You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ислом ва мусулмонлардан нафратланган гуруҳлар Ғазо ёрдам нуқталарига юборилган. Нега?
- Author, Энди Верити, Том Бил ва Уилл Далгрин
- Role, BBC News
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Би-би-си суриштирувига кўра Ғазода ёрдам тарқатиладиган пунктларни қўриқлаётган хусусий фирма исломга нисбатан адовати билан танилган америкалик мотобайкерлар гуруҳи аъзоларини ёллаган.
BBC News Ғазода фаолият юритаётган "Infidels" мотобайкер клубининг камида 10 нафар аъзосини аниқлади. Улар Ғазо гуманитар жамғармаси (GHF) объектларида хавфсизликни таъминлайдиган хусусий пудратчи компания – UG Solutions'да ишлайди. Тартибсизлик ва отишма пайтида озиқ-овқат излаб келган юзлаб тинч аҳоли шу объектларда ҳалок бўлган.
Суриштирувда аниқланишича, мазкур гуруҳнинг етти аъзоси Исроил ва АҚШ президенти Дональд Трамп қўллаб-қувватлаган баҳсли ёрдам операциясидаги муҳим объектларни назорат қилувчи юқори лавозимларда ишламоқда.
UG Solutions ўз ходимлари ишга яроқлилигига ишонч билдириб, одамлар "шахсий қизиқишлари ёки ишдан ташқари алоқалари" асосида танланмаслигини айтди. GHF эса "ҳар қандай нафрат, камситиш ёки душманона хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасизлик сиёсати" юритишини таъкидлади.
"Infidels MC" 2006 йилда Ироқ урушида қатнашган америкалик ҳарбий фахрийлар томонидан тузилган. Аъзолар ўзларини замонавий салибчилар деб атайди ва рамз сифатида салибчилар хочидан фойдаланади. Бу ўрта асрда Қуддус учун мусулмонларга қарши курашган насронийларга ишорадир.
Гуруҳ ўзининг Facebook саҳифасида мусулмонларга қарши нафратга тўла постлар тарқатмоқда. Илгари эса улар Рамазон ойида чўчқа гўшти тайёрлаш тадбирлари ўтказган.
"Infidels байкерлар клубини Ғазода инсонпарварлик ёрдамига масъул қилиш, Ку-клукс-кланни Суданга ёрдам етказишга масъул қилиш билан баробар. Бу мутлақо бемаънилик", деди АҚШдаги йирик мусулмон фуқаролик ҳуқуқлари ташкилоти – Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) раҳбар ўринбосари Эдвард Аҳмад Митчелл. "Бу зўравонликка олиб келиши аниқ – биз Ғазода айнан шундай ҳолатни кўрмоқдамиз".
Гуруҳ раҳбари Жонни "Taz" Малфорд АҚШ армиясининг собиқ сержанти. У порахўрлик, ўғрилик ва ҳарбий идораларга ёлғон маълумот бергани учун жазоланган. Ҳозирда у Ғазода UG Solutions шартномасини йўналтираётган "жамоа етакчиси" сифатида ишламоқда.
Биз изоҳ сўраб "Infidels MC"га электрон мактуб йўлладик. Жаноб Малфорд бошқа аъзоларга жавоб бермасликни буюриб, "барчага жавоб бериш" тугмасини босганда, рўйхатга тасодифан Би-би-си ҳам қўшилиб қолган. Шу тариқа Ғазода ишлаётган "Infidels" аъзоларининг электрон манзиллари ва исмлари ошкор бўлди.
Оммавий маълумотлар, ички ҳужжатлар ва собиқ ходимлар кўрсатмалари орқали биз Малфорд Ғазода ўзи билан ишлаш учун ёллаган 10 нафар "Infidels MC" аъзосини аниқладик.
Малфорддан ташқари, UGSнинг Ғазо операциясида юқори лавозимда ишлаётган яна учта етакчи аъзоси борлиги маълум бўлди:
- Ларри "Ж-Род" Жарретт – гуруҳнинг оммавий эълон қилинган вице-президенти, логистика учун масъул;
- Миллий ғазначи Билл "Авлиё" Сибе – GHFнинг тўртта "тарқатиш пункти"дан бирида хавфсизлик гуруҳини бошқаради;
- Гуруҳ асосчиларидан бири Ричард "А-Трэкер" Лофтон – яна бир тарқатиш пункти жамоаси раҳбари.
Махфий ҳужжатлар ва собиқ пудратчилар орқали яна олти аъзонинг шахси ҳам тасдиқланди. Улардан учтаси қуролли хавфсизлик гуруҳлари раҳбарлари ёки ўринбосарлари экани аниқланди.
Жарретт, Сибе ва Лофтон изоҳ беришдан бош тортди. UG эса кенг қамровли текширувлар ўтказишини ва фақат ишончли шахсларни жойлаштиришини билдирди. Аммо янгиликларга кўра, жаноб Жарретт икки йил олдин АҚШда маст ҳолда машина ҳайдагани учун ҳибсга олинган, ўн йилча аввал эса яна шунга ўхшаш айбловга дуч келган. Бу ишлар судланишгача етган-етмагани номаълум.
Компания асосчиси ва бош ижрочи директори Жеймсон Говони ҳам жорий йил бошида Шимолий Каролинада йўл-транспорт ҳодисаси ва полициядан қочишда айбланиб ҳибсга олинган. У "Infidels MC" аъзоси эмас, изоҳ беришдан бош тортди.
Шу вақтгача Малфорд "Infidels" аъзоси бўлган ягона расмий пудратчи сифатида танилган эди. Аммо Би-би-си суриштируви унинг байкерларни юқори маошли лавозимларга, айниқса қуролли гуруҳ раҳбарлигига ёллаётганинини фош этди.
Ижтимоий тармоқлардаги постлар кўрсатишича, май ойида – Ғазога жўнашдан икки ҳафта олдин – Малфорд Facebook'да АҚШ ҳарбий фахрийларини ёллаш учун эълон берган. У "ота оладиган, ҳаракатчан, мулоқот қила оладиган" одамларни излаган.
Умуман олганда, Ғазода UG Solutions'да ишлаш учун ёлланган тахминан 320 одамдан камида 40 нафари Infidels MCдан жалб қилинган, дейди собиқ пудратчи.
Би-би-си кўрган ҳужжатларга кўра, UG Solutions ҳар бир пудратчига кунлик харажатлар билан бирга 980 доллар тўлайди, GHFнинг "хавфсиз тарқатиш пунктлари"даги жамоа раҳбарлари эса кунлик 1580 доллар маош олади.
Ғазода хавфсизликни назорат қилувчи жамоа раҳбарларидан бири Жош Миллер ўша ердаги пудратчилар билан "Make Gaza Great Again" (Ғазони яна буюк қилинг) шиори ёзилган баннер олдида суратга тушган.
Бу баннер Миллернинг футболкалар ва бошқа кийим-кечак сотувчи компанияси логотипини реклама қилади. Компания маҳсулотлари орасида "embrace violence" ("зўравонликни қабул қил") шиори туширилган футболка ҳам бор.
Унинг компанияси, шунингдек, қуролли зўравонлик саҳналари акс этган ва жиноятчиларни отишни тарғиб қилувчи видеони интернетга жойлаштирган. Видеода: "Remember, always shoot until they're no longer a threat!" ("Эсда тут, таҳдидлари йўқолгунча от!") деган видеоматн ёзилган.
Миллернинг бармоқларига "Crusader" ("Салибчи") сўзи, бош бармоқларига эса "1095" рақами татуировка қилинган. 1095 йилда Папа Урбан II мусулмонларни "ифлос ирқ" деб атаб, биринчи Салиб юришини бошлаган эди. Миллер изоҳ беришдан бош тортди.
Infidels MCнинг Facebook саҳифасида сотилаётган "1095" калпоқлари бу рақам "Салиб юришлари бошланган йил"ни англатиши, яъни Ғарб қўшинлари Қуддус ва муқаддас ерларни мусулмонлардан тортиб олиш учун бошлаган ҳарбий юришларни билдириши айтилган. "Муқаддас ерлар" деганда асосан ҳозирги Исроил ва Фаластин ҳудудлари назарда тутилади.
Жонни Малфорд ҳам гуруҳ етакчиси, ҳам Флоридада рўйхатдан ўтган Infidels MC компанияси агенти сифатида кўрсатилган. Унинг кўкрагига 1095 рақами, ўнг қўл тирсагига Салбчилар хочи ва чап қўлининг юқори қисмига "Infidels" сўзи татуировка қилинган.
"Бугунги исломга қарши ксенофоблар 1095-йилни, Салб юришларини нишонлаганда, улар аслида мусулмонларнинг оммавий қирилишини – Қуддусда мусулмон ва яҳудийларни йўқ қилишни нишонлаяпти", дейди АҚШдаги мусулмон фуқаролик ҳуқуқлари ташкилоти CAIR вакили Эдвард Аҳмад Митчелл.
Унинг айтишича, гуруҳ бир неча ўн йиллар давомида Infidels номи билан чиқиш қилган исломга қарши нафрат билан йўғрилган тузилмаларнинг барча белгиларига эга.
Гуруҳнинг исломга қарши қарашлари қаторида Рамазон ойида чўчқа гўшти қовуриш тадбирига таклифнома ҳам бор. Би-би-си веб-саҳифа архивида топган варақада: "Исломий Рамазон ойи кунларига қарамай... сизни Infidels MC Colorado Springs бўлимининг очиқ байк зиёфати ва чўчқа гўштига таклиф этамиз", деб ёзилган.
Варақада, шунингдек, буркадаги аёлнинг ёқасидан йиртилиб, кўкраги очилиб қолган сурати ҳам акс этган.
Infidels MCнинг Facebook саҳифасида очиқ исломофоб муҳокамалар ҳам бўлган. 2020 йилда клуб АҚШдаги тўртта Демократ сиёсатчи (улардан иккитаси мусулмон) Библияни нафрат нутқи деб эълон қилмоқчи, деган ёлғон, сатира мақолага ҳавола берган.
Гуруҳ аъзоларидан қолган баъзи изоҳлар: "Журналимни охиригача тўлдиряпман. Мусулмонлар билан қарама-қарши бўлганимиз биринчи марта эмас"; "Бу аянчли жирканчларни учинчи дунёдаги аянчли ахлатхонага сургун қилинг, у ерда улар Муқаддас Китобдан хафа бўлмайдилар"...
Чоршанба куни ҳолатига кўра, бу изоҳлар Infidels MCнинг Facebook саҳифасида ҳануз турибди.
Гуруҳнинг расмий сайтида илгари "Punisher" деб аталган зўравон "Marvel" қаҳрамонининг бош суяк логоси ҳам бўлган. Бу рамз оқ ирқчи гуруҳлар томонидан ўзлаштирилган бўлиб, унда "кафир" сўзи араб алифбосида ёзилган.
Ғазода май ойи охирида очилганидан бери ёрдам тарқатиш нуқталарида тартибсизлик ва хавфли ҳолатлар кузатилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2 сентябргача GHF объектлари яқинида озиқ-овқат излаб юрган 1135 нафар бола, аёл ва эркак ҳалок бўлган.
БМТ таъкидлашича, кўпинча бу ҳалокатлар Исроил хавфсизлик кучлари томонидан амалга оширилган кўринади. Исроил армияси эса ёрдам излаб келган фуқаролар жабр кўрган ҳолатлар "IDFнинг ваколатли органлари томонидан текширилмоқда" деб билдирди.
UGS ўз пудратчилари ҳам фуқароларга ўқ узгани ва ёрдам излаб келганларни хавфга қўйгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Бироқ компания огоҳлантириш ўқлари ишлатилганини тан олди.
Шимолий Каролинада жойлашган UG Solutions ўз баёнотида Жонни Малфордни АҚШ ва унинг иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашда 30 йилдан ортиқ тажрибага эга "ишончли ва ҳурматга сазовор шахс" деб таърифлади. "Биз унинг обрўси, фаолияти ва мураккаб миссияларни муваффақиятли амалга оширишдаги тажрибасига ишонамиз", деди компания.
"Биз иш самарадорлиги ва хавфсизлик стандартларига алоқаси йўқ шахсий қизиқишлар ёки уюшмалар учун текширув ўтказмаймиз. Ҳар бир жамоа аъзоси тўлиқ текширувдан ўтади ва фақат малакали, ишончли шахслар UG Solutions операцияларига жойланади", дейилган баёнотда.
GHF эса ёрдам етказиш жараёнида "турли тоифа одамлари"га таянишини ва шу билан маҳаллий аҳоли орасида ишонч қозонишини таъкидлади.
"Жамғарма пунктларида ёрдам тарқатаётганлар турли одамлар, ишимиз шу сабабли муваффақиятли бўлмоқда", дейилади GHF баёнотида.
Ушбу мақола инглиз тилида чоп чоп этилгандан сўнг GHF BBC билан боғланиб, бизга Жонни "Таз" Малфорд август ойидан бери ташкилот билан алоқаси йўқлигини маълум қилди. UGS нинг айтишича, Малфорд ҳануз улар билан бирга, лекин Ғазони тарк этган.