Ўзбекистон аҳолисининг кредит қарзлари кескин ўсди. Нимадан эҳтиёт бўлиш керак?

Иқтисодий ўсиш қарздорликка мутаносибми?
Сурат тагсўзи, Иқтисодий ўсиш қарздорликка мутаносибми?
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Шу йилнинг 1 июль ҳолатига, Ўзбекистон аҳолиси банклардан олган ва ҳали тўлаб бўлмаган кредитларининг умумий қолдиғи 235,9 триллион сўмни ташкил этди. Бу рақамларни Марказий Банк тарқатган жадвалда кўриш мумкин.

Бир йил олдин (2025 йил 1 июль ҳолатига) бу кўрсаткич тахминан 196,4 триллион сўм эди.

Демак, бир йил ичида аҳолининг банклар олдидаги кредит қарзи 20 фоизга кўпайиб, 39,5 триллион сўмга чиққан.

Ўзбекистонда аҳолининг банклардан қарздорлиги йилдан-йилга жадал ошиб боряпти. Бу, албатта, "аҳоли қашшоқлашди" ёки "ҳамма қарзга ботди" дегани эмас. Лекин, бир хавотир бор.

Яъни, агар кредитлар аҳоли даромадларига нисбатан жуда тез ўсса, бу молиявий хавфларни ҳам ошириши мумкин. Шунинг учун иқтисодчилар бундай маълумотни таҳлил қилганда иккита муҳим омилни ҳисобга оладилар:

  • аҳоли даромадлари ўсдими?
  • муддати ўтган кредитлар улуши қанча?

Келинг, аҳоли даромадларига қарайлик. Агар одамлар кредитни уй-жой сотиб олиш, бизнес очиш ёки таълим учун олса ва даромадлари ҳам ўсиб борса, бу иқтисодиёт учун фойдали бўлиши мумкин.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Аммо кредитлар аҳоли даромадларига нисбатан жуда тез ўсса, бу бир нечта молиявий хавфларни келтириб чиқаради.

Агар инсоннинг даромади кредит тўловларига нисбатан паст бўлса, унинг бюджетида муаммо пайдо бўлади. Айтайлик, ойлигингиз 8 миллион сўм, кредит тўловингиз 2 миллион сўм. Бу ҳолатда даромадингизнинг 25 фоизи кредитга кетади ва яшашингиз учун етарлича маблағ қолади.

Аммо, даромадингиз 8 млн сўм бўла туриб, кредит тўловингиз 5 млн сўм бўлса, бу ҳолда даромаднинг қарийб 63% кредитига кетади. Озиқ-овқат, коммунал тўловлар, транспорт ёки даволаниш учун маблағ кам қолади. Кутилмаган харажат чиқса, қарзни ўз вақтида тўлаш қийинлашади.

Оила даромадининг қанча қисми кредитни тўлашга кетаётгани унинг келажакдаги фаровонлигини ҳал қилади.
Сурат тагсўзи, Оила даромадининг қанча қисми кредитни тўлашга кетаётгани унинг келажакдаги фаровонлигини ҳал қилади.

Аҳоли даромадининг кредит ўсишига номутаносиблиги муддати ўтган кредитлар кўпайишига ҳам олиб келиши мумкин. Яъни, агар кўпчилик кредитларни ўз вақтида тўлай олмаса, кечиктирилган тўловлар кўпаяди ва айрим кредитлар умуман қайтмай қолиши мумкин. Бу банклар учун ҳам хавфли.

Ўзбекистонда кўп одамлар маиший техника, телефон ёки автомобилни кредитга сотиб олади. Бу қисқа муддатда савдо ҳажмини оширади ва бозор қизигандек таассурот пайдо бўлади.

Аммо кейин одамларнинг катта қисми ойлик даромадини кредит тўлашга сарфлай бошлайди ва бошқа товарларга талаб пасаяди.

Агар уларнинг даромади пасайса, муаммо янада кучаяди. Айтайлик, иқтисодиётда тўсатдан инқироз юз берса ё Ковиддек пандемия бўлса, айримлар ишини йўқотади, маошлар ўсмайди ва бизнеслар даромади камаяди.

Лекин кредит тўловлари ўзгармайди. Шунда кўпчилик қарзни тўлашда қийналади.

Ўзбекистонда аҳолининг даромадлари ўсяптими?

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Марказий Банк маълумотига кўра, аҳоли қарздорлиги бир йилда 20 фоизга ўсган бўлса, бу хавфсиз дейиш учун аҳоли даромадлари ҳам тахминан 18-20%га ўсган бўлиши керак. Шунда буни барқарор ҳолат дейиш мумкин.

Расмий маълумотларга қараганда, аҳоли даромадлари ҳам ўсган, лекин кредитлар билан солиштиришда муҳим фарқлар бор.

Статистика қўмитасининг шу йилнинг январь–март ойлари учун тарқатган рақамларига қаралса, аҳолининг жами даромадлари (инфляция ҳисобга олинганда) 7,8%га ўсган. Жон бошига тўғри келадиган реал даромад эса (инфляция ҳисобга олинганда) 5,8%га ўсган.

Бу ўсишларни кредитлар билан таққосласак, кредитлар ҳажми аҳолининг реал даромадларига қараганда тезроқ ўсаётганини кўриш мумкин.

Лекин бунинг ўзи ҳали хавф бор дегани эмас. Якуний хулоса чиқариш учун яна қуйидаги кўрсаткичлар ҳам керак:

  • муддати ўтган кредитлар улуши (NPL - Non-Performing Loans);
  • кредитларнинг асосий қисми ипотеками ёки истеъмол кредитларими;

Агар бу кўрсаткичлар ҳам ёмонлашса, унда кредитлар ўсиши молиявий хавфни кучайтираётгани ҳақида ишончлироқ хулоса қилиш мумкин. Агар кечиктирилган кредитлар паст бўлса ва ўсиш асосан ипотека ёки даромад келтирадиган мақсадларга тўғри келса, 20%лик кредит ўсиши ҳар доим ҳам салбий ҳолат эмас.

Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигида ўтказган сўровида қарздорларнинг 61 фоизи кредитларни ўз вақтида тўлашда қийналаётганини, қарздорларнинг катта қисми даромадининг ярмидан кўпроғини қарз тўловларига сарфлаётганини билдирган.
Сурат тагсўзи, Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигида ўтказган сўровида қарздорларнинг 61 фоизи кредитларни ўз вақтида тўлашда қийналаётганини, қарздорларнинг катта қисми даромадининг ярмидан кўпроғини қарз тўловларига сарфлаётганини билдирган.

Муддати ўтган кредитлар бўйича йил бошида Марказий Банк берган рақамлар одамни бироз умидбахш қилади, чунки 2025 йил охиридаги ҳисоботда бу 0,3 бандига камайгани айтилганди.

Расмий маълумотларга қараганда, аксинча, муддати ўтган кредитлар улуши бир йил ичида ошмаган, балки камайган. Яъни, муаммоли кредитлар улуши атиши 3% экан.

Лекин қизиқ бир ҳолат бор. Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигида ўтказган сўровида қарздорларнинг 61 фоизи кредитларни ўз вақтида тўлашда қийналаётганини, қарздорларнинг катта қисми даромадининг ярмидан кўпроғини қарз тўловларига сарфлаётганини билдирган. Бу эса келгусида кредитини тўлолмайдиган одамлар сони ошиши хавфи борлигини англатади.

Марказий банк маълумотларига қараганда, аҳоли кредитларининг таркибида ипотека энг катта улушлардан бири, лекин сўнгги даврда микроқарзлар ҳам жуда тез ўсган.

2026 йил 1 январь ҳолатида аҳолига берилган кредитлар таркиби тахминан қуйидагича бўлган:

Ўзбекистондаги кредит турлари Марказий Банк жадвалида.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистондаги кредит турлари Марказий Банк жадвалида.

Бу жадвалдаги хавфли нуқта – микроқарзлар. У 48,9 трлн сўмга етган. Бу ипотекадан кейинги йирик сегментлардан бири.

Микроқарзлар кўпинча тез олинади ва ҳужжат талаблари камроқ бўлиши мумкин. Улар кичик бизнес, кундалик эҳтиёжлар ёки истеъмол учун ишлатилади.

Аммо хавфи шундаки, уларнинг муддати қисқа бўлиши мумкин, фоиз юки юқорироқ бўла туриб, даромади паст одамларга оғирлик қилиши мумкин.

Мисол учун, бир одамнинг ойлиги 5 млн сўм, дейлик. Унинг микроқарз тўлови 2 млн сўм бўлса ва ипотека тўлови 1 млн сўм бўлса, жами 3 млн сўм қарзга кетади. Яъни ойлигининг 60 фоизи. Бундай ҳолатда касаллик ёки ишсиз қолиш каби ҳолатлар тўловга таъсир қилиши мумкин.

Иқтисодчиларга кўра, Ўзбекистонда асосий кузатилиши керак бўлган йўналишлар — ипотека эмас, балки микроқарзлар ва аҳолининг ойлик даромадига нисбатан қарз тўловлари қанча экани.

Пуч ўсишми?

Расмий маълумотларга қаралса, 2026 йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекисто иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсган. Халқаро Валюта Жамғармаси бу йил Ўзбекистондаги йиллик ўсиш 6,8% бўлишини башорат қилганди. Ривожланган давлатлар билан қиёсласак, АҚШда йилнинг илк ярмида ўсиш 1,5-2% атрофида, Британияда 1% бўлди.

Лекин, Ўзбекистондагидек кредитларнинг тез ўсиши баъзан иқтисодиёт ўсиб бораётгандек сунъий таассурот бериши мумкин. Бу ерда асосий масала — кредит қаерга йўналтирилаётгани ва у келажакда даромад яратадими-йўқми.

Келинг, икки хил ҳолатни кўрайлик.

  • Кредит ҳақиқий иқтисодий ўсишни яратса — бу яхши

Масалан, тадбиркор банкдан 1 млрд сўм кредит олди. У янги цех очди, 20 нафар одамни ишга олди, маҳсулот ишлаб чиқара бошлади ва солиқ тўлай бошлади.

Бу ҳолатда кредит ишлаб чиқаришни оширади, иш ўринлари яратади ва аҳоли даромадини кўпайтиради. Яъни кредит келажакда пул оқимини яратади.

  • Кредит фақат истеъмолни "шиширса" — бу хавфли

Бошқа мисол. Одамлар оммавий равишда телефон, машина, маиший техника, таътил ва кундалик харажатлар учун кредит ола бошлади, дейлик.

Натижада бугун дўконлар кўпроқ сотади, автомобил савдоси ўсади, хизматлар кўпаяди ва ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши мумкин.

Ташқаридан қараганда иқтисодиёт жадал ўсаётгандек кўринади.

Лекин кейин одамлар ойлигининг катта қисмини кредит тўлашга беради, янги харидлар камаяди ва қарздорлик босими ортади.

Яъни бу ўсишнинг бир қисми келажакдаги даромадни олдиндан ишлатиш ҳисобига бўлади.

Кредит фақат истеъмолга эмас, ишлаб чиқаришга кўпроқ ишлатилса яхши.
Сурат тагсўзи, Кредит фақат истеъмолга эмас, ишлаб чиқаришга кўпроқ ишлатилса яхши.

Тасаввур қилинг, бир оиланинг 2025 йилдаги ойлик даромади 10 млн сўм эди. У кредит олиб 100 млн сўмлик машина сотиб олди. Уйда янги машина бор, харажатлар кўпайди ва ҳаёт даражаси ошгандек кўринади.

Лекин 2026 йилда унинг ойлик даромади ҳали ҳам 10 млн сўм ва ҳар ой 5 млн сўм кредит тўлови кетади. Оила бойиб кетдими? Йўқ. У фақат келажак даромадининг бир қисмини бугун ишлатди.

Мамлакат миқёсида ҳам худди шундай. Агар Ўзбекистонда кредитлар +20% ўсса ва аҳоли реал даромадлари +7–8% ўсса, бу саволни келтириб чиқаради:

"Иқтисодиёт ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳисобига ўсдими ёки қарз ҳисобига истеъмол ошдими?"

Кредитлар қайси соҳаларга кетяпти? Агар янги заводлар, қишлоқ хўжалиги, экспорт ва бизнесга кетаётган бўлса, бу яхши ишора.

Лекин агар фақат истеъмол, тезкор микроқарзлар ва даромад келтирмайдиган харидларга кетаётган бўлса – шубҳали.

Қарзни ким ва қандай тўлаётгани ҳам муҳим. Агар одам бизнес очиб, даромадини ошириб, кредитни осон тўлаётган бўлса, бу яхши.

Агар у янги кредит олиб эски кредитни ёпса ва ойликнинг ярмидан кўпи қарзга кетса, бу хавфли сигнал.

Хуллас

Ўзбекистонда аҳоли кредитлари тахминан 20% ўсган, реал аҳоли даромадлари эса тахминан 6–8% атрофида ўсган ва муддати ўтган кредитлар ҳозирча кескин ошиб кетмаган.

Бу ҳозирча "инқироз" дегани эмас. Лекин яна бир муҳим савол бор:

Кредитлар иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш қувватини оширяптими ёки асосан истеъмолни қўллаб-қувватлаяптими?

Агар иккинчи ҳолат устун бўлса, бу маълум маънода қарз ҳисобига ўсиш иллюзияси бўлиши мумкин. Яъни, ўсишнинг ичи пуч бўлиши мумкин.

Қисқа қилиб айтганда, кредит — иқтисодиёт учун ёқилғи. Лекин у машина ишлаб чиқариш учун юрса — тараққиёт, фақат бензинни ёқиб жойида турса — вақтинчалик ҳаракат.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон учун энг муҳим рақам — кредитлар қанча ўсгани эмас, балки шу кредитлар қанча янги иш ўрни, экспорт, маҳсулот ва даромадни яратгани.