"Байрам эмас, сиёсий акция". Марказий Осиёда 9 май баҳслари

olmas polk

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Марказий Осиёда 9 май санаси билан боғлиқ тадбирлар турли баҳс ва зиддиятларга сабаб бўлмоқда. Айрим фаоллар буни Россиянинг сиёсий тарғиботи билан боғлашади.

"Бу сананинг салмоғи камаймоқда"

Тошкентда "Ўлмас полк" юриши иштирокчилари ва Ўзбекистон байроғини кўтарган фаоллар ўртасида тортишув ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўляпти. Маълумотларга кўра, Биродарлик қабристонида СССР ва Ўзбекистон ССР байроқлари ҳамда Георгий лентаси билан чиққан фуқароларга, Ўзбекистон байроғини кўтарган бошқа шахслар қўшилган ва жанжал бошланган. Тарқалган видеоларда акция иштирокчилари уларни провокацияда айблагани кўринади.

Евросиё таҳлил гуруҳи раҳбари, блогер Никита Мендкович Телеграмда Георгий лентасини кўтарган фаолларни милиция ходимлари Биродарлик қабристонидаги хотира маросимига киритилмагани ҳақида видео тарқатди.

Ўзбекистон ҳукумати "Ўлмас полк" ёки 9 май билан боғлиқ акцияларга рухсат бериши ёки тақиқлаши ҳақида расмий баёнот чиқармаган. Видеоларнинг қачон ва қаерда суратга олингани ҳақида ҳам расмий органлар изоҳ бермади.

Документалист Умида Аҳмедова бу сана уруш қурбонларини хотирлашдан кўра сиёсий зиддиятлар манбаи бўлиб қолганини таъкидлади.

"Шу каби воқеалар ўтган йили ҳам бўлганини эшитгандим. Балки ҳозир муҳокама бўлаётган видео ҳам эскидир. Лекин муҳими унинг эски ёки янгилиги эмас. "Ўлмас полк"нинг қачонлардир маъноси бор эди. Сиёсий ўйинлар бўлмаган, фақат уруш қурбонларини хотирлаш ёки уруш иштирокчиларига ҳурмат кўрсатиш маросими сифатида ташкил қилинган пайтлари салмоғи бор эди. Аммо уни Москва гўёки хусусийлаштириб олди ва сиёсий ўйин сифатида қўлланила бошлади, натижада ушбу сананинг салмоғи камайиб бормоқда"- дейди Аҳмедова.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида белгиланиб, "Ғалаба куни" атамаси расмий йилномадан чиқарилган. Кузатувчилар сўнгги йилларда Георгий лентаси ва уруш кийимлари тарғиб қилинган тадбирлар кўпайганини айтишади.

Уруш рамзининг саҳнадаги тарғиботи

Taqdim
Ilgari bu sananing bayram sifatida mazmuni bor edi, endi u Rossiya hukumatining targ‘ibot siyosatiga aylandi. Hozir u har yili o‘tkaziladigan siyosiy aksiya ko‘rinishiga kirdi.
Ilim Qaripbekov
Qirg‘iziston Milliy teleradiokorporatsiyasining sobiq rahbari (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Қирғизистонда фаоллар президент Садир Жапаровнинг Москвадаги Ғалаба байрамига бағишланган тадбирларга бормаганини қўллаб-қувватлаётган айни дамда Бишкек ва бошқа шаҳарларда "Ўлмас полк" акцияси ҳамда рус артистлари иштирокида урушни улуғлаган белгилар билан концерт ташкил этилди.

Қорақўл шаҳридаги концертда Россиянинг "Любэ", "Блестящие" гуруҳлари ва қўшиқчи Николай Басков иштирок этди. Саҳнада Украинадаги урушда қўлланилаётган Z белгиси, Георгий лентаси ва ҳарбий техника кўрсатилди.

Қирғизистоннинг Миллий телерадиокорпорациясининг собиқ раҳбари Илим Қарипбеков бу ҳолатни қоралади:

"Урушни улуғловчи рамзларни Россиянинг "юмшоқ экспансияси" сифатида баҳоласак бўлади. 9 майни аввал аждодларимиз Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани ёдга олиш куни сифатида нишонлашган. Бироқ улар урушга ўз ихтиёри билан эмас, балки ўша даврдаги режимнинг мажбурлови билан борганини ҳам унутмаслик керак. Илгари бу сананинг байрам сифатида мазмуни бор эди, ҳозир эса у Россия ҳукуматининг тарғибот сиёсатига айланди. Бу сана ҳозир байрам эмас, ҳар йили ўтказиладиган сиёсий акция кўринишига кирди".

Қирғизистон ҳукумати Украинадаги уруш бўйича бетараф позицияда эканини таъкидлаб келмоқда. 2022 йилда мамлакатда Z рамзини тарғиб қилиш тақиқланган. Аммо Қорақўлдаги концертда унинг намойиш этилганига расмий муносабат билдирилмади. Шаҳар ҳокими эса тадбир "Евразия" жамғармаси томонидан ташкил этилганини ва президент Жапаров қўллаб-қувватлаганини айтди. Бу жамғарма охирги пайтлари турли баҳслар фигурантига айланган россиялик олигар Илон Шорга таалуқли экани маълум.

Россия ҳукуматининг сиёсатини қўлловчилар "Ўлмас полк" атрофидаги муҳокамаларда фаол иштирок этишмоқда. Блогер Никита Мендкович Марказий Осиёда ушбу акция билан боғлиқ ҳолатни танқид қилаётганларни гўёки носоғлом фикрлайдиган шахслар дея баҳолади.

"Соғлом фикрлайдиган одамлар йўқолиб кетгани йўқ ва биз кўпчиликмиз. Агар қўрқмасак, сукунат сақламасак ва ўз кучимизга ишонсак, янги авлодлар ҳақиқий тарихни унутмайди. Улар ҳам биз каби Ғалаба байроғи билан "Ўлмас полк" сафига чиқишади. Миллатчилар ва босмачилар тарафдорларидан эса асар ҳам қолмайди. Биз ғолибларнинг авлодимиз, шунинг учун албатта барчасини енгиб ўтамиз" - деб ёзди у каналига.

Георгий лентасининг аҳамияти

Parad

Сурат манбаси, Rasmiy

Қора ва норинж ранглардан иборат Георгий лентаси Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг рамзи сифатида талқин қилинса-да, айрим давлатларда у рус империяси давридаги босқинчили ва ҳозирги Россиянинг геосиёсий сиёсати билан боғланади. Украина шарқидаги кремлпараст гуруҳлар ҳам уни ўз рамзига айлантирган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Шу сабабдан Украина ва Молдова каби мамлакатларда у қонунан тақиқланган, Балтика давлатларида эса чекловлар қўйилган. Ўзбекистон ва Қозоғистонда 9 майда унинг ўрнига давлат байроқлари акс этган Ғалаба тасмаси жорий этилган. Қирғизистонда эса 2015 йилда ҳукумат комиссияси қарори билан қизил-сариқ рангли "Ғалаба лентаси" қабул қилинган. Бироқ Георгий лентасига тўлиқ тақиқ қўйилмаган.

Очиқ манбаларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида Марказий Осиёдан тахминан 3,5 миллион киши сафарбар этилган. Минтақа аҳолиси тил ортида озиқ-овқат ва хомашё етказиб бериш орқали уруш иқтисодиётига ҳисса қўшган. Кейинги йилларда сиёсий баҳслар марказига айланган 9 май санаси аввал уруш қурбонларини хотирлаш ва Ғалаба куни сифатида нишонланган.