўланг, демоқда.
Тожикистон: Музликлар тез эримоқда
Сув ресурсларининг минтақавий аҳамиятига эътибор қаратган президент Эмомали Раҳмонга кўра, сувнинг 60 фоизи Тожикистонда шаклланади, аммо музликларнинг тез эриши сув балансини бузмоқда.
"Тожикистондаги 14 000 та музликдан 1 300 таси бутунлай эриб битди. Бу сув билан боғлиқ табиий офатлар хавфини оширмоқда" - дейди Тожикистон етакчиси. У сув хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга чақиради.
Қозоғистон: "Дунё - завод, минтақа - томорқаси"
Минтақадаги вазиятга Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев янада кенгроқ - тизимли масъулият нуқтаи назаридан ёндашмоқда.
Унинг фикрича, экология шунчаки табиатни асраш эмас, балки сайёрада масъулият билан яшаш тарзидир.
Қозоғистон давлат раҳбарига кўра, дунё "катта завод"га айланиб қолган, бу заводдан бой давлатлар фойда кўрмоқда, чиқинди ва экологик зарар эса минтақанинг "томорқасига" тушмоқда.
Қозоғистон етакчиси иқлим соҳасидаги тараққиётга геосиёсий кескинликлар ва можаролар тўсқинлик қилаётганидан огоҳлантирди.
Унинг наздида, глобал кучларнинг эътибори ва ресурслари экологик муаммолардан чалғиб, қуролланиш ёки сиёсий низоларга сарфланиши - минтақадаги иқлим ҳаракатларини заифлаштиради.
Қозоғистон глобал нефть, газ ва уран бозорларида асосий иштирокчи бўлса-да, "адолатли энергетик ўтиш" йўлини танлаган.
Аммо Тоқаев таъкидлаганидек, бу ўтиш иқтисодиётга зарар етказмаслиги, аксинча, янги моделлар орқали рағбатлантирилиши керак.
Орол муаммоси борасида эса у экологик хавфлар чора кўриш тезлигидан ўзиб кетаётганини айтиб, "тизимли ечимлар" ва кучли халқаро механизмлар зарурлигини қатъий талаб қилмоқда.
Марказий Осиё раҳбарлари иқлим муаммолари умумий эканини англаб етдилар.
Ўзбекистон адолатли молиялаштиришни, Қирғизистон сув учун шерикчиликни, Қозоғистон эса тизимли ечимларни талаб қилмоқда.
Аммо асосий савол очиқ:
Бу борада ким кўпроқ меҳнат қилади ва ким кўпроқ ҳақ тўлайди?