Қирғизистонда Ташиевга давлат тўнтариши уюштириш айблови қўйилди

Сурат манбаси, KYRGYZSTAN STATE COMMITTEE FOR NATIONAL SECURITY
- Author, Айсымбат Токоева
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевга Жиноят кодексининг икки моддаси билан айблов қўйилди. У президент Садир Жапаровнинг дўсти ва энг яқин ҳамкори эди, аммо охирги уч ойда лавозимидан четлатилиб, жиноят иши фигурантига айланди.
Ташиевга ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш айблови қўйилгани ҳақида унинг адвокати Икрамидин Айткулов Би-би-сига маълум қилди.
Сиёсатчи ҳозирча мамлакатдан чиқмаслик ҳақида тилхат билан юрибди. Ишни Ички ишлар вазирлиги тергов қилмоқда.
29 апрел куни Ташиев икки марта терговга чақирилган. Иккинчи сўроқдан кейин, кечаси, унга расман айблов қўйилгани маълум бўлди.
Ташиев ўзини айбсиз деб ҳисоблайди ва суд адолатли қарор чиқаради, деб ишонмоқда. У тарафдорларини қонун доирасида ҳаракат қилишга чақирди.
"Менда бу жиноят ишида ўзимни тўлиқ ҳимоя қилиш имконияти бор. Мен айбсизман ва, худо хоҳласа, оқланаман. Айбдор жазоланади, айбсиз эса оқланади, чунки давлатимиз раҳбари мамлакатимизда адолатли суд тизимини яратиш учун ҳаракат қилди", - деб ёзди сиёсатчи ўзининг Facebook саҳифасида.
57 ёшли Қамчибек Ташиев Жапаровнинг ўн йилдан ортиқ яқин ҳамкори бўлган. 2020 йил октябрда Жапаров ҳокимиятга келгач, Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси ва бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган.
Аввалги президентлар даврида Ташиев ва Жапаров мухолифатда бўлишган. 2010-йилларда ҳар икки сиёсатчи давлат ҳокимиятини эгаллашга уриниш иши бўйича терговга жалб қилинган ва суд жараёнлари давомида қамоқда бўлишган.
25 апрел куни депутат Элвира Сурабалдиева журналистларга Ташиевнинг ишдан олиниши давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқлигини айтган.
"Президент - саховатли инсон. [...] Президент ҳозир жуда қийин аҳволда, чунки унинг кўп йиллик ва яқин дўсти уни лавозимидан четлатишга уриниб кўрди. Балки айнан шу ҳолат Ташиевнинг ишдан бўшашининг асосий сабаби бўлган", - деган депутат.
Унинг сўзлари жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим қирғизистонликлар президентга яқинлик жиноят ишидан қутулиб қолиш имкониятини бериши мумкинлигига ғазабланишди. Чунки, айни дамда оммавий тартибсизликларни ташкил этганликда айбланиб, ўнлаб фуқаролар - фаоллар, журналистлар ва ҳукумат танқидчилари қамоқда ўтирибди.
Давлат тўнтаришига уриниш бўлганми?
Қирғизистон Олий суди Конституция палатаси тушунтиришича, кейинги президентлик сайлови 2027 йил январда ўтказилиши керак. Шу вақтда Жапаровнинг биринчи муддати тугайди, янгиланган Конституция унга яна бир марта номзодини қўйиш имконини беради.
Халқаро Республика институти (IRI) ўтказган сўровларга кўра, охирги йилларда Ташиевнинг рейтинги 14%дан 22%гача ўсган, президент Жапаровга ишонч даражаси эса 35–38% атрофида сақланиб қолган.
Расман мамлакатда президентлик пойгаси ҳали бошланмаган, аммо бир гуруҳ сиёсатчилар муддатидан олдин сайлов ўтказиш ташаббуси билан чиқишган.
9 феврал куни, Ташиев ишдан бўшатилишидан бир кун олдин, Жапаров ва парламентнинг ўша пайтдаги спикери Нурланбек Тургунбек ўғлига "тез орада янги президент сайловини ўтказишни бошлаш" ҳақида мурожаат келиб тушган. У қоғозни имзолаган 75 киши орасида собиқ бош вазирлар, экс-депутатлар ва жамоат арбоблари бор эди.
Шундан кейин Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги оммавий тартибсизликларни ташкил этиш бўйича жиноят ишини очган. Мурожаатни имзолаган бир нечта киши ҳибсга олинди. Кейинчалик уларнинг айримларига давлат ҳокимиятини зўрлик билан эгаллашга уриниш айблови ҳам қўйилди.
Ташиевнинг адвокати Икрамидин Айткуловнинг айтишича, мижозига ушбу мурожаат муаллифлари билан алоқаси бор, деган айблов қўйилган. Шу иш доирасида собиқ хавфсизлик раҳбари фигурант сифатида терговга жалб қилинган.
Президент Жапаров эса ўз навбатида, Ташиевнинг атрофидаги оқсоқоллар уни ва бошқа юқори лавозимдаги амалдорларни адаштирганини, уларни "генерал томонига ўтишга" чақирганини айтдган (Ташиев 2024 йилда Жапаров фармони билан генерал-полковник унвонини олган).
"Агар мен уни ишдан бўшатмаганимда, [...] бу чақириқлар давлат тузилмалари ва жамиятда бўлинишга, ҳатто можароларга олиб келарди. Шунинг учун мен дўстимни ишдан бўшатишга мажбур бўлдим. Давлатдаги барқарорлик мен учун ҳамма нарсадан устун", - дея тушиндирган президент.

Сурат манбаси, KYRGYZSTAN STATE COMMITTEE FOR NATIONAL SECURITY
Ташиев оиласига қарши жиноят иши
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимида турган пайтда Қамчибек Ташиев халқ орасида коррупцияга қарши курашчи сифатида танилган. Унинг бошқаруви даврида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўнлаб коррупция ишларини очди ва юқори лавозимдаги амалдорларни жиноий жавобгарликка тортди.
Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатда "қустуризация" кампаниясини ўтказди, яъни коррупция ёки солиқ тўламаслик ишлари бўйича давлатга пулларни қайтариш жараёни. Ташиевнинг айтишича, беш йил давомида бу кампания орқали давлат бюджети 300 миллиард сом (34 миллион доллар)га тўлдирилган.
Бироқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлигидан четлатилгандан кейин Ташиевнинг оиласи ўзи коррупция можароси марказига айланди. Солиқ хизмати унинг қариндошларини "Қирғизнефтегаз" давлат компанияси орқали ёқилғи сотишда давлат маблағларини талон-торож қилишда айблади.
Март ойи ўртасида сиёсатчининг жияни Байғози Матисаков коррупция иши бўйича ҳибсга олинди. У бошқарган компания тергов версиясига кўра, "Қирғизнефтегаз"дан ёқилғини қиммат нархда қайта сотган.
Давлатга етказилган зарар 4,1 миллиард сомдан (46 миллион доллар) ортиқ деб баҳоланди. Матисаков "Қирғизнефтегаз"нинг собиқ топ-менежерлари ва бошқа компания раҳбарлари билан бирга ҳибсга олинди.
Бир неча ҳафтадан кейин, 1 апрел куни, Ташиевнинг укаси, парламентнинг экс-депутати Шаирбек Ташиев ҳам ушбу иш бўйича айбланди. У 16 майгача қамоқда қолдирилди. Қамалган сиёсатчи, Ташиевнинг бошқа қариндошлари каби, қўйилган айбловларга рози эмаслигини билдирган.






























