Путин: Россия Калининградни ҳимоя қилиш учун қўлидаги барча қуролларни ишга солишга тайёр

Валдай ташқи сиёсат форумида аудитория олдида сўзлаётган Владимир Путиннинг яқиндан олинган сурати. Унинг сочлари калта ва оқарган, эгнида қора костюм, оқ кўйлак ва қизил галстук.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Владимир Путин Калининградга тўғридан-тўғри ҳужум қилинса, Россия уни ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёридаги барча қуролларни ишга солишга тайёрлигини айтди.

Путин Москва ҳеч кимга таҳдид қилмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу баёнот Ғарбда Россия 2029 ёки 2030 йилда уруш бошлаши мумкинлиги ҳақида янграётган огоҳлантиришларга жавобдир.

Шу ҳафта давомида Россия НАТОни Литва ва Полша билан чегарадош Калининград ҳудудини қамал қилишга тайёргарлик кўраётганликда айблади. Москва, агар Ғарб Калининградни Россиянинг қолган ҳудудидан узиб қўйишга уринса, ҳатто ядро қуролини қўллашга ҳам тайёр бўлишини билдирди.

НАТО эса вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб, алянс мудофаа мақсадида тузилганини таъкидлади ва Москвани "ядровий таҳдидлар"ни тўхтатишга чақирди.

Сўнгги ойларда Ғарб иттифоқчилари, айниқса Полша ва Болтиқбўйи мамлакатларида Россияга боғланаётган "гибрид уруш" ҳодисалари кескин кўпайганини билдирмоқда.

Ўтган ҳафтанинг ўзида Полша Россия вертолёти Калининград билан чегарадош ҳудудда мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келганини маълум қилди. Литва эса қисман мамлакат ҳаво ҳудудига дронлар кириб келаётгани сабаб аҳолиси Россия томонидан ўзини "доимий таҳдид остида" ҳис қилаётганини айтди.

Германия канцлери Фридрих Мерц пайшанба куни мамлакати бундан кейинги, жумладан "жиддий" гибрид ҳужумларга тайёргарлик кўраётганини билдирди. Август ойида Лейпциг аэропорти учиш-қўниш йўлагида, Украина юк самолётлари яқинида портловчи модда билан қуролланган дрон топилганди.

Путин Валдай ташқи сиёсат форумидаги кенг қамровли нутқида халқаро можаролар давом этиши эҳтимоли юқорилигини, аммо "Ғарб гегемонлиги" заифлашгани сари вазият яхшиланишини айтди.

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Россия раҳбари 2022 йил февралида Украинага қарши кенг кўламли урушни бошлаган бўлса-да, у яна Ғарбни босқинга туртки берганликда айблади. Путиннинг айтишича, Москва ўзини ҳимоя қилиш ва қурол кўтаришга мажбур бўлган.

У Россиянинг Украинадаги иқтисодий объектларга ҳужумлари Украина томонидан Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва Қора денгиздаги кемаларга уюштирилган зарбаларга бевосита жавоб эканини ҳам таъкидлади.

"Ҳозир эса ҳар томондан "келинг, тўхтайлик" деган чақириқларни эшитяпмиз. Аммо буни улар бошлади", деди Путин.

Путин Украинанинг нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари "маълум натижа бергани"ни тан олди ва Россия ялпи ички маҳсулотининг қарийб бир фоизини йўқотганини айтди.

Украина эса Россиянинг нефт инфратузилмасига зарбаларини Кремл бу соҳадан тушадиган даромадни урушни молиялаштиришга сарфлаётгани билан изоҳлайди.

2022 йилда Украинадаги уруш бошланганидан бери Россия ҳар қишда мамлакат энергетика инфратузилмасига ҳужумларни кучайтириб келмоқда. Бошқа фуқаролик инфратузилмаси ҳам мунтазам равишда зарбаларга учрайди. Пайшанба куни Киевдаги муҳим кўприклардан бирига дронлар билан ҳужум қилинди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Путин, шунингдек, Ғарбни бошқа можароларни қўзғатишда айблади.

"Агар Россияга, жумладан Калининград ёки бошқа ҳудудларга бевосита ҳужум қилинса, биз мамлакат ихтиёридаги барча қуролларни ишга солиш масаласини дарҳол кўриб чиқамиз", деди Путин.

Путин НАТОнинг Болтиқ денгизида ўтказаётган ҳарбий-денгиз машқларини Калининград учун жиддий таҳдид деб атади.

Унинг айтишича, агар Ғарб Калининградни қамал қилишга уринса, Россия барча имкониятларини, жумладан ядро қуролини ҳам ишга солишга тайёр.

"Биз ҳеч кимга таҳдид қилмаяпмиз. 2029 йилда ҳам, 2030 йилда ҳам, 2050 йилда ҳам ҳеч кимга ҳужум қилиш ниятимиз йўқ. Аммо бизга тажовуз қилинса, жавоб қайтаришга мажбур бўламиз. Европа мамлакатлари фуқаролари буни яхши тушуниб олишлари керак", деди Путин.

У Буюк Британия ва Франциянинг ядровий имкониятларидан хабардор эканини ҳам айтди. Бироқ Путиннинг даъво қилишича, Россия ихтиёридаги айрим қуролларнинг дунёда тенги йўқ.

Ғарб расмийларини эса бошқа эҳтимол кўпроқ хавотирга солиб келади. Улар Россия Калининградга ҳужум қилишидан эмас, балки Калининград билан Россиянинг иттифоқчиси Беларус ўртасида жойлашган Сувалки йўлаги орқали Литва ҳудудини эгаллашга уринишидан хавотирда.

Сувалки йўлаги Полша ва Литва чегараси бўйлаб жойлашган тор ҳудуд бўлиб, Калининградни Беларусьдан ажратиб туради.

Литва бош вазири ўтган ҳафта BBCга Россия ҳужум қилиши эҳтимоли ҳисобга олиниб, мамлакатда аҳолини эвакуация қилиш режалари ишлаб чиқилганини айтди. Литвада НАТОнинг минглаб ҳарбийлари ҳам жойлаштирилган.

НАТО бош котиби Марк Рютте эса чоршанба куни алянснинг машғулотлари ёки бошқа фаолияти Россияга ҳеч қандай таҳдид солмаслигини таъкидлади. У Кремлнинг бу борадаги баёнотларини "мутлақо ўринсиз ва фойдасиз" деб атади.

Путин нутқида ядро қуролидан фойдаланиш хавфи ҳақида ҳам гапирди.

Унинг айтишича, дунёнинг етакчи давлатлари бутун инсониятни йўқ қилиб юбориш ёки Ер юзини ҳалокатли оқибатларга олиб келиш қудратига эга қуролларга эга. Путин бундай қуроллар ҳеч қачон ишлатилмайди, деб кафолат беришнинг иложи йўқлигини айтди.

У бу хавфни театр саҳнасида осиғлиқ турган милтиққа қиёслади: агар спектакл бошида саҳнада милтиқ турган бўлса, охирига бориб у отилиши мумкин.

Путин, шунингдек, замонавий технологиялар урушнинг табиатини ўзгартираётгани ҳақида гапириб, сунъий интеллект билан боғлиқ хавфлардан огоҳлантирди.

"Урушнинг автоматлаштирилиши ва рақамлаштирилиши уни ўйинга айлантириб қўймоқда. Бу эса инсониятнинг таназзулга юз тутиши ва ваҳшийликка қайтишига олиб келади", деди Путин.