Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқарди, Украина норози

Алишер Усмонов, кўзойнак таққан ва тўқ рангли костюм кийган ўрта ёшли эркак, юқорига қараган ҳолда галстугини тўғриламоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Усмонов президент Путин билан яқин алоқаларга эга шахс сифатида таърифланган.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хабарларга кўра, Европа Иттифоқи Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқини ортидан икки олигархга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилмоқчи. Бу қарор Украинада норозиликка сабаб бўлди.

Франция россиялик-ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилган. Париж бунга "миллий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар"ни сабаб қилиб кўрсатган.

Люксембург эса россиялик-исроиллик тадбиркор Михаил Фридманга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўраган. Фридман музлатилган активларини қайтариш талаби билан бу мамлакат устидан судга даъво қилмоқда.

Дастлаб Латвия бу келишувга қарши чиққан, бироқ кейинчалик муросага рози бўлган. Келишув доирасида яна қарийб 3 минг шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар уч йилга узайтирилади.

Украина расмийлари эса бу қарорни "қабул қилиб бўлмайдиган" деб атаб, у Москвага нотўғри сигнал юборишини айтди.

"Москва байрам қилмоқда, чунки у истаган нарсасига эришди: жазосизлик ҳисси, Европа Иттифоқининг таҳқирланиши ва европаликлар орасидаги бўлиниш", деб ёзди Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига "X" ижтимоий тармоғида.

У Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларни бу икки шахсга қарши миллий санкциялар жорий этишга чақирди. Латвия бундай чора кўришини аллақачон маълум қилган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ икки олигархнинг санкциялар рўйхатидан чиқарилиши эҳтимолини олқишлаган эди. У Европа Иттифоқи санкцияларини ноқонуний деб атаб, барча россияликлар рўйхатдан чиқарилиши кераклигини айтди.

Алишер Усмонов USM Holding компаниясига асос солган. Бу инвестиция гуруҳи темир, пўлат ва мис етказиб берувчи компаниялар ҳамда "Мегафон" телекоммуникация компаниясига эгалик қилади. Усмонов аввалроқ Англия Премер-лигасининг "Арсенал" ва "Эвертон" клублари билан ҳам алоқадор бўлган.

Европа Иттифоқи 2022 йилда унинг активларини музлатиб, Усмоновни "Кремлни қўллаб-қувватловчи ва Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқаларга эга олигарх" деб таърифлаган. Усмонов эса бу қарорни "адолатсиз" деб атаган.

Михаил Фридман, кўзойнак таққан ва тўқ рангли костюм кийган ўрта ёшли эркак, камерага қараб жилмаймоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фридман Украинадаги уруш учун Путинни очиқдан-очиқ қоралашдан ўзини тийган.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Хабарларга кўра, Франциянинг Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш ташаббуси Озарбайжон билан маҳбусларни озод қилиш бўйича эҳтимолий келишувга боғлиқ бўлган.

Украинада туғилган, Россия ва Исроил фуқароси Михаил Фридман Alfa Group инвестиция конгломерати асосчиси бўлиб, унинг асосий бизнес манфаатлари энергетика ва банк соҳаларига тўғри келади. Европа Иттифоқи уни Россиянинг етакчи молиячиларидан бири ва Путиннинг яқин доирасини қўллаб-қувватловчи шахс сифатида таърифлаган.

Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлаган пайтда Фридман можаро имкон қадар тезроқ тугаши кераклигини айтган, аммо президент Путинни очиқдан-очиқ қораламаган.

Фридманнинг россиялик-латвиялик бизнес ҳамкори Пётр Авен Украинага босқинни қораламагани учун 2022 йилда Латвиянинг энг олий фуқаролик мукофотидан маҳрум қилинган.

Бу ҳолат Латвиянинг мазкур қарорга қарши чиқишига таъсир қилган бўлиши мумкин. Душанба куни Европа Иттифоқи элчилари овоз беришида Латвия қарорга вето қўйган.

Бироқ сешанба куни муросага эришилгач, Латвия ўз позициясини ўзгартириб, овоз беришда бетараф қолган. Янги келишувга кўра, санкциялар рўйхатида қолаётган қарийб 2 600 шахс ва ташкилотга нисбатан чекловлар уч йилга узайтирилади. Бунгача санкциялар ҳар олти ойда қайта тасдиқланиши керак эди.

Латвия бош вазири Андрис Кулбергс, шунингдек, Франция Латвиянинг Франция ядровий тийиб туриш ташаббусига қўшилиши бўйича музокараларни бошлашга ва Латвиядаги ҳарбий иштирокини кучайтиришга рози бўлганини маълум қилди.