Wildberries омборларига ҳужумлар Ўзбекистонга қандай таъсир қилди?

Коллаж: Wildberries'нинг Ўзбекистондаги етказиб бериш пункти
Сурат тагсўзи, Wildberries омборларига ҳужумлар нафақат россиялик тадбиркорлар, балки платформадан фойдаланадиган марказий осиёликлар, хусусан ўзбекистонликларга ҳам таъсир қилмай қолмади.
    • Author, Alibek Beyjanov
    • Role, BBC Ўзбек, Тошкент
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиянинг энг йирик онлайн-савдо платформаларидан бири ҳисобланган Wildberries компаниясининг омборларига ўтган ҳафта давомида Украина қуролли кучлари томонидан бир неча марта дрон ҳужумлари уюштирилди. Москва вилоятидаги Электростал, Тамбов вилоятидаги Котовск, Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Россия аннексия қилган Қримнинг Симферопол шаҳридаги логистика марказлари зарбага учради. Ҳужумлар нафақат россиялик тадбиркорлар, балки платформадан фойдаланадиган марказий осиёликлар, хусусан ўзбекистонликларга ҳам таъсир қилмай қолмади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Wildberries Ўзбекистонда

Wildberries Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда, шунингдек, Хитойда фаолият юритади. Компания 2022 йилда Ўзбекистон бозорига кириб келган. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўра, сўнгги икки йил давомида платформада ўзбекистонлик сотувчиларнинг савдо ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошган, Ўзбекистон маҳсулотларининг Россияга экспорти эса 63 фоизга кўпайган. Компания, шунингдек, Тошкент вилоятида логистика марказини қуриш учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишини эълон қилган.

2024 йилга келиб, Wildberries Ўзбекистон бўйлаб 110 та етказиб бериш нуқталари борлигини маълум қилган, кейинчалик эса компания шундай пунктларни очаётган тадбиркорлар учун бир марталик субсидия ажрата бошлади. Яъни янги пункт очган тадбиркорларга 28,29 миллион сўмдан субсидия тўланди.

Wildberries'нинг Ўзбекистондаги бизнеси кенгайиб борди, масалан, ўтган йили компания Ўзбекистон почтасидаги давлат улушини сотиб олди, бу эса жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, 2025 йилда Wildberries'нинг янги бизнеси Ўзбекистонда рўйхатга олинди. Бу WB Тахи хизмати бўлиб, у 500 минг сўм устав фонди билан рўйхатдан ўтган. Корхона таъсисчилари – Wildberries шуъбаси WB Инт Экспорт (99%) ва "РВБ" МЧЖ (1%).

Ҳужумларнинг Ўзбекистонга таъсири

Wildberries'нинг Ўзбекистондаги етказиб бериш пункти
Сурат тагсўзи, Сўнгги икки йил давомида платформада ўзбекистонлик сотувчиларнинг савдо ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошган,

BBC билан гаплашган Wildberries'нинг Ўзбекистондаги пунктларидан бирининг вакили Россиядан товарлар одатда 10–14 кун ичида етиб келиши, шундан келиб чиқиб, ҳужумланинг таъсири кейинроқ сезилиши мумкинлигини айтди.

"Ҳозирнинг ўзида ҳам айрим буюртмалар бекор бўляпти. Шундай бекор қилинадиган буюртмалар сони бироз кўпайиши мумкин", деди у.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги эса BBC'га "вазирлик Wildberries компанияси вакиллари билан доимий алоқада бўлиб, Россиядаги компаниянинг логистика объектларида юз берган ҳодиса билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатиб бораётгани"ни маълум қилди.

"Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур ҳодиса Ўзбекистондан бўлган бир неча сотувчига ҳам таъсир кўрсатган. Ҳозирда уларга компания билан ҳамкорлик қилиш ҳамда юзага келган масалаларни ҳал этиш жараёнида зарур кўмак кўрсатилмоқда", дейилади вазирликнинг BBC'га йўллаган изоҳида.

Шунингдек, расмийлар ушбу ҳодиса оқибатида Ўзбекистоннинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари зарар кўрмаганини қўшимча қилиб, "Wildberries компанияси билан ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлаштириш ҳамда ўзбекистонлик сотувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилаётгани"ни билдирди.

BBC O'zbek
Hozirning o‘zida ham ayrim buyurtmalar bekor bo‘lyapti. Shunday bekor qilinadigan buyurtmalar soni biroz ko‘payishi mumkin
Wildberriesning Toshkentdagi punkti vakili
(Batafsil: BBC.COM/UZBEK)

Қирғиз расмийлари ҳам оёққа турган

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

"Кабар" давлат ахборот агентлигига кўра, Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири Бакит Сидиков Wildberries'нинг Қирғизистондаги вакили билан учрашиб, Россиядаги логистика омборларига уюштирилган дрон ҳужумларининг қирғиз тадбиркорларига таъсирини муҳокама қилган.

Wildberries вакиллари сўзларига кўра, ҳозирда омборларга етказилган зарар миқёси аниқланмоқда ҳамда сақланаётган маҳсулотлар, жумладан, қирғиз тадбиркорлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар инвентаризациядан ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, зарарларни баҳолаш ишлари якунланиб, Wildberries томонидан тегишли маълумотлар тақдим этилгач, шунингдек, Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги таҳлилларидан сўнг, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш ва қўшма ечимлар ишлаб чиқиш учун томонлар қўшимча икки томонлама учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда.

Россиядаги мигрантлар ва тадбиркорлар вакилларининг айтишича, Wildberries омборларида минглаб марказий осиёликлар, жумладан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари меҳнат қилади.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Электростал шаҳрида кўплаб қирғиз фуқаролари ишлаб келган. Ҳужумдан кейин айрим фуқаролар ёнғин оқибатида ҳужжатларини йўқотгани ҳақида элчихонага мурожаат қилган.

Қирғиз расмийлари ҳалок бўлганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқлигини билдирган. Шу билан бирга, бир қирғизистонлик фуқаро жароҳат билан шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.

Wildberries билан беш йилдан бери ишлаб келаётган қирғизистонлик тадбиркор Аҳмадилло Марипжонов ҳам BBC Ўзбек билан суҳбатда катта йўқотишлар ҳақида гапирди.

"Менинг ўзимга ва мен хизмат кўрсатадиган аккаунтларга тегишли товарлардан тахминан етти минг долларлик маҳсулот ёниб кетди. Сотув қийматида ҳисобласак, бу қарийб 18 минг доллар бўлади", дейди у.

Унинг айтишича, ўзи билган ҳолатлар ичида биргина спорт кийимларидан иборат партиянинг таннархи 600 минг долларга тенг бўлган.

"Танишларимдан бири 50 минг долларлик, яна бири 130 минг долларлик маҳсулот йўқотганини айтди. Яна бир тадбиркор эса бир ярим миллион долларлик товарлари бўлганини айтмоқда", дейди Марипжонов.

Унинг сўзларига кўра, ёнган омборларда ўзбекистонликларга тегишли маҳсулотлар ҳам бўлган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Қонуний ҳарбий нишон"

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Wildberries омборларини "қонуний ҳарбий нишон" деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу омборларда дронлар учун бутловчи қисмлар ва Россия армиясига тегишли жиҳозлар ҳам сақланади.

Wildberries сайтида ҳақиқатан ҳам бронежилетлар, оптик тола маҳсулотлари, FPV-дронлар учун юк ташлаш қурилмалари ва бошқа аниқ ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган товарларга оид ўн минглаб таклифларни топиш мумкин, бироқ онлайн-маркетплейс дрон ҳужумларидан сўнг, «СВО учун» деган қидирув сўрови бўйича маҳсулотларни кўрсатмай қўйди.

Аввал бундай сўров орқали (СВО – «махсус ҳарбий операция»; Россия ҳукумати тарафдорлари Украинадаги урушни шундай атайди) бронежилетлар ва жанговар дронлар учун эҳтиёт қисмларни топиш мумкин эди. Бу ўзгаришни биринчи бўлиб Украинадаги Telegram-каналлар пайқаган.

Шу билан бирга, ҳарбий мақсадга мўлжалланган товарлар сотувда қолмоқда. BBC Рус хизмати «бронежилет» сўрови орқали «бронекўйлак» тоифасида «тактик бронежилет» ёки «штурм бронежилети» каби тавсифларга эга 5 мингдан ортиқ товарни топди.

Wildberries'да ҳарбийлар учун мўлжалланган товарлар сотилиши компаниянинг тақсимот марказларини қонуний ҳарбий нишон деб ҳисоблаш тарафдорлари келтираётган асослардан бирига айланган.

Бу товарларнинг кимлар учун мўлжалланганини айрим сотувчиларнинг номлари ҳам кўрсатиб тургандай... Масалан, "АльянсZ" ёки "VoinZ".

Шу билан бирга, уруш қонунлари бўйича мутахассислар орасида бундай ҳужумларнинг қонунийлиги юзасидан ягона фикр мавжуд эмас.