Ўзбекистонга жинсий зўравонлар "қора рўйхати" керакми? - Видео

Ўзбекистондаги болалар боғчаси
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Наманганда рўй берган ҳодиса бундан кейин Ўзбекистоннинг бирор бир жойида ўхшаш воқеа такрорланмаслиги учун нима қилмоқ лозим деган саволни пайдо қилди.

Ҳодиса оддий ўзбекистонликлардан тортиб мамлакат раҳбариятигача кўпчиликнинг эътиборини тортди.

"Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди", деб ёзди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.

"Шунингдек, бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади.

Шу билан бирга, бу турдаги жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз", деб ёзди Саида Мирзиёева.

Блогер Шаҳноза Соатова олдин кузатилган шу каби ҳодисалардан хулоса чиқарилмади, бундай ҳодисалар олдини олиш чоралари кўрилмади, дея хулосага келгани ҳақида ёзди:

"Лекин бир хавфли нуқта бор, биз бундан аввал ўтганмиз — хулоса чиқармаслик ва кейинги эҳтимолли фожиаларнинг олдини олишга етарли эътибор қаратмаслик".

Iqtibos

"Биз ҳозир "жиноят содир бўлди, жазони кучайтириш керак" деган талаб билан бирга, балки ундан ҳам олдинроқ "Болалар муассасасида катта ёшли ходимнинг 5 ёшли бола билан назоратсиз қолишига тизим қандай қилиб йўл қўйди ва бундай имкониятни қандай йўқотамиз?" деган савол устида ўйлашимиз керак", дея таклиф билдирди блогер.

"... жамоатчилик фаоллари талаб қилаётган болаларга қарши зўравонлик ва жинсий жиноятлар содир этганларнинг реестрини жорий қилишимиз шарт. Бу "қора рўйхат"га вояга етмаганларга жинсий шилқимлик қилганлардан тортиб номусга тегиш ишларида номи аралашган ҳаммани киритиш керак", деб ёзди Шаҳноза Соатова.

"Ҳа, вазият жиддий, кескин чоралар кўрилиши керак. Шу пайтгача ҳатто педофилларнинг реестри яратилмаган, ҳеч ким бош қотираётгани ҳам йўқ. Адлия педофиллари шов-шув бўлган даврда бошлаганимизда анча ишлар қилган бўлардик", деб ёзди "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Таниқли блогер Азиза Умарова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Қозоғистонда аллақачон йўлга қўйилган вояга етмаганларга жинсий тажовуз қилган жиноятчилар рўйхатини мисол келтирди ва бугун Ўзбекистонда жавоби талаб қилинаётган энг долзарб саволларни қўйди:

  • 128-модда (педофилия) бўйича бир йилда қанча жиноят иши қўзғатилади ва бунинг учун қандай жазо белгиланган? Уларнинг қанчаси кейинчалик такроран шу турдаги жиноятни содир этади?
  • Педофилия учун судланган шахсларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишини ким назорат қилади?
  • Болалар муассасаларига, масалан, боғчалар ва мактабларга ходимларни (айтайлик, қоровул сифатида) ишга қабул қилишда уларда педофилияга мойиллик бор-йўқлигини айнан ким текширади?
  • Уй шароитида болалар боғчаси ташкил этишга рухсат беришда педофилияга мойиллик бор-йўқлиги бўйича қандай текширув ўтказилади?"

Ўзбекистондаги Газета.уз веб-нашри шундай ёзди:

"Жаҳон амалиётида болаларни ҳимоя қилиш барча муассасалар ва уларнинг ходимлари учун мажбурий бўлган қатъий стандартлар, протоколлар ва тартиб-қоидаларга асосланади. Намангандаги болалар боғчасида қиз болага нисбатан зўравонлик содир этилгани Ўзбекистондаги таълим ва тарбия тизимида бундай механизмлар мавжуд эмаслигини кўрсатди".

Ўзбекистон Болалар Омбудсмани ҳам педофилларга нисбатан жавобгарликни кескин кучайтириш тарафдори эканини маълум қилди:

"болаларга нисбатан оғир жинсий жиноятларни (номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) содир этган шахсларга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилиши лозим.

Бундай жиноят оқибатида болага етадиган зиён даражаси ва унинг жамият учун ижтимоий хавфлилиги аслида одам ўлдиришдан кам эмас.

Бола жисмонан омон қолса-да, унинг руҳияти, болалиги ва келажаги умрбод жароҳатланади.

Мазкур позиция Болалар омбудсманининг Парламентга киритган Махсус маърузасида ҳам таҳлиллар асосида баён этилган.

Хорижий тажриба ҳам буни тасдиқлайди: қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади".

Би-би-си ҳам Ўзбекистонда болалар билан ишлайдиган ходимларнинг криминал ўтмишини текшириш мавзусини кўтарган эди.

Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева шундай деди:

"Оила бошқа шаҳарга кўчиб ўтади, уй-жой ва зарур реабилитация билан таъминланади. Оилага тўлиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилади, хусусан, қизалоқнинг онаси ўқиш ва ишга жойлашишига ёрдам берилади. Зарур бўлса, фамилиясини ўзгартиришга ҳам кўмаклашилади. Энг муҳими, болажон ва унинг яқинлари хавфсиз жойда янги ҳаёт бошлашлари учун барча зарур шароитлар яратилади".

Шаҳноза Мирзиёевага кўра, Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул идоралар билан биргаликда бир неча ой давомида қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар устида иш олиб борган.

Тайёрланган таклифлар кўриб чиқиш учун аллақачон тақдим этилди.

"Шунингдек, биз ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик қилмагани учун, педагогларнинг эса зўравонлик ва камситиш ҳолатларига йўл қўйгани учун жавобгарлигини кучайтиришни, жабрланган болаларга тергов ва суд жараёнининг ҳар бир босқичида ҳуқуқий ёрдам ва ҳимоя таъминланишини таклиф этмоқдамиз", деди Шаҳноза Мирзиёева.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси 28 сентябрда Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлагани ҳақида хабар қилди.