Ўзбекистон: Администрация энди дахлсиз. Саида Мирзиёева мамлакатдаги иккинчи шахсга айландими?

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида"ги Конституциявий Қонунни қабул қилди. Бу қонун билан Президент Администрацияси ва унинг раҳбарининг ваколатлари кенгайди, ушбу тузилмада ишлайдиганларга дахлсизлик ҳуқуқи берилди.
Расмийлар кўплаб давлатларда шунга ўхшаш қонунлар борлигини айтмоқдалар. Аммо халқаро амалиётда ҳам президент идораси шу даражада қудратлими?
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, мазкур қонун жуда тез муддатда парламент палаталари томонидан тасдиқланди ва президент томонидан имзоланди. Қонун расман эълон қилиниши билан, яъни 14 августдан кучга кирди. Фаоллар эса ушбу қонун ҳақида фикр билдиришга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқдалар, айримларнинг ижтимоий тармоқларда ёзган постлари ўчирилмоқда, бундан хулоса чиқарган бошқалар эса исмлар ёки воқеаларни келтирмаган ҳолда изтеҳзоли постлар ва мемларни эълон қилмоқдалар. Хўш, ўзи ушбу қонун билан нималар ўзгарди? Нега кўпчилик уни очиқ муҳокама қилишга чўчимоқда?
Администрация ваколатлари

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент Администрацияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 26 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ташкил этилган. Бунгача шундай тузилма Президент девони ёки Президент аппарати деб аталарди. 2018 йилдаги фармонда ПА президент фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлаши белгиланган эди.
Орадан саккиз йил ўтиб қабул қилинган Конституциявий қонунда эса ПАнинг ваколатлари анча кенгайди. Эндиликда унинг ваколатига қуйидагилар киради:
- президентнинг ва ҳукуматнинг фармойишлари лойиҳаларини якуний ишлаб чиқишни ташкил этиш;
- президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, администрация раҳбарининг фармойишлари ҳамда ҳукуматнинг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқиш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари, шу жумладан ҳокимлар бошчилигида ишчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузиш;
- президентга бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, президент ва администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ҳамда топшириқлар бериш, уларнинг бажарилиши ва натижалари тўғрисида батафсил маълумот талаб қилиш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини, улар томонидан қонунларнинг ва президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, администрация раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш ҳолатини баҳолаш, шунингдек бу борада ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ушбу мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган масала юзасидан ташаббус кўрсатиш ва бошқалар.
Шунингдек, администрация президент фаолиятини ташкил этиш доирасида парламент, ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, суд ҳокимияти ва судялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлик қилади.
"Администрация қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин", дейилади Конституциявий қонуннинг 7-моддасида.
Қонун билан мустаҳкамланган мақом

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva
Конституциявий қонунга кўра, администрация раҳбари (2025 йил 24 июндан бери Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева шу лавозимда ишлаб келмоқда) президентнинг ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш учун масъул мансабдор шахс ҳисобланади.
Унинг ваколат доирасига қуйидагилар киради:
- Администрация фаолиятига раҳбарлик қилиш, Администрация таркибий бўлинмаларининг тизимли фаолиятини таъминлаш, Администрациянинг фаолиятини ташкил этишга доир фармойишлар чиқариш;
- Администрациянинг ташкилий тузилмасига қўшимча штат бирликларини киритиш ва қисқартириш, тегишли соҳалар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш ҳамда тугатиш;
- Президентнинг парламент палаталари, суд ҳокимияти ҳамда судялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўриш, ҳукумат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ҳамда куч ишлатишга ваколатли тузилмалар фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўриш;
- Президентга бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш ҳамда унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этиш;
- Президентга бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига ўз ваколатлари доирасида топшириқлар бериш ҳамда уларнинг ижросини ташкил этиш;
- Президентнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш жараёнларида ўз вакиллари орқали иштирок этиш;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича президентга таклифлар киритиш;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини қабул қилиш, мансабдор шахсларга нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораларини қўллашни ташкил этиш, ушбу масалалар бўйича президентига таклифлар киритиш;
- давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича жамоатчилик фикри мониторингининг амалга оширилишини, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб муаммолари ўрганилишини ташкил этиш;
- Президентнинг топшириғига кўра мамлакат ичида ва халқаро муносабатларда президент манфаатларини ифода этиш, халқаро музокаралар ва тадбирларда иштирок этиш;
- тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича ҳамда ушбу лавозимдаги раҳбарларни озод этиш тўғрисида президентга таклифлар киритиш;
- Президент томонидан белгиланган тартибга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш, шунингдек давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ташкил этиш;
- Президент томонидан белгиланган масалалар бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ва бошқалар.
Piter Parkerga Ben amaki aytganidek, "katta kuch katta mas’uliyatni talab qiladi".
"Администрация раҳбари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Администрация раҳбари ўзига тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклифлар тайёрлашда, Администрация раҳбарининг топшириқлари амалга оширилишини ташкил этиш ва ижросини назорат қилиб боришда, администрация фаолиятининг марказлашган ҳолда бошқарилишини таъминлашда ҳамда бошқа вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш учун шартнома асосида мустақил маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин", дейилади қонуннинг 9-моддасида.

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қонунга кўра, Администрация раҳбари, Президентнинг ёрдамчиси, Администрация раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация раҳбари котибиятининг мудири, Президентнинг маслаҳатчилари, Президентнинг вакиллари, Администрациянинг бошқа таркибий бўлинмалари бошлиқлари, Президент ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари президент томонидан белгиланган тартиб асосида лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Администрация раҳбари эса қуйидаги лавозимларга шахсларни тайинланайди ва ишдан олади:
- Президент маслаҳатчиларининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари;
- Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини;
- Комплаенс хизмати бошлиғи;
- Канцелярия мудири;
- Администрациянинг бошқарув ва хизматчи ходимлари;
- Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларини ҳамда уларнинг ўринбосарлари;
- Администрация раҳбарининг вакиллари.
Хавфсизлик кенгаши
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши ҳақида ҳам модда бор. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда ҳарбий тузилмалар, шунингдек ташқи ишлар сиёсати учун масъул идоралар Хавфсизлик кенгаши таркибига киритилади ҳамда мазкур кенгаш уларнинг асосий фаолиятини мақсадли бошқарувчи ва уйғунликдаги ҳамкорлигини таъминловчи олий мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. Президент Хавфсизлик кенгашининг раиси ҳисобланади ҳамда унга бошчилик қилади. Администрация раҳбари эса Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланади ҳамда ушбу кенгаш аъзоларининг фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.
Хавфсизлик кенгашининг ишчи органи Хавфсизлик кенгаши котибияти ҳисобланади. Администрация эса Хавфсизлик кенгаши котибияти орқали президентнинг Қуролли Кучларга, мудофаага, сафарбарликка, хавфсизликка ва фавқулодда вазиятларга оид конституциявий ваколатларини таъминлайди.
Саида Мирзиёеванинг мансаб пиллапоясидан кўтарилиши

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva
Мазкур қонун ва у билан Администрация раҳбарига берилган улкан ваколатлар айни пайтда ушбу лавозимда ишлаётган Саида Мирзиёева шахсига бўлган эътиборни ҳам оширади. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бакалавр (2006), Тошкент Давлат Юридик университетида магистрлик даражасини (2008) олган, 2010 йилда эса Ломоносов номидаги Москва давлат университетида иқтисодиёт бўйича магистр даражасини эгаллаган Мирзиёева отаси президент бўлгунига қадар жамоатчиликка маълум эмас эди. Унинг профессионал фаолияти ҳам Шавкат Мирзиёевнинг президентлик даврида – 2019 йил 12 апрелдан Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) директор ўринбосари лавозими билан, яъни бирданига раҳбарлик лавозимидан бошлагани маълум.
Ўшанда АОКА раҳбари Комил Алламжонов эди. Кейинчалик маҳаллий матбуот Мирзиёева ва Алламжонов тандеми ҳақида кўп ёза бошлади. Саида Мирзиёева 2020–2022 йилларда Миллий масс-медианинг қўллаб-қувватланиши ва ривожланиши жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари сифатида ишлаганида ҳам Алламжонов Васийлик кенгаши раиси эди.
2022 йилда улар Президент Администрациясига ишга ўтдилар. Саида Мирзиёева Администрация ижроия аппаратидаги Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўлими раҳбари, Алламжонов эса Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари бўлди. Бир йилдан сўнг Алламжонов Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари этиб тайинланган бўлса, Саида Мирзиёева Президент ёрдамчи бўлди.
2024 йилда эса Алламжонов бошқа ишга ўтиши билан лавозимидан озод қилинди, Саида Мирзиёева у билан хайрлашар экан, унга келгуси ишларида омад тилади. Аммо кейинчалик содир бўлган Алламжоновга суиқасддан сўнг катта ахборот шовқини кўтарилди. Халқаро нашрларда ушбу суиқасд ортидан Президент Мирзиёев атрофидаги гуруҳларнинг ҳокимият учун кураши ҳақидаги турли суриштирувлар эълон қилина бошланди.
2025 йил 24 июнда Саида Мирзиёева Президент Администрацияси раҳбари лавозимини эгаллади. Комил Алламжонов эса унинг жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Дахлсизлик
Қонун билан амалга жорий этилган баҳсли масалалардан бири Администрация ходимларига дахлсизлик берилишидир. Қонуннинг 25-моддасида Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари дахлсизликка ҳамда иммунитетга эга бўлиши белгиланган.
Унга кўра, Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлиги уларнинг ва улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғининг, фарзандларининг ва ота-онасининг) шахсий ҳаётига, турар жойига, хизмат хонасига, улар фойдаланадиган шахсий ва хизмат транспорт воситасига ҳамда алоқа ва коммуникация воситасига, хат-хабарларига, ёзишмаларига, электрон маълумотларига, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, Администрациянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишга, уларни жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишга, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказишга ёки маъмурий қамоқ жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Menimcha, O‘zbekistonda “daxlsizlik”, “immunitet” degan gaplarning qadri — taxminan bir tiyin atrofida.
"Администрациянинг бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарорлари, содир этган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, билдирган фикрлари ва берган кўрсатмалари учун жиноий, маъмурий ёки фуқаровий жавобгарликка тортилмайди", дейилади ушбу моддада.
Шу билан бирга, Администрацияда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун Администрациянинг бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилигисиз жиноят ишини қўзғатиш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказиш ёки суд тартибида маъмурий жазо ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
"Администрациянинг бошқарув ходими Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин унга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Администрациянинг бошқарув ходимига нисбатан Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судловига тегишлидир", дейилади қонунда.

Сурат манбаси, Rasmiy
Мазкур конституциявий қонун билан белгиланганки, администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиниши, шу жумладан Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам жалб қилиниши тақиқланади.
Қонунда Администрациянинг мансабдор шахслари ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган дахлсизлик ва иммунитетни Администрациядан бўшатилганидан кейин умрбод, бошқарув ходимлари эса Администрациядан бўшатилганидан кейин беш йил давомида сақлаб қолиши белгиланган.
"Ушбу моддада белгиланган қоидаларни бузган ҳолда олинган далиллар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олинган деб ҳисобланади ва номақбул далиллар деб топилади.
Қонунчилик ҳужжатларига ушбу моддада назарда тутилган дахлсизликка оид қоидаларни бекор қилишга, оғирлаштиришга ёки дахлсизлик қўлланиладиган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштиришга олиб келадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, бундай ўзгартиришлар Администрациянинг ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган қоидалар қўлланиладиган мансабдор шахсларига ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди, шу жумладан улар Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам татбиқ этилмайди", дея қайд этилган конституциявий қонуннинг 25-моддасида.
Шунингдек, қонун билан Администрациянинг мансабдор шахсларига ва уларнинг оила аъзоларига (турмуш ўртоғига, фарзандларига ва ота-онасига) умрбод, Администрациянинг бошқарув ходимларига Администрациядаги фаолияти даврига биометрик дипломатик паспортлар берилиши, Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) хавфсизлигини таъминланиши белгиланган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари Администрациядаги лавозимидан озод этилган тақдирда эса уларга Администрацияга ишга келгунига қадар эгаллаб турган аввалги лавозимидан камида бир поғона юқори даражадаги лавозим берилиши кафолатларган. Аввалги лавозимидан юқори лавозим мавжуд бўлмаганда эса аввалги лавозимига тенг лавозими ёки уларнинг мутахассислиги ҳисобга олинган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларидаги камида бир поғона юқори ёки тенг даражадаги лавозим биринчи навбатда берилиши белгиланган.
"Бундан сайланадиган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан тайинланадиган лавозимлардан Администрацияга ишга ўтганлик, меҳнат интизомини бузганлик учун ишдан бўшатилиш ҳоллари мустасно", дейилади қонуннинг 26-моддасида.
Мазкур қонун билан Администрация ходимларига берилган улкан имтиёзлар ҳақли равишда фаолларда саволларни пайдо қилди. Масалан, журналист Илёс Сафаров нега амалдорлар хизматидан кетганидан кейин ҳам уларнинг турар жойи, ёзишмалари, транспорти дахлсиз қолиши, ўзларига эса умрбод дипломатик паспортлар берилиши кераклигини савол остига олди.
"Менимча, бундай кафолатлар орқали кадрлар тизимида барқарорлик яратиш ва аппаратнинг юқори раҳбариятга сўзсиз содиқлигини таъминлаш ғояси турган бўлиши мумкин. Яъни, келгусида элиталар ичида кутилмаган босим ёки зиддиятлар пайдо бўлса, бу қатлам ҳар қандай жиноий ёки ҳуқуқий таъқибдан ҳимояланган бўлади", деб ёзди у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида (кейинчалик унинг пости ўчириб юборилди).
Menimcha, O‘zbekistonda "daxlsizlik", "immunitet" degan gaplarning qadri — taxminan bir tiyin atrofida.
Блогер Ҳотам Ғофуров эса қонун ҳақида гапирар экан, икки мақолни келтиради – "Подшоҳнинг амри вожиб" ва "Оёқдаги битлар бошга чиқди".
"Подшоҳга хизмат қилганларни, Администрацияда мансабдор бўлганларни бир умрга дахлсиз қилиб, уларнинг хотиржамлигини таъминлаш ёки ўша ердаги мансабдорларнинг ишдан бўшаганидан кейин 5 йилгача дахлсизлигини таъминлаш уларнинг бугунги кунда юрт учун, халқ учун, президент учун хотиржам хизмат қилишини кафолатлайди. Президент аппаратида ишлаганларнинг нечтасини биламиз, нечтаси тизим ўзгарганидан кейин жувонмарг бўлиб кетди, тузум ўзгарганидан кейин нечтаси жавобгар бўлиб кетди. Ҳалигача нечтаси оғзини каттароқ очишга, тузукроқ нафас олишга қўрқиб юрибди. Бу керак нарса, яхши нарса. Тўғри қилинибди", дейди у.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса Администрациянинг мансабдор ходимларидаги дахлсизлик ҳуқуқи ва иммунитет ишлашига шубҳа қилмоқда.
"Менимча, Ўзбекистонда "дахлсизлик", "иммунитет" деган гапларнинг қадри — тахминан бир тийин атрофида. Дўппи тор келса, Конституциявий қонун ҳам, Конституция ҳам оёқости қилинади", деб ёзади Аъзамхўжаев.
Ижтимоий тармоқларда ҳам шу масала юзасидан турли фикрлар илгари сурилмоқда.
"Администрация ходимлари шундоқ ҳам дахлсиз эди. Шунчаки энди уни қонунийлаштириб қўйишди, холос", деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
"Қонун ҳамма учун бирдай ишлаши шарт. Администрацияга дахлсизлик берилиши демократик принсипларга зид деб ҳисоблайман", дейди яна бир фойдаланувчи.
Халқаро амалиёт?
Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 14 август куни мазкур янги қонунга изоҳ бериб, пост эълон қилар экан "Администрация президент фаолияти ва конституциявий ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминловчи ягона конституциявий институт ҳисобланса-да, давлат органлари билан муносабатларда унинг фаолиятини қонун билан тартибга солиш бўйича ҳуқуқий бўшлиқ мавжуд бўлганини, эндиликда янги қонун билан ушбу масалалар тартибга солингани"ни ёзди.
"Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этишда Администрациянинг амалдаги ваколатлари доирасидаги фаолияти қонун билан тартибга солиниши Президентлик институтининг ҳуқуқий асосларини кучайтиради. Халқаро амалиётда Президент фаолиятини таъминловчи институтнинг ҳуқуқий мақоми қонун даражасида белгиланиши Президентлик бошқарувининг институционал стандарти ҳисобланади", дея қайд этади Асадов.
7 август куни мазкур қонун Сенат томонидан мақуллангани ҳақида эълон қилинган ахборотда ҳужжатни тайёрлаш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар тажрибалари ўрганилиб, таҳлил қилингани ҳақида сўз боради.

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva
Ҳақиқатан ҳам юқорида номи келтирилган мамлакатларда шунга ўхшаш институтлар махсус қонунлар билан тартибга солинади. Аммо уларнинг аниқ ваколатлари ва конституциявий мақоми кўплаб мамлакатларда сезиларли даражада фарқ қилади.
Масалан, Финляндияда Президент девони тўғрисидаги қонун мавжуд бўлиб, унда Президент девонининг вазифалари ва Президент фаолиятини қўллаб-қувватлаш функциялари белгиланган. Руминияда ҳам тегишли қонун президентга хизмат қилувчи давлат муассасаси сифатидаги Президент Администрациясини ташкил этади ва унинг фаолиятини тартибга солади. Латвияда "Президент девони фаолиятини таъминлаш тўғрисида"ги қонун мавжуд бўлиб, унда Президент канцелярияси ва унинг функциялари белгиланган. Словакияда эса 1993 йилги қонун орқали Президент девони фаолияти тартибга солинади.
Бироқ бу ерда муҳим масала бундай идоралар ва улар тўғрисидаги қонунлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигида эмас, балки муассасалар нима билан шуғулланишида.
Аксарият Европа давлатларида Президент девони, асосан:
- президентга маслаҳат беради;
- учрашувлар ва ташрифларни ташкил қилади;
- нутқлар ва сиёсий маърузаларни тайёрлайди;
- коммуникацияларни бошқаради;
- ҳуқуқий ва маъмурий ёрдам кўрсатади;
- давлат раҳбари номидан бошқа институтлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради.
Улар, одатда, ҳукумат фаолиятини кундалик равишда назорат қилмайди ва бутун давлат бюрократияси бўйлаб президент топшириқларининг ижросини мониторинг қилиш каби вазифалар билан шуғулланмайди. Ижро ҳокимиятини бошқариш, одатда, бош вазир бошчилигидаги ҳукумат томонидан амалга оширилади. Бироқ Ўзбекистондаги ҳолат бундан фарқ қилади.
"Финляндиядаги Президент Администрацияси умуман ички ҳокимиятга аралашмайди", деб ёзади ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментидаги фойдаланувчилардан бири.
Piter Parkerga Ben amaki aytganidek, “katta kuch katta mas’uliyatni talab qiladi”.
Журналист Шуҳрат Латипов ҳам энди Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи ҳокимият органи сифатидаги мустақил ролидан нима қолади, деган саволни ўртага ташлаган. У 2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдуми билан қабул қилинган ва 2023 йил 1 майдан кучга кирган янги Конституциянинг 114-моддасида ижро этувчи ҳокимиятни айнан Вазирлар Маҳкамаси амалга ошириши белгиланганини келтиради.
"Ҳукумат қарорлар ва фармойишлар қабул қилади ва натижа учун жавобгар бўлиши керак. Аммо янги қонун ҳукумат устидан Президент Администрацияси томонидан кучли назоратни белгилаяпти — нафақат қарорлар қабул қилингандан кейин, балки улар қабул қилинишидан олдин ҳам.
Расман ҳукумат ҳисобланмайдиган ва Вазирлар Маҳкамаси таркибига кирмайдиган орган ҳукумат ҳужжатлари лойиҳаларини ўзи тайёрлаши, кейин эса уларнинг қандай амалга оширилаётганини назорат қилишда иштирок этиши мумкин бўлади", деб ёзади журналист.
Шуҳрат Латипов янги қонунга кўра, ПА раҳбари фармойишлари иерархия бўйича ҳукумат қарорларидан юқори туришини келтирар экан, "президент ваколатларини таъминлаш билан ижро этувчи бошқарувни ёки ижро этувчи ҳокимият функцияларини амалда бажариш ўртасидаги ўша чегара қаерда?" дея савол қўймоқда.
"Мен ҳуқуқшунос эмасман, лекин бу қонун Конституцияга қанчалик мос келиши ҳақида эксперт фикрини жуда эшитгим келади. Балки келажакда унга ўзгартиришлар киритилар", дейди у.
Тезкорлик?
Илёс Сафаровнинг фикрича, қонун билан Администрация амалда бутун мамлакатдаги давлат органларига мажбурий топшириқлар берувчи ягона марказга айланиши мазкур идорага ўз режаларини тезкор бошқариш имконини беради. Балки шунинг учундир, ушбу қонуннинг қабул қилиниш жараёни ҳам жуда тезкор ўтгани айтилмоқда.
Қайд этиш жоиз, ушбу конституциявий қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 6 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2026 йил 7 августда маъқулланган. 14 август куни ҳужжатга Президент Шавкат Мирзиёев қўл қўйиши билан у кучга кирди.
"Ҳужжат парламентда биринчи ўқишда кўриб чиқилганидан қабул қилингунига қадар 10 кун ўтди. Эҳтимол, бу шундай даражадаги ҳужжатни қабул қилиш учун рекорд даражада қисқа муддатдир", деб ёзади журналист Латипов.
Блогер Зафарбек Солижонов депутатларни танқид қилган.
"Депутатлар "тезкор ўтказилган" қонун лойиҳасини бунақа муҳокама қилмайди. Энг хавфсиз мавзуларда мингта савол беради. Парламентнинг шунақа юзи бўлиб ишлаш виждонингизга оғирлик қилмайдими?" деб ёзади блогер.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров эса ҳеч қандай изоҳ бермаган ҳолда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг ушбу мақулланган мажлисдаги нутқидан парчани эълон қилди:
"Ҳеч қандай саволлар бўлмади, чунки республикада барча йўналишларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда".
Журналист Дилшода Шомирзаева ҳам қонун қабул қилинишидаги тезкорлик ҳақида ёзар экан, мансабдорларнинг мол-мулкини декларация қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилишда бундай тезлик кўринмаётганининг сабабига қизиқади. Ўзбекистонда 2017 йилдан бери шундай қонунни жорий этишга ҳаракат қилинмоқда, 2021 йил ноябрда қонун лойиҳаси сифатида Вазирлар Маҳкамасига ҳам киритилган, аммо ҳамон қабул қилинмаган.
"Президент Администрацияси тўғрисида"ги конституциявий қонун амалда мамлакатнинг бутун бошқарув механизмини қайта қурувчи стратегик ҳужжатга айланяпти. Унинг жамоатчилик муҳокамасиз ва жуда қисқа муддатда қабул қилиниши ортида эса, албатта, бир қатор сиёсий ҳамда маъмурий сабаблар ётибди", деб ёзди Илёс Сафаров.
Реакция, эҳтиёткорлик, пичинг ва мем

Сурат манбаси, Social Media
Юқорида қайд этилганидек, фаоллар бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашмоқдалар ва кўпчилик хабарни ўзини эълон қилишдан нарига ўтмаяпти. Фикрларини билдираётганлар эса кўпинча қисқа жумлалар билан чекланмоқдалар. Тармоқ фойдаланувчилари ҳам буни пайқаган ҳолда изоҳлар ёзаяптилар ва айрим ҳолларда саҳифаларига мемлар ҳам жойламоқдалар.
Масалан, "Х" ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири ўзбек медиа маконидаги вазият ҳақида шундай ёзади:
"Ўзбек нашрлари ҳатто исмини келтиришга қўрқади. Рус нашрларида очиқроқ бериляпти".
"Дунёни муҳаббат қутқаради дейишади, Ўзбекистонни ҳам муҳаббат қутқарармикан ёки яксон қилармикан, нима деб ўйлайсизлар?" дея пост қолдирган Дилшода Шомирзаева.
"Конституция ҳам ўйинчоқ бўлиб қолди. 2030 йилги президент сайловларига расман номзодини эълон қилиши қолди шекилли энди. Миссия-2030", дея ёзган яна бир фойдаланувчи Саида Мирзиёеванинг фаолиятини акс эттирувчи "Миссия" деб номланувчи пиар видеоларга ишора қилиб.
"Аёлларнинг ҳам ўрни ҳокимиятга бўлиши керак деганда буни назарда тутмагандик лекин", деб ёзган Дио Ра тахаллуси билан "Х"да блог юритадиган фойдаланувчи.
Қонунни очиқча таҳлил қилиш муаммоли масалага айланаётганини айрим фикр етакчиларининг шунга ишора қилувчи қуйидаги постларидан ҳам пайқаш мумкин:
"Бу хато деб очиқ ва батафсил ёза олмасликнинг ўзи муаммонинг чуқурлигини кўрсатади", деб ёзган Отабек Бакиров.
"Ақл рози бўлмаган жойда сукутга мажбур бўлиш жуда оғир туйғу", дея ёзган Илёс Сафаров 15 августда (Унинг 14 август куни чоп этилган бошқа бир пости эса ўчирилган).
Dunyoni muhabbat qutqaradi deyishadi, O’zbekistonni ham muhabbat qutqararmikan yoki yakson qilarmikan, nima deb o’ylaysizlar?
Бошқаларга қараганда очиқроқ таҳлилий постларни Шуҳрат Латипов эълон қилмоқда. У жавобгарлик масаласини ўртага ташлар экан, Вазирлар Маҳкамаси конституциявий мақомга, муайян мажбуриятлар ҳамда парламент ва президент олдида ҳисобдорлик шаклларига эга эканини ёзади. Латипов Президент Администрацияси учун қандай мутаносиб жавобгарлик ва ҳисобдорлик механизмлари назарда тутилганини савол остига олади.
"Агар қарорларнинг муҳим қисми бошқа орган томонидан шакллантирилса, мувофиқлаштирилса ва назорат қилинса, якуний натижа учун ким жавоб беради? Шартли равишда, юқоридан туширилган ислоҳот муваффақиятсиз тугаса, натижа учун ким жавоб беради? Кўриниб турибдики, охир-оқибат эса барча танқид ва жавобгарлик Вазирлар Маҳкамасига қолади", дейди журналист.
Унинг фикрича, "институт қанча кўп ваколат олса, унинг шаффофлиги, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари ҳам шунча кучли бўлиши керак. Ва бу механизмлар олинган ҳокимият кўламига мутаносиб бўлиши лозим".
"Питер Паркерга Бен амаки айтганидек, "катта куч катта масъулиятни талаб қилади". Президент Администрацияси жуда катта ваколатлар ва ўз ходимлари учун жиддий кафолатларга эга бўлмоқда. Аммо шунга тенг даражада кучли масъулият, шаффофлик ва ҳисобдорлик механизмларини ҳам кўришни истардим. Афсуски, ҳозирча мен бундай мувозанатни кўрмаяпман ва бу хавотир уйғотади", деб ёзади Шуҳрат Латипов.
Bu xato deb ochiq va batafsil yoza olmaslikning o‘zi muammoning chuqurligini ko‘rsatadi
Қонун ҳақидаги хабарлар остида ёзилаётган изоҳлар орасида уни қўллаб-қувватлаётганларни ҳам топиш мумкин. Масалан, айрим аккаунтлардан қуйидагича изоҳлар ёзилган:
"Президент Администрациясининг мақоми аниқ белгилангани яхши бўлибди".
"Янги қонун бошқарув тизимида тартиб ва аниқликни оширишига ишонамиз".
"Давлат бошқаруви замонавий талабларга мослашиб бормоқда" ва ҳаказо.
Бироқ юморист ва блогер Нозим Сафари қонунни танқид қилганлардан бири бўлди.
"Бизнинг республикада ҳокимиятлар бўлиниши ва тийиб туриш принсиплари умуман йўқлигини расман тан олишди. 30 йил деганда. Республика сўзини Администрацияга ўзгартириш қолди. Кейин администрация сўзини маъмуриятга ўзгартирсак, бу ҳам бир ислоҳот-да", дейди Нозим Сафари.
Иқтисодчи Бекзод Ҳошимов ҳам янги қонун юзасидан муносабат билдирди.
"Ваколат ва маъсулият номутаносиблиги – хавфли нарса. Ваколатли институтлар маъсул бўлишлари керак. Тескариси ҳам тўғри: маъсул институтларда ваколат бўлиши зарур", дея қисқа фикр билан чекланган у.






























