Президент Мирзиёев оиласи ички келишмовчиликлар ҳақидаги миш-мишлар фонида бирдамликни намойиш этмоқдами?

Шаҳноза Мирзиёева Instagram’да эълон қилган Сеул суратларида унинг ота-онаси, Отабек Умаров ва Ойбек Турсунов ҳам бор. Улар Жанубий Корея президенти Ли Жэ Мён ва унинг рафиқаси ёнида турибди.
Сурат тагсўзи, Оилалар...
    • Author, BBC Monitoring
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари сўнгги ҳафталарда бир неча бор омма олдида бирга кўриниш берди.

Мирзиёевлар Ўзбекистонда доим оммавий ахборот воситалари эътиборида бўлса-да, оиланинг бу тарзда бирга кўриниши кейинги йилларда кам учрайдиган ҳолга айланган.

Кузатувчиларга кўра, бу чиқишлар, оила ичидаги келишмовчиликлар ҳақидаги миш-мишлар тинмаётган бир пайтда, Мирзиёевнинг мамлакат аҳолиси ва хорижий ҳамкорларга оиласида барқарорлик ва бирдамлик борлигини кўрсатишга уринишига ўхшайди.

Қаерда ва қачон?

Бухорода олинган суратда Алиев оиласи аъзолари президент Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон билан бирга кўринади. Расмда Мирзиёевнинг қизлари Саида ва Шаҳноза, шунингдек, уч нафар қиз набираси ҳам бор.
Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев оила аъзолари билан...

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 23–24 август кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Сафар чоғида Алиев ва Мирзиёев оилалари бирга суратга тушди. Бу сурат ташрифнинг эътибор тортган жиҳатларидан бири бўлди.

Бухорода олинган суратда Алиев оиласи аъзолари президент Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон билан бирга кўринади. Расмда Мирзиёевнинг қизлари Саида ва Шаҳноза, шунингдек, уч нафар қиз набираси ҳам бор.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева суратни Telegram каналида эълон қилди.

Skip Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг and continue readingИжтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

Бухорога ташрифдан кейинги ҳафталарда Мирзиёевлар оиласи аъзолари яна бир неча бор омма олдида бирга кўринди.

4 сентябр куни биринчи хоним Зироатхон Мирзиёева Қўқондаги концертга қизи Шаҳноза ва куёвлари Отабек Умаров ҳамда Ойбек Турсунов билан борди.

Отабек Умаров Шаҳнозанинг, Ойбек Турсунов эса Саиданинг турмуш ўртоғи. Instagram'даги бир неча саҳифада эълон қилинган тадбир видеоларига кўра, концертда Отабек Умаровнинг қизи Ранияхон ҳам чиқиш қилган.

6 сентябр куни Шаҳноза ва Саида Тошкентдаги янги замонавий санъат марказининг очилиш маросимида ҳам бирга бўлди. Саида Мирзиёеванинг Telegram каналида эълон қилинган суратларда опа-сингилларнинг хорижий меҳмонларга мезбонлик қилаётгани акс этган.

Кейин Шаҳноза 13–16 сентябр кунлари Жанубий Кореяга давлат ташрифи чоғида отаси Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилди. У Instagram'да эълон қилган Сеул суратларида ота-онаси, Отабек Умаров ва Ойбек Турсунов ҳам бор. Улар Жанубий Корея президенти Ли Жэ Мён ва унинг рафиқаси ёнида туришибди.

Бу чиқишлар ортида нима бор?

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Президент Мирзиёевнинг жамоатчилик олдидаги қиёфасида оилавий ришталар ҳамиша муҳим ўрин тутган.

2016 йилда ҳокимиятга келгач, Мирзиёев ва унинг оиласи ўзини аҳил оила сифатида кўрсатишга интилди.

Бу собиқ президент Ислом Каримовнинг ички низолар билан танилган оиласидан фарқли бир манзара эди.

Марҳум Каримовнинг қарийб 30 йиллик ҳукмронлиги унинг қизи Гулнора Каримова билан ошкора можароси билан ҳам ёдда қолган. Бу можаро мамлакатнинг халқаро обрўсига ҳам путур етказган.

Каримов оиласидаги можарони яхши билган Мирзиёев жамоатчиликда ўз оиласи ҳақида ижобий тасаввур уйғотишга ҳаракат қилиб келган. Бироқ сўнгги йилларда унинг яқин доирасида келишмовчилик борлиги ҳақидаги тинмай тарқалаётган миш-мишлар бу саъй-ҳаракатларга бир қадар соя солди.

2024 йил охирида Саида Мирзиёеванинг яқин ҳамкори Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилди, аммо у омон қолди. Шундан сўнг президент оиласида бўлиниш борлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Кейинроқ Мирзиёев кичик куёви Отабек Умаровни Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари лавозимидан озод қилди. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ҳам Умаровга яқин кишиларни четлатиш учун кенг кўламли кадрлар алмашинувини бошлади. Илгари Мирзиёевга жуда яқин бўлган ва унинг кўп эътибор тортган хорижий сафарларида қатнашган Умаров шу тариқа четга сурилди. Унга Миллий олимпия қўмитасида кўпроқ рамзий аҳамиятга эга лавозим берилди.

Муносабатлар

Мирзиёевлар оиласининг сўнгги пайтларда бирга кўриниш бериши Ўзбекистонда катта муҳокамага сабаб бўлмади. Мамлакатда президент оиласи ҳақида оммавий ахборот воситаларида нима дейилиши қатъий назорат қилинади.

Хорижда билдирилган фикрлар орасида Жанубий Корея сафарида Отабек Умаров ва Ойбек Турсуновнинг президент ёнида яна кўриниши оила ичидаги келишмовчиликлар бартараф этилган бўлиши мумкинлигини англатади, деган талқин ҳам учради.

Хўш, ундан кейин - чи?

Президентнинг икки куёви узоқ вақт сиёсий майдондан четда қолганини ҳисобга олсак, уларнинг оилавий суратларда яна пайдо бўлиши эътиборга моликлиги айтилади.

Бу Мирзиёев оила ичидаги зиддиятларга қарамай, бирдамликни устун қўяётганидан дарак бериши мумкин. Келгусида муҳим лавозимлардан четлатилган оила аъзолари яна сиёсий майдонга қайтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирган кўплаб ўзбекистонликлар куёвларнинг яна президент ёнида кўринишини кутилмаган ҳол деб ҳисобламайди.