Ўзбекистоннинг Европа билан иқтисодий ҳамкорлиги кенгаймоқда

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Буюк Британияга ташриф буюриб, Лондон фонд биржасида (LSE) мамлакатнинг йирик компаниялари илк IPO жойлашувида иштирок этди. Бу ҳақда 18 май куни унинг Telegram каналида хабар қилинди.

"Тарихимизда илк бор халқаро оммавий акциялар таклифи амалга оширилди. Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) Franklin Templeton билан биргаликда акцияларни бир вақтнинг ўзида Лондон ва Тошкент фонд биржаларида жойлаштирди. Тизимли ва изчил ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимиз уч баробарга ўсди, давлат институтларининг самарадорлиги ошди ва инвесторлар учун кафолатлар мустаҳкамланди. Натижада Ўзбекистон глобал капитал бозорида янада очиқ ва ишончли шерикка айланди", деди Саида Мирзиёева.

"BlackRock, Franklin Resources, Redwheel ва бошқа кўплаб етакчи халқаро инвесторларнинг IPOда иштирок этиши халқаро ҳамжамиятнинг йўналишимиз, салоҳиятимиз ва келажагимизга бўлган ишончи кучли эканини кўрсатади", деб таъкидлади у.

Шу куниги яна бир Telegram хабарда Мирзиёева Franklin Templeton бош директори Женни Жонсон билан учрашув ўтказганини маълум қилди.

"Биз Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш, молиявий бошқарув қонунчилигини такомиллаштириш, халқаро клиринг тизимлари билан интеграция ва Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдик. Ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олдик. Жонсон хоним IPO тайёргарлиги жуда қисқа муддатда амалга оширилганини, акциялар сотуви эса юқори натижалар кўрсатаётганини қайд этди", деди у.

Ташриф доирасида Мирзиёева LSE бош директори Жулия Хоггетт билан ҳам учрашиб, UzNIFнинг "муваффақиятли листинги", барқарор молия, ESG стандартлари, "яшил" облигациялар ва ўзбек компанияларини глобал бозорларга чиқариш масалаларини муҳокама қилди.

"Хоггетт хонимнинг айтишича, бу сўнгги беш йилда LSEдаги энг йирик IPO ҳисобланади ва Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётганининг яққол кўрсаткичидир. Бу муваффақият глобал инвесторлар Президентимиз ислоҳотлари натижаларини кўраётгани ва мамлакат иқтисодиётига ишонаётганининг энг яхши тасдиғидир", деб таъкидлади Мирзиёева.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Россия нимадан хавотирда?

Ўзбекистон каби Марказий Осиё давлатлари Ғарб молиявий бозорлари ва халқаро инвесторлар билан ҳамкорликни кучайтираётган бир пайтда, Россия бу жараённи геосиёсий рақобат нуқтаи назаридан баҳоламоқда.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин АҚШ ва Европа Иттифоқини Марказий Осиёда таъсирини кучайтиришга уринаётганликда айблади. Унинг фикрича, Ғарб мамлакатлари минтақадаги стратегик ресурслар ва транспорт йўлакларини назоратга олишни мақсад қилган.

"Биз АҚШ ва Европа Иттифоқининг минтақадаги асосий транспорт йўлаклари ва табиий ресурсларни ўз назоратига олишга интилаётганини кузатмоқдамиз", деди Галузин "Известия"га берган интервюсида.

Унинг таъкидлашича, Вашингтоннинг нодир ер металлари ва муҳим минераллар бўйича битимларга қизиқиши оддий иқтисодий ҳамкорлик эмас, балки Россияни минтақадан сиқиб чиқаришга қаратилган кенгроқ стратегиянинг бир қисми.

Галузин Ғарб давлатлари Марказий Осиё мамлакатларига "иқтисодиётни диверсификация қилиш" ва "хавфларга қарши ҳимоя" каби ташаббусларни таклиф қилаётганини, бироқ бу ортида сиёсий мақсадлар ётганини айтди.

"Чиройли шиорлар ортида тарихий алоқаларни бузиш истаги яққол кўринмоқда", деди у.

Шу билан бирга, у Ғарб "Россия таҳдиди"ни сунъий равишда кучайтираётганини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, бу орқали минтақа давлатлари Москва билан яқин ҳамкорликдан воз кечишга ундалмоқда.

Россия томони бундай жараёнларни ўз хавфсизлиги учун таҳдид сифатида кўрмоқда ва уларни Ғарб инфратузилмасини Россия чегараларига яқинлаштиришга қаратилган ҳаракатлар деб баҳоламоқда.

Бунга қарамасдан, Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатда кўпвекторли ёндашувни сақлаб қолишга интилмоқда. Аввалроқ Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Камилов "Марказий Осиё Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни давом эттиради", деб таъкидлаган эди.