Пекинда ҳал қилувчи учрашув: Трамп Хитой билан муросага кела оладими?

Трамп ва Си ўтган йили Жанубий Кореяда учрашганди

Сурат манбаси, VGC via Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамп ва Си ўтган йили Жанубий Кореяда учрашганди
    • Author, Осмонд Чиа
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Пекин АҚШ президенти Доналд Трамп шу ҳафта Си Цзинпин билан учрашиш учун Хитойга ташриф буюришини тасдиқлади.

13–15 май кунлари бўлиб ўтадиган ташриф АҚШ президентининг қарийб ўн йил ичидаги Хитойга биринчи сафари бўлади ва у дунёнинг икки йирик иқтисодиёти ўртасидаги муносабатлар учун ҳал қилувчи паллада амалга ошмоқда.

Boeing, Citigroup ва Qualcomm каби Американинг энг йирик компаниялари раҳбарлари ҳам Трамп билан бирга бориши кутилмоқда. Улар хитойлик компаниялар билан битимлар тузиши мумкин. Бу ташриф Вашингтон ва Пекин ўртасидаги мўрт савдо сулҳи учун ҳам муҳим синов бўлади.

2025 йил апрелида Трамп дунё бўйлаб мамлакатларга — дўст ёки рақиб эканидан қатъи назар — кенг қамровли импорт божларини жорий этган эди.

Бу сиёсатнинг асосий натижаларидан бири АҚШ ва Хитой ўртасидаги ўзаро бож уруши бўлди. Икки томон бир-бирига 100 фоиздан ортиқ тарифлар жорий қилди. Бож киритишлар Трамп ва Сининг октябр ойида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган сўнгги юзма-юз учрашувидан кейин тўхтатилди. Аммо ҳар икки томондан таҳдидлар давом этди.

Шунчалик кўп нарса хавф остида турган бир пайтда, бу нуқтага қандай келинганини кўриб чиқамиз.

Савдо уруши қандай бошланган эди?

Reuters
Xitoyning ishlab chiqarishga katta sarmoya kiritishi sabab kompaniyalar ichki talab zaif bo‘lib qolayotgan bir paytda mahsulotlarni xorijga sotishga majbur.
Tan Xeyvay
Hong Kong University iqtisodchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Трамп 2016 йилги сайловда АҚШ учун савдони "адолатлироқ" қилиш ва ишлаб чиқариш иш ўринларини мамлакатга қайтариш ваъдаси билан ғалаба қозонган эди.

2018 йилда у Хитойдан келадиган 250 миллиард долларлик импортга бож жорий қилди. Кўплаб таҳлилчилар айнан шу пайтни савдо уруши бошланган вақт деб ҳисоблайди.

Ўша йилнинг ўзида Трамп Мексика, Канада ва Европа каби бошқа савдо ҳамкорларига ҳам божлар жорий қилди. Унинг айтишича, улар ҳам АҚШдан "фойдаланиб келаётган" эди.

Georgetown University тадқиқотчиси Нинг Ленгнинг айтишича, бу кенг қамровли чоралар, айниқса Хитой учун катта шок бўлган.

"Бу улар Трамп билан илк марта жиддий тўқнаш келган пайт эди ва эҳтимол унинг бундай қилишини кутмаган бўлиши мумкин", — дейди Ленг.

Ўша пайтда Хитой Америка билан савдога анча кўпроқ боғлиқ эди.

АҚШ Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий импортчиларидан бири бўлган ва Трамп тарифлари сабаб америкалик харидорлар орқага чекинса, бу хитойлик ишчилар учун хавф туғдирар эди.

Таранглик Хитой иқтисодиётини йиллардан бери оғирлаштириб келаётган муаммоларга — ички истеъмол сустлиги, юқори ишсизлик ва узоқ давом этган кўчмас мулк инқирозига — қўшимча бўлди.

АҚШга экспорт хитойлик ишчилар учун муҳим таянч эди, аммо Трамп билан бу хавф остига тушди.

"Савдо профицитига эга мамлакат учун бошқа давлат билан савдо урушига бардош бериш қийинроқ", — дейди Ленг.

2021 йилда Жо Байден Трамп ўрнига келганидан кейин ҳам Пекинга босимни сақлаб қолди.

Ленгнинг айтишича, унинг маъмурияти Трампнинг Хитойга қарши тарифларини бекор қилмади, чунки АҚШ технология каби соҳаларда рақибининг ўсишини чеклаш керак, деган қарашни қўллаб-қувватлади.

Байден Хитой компанияларига, жумладан Huawei технология гигантига нисбатан чекловлар ҳам жорий қилди. Миллий хавфсизлик хавотирлари туфайли Huawei деярли АҚШ бозоридан сиқиб чиқарилди. TikTok ҳам текширув остига олинди ва унинг АҚШдаги бўлими охир-оқибат хитойлик бош компаниясидан ажратилди.

"Байден Трампдан ҳам кўпроқ протекционист бўлган"

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images

Сурат тагсўзи, "Байден Трампдан ҳам кўпроқ протекционист бўлган"

Хитойнинг электр автомобиллари ҳам Байден жорий этган юқори тарифлар сабаб амалда АҚШ бозоридан четлатилди.

Hong Kong University иқтисодчиси Тан Хэйвай шундай деди:

"Кўпинча Трампни Хитойга нисбатан қаттиққўл деб ўйлаймиз, аммо Байден Трампдан ҳам кўпроқ протекционист бўлган, деган фикр ҳам бор."

Трамп 2.0

Трамп 2025 йилда ҳокимиятга қайтгач, тариф сиёсатига янада қаттиқроқ ёндашди.

У Хитойга 20 фоизлик тариф жорий қилиб, уни фентанил наркотигининг АҚШга кириб келишига йўл қўяётганликда айблади. Трампнинг "Озодлик куни" деб аталган ташаббуси доирасида у хитой маҳсулотларига яна 34 фоизлик бож қўйди. Натижада Хитойга нисбатан умумий тарифлар дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига айланди.

Бу тарифлар хитойлик бизнесларга қаттиқ таъсир қилди, маҳсулотлар омборларда тўпланиб қолди, АҚШ компаниялари эса муқобил таъминотчилар қидиришга тушди.

Пекин тез орада жавоб чораларини кўрди. Улар орасида АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тарифлар ҳам бор эди. Бу Трампнинг муҳим сайловчилар қатлами бўлган фермерларга зарба берди.

Бироқ Трамп Хитойнинг дунёдаги ноёб металлар таъминотида деярли монопол мавқега эга эканини етарлича ҳисобга олмаган кўринади. Бу металлар смартфонлардан тортиб қирувчи самолётларгача бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Трамп тарифлар орқали мамлакатларни АҚШ учун фойдали битимларга мажбурлашга уринган. Аммо у Хитой хомашёсига боғлиқ муҳим бизнесларни хавф остига қўя олмас эди. Энди музокара қилиш вақти келган эди.

Октябр ойидаги Трамп–Си учрашуви Пекин экспорт чекловларини тўхтатиши билан якунланди. Бу Трамп учун ғалаба сифатида баҳоланди. У, шунингдек, Хитой АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини зудлик билан сотиб олишни бошлаганини айтди.

Си ва Трамп 2025 йилб 30 октябрда Жанубий Кореянинг Кимхе ҳаво базасида учрашганди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Си ва Трамп 2025 йилб 30 октябрда Жанубий Кореянинг Кимхе ҳаво базасида учрашганди

Бунинг эвазига Вашингтон синтетик опиоид фентанил ишлаб чиқаришда қўлланадиган моддалар оқими сабаб Хитойга қарши жорий қилинган айрим тарифларни бекор қилди.

Ўзаро тарифларни ошириш режаси ҳам тўхтатилди. Учрашувдан кейинги ҳафталарда Хитойга илғор яримўтказгичлар сотувига қўйилган чекловлар юмшатилди, гарчи бу энг замонавий чипларга тааллуқли бўлмаса ҳам.

Бу сафар кун тартибида нима бор?

Ўтган йили тарифлар бўйича сулҳга эришилган бўлса-да, баҳсга доимий ечим топилмади.

Тан Хэйвайнинг айтишича, Хитойнинг ишлаб чиқаришга катта сармоя киритиши сабаб компаниялар ички талаб заиф бўлиб қолаётган бир пайтда маҳсулотларни хорижга сотишга мажбур.

"Уларга АҚШ керак бўлади. Истеъмол бозори сифатида улар каби катта бошқа давлат йўқ", — деди у.

Шунга қарамай, Пекин бу учрашувга кучли позицияда кириб келмоқда.

Хитой экспорти рекорд даражага етди. Бу АҚШ билан муносабатлар совиган бир пайтда янги савдо ҳамкорлари топилгани натижаси бўлди.

Пекин, шунингдек, робототехникага катта сармоя киритишда давом этди, ўзининг илғор чипларини ишлаб чиқариш ва Nvidia каби Ғарб компанияларига қарамликни камайтиришга уринмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ўз навбатида, Трамп маъмурияти Пекинни соя ва самолёт эҳтиёт қисмлари каби АҚШнинг муҳим тармоқларидан кўпроқ маҳсулот сотиб олишга ундаши мумкин.

Бироқ ташриф Трампнинг савдо сиёсати қийинчиликка учраган бир пайтга тўғри келмоқда. АҚШ Олий суди унинг "Озодлик куни" тарифларини бекор қилди.

Трамп вақтинчалик чора сифатида барча мамлакатларга 10 фоизлик бож жорий қилиш учун бошқа қонунга мурожаат қилди ва айни пайтда Хитой ҳамда бошқа давлатларга нисбатан ноҳалол савдо амалиётлари бўйича текшириш бошлади.

Ўтган ҳафта АҚШ савдо суди энг сўнгги глобал тарифлар асосли эмас, деган қарор чиқарди. Бу келажакда янги суд баҳсларига олиб келиши мумкин.

Эрон-чи?

Эрон уруши Трамп–Си учрашувида муҳим мавзулардан бири бўлишига шубҳа йўқ.

Катта нефт захиралари ва диверсификация қилинган энергия манбалари туфайли Хитой ҳозирча уруш оқибатларини қўшни давлатларга қараганда енгилроқ ўтказаётгандек кўринмоқда.

Хитой йирик нефт ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади, импорт қилинадиган нефтнинг катта қисми эса Россиядан келади. Бу омиллар Пекин Эрон нефтининг энг йирик харидори бўлишига қарамай, уруш таъсирини юмшатишга ёрдам берди.

Шу билан бирга, сиёсий таҳлилчи Лайл Морриснинг айтишича, уруш чўзилиши Хитой иқтисодиётини синовдан ўтказаётганига доир белгилари бор. Юқори мартабали амалдорлар Хитойнинг энергия хавфсизлиги ва таъминот занжирларини ҳимоя қилиш учун кучли чоралар кўришга ваъда бермоқда.

Шу сабабли Пекин ҳам, Вашингтон ҳам можарони тугатишдан манфаатдор бўлиши мумкин. Аммо уларнинг Эронга нисбатан қарашлари ўртасида катта фарқлар бор ва дунё улар бу фарқларни қандай — ёки умуман — енгиб ўта олишини кузатади.