Ташқи қарз ортмоқда: Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари кимлар?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда ташқи қарз миқдори рекорд даражага етгани ҳақида маълумотлар берилаётган бир пайтда, айрим таҳлилчилар унинг жон бошига тақсими 2 100 доллардан ошганини ҳисобламоқда.
Марказий банк 29 апрелда чоп этган ҳисоботга кўра, мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 82,2 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 18 миллиардга кўп бўлиб, маҳаллий матбуот уни максимал ўсиш сифатида баҳолади.
Сумманинг 40,5 миллиард доллари давлат қарзи бўлса, 41,7 миллиарди корпоратив қарздир.
Ҳукумат ташқи қарзни иқтисодий ривожланишга имконият деб баҳолайди, таҳлилчилар эса маблағнинг сарланишида шаффофлик йўқлигинга ҳавотир билдиришади.
"Асосан давлат компаниялари ва банкларнинг қарзларидан иборат корпоратив ташқи қарз 11,5 млрд.долларга кўпайиб, 41,7 млрд.долларга етган . Тасаввур қилиш учун: Корпоратив ташқи қарзнинг ўсиши 2024 йилда ялпи қарзнинг жами ўсишини (+10,8 млрд.доллар) ҳам ортда қолдирган. Корпоратив ташқи қарзнинг қанча қисми росмана хусусий секторга тааллуқли экани бўйича очиқ маълумотлар йўқ. Давлат ташқи қарзнинг ўсиши ҳам 6,6 млрд.долларгача тезлашган ва 2026 йил 1 январь ҳолатига 40,5 млрд.долларга етган. Жон бошига ташқи қарз 2026 йил 1 январь ҳолатига 2 150 долларга етган, 2025 йил бошида 1 705 доллар эди" – деб ёзди иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Telegram каналида.
Ташқи қарз давлат қарзи ва корпоратив қарзга бўлинади. Давлат қарзи - хорижий ҳукуматлардан, халқаро молия институтларидан ва давлат кафолати билан олинган кредитлардан иборат. Бу қарзларни қайтариш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади.
Tashqi qarzning 80-90 foizi xususiy sektorda bo‘ladi, 15-20 foizi budjetda bo‘ladi. Lekin O‘zbekistondagi xususiy sektorning hammasining aksionerlari – davlat.
Корпоратив қарз эса давлатга қарашли ёки хусусий компаниялар томонидан олинади. Масалан, "Ўзбекистон ҳаво йўллари", "Ўзбекистон темир йўллари", "Ўзбекнефтгаз" каби йирик давлат компаниялари шулар жумласидандир. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, улар қарзни мустақил равишда олади ва уни ўз даромадлари ҳисобидан қайтариши керак.
Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев Би-би-cига бу борада шундай фикр билдирди:
"Ташқи қарзнинг 80-90 фоизи хусусий секторда бўлади, 15-20 фоизи бюджетда бўлади. Лекин Ўзбекистондаги хусусий секторнинг ҳаммасининг акционерлари – давлат. Шунинг учун қарзнинг ҳаммаси давлатнинг қарзи деб ҳисобланади ва кафолат ҳам давлат зиммасида".
Kun.uz нашри умумий ҳозирда ташқи қарзининг ялпи ички маҳсулотга 55 фоиз атрофида деб ҳисоблаган. Марказий банк баёнотида қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши барқарор даражада сақланаётгани таъкидланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, қарзнинг 56 фоизи халқаро молия институтларидан, 29 фоизи хорижий ҳукуматлардан, 15 фоизи эса инвесторлардан жалб қилинган.
Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки мамлакатнинг энг йирик кредиторлари бўлиб, улар умумий қарзнинг қарийб ярмини ташкил этади. Хитой тараққиёт банки ва Хитой эксимбанки эса хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари орасида етакчи ҳисобланади. Шу билан бирга, халқаро инвесторлардан ҳам 4,1 миллиард доллар жалб қилинган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Вазирлик маълумотларида қарзнинг 45 фоизи давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани, қолган қисми эса ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма ва ижтимоий соҳаларга сарфланиши қайд этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 18 февралида ташқи қарзсиз ойлик ҳам бўлмаслигини, ўқитувчиларнинг маоши ошмаслигини таъкидлаган. Давлат каналлари унинг сўзларини ташқи қарзнинг зарурлигини кўрсатишга қаратилган деб баҳолаган. Аммо бу ҳолат айрим таҳлилчилар орасида муҳокамаларга сабаб бўлиб, давлат ходимларининг маошлари ташқи қарз ҳисобидан қопланаётгани ҳақида саволлар қўйилган.
Марказий Осиёда ҳалқининг сони энг кўп (38 миллиондан ошиқ) Ўзбекистон ташқи қарз миқдори бўйича минтақада иккинчи ўринни эгаллайди. Қозоғистонники 181 миллиард доллардан ошган, Қирғизистонники 5,3 миллиард доллар, Тожикистонники эса 3,5 миллиард доллар атрофида. Туркманистон қарзлари ҳақида очиқ маълумотлар деярли йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати биринчи президент Ислом Каримов вафотидан кейин ташқи қарз ҳақида маълумотларни очиқ эълон қила бошлаган.
Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакат ташқи қарзининг 92 фоизи узоқ муддатли шартлар билан жалб қилинган.





























