Anorbank қидирувга берилган йирик акциядори ҳақида нима дейди?

The Insider ва Франциянинг L'Express нашри Олимовнинг талқинида гўёки кўплаб қарама-қаршиликлар ва эҳтимолий сохталаштириш аломатларини аниқлаган эди.

Сурат манбаси, Anorbank

Сурат тагсўзи, The Insider ва Франциянинг L'Express нашри Олимовнинг талқинида гўёки кўплаб қарама-қаршиликлар ва эҳтимолий сохталаштириш аломатларини аниқлаган эди.
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Anorbank ўз акцияларининг қарийб ярмига эгалик қиладиган Қаҳрамонжон Олимов ҳақида баёнот чиқарди ва ўзини ундан йироқлаштиришга уринди.

"Гап Банк, унинг капитали, бошқаруви ёки операцион фаолиятига алоқадор бўлмаган акциядорлардан бирининг шахсий масалалари ҳақида кетмоқда. Ушбу масалаларни Банк фаолияти билан аралаштириш нотўғри ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир", дейилади Anorbank матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Ўтган ҳафта Россиянинг The Insider нашри 2025 йилда Парижда ўғирлаб кетилганини даъво қилган ўзбекистонлик молиячи Олимовнинг ўзи ўғирликни ташкил этиш айблови билан қидирувга берилганини хабар қилди.

Сайтнинг молиячига яқин манбага таяниб ёзишича, Олимовни ҳибсга олиш учун сиртдан ордер чиқарилган ва у қидирувга берилган. Олимовнинг ўзи ҳеч қандай изоҳ билан чиқмади.

Унинг ҳозирда қаерда экани жамоатчиликка номаълум.

Иш бўйича расмий маълумотлар мавжуд эмас, бироқ The Insider манбасининг даъво қилишича, Олимов Францияда ўз ўғирланишини сохталаштирган бўлиши мумкин. Бундан мақсад — иқтисодий низодаги рақиби ва собиқ иш берувчиси Ботир Раҳимовни ушбу жиноят ташкилотчиси сифатида кўрсатиш бўлган, дея иддао қилган манба.

Бу ўғирланиш ҳолати ҳақида илк хабарни Франциянинг Le Monde газетаси 2025 йил июль ойида тарқатган эди. У тадбиркорнинг Франциянинг уюшган жиноий гуруҳларга қарши кураш тузилмасига берган кўрсатмаларига таянган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Олимовнинг ўзи 23 июнь куни Париж марказида ўғирлаб кетилгани, кейинчалик номаълум жойга, сўнг эса Ницца шаҳридаги виллага олиб борилганини айтган. Маълум қилинишича, жабрланувчи ўша ерда дўппослангани ва товламачиликка дуч келганини айтган. У босим остида 5 миллион долларлик қарздорлик тилхатини имзолаган, шунингдек, ҳайдовчиси воситасида Тошкентдаги шахсга 200 минг доллар топширган. Бундан сўнг қўйиб юборилган тадбиркор маҳаллий полицияга мурожаат қилган.

2025 йилнинг ноябр ойида The Insider ва Франциянинг L'Express нашри Олимовнинг талқинида гўёки кўплаб қарама-қаршиликлар ва эҳтимолий сохталаштириш аломатларини аниқлаган эди: хусусан, банкир ўзини ўғирлаган деб атайдиган шахс билан дўстона ёзишмалар олиб борган, кейинчалик эса уни полиция ҳақида огоҳлантириб, қўлга олинишдан қочиш учун «узоқроқ туришни» сўраган, деб ёзган икки нашр.

Корпоратив маълумотларга кўра, Қаҳрамонжон Олимов Ўзбекистондаги ANORBANK устав капиталининг 49,42 фоиз (айрим расмий реестрларда 49,4 фоиз) акциясига эгалик қилади ва банкнинг кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади. У банкнинг энг йирик тўғридан-тўғри жисмоний шахс акциядоридир.