You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўта ўнгчи Исроил вазири қўлига кишан солинган Ғазо флотилияси фаолларини масхара қилгани учун қораланди
Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан тўхтатилган Ғазога йўл олган ёрдам флотилиясида бўлган фаластинпарвар фаолларга нисбатан муносабати халқаро миқёсда қораланмоқда.
АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада каби давлатлар ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир қўллари орқа томондан боғланган ҳолда тиз чўккан фаолларни масхара қилаётган видеони эълон қилгач, норозилик билдирдилар.
Унинг бу ҳаракатлари ҳатто Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг ҳам кам учрайдиган танқидига сабаб бўлиб, у буни "Исроил қадриятларига мос эмас", деб атади.
Қўлга олинганларни ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ташкилоти эса уларга нисбатан жисмоний зўравонлик қўлланганини, бу эса «оғир ва кенг тарқалган жароҳатлар»га олиб келганини маълум қилди.
"Adalah"нинг маълум қилишича, камида уч киши шифохонага олиб кетилган ва кейинроқ чиқарилган.
"Adalah" адвокатлари иштирокчиларнинг ўнлабида қовурғалар сингани гумон қилинаётганини ва бу нафас олишда қийинчиликларга олиб келганини ҳужжатлаштирди", дейилади баёнотда.
"Шунингдек, иштирокчиларга нисбатан тез-тез электрошок қурилмалари қўлланилгани, ҳамда тўхтатиш пайтида резина ўқлардан фойдаланиш натижасида жароҳатлар олингани ҳақида хабарлар бор..."
Гуруҳнинг таъкидлашича, фаоллар, шунингдек, "жиддий таҳқирлаш, жинсий таъқиб ва камситишларга" ҳам дучор этилган.
Исроил расмийлари бу айбловларга ҳали изоҳ бермаган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Global Sumud Флотилияси (GSF) доирасида иштирок этаётган 50 дан ортиқ кема ўтган пайшанба куни Туркиядан оз миқдорда ёрдам юки билан йўлга чиққан. Уларнинг бортларида 40 дан ортиқ мамлакатдан 430 нафар киши бўлган.
Исроил бу ташаббусни "Ҳамас манфаатига хизмат қилаётган PR-акция" деб баҳолади.
Душанба куни эрталаб Исроил ҳарбий-денгиз махсус кучлари Кипр ғарбидаги халқаро сувларда, Ғазо соҳилидан тахминан 250 денгиз мили (460 км) узоқликда флотилияни тўхтатишни бошлади. Бу ҳудуд Исроил томонидан жорий этилган денгиз блокадаси остида.
GSF ташкилотчиларига кўра, сейшанба кечга қадар барча кемалар тўхтатилган, улардан бири Фаластин ҳудудига 80 денгиз милигача яқинлаша олган.
Ташкилотчилар Исроилни "очиқ денгизда ноқонуний тажовуз"да айблаб, ҳарбийлар олти кема томон ўқ узгани, сув пушкаси ишлатгани ва бир кемани атайлаб урганини билдирди.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги эса ҳақиқий ўқ-дорилар қўлланилмаганини айтиб, "Ғазога қаратилган қонуний денгиз блокадаси бузилишига йўл қўйилмаслиги"ни таъкидлади.
Шунингдек, вазирлик барча фаоллар исроиллик кемаларга кўчирилганини ва улар Исроилга келгач консуллик вакиллари билан учрашишига рухсат берилишини билдирди.
Чоршанба куни эрталаб "Adalah" фаоллар "ўз хоҳишига зид равишда тўлиқ ҳолда Исроил ҳудудига олиб кетилаётгани"ни ва Ашдод портида ушлаб турилганини маълум қилди.
"Ҳуқуқий гуруҳ бу ҳибсларнинг қонунийлигига шикоят қилади ва флотилия иштирокчиларини зудлик билан озод қилишни талаб қилади", дея қўшимча қилди у.
Тушдан кейин Миллий хавфсизлик вазири, ўта миллатчи Итамар Бен-Гвир (у Исроил полициясига масъул) ижтимоий тармоқда "Исроилга хуш келибсиз" сарлавҳали видеони эълон қилди. Унда у Ашдод портидаги ушлаб туриш жойига ташриф буюргани акс этган.
Видеода у хавфсизлик ходимларини рағбатлантираётгани кўринади, улар эса "Озодлик, озодлик, Фаластина!»"деб қичқираётган аёл фаолни ерга мажбуран ёткизмоқда.
Кейин Бен-Гвир орқа томондан қўллари боғланган ҳолда тиз чўкиб турган ўнлаб фаоллар ёнида катта Исроил байроғини силкитиб туради ва уларга иброний тилида: "Исроилга хуш келибсиз. Биз бу ерда эгамиз", дейди.
Бошқа кадрларда эса Исроил миллий мадҳияси янграётганда кема палубасида тиз чўкиб турган фаоллар кўрсатилади.
АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби Бен-Гвир ҳаракатларини "жирканч" деб атади.
Буюк Британия ички ишлар вазири Иветт Купер эса бу видеода "бутунлай шармандалик" акс этганини таъкидлаб, Исроил элчихонасидан зудлик билан тушунтириш талаб қилинганини билдирди.
У аввалроқ ҳукумат иштирок этган бир нечта Британия фуқаролари оилалари билан алоқада экани ва уларга консуллик ёрдамини кўрсатаётганини айтган эди.
Ўтган йили Бен-Гвир ва яна бир вазир фаластин жамоаларига қарши зўравонликни такрор қўзғатгани учун Буюк Британия, Австралия, Норвегия, Канада ва Янги Зеландия томонидан санкцияларга учраган. Бу Ғарб давлатлари томонидан исроиллик вазирларга илк бор санкция қўлланиши бўлган.
Канада бош вазири Марк Карни Исроилнинг фаолларга муносабатини "нафрат уйғотувчи" деб атаб, Исроил элчисини чақиришни топширганини билдирди.
"Фуқароларни ҳимоя қилиш ва инсон қадрини ҳурмат қилиш ҳар жойда, ҳар доим таъминланиши шарт", деди Карни X тармоғидаги ёзувида.
Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг Бен-Гвирни қоралаб, Исроил ҳукумати ҳаракатларини "таҳқирловчи" деб атади.
Австралия, Италия, Франция, Нидерландия, Бельгия ва Испания Бен-Гвир ҳаракатларини "қабул қилиб бўлмайдиган" деб баҳолаб, Исроил элчиларини чақирганини маълум қилди.
Ирландия ташқи ишлар вазири Ҳелен Макэнти видеоларда ноқонуний ушлаб турилган иштирокчилар, жумладан ирланд фуқаролари умуман муносиб қадр-қиммат ва ҳурмат билан муомала қилинмаётганини кўрсатишини айтди.
"Adalah" эса бу кадрлар Исроилнинг фаолларга нисбатан таҳқир ва зўравонликка асосланган жиноий сиёсат юритаётганини тасдиқлашини билдирди.
Кутилмаган ҳолда Исроил ташқи ишлар вазири ҳам ўз кабинети аъзосини қоралашга қўшилди.
Гидеон Саар "X" тармоғида унга мурожаат қилиб шундай ёзди: "Сиз бу шармандали ҳаракатингиз билан давлатимизга онгли равишда зарар етказдингиз - ва бу биринчи марта эмас".
Бен-Гвир эса тезда жавоб қайтариб: "Ташқи ишлар вазири Исроил энди босимга осонликча бўйсунадиган давлат эмаслигини тушуниши керак", деди.
Шундан сўнг Нетаняху ҳам ўз танқидини билдирди.
Баёнотда шундай дейилган: "Исроил Ҳамас террорчиларини қўллаб-қувватловчи иғвогар флотилияларнинг ҳудудий сувларимизга кириб, Ғазога етиб боришини тўхтатишга тўлиқ ҳақли. Бироқ вазир Бен-Гвирнинг флотилия фаолларига муносабати Исроил қадриятлари ва меъёрларига мос эмас".
Бош вазир шунингдек, "иғвогарларни имкон қадар тезроқ депортация қилиш" бўйича кўрсатма берганини айтиб ўтди.
GSF ташкилоти маълум қилишича, флотилиядаги фаоллар Ғазодаги фаластинликлар учун озиқ-овқат, болалар овқати ва тиббий ёрдам олиб кетишган. У ерда яшаш шароити жуда оғир, аҳолининг 2,1 миллионлик қисми деярли кўчирилган, гарчи ўтган октябрда Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви имзоланган бўлса ҳам.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги эса Ғазода "ёрдам етарли даражада киритилган"ини билдириб, сўнгги етти ойда ҳудудга 1,5 миллион тоннадан ортиқ ёрдам ва минглаб тонна тиббий жиҳозлар етказилганини маълум қилди.
БМТ ўтган ҳафта Ғазодаги кўплаб кўчирилган оилалар ҳали ҳам ортиқча тўпланган чатирлар ёки қаттиқ зарар кўрган биноларда яшашга мажбур эканини билдирди, чунки хавфсизроқ муқобиллар йўқ.
Баёнотда асосий хизматларга кириш чекланганича қолётгани, тоза сув таъминоти барқарор эмаслиги ва чиқиндиларни бошқариш тизими етарли даражада ишламаётгани сабабли жамоат саломатлигига хавф сақланиб қолаётгани таъкидланган. Хашаротлар ва кемирувчилар муаммоси ҳам мавжуд.
БМТ, шунингдек, гуманитар ишлар муҳим эҳтиёт қисмлар, захира генераторлар ва бошқа жиҳозларни импорт қилишга қўйилган чекловлар, шунингдек ёқилғи ва мотор мойи каби зарур ресурслар танқислиги туфайли издан чиқётганини билдирди.
Апрел ойида Исроил томонидан Ғазага киришига дастлаб рухсат берилган гуманитар ёрдамнинг фақат 86 фоизи чегара назорат нуқталарида туширилгани, қолган қисми эса орқага қайтарилгани қайд этилди.
Ғазодаги уруш 2023 йил 7 октябрда Ҳамас етакчилигидаги жанубий Исроилга қилинган ҳужумдан кейин бошланган. Унда тахминан 1200 нафар одам ҳалок бўлган, яна 251 киши гаровга олинган.
Исроил бунга жавобан Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади. Ҳамас назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу жараёнда 72 770 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Қўшимча репортаж: Раффи Берг