Федин ўрмони - қушлар миграциясидаги муҳим бекат

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyat Ekologiya va iqlim o'zgarishi boshqarmasi
Илгари яроқсиз ер бўлган майдонда Александр Федин барпо этган 101 гектарлик ўрмон бугунга келиб табиатда камайиб кетаётган ноёб қушларнинг тўхтаб ўтиш жойига айланган.
Буни ҳам ўзбекистонлик, ҳам хорижий олимлар, ёввойи табиат кузатувчилари тасдиқлаганлар.
Қушлар қишда иссиқ ўлкаларга учиб кетишлари, кунлар исигач ўзларининг яшайдиган жойларига қайтиб келишлари мактаб ўқувчисига ҳам маълум нарса.
Норвегиядан парвоз қилиб, Ҳиндистонга учиб ўтаётган қушлар Федин ўрмонига қўниб ўтганларини кузатиш учун хорижлик мутахассислар келганлар.
Сурхондарё вилоятида, Афғон чегараси биқинида, Амударёдан тўлдириладиган "Оқтепа" сув омбори атрофида Александр Федин 1989 йили 4 гектар ерни олиб дарахт экишни бошлаган.
Ер қаттиқлиги, баъзи жойлари қумлик, шўр, мунтазам суғориш имконсиз бўлгани учун дастлабки йилларда Федин дўстлари билан эккан ниҳоллар қуриб кетган.
Бунинг устига ер текис эмас, 45 даража қиялаган, "шу ерда ҳам бирор нарса экиб бўладими, деб устимиздан одамлар кулишарди", деб эслайди Александр Федин.
Кейин яна 80 гектар яроқсиз майдон "Оқтепа" овчилар жамиятига расмийлаштирилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳозирга келиб тупроқ эррозиясига қарши сув омбори четларини мустаҳкамлаш учун барпо этилган тўқайзорларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда Федин ўрмони 101 гектарга етди.
Бугунги кунда ўрмонда 500дан зиёд турдаги дарахтлар ўсади, қаердадир дарахт ўтқазишни истаган кишилар бу ердан келиб бепул кўчатларни олиб кетадилар.
Александр Федин ўрмони кенгайиб, қалинлашиб борган 37 йил мобайнида ёввойи ҳайвонларнинг турлари ҳам кўпайганини кузатганини айтади.

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyat Ekologiya va iqlim o'zgarishi boshqarmasi
Ўрмон ҳудудига шоқоллар қайтган.
Амударё яқин эмасми, ўша томонлардан келган уч бош тўнғиз Федин ўрмони чангалакзорларида қўним топган, уларнинг сони 70 тага етган.
Ўрмон ташкил этилган вақтда "Ўзбекистонда силовсин қолмади", деб ҳисобланарди, Федин ҳозир бу ерда силовсин яшаётганини айтади.
Бу жой ҳозир 30 га яқин турдаги ёввойи жониворнинг, 15 га яқин турдаги қушларнинг ватани.
"Қушларнинг миграция йўли биздан ўтади. Норвегия, Финландия, Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон. Қушлар ўша ерда тухум қўйиб, жўжаларини кўпайтириб, яна ортга қайтади", дейди Александр Федин.
Марказий Осиё парвоз йўли

Сурат манбаси, gazeta.uz
Дунёда қушларнинг тўққизта асосий парвоз йўли бор.
Улардан бири Марказий Осиё парвоз йўли (Central Asian Flyway - CAF) деб аталади.
CAF дунёдаги асосий қушлар "супермагистраллари"дан бири бўлиб, Арктикадан бошланиб Ҳинд океанигача чўзилган кенг географик ҳудудни қамраб олади.
У миллионлаб қушлар, айниқса сув қушлари, шимолий ин қўядиган ҳудудларидан жанубий қишлов жойларига сафар қилаётганда фойдаланадиган муҳим ва мураккаб миграция йўллари тармоғидир.
Бу парвоз йўли Марказий ва Жанубий Осиёдаги 30 та мамлакатни, шунингдек Кавказ орти ва Яқин Шарқнинг айрим қисмларини ўз ичига олади.
Унинг энг шимолий чекка ҳудуди Россия Федерациясида, аниқроғи Сибирнинг кенг ва аҳоли кам яшайдиган тундралари ҳамда ботқоқ ерларидан бошланади.
Бу ҳудудлар қушларнинг ин қўядиган жойларидир.
Қисқа Арктика ёзида миллионлаб қушлар шу ерда кўпаяди.
Марказий Осиё парвоз йўлининг жанубий чекка ҳудуди, яъни қушларннг қишлов жойлари Жанубий Осиёда, асосан Ҳиндистон, Бангладеш ва Покистонда, Малдив ороллари, Яқин Шарқнинг айрим қисмлари (масалан, Эрон) ва Ҳинд океанидаги Чагос архипелагида жойлашган.
Бу йўлнинг марказий транзит зонаси Марказий Осиё мамлакатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳисобланади, минтақа ҳудуди муҳим географик "кўприк" вазифасини бажаради.
Термиз яқинидаги Амударё ҳавзаси Ҳиндистон, Яқин Шарқ ҳамда Африканинг айрим қисмларидаги қишлов жойлари ўртасида шимолдан жанубга кўчиб юрадиган қушлар учун жуда муҳим тўхташ нуқталари ҳисобланади.

Табиатни асраш ташкилотлари маълумотларига кўра, бу парвоз йўлидан камида 307 турдаги кўчиб юрувчи қушлар фойдаланади, уларнинг қарийб 30 таси глобал миқёсда йўқолиб кетиш хавфи остида деб кўриладиган қушлардир.
Сув қушлари ва соҳил қушлари: Ҳимолай тоғи устидан тўғридан‑тўғри учиб ўтиши билан машҳур бўлган Оқбош ёки Тоғ ғози(Anser indicus), кескин йўқолиб кетиш хавфи остидаги Сибир турнаси, катта фламинго, шунингдек турли хил ўрдаклар, лайлаклар.
Йиртқич қушлар: Олтун бургутлар, дашт бургутлари ва лочинлар ҳам ушбу йўлакдан фойдаланадилар, тоғ тизмалари устидан ҳаво оқимларида парвоз қилиб ўтадилар.
Яқинда Саудия Арабистонининг давлат назоратидаги Saudi Falcons Clubи Қозоғистонда 34 та лочинни очиқ табиатга қўйиб юборди, клуб Вице-президенти Аҳмад Фаҳд ал-Ҳабабий нега Қозоғистон танлангани сабабини мамлакатнинг лочинлар миграцияси ва яшаб қолиши учун қатор қулай шароитларга эга экани билан тушунтирди.
"Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Қозоғистон ҳудуди лочинларнинг уя қўядиган жуда муҳим жойларидан биридир. Лочинлар бевосита шу ерга ин қўядилар, шунингдек, яна бир неча омиллар лочинларнинг Қозоқ экотизимида тирик қолиб яшаб кетишларига ҳисса қўшади", деди Аҳмад Фаҳд ал-Ҳабабий.

Сурат манбаси, Reuters
CAF бўйлаб ҳаракатланаётган қушлар учун Марказий Осиёнинг катта масофага чўзилган чўллари, (масалан, Қизилқум) ва баланд тоғ тизмалари (Тян-Шан ва Помир) учиб ўтиш қийинлик қиладиган ҳудуд ҳисобланади.
Бу жойлардан учиб ўтиш катта энергия талаб қилади, шунинг учун ботқоқ ва сувли тўхташ нуқталари ҳаёт-мамот масаласига айланади.
Айнан шу жойда Термиз атрофидаги Амударё ҳавзасига ўхшаш нуқталар муҳим аҳамият касб этади.
Дарё водийлари ва улар билан боғлиқ кўллар қурғоқчил ерлар орасида яшил яшаш чизиқларини ҳосил қилади. Қушлар бу ерларда дам оладилар, ҳашаротлар ва балиқлар билан озиқланиб қувват тўплайдилар ва Ҳиндукуш ҳамда Ҳимолай тоғларини кесиб ўтишдан олдин ҳимояланадилар.
Мутахассисларга кўра, Ўзбекистоннинг энг жанубий чекка қисмидаги сув омборлари ва кўллар баҳор ва куз миграция даврларида бир вақтнинг ўзида жуда кўп сонда кўчиб ўтадиган сув қушлари тўпланадиган тор нуқталар сифатида хизмат қилади.
Александр Федин кўчиб юрувчи қушлардан айримлари шу ерда тухум қўйиб қолиб кетганларини айтади.





























