Эрон суди ҳижобсиз чиқиш қилган хонандага берилган дарра жазосини ўз кучида қолдирди

Сурат манбаси, youtube.com/@ParastooAhmadii
- Author, Ғунча Ҳабибиозод
- Role, BBC Форс Хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Эрон апелляция суди ҳижобсиз чиқиш қилган таниқли хонанда Парасту Аҳмадийга тайинланган 74 марта дарра уриш жазосини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда унинг адвокатлари маълум қилди.
29 ёшли хонанда 2024 йил декабрида YouTube каналида жонли эфирга узатилган концертда енгсиз кўйлакда қўшиқ айтган эди. Эрон қонунлари аёлларнинг оммавий чиқишларини тақиқлайди. Улар рўмол ўраши ва ёпиқ кийиниши ҳам шарт.
Концерт видеоси миллионлаб марта кўрилгач, Эрон суд ҳокимияти Аҳмадийга қарши иш қўзғатди. Суд ҳокимияти унинг чиқишини "мамлакатнинг ҳуқуқий ва маданий қоидаларига зид" деб баҳолади.
Хабарларга кўра, июнда Қум шаҳри жиноят суди Аҳмадий ҳамда унинг мусиқий гуруҳи ва концертни тайёрлашда қатнашган жамоанинг саккиз аъзосини айбдор деб топган. Уларга "беҳаё ва номуносиб материаллар"ни эълон қилиш орқали "жамоат одобига путур етказиш" айби қўйилган.
End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг
74 марта дарра уриш жазосидан ташқари, уларга икки йил давомида аудио ва видео соҳасида фаолият юритиш ҳамда мамлакатдан чиқиш тақиқланган.
Адвокатларининг айтишича, юқори инстанция суди жума куни айбланувчиларнинг апелляция шикоятини суд мажлиси ўтказмасдан рад этган.
"Бизнингча, концерт ўтказишнинг ўзи жиноят эмас", деди адвокатлардан бири BBCга. "Биринчи инстанция суди бу айбловлар бўйича энг оғир жазолардан бирини тайинлади. Ҳолбуки, жарима ёки енгилроқ жазо қўллаш имкони ҳам бор эди."
"Апелляция суди мажлис ўтказиш имкони бўлса-да, уни ўтказмади ва ҳукмни ўз кучида қолдирди. Афтидан, бу ҳукмдан асосий мақсад шунга ўхшаш воқеалар такрорланишининг олдини олиш бўлган."
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Дастлабки ҳукм ҳақидаги хабар Эронда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган эди.
"Бу қоронғи кунлар ниҳоясига етсин. Аёллар қандай яшаш ва кийинишни танлаш эркинлигини қайта қўлга киритсин. Азиз ватанимизда ижод эркинлиги яна гуллаб-яшнасин", деб ёзган эди муҳожиратдаги хонанда Гугуш ўшанда Instagram саҳифасида.
Мусиқачи Ҳусайн Ализода эса "Парасту Аҳмадий ўрнига 70 дарра жазосини олишга тайёрман", деган.
Ҳуқуқ фаоллари ҳам ҳукмни қоралади. Amnesty International дарра уришни "шафқатсиз, ғайриинсоний ва инсон қадр-қимматини таҳқирловчи жазо" деб атаб, у қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалага нисбатан мутлақ тақиқни бузишини таъкидлади.
2024 йил январида эронлик курд фаол Роя Ҳешмати ижтимоий тармоқда ҳижобсиз тушган суратини эълон қилгани учун "жамоат ахлоқини бузиш"да айбдор деб топилиб, 74 марта дарра жазосига ҳукм қилинган эди.
Курд ҳуқуқ ташкилоти Hengaw маълум қилишича, Ҳешмати Теҳрондаги прокуратура биносида аёл ходим унинг бошига мажбуран рўмол ўраганини, сўнг эркак ходим елкалари, орқаси, сонлари ва оёқларига дарра урганини айтган.
Эрон қонунларига кўра, балоғатга етган аёллар ва қизлар сочини ҳижоб билан ёпиши, қоматини билдирмайдиган узун ва кенг кийим кийиши шарт. Бу қоидалар мамлакатдаги шариат талқинига асосланади.
2022 йилда 22 ёшли курд аёли Маҳса Аминий ҳибсда вафот этгач, Эрон бўйлаб намойишлар бошланган эди. У ўша йил сентябрида Теҳронда ҳижобини "нотўғри" ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган.
Диний раҳбариятга қарши мамлакат бўйлаб ўтган намойишларда аёллар рўмолларини ёққан ёки ҳавода силкитган. Намойишларни хавфсизлик кучлари томонидан қаттиқ бостириш оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган.
Darra urish shafqatsiz, g‘ayriinsoniy va inson qadr-qimmatini tahqirlovchi jazodir...
Шундан бери кўплаб аёллар ва қизлар кийиниш қоидаларига очиқчасига бўйсунмай, жамоат жойларида сочини ёпмай қўйган. Ҳукумат бунга вақти-вақти билан ҳибсга олишлар, огоҳлантиришлар, тадбиркорлик объектларини ёпиш ва бошқа чоралар билан жавоб бериб келмоқда.
Шу ой бошида ҳижоб қоидалари ижроси ҳақида гапирган консерватив сиёсатчи, Мақсадга мувофиқлик кенгаши аъзоси Ғуломали Ҳаддод-Одил Эроннинг АҚШ ва Исроил билан уруши туфайли ҳукумат "ҳозирча бу масала билан кераклича шуғуллана олмаётганини" айтди. У олий раҳбар Мужтабо Хоманаийнинг қайнотаси ҳамдир.
Уруш февраль ойи охирида бошланган. Бундан бир неча ҳафта олдин Эрон хавфсизлик кучлари мамлакатдаги иқтисодий инқироз туфайли бошланган яна бир оммавий норозилик тўлқинини куч билан бостирган эди.

































