Эрон уруши ортидан кимлар бойимоқда ва катта фойда кўрмоқда?

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Эрон урушидан кимлар ва қайси ширкатлар фойда кўришмоқда?

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши дунё бўйлаб кўплаб иқтисодларга зарба бериб, миллиардлаб одамларни қийин аҳволга солиб қўйди.

Нефт-газ ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи осмонга сакради.

Лекин айрим ширкатлар бу уруш ортидан катта фойда ҳам кўришмоқда.

Улар ким ва қандай қилиб, Яқин Шарқдаги уруш ортидан аксар дунё зарар кўриб турган бир пайтда улар фойда олишга муваффақ бўлишяпти?

Арчи Митчелл бу ўринда йирик даромад кўраётган соҳалар ҳамда ширкатларни ўрганади.

Нефт-газ

Урушнинг энг катта таъсири энергия соҳасида кўзга ташланади.

Дунё нефт ва газининг қарийб бешдан бир қисми айнан Эрон жанубидаги Ҳўрмуз бўғозидан ўтади.

Аммо февралдан бери бу сув йўлаги деярли ёпиқ қолмоқда.

Шу сабабли ёқилғи нархлари жуда кескин ошиб кетди ва қўшимча йирик даромадни ҳам энергия ширкатлари олишмоқда.

Хусусан, йирик Европа ширкатлари катта фойда кўришяпти.

Масалан BP (British Petroleum) компаниясининг жорий йилнинг илк уч ойидаги фойдаси икки бараварга ортган ва $3.2 миллиард долларга етган.

TotalEnergies халқаро йирик ширкати соф даромади ҳам биринчи чоракдаёқ $5.4 миллиард доллар бўлган.

Аммо АҚШнинг ExxonMobil ва Chevron ширкатлари – Яқин Шарқда улар фойдаланган таъминот йўлининг ёпилиб қолгани боис - ўтган йил айни даврига қараганда зарар кўришди.

Шунга қарамай, энергия нархлари ҳамон баланд қолаётгани боис улар ҳам энди фойда кўришлари кутилмоқда.

Йирик банклар

Эрон уруши ортидан баъзи йирик банклар ҳам фойда кўришмоқда.

JP Morgan банки савдо бўлими, масалан, 2026 йилнинг илк уч ойида $11.6 миллиард доллар фойда кўрди. Бу рекорд даража ҳисобланади.

Йирик олти банк – Америка Банки, Morgan Stanley, Citigroup, Goldman Sachs, Wells Fargo ва JP Morgan кўрадиган фойда йилнинг илк чорагида сезиларли даражада ошди.

Умумий ҳисобда, йилнинг илк уч ойида улар $47.7 миллиард доллар даромад кўришган.

Ҳарбий саноат

"Ҳар қандай низодан тезда энг кўп фойда кўрадиган соҳа бу - мудофаа соҳаси" – дейди Британиядан RSM таҳлилчиси Эмили Савич.

"Низо ҳаво мудофаасидаги заиф жиҳатларни янада кучайтирди ва Европа ҳамда АҚШ бўйлаб ракетадан ҳимояланиш, дронларга қарши турувчи тизимлар ва ҳарбий техника соҳаларига сармоя киритишни тезлаштириб юборди" – дейди у.

Ҳукуматлар уруш шароитида қурол-аслаҳа омборларини тўлдириш ва янгилашга тушадилар.

Масалан, F35 қирувчи учоқлари эҳтиёт қисмларини ҳам ишлаб чиқарувчи BAE Systems бу йил савдо-сотиқ ҳамда даромади ошишини айтган.

Ширкатга кўра, хавфсизлик таҳдидлари боис дунё бўйлаб ҳукуматлар ҳарбий соҳага кўпроқ маблағ сарфлашади.

Lockheed Martin, Boeing ва Northrop Grumman каби учта йирик мудофаа пудратчиси жорий йил илк чораги охирида рекорд даражада буюртмалар олишганини айтишган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

Қайта тикланувчи энергия

Эрон уруши нефт-газ каби қазилма энергия манбаларига қарам бўлиб қолиш оқибатлари қандай бўлишини ҳам кўрсатиб қўйди.

Шу сабабли ҳатто АҚШда ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларига аҳамият кучаймоқда.

Зотан Трамп маъмурияти қазилма энергия манбаларини ишлатишни тарғиб қилувчи "Бурғула, жоним, бурғула" иборасини анча оммалаштирганди.

Қайта тикланувчи энергия манбалари кутилмаган зарбаларга дош бериш ва барқарорликни сақлаш учун муҳим, деб кўрила бошланди.

Масадан, Флоридадаги NextEra Energy ширкати ҳиссалари бу йил 17% ошиб кетган.

Даниянинг Vestas ва Orsted ширкатлари ҳам даромадлари кўпайганини билдиришган.

Буюк Британиядаги Octopus Energy ширкати эса Эрон уруши ортидан қуёш батареялари ҳамда иссиқлик насослари савдоси ошганини, хусусан, қуёш батареялари савдоси февралдан бери 50% ортганини айтган.

Бензин нархлари ошиши ортидан электр автомобилларга ҳам талаб ошган.

Хусусан, Хитойдаги электр автоулов ишлаб чиқарувчи ширкатлар бу ўринда катта даромад кўриш имкониятига эга бўлмоқдалар.