Сўнгги Украина дрон ҳужумларида ўзбекистонликлар ҳалок бўлди

Сурат манбаси, t.me/sotavisionmedia
10 август куни Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига қилинган Украина дрон ҳужумлари оқибатида 13 киши ҳалок бўлди.
Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консулхонасига кўра, қурбонларнинг етти нафари Ўзбекистон фуқаролари.
Татаристон расмийлари ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор деб хабар бердилар.
Нижнекамск шаҳри ҳокими Радмир Беляев беш яшар қиз ҳам ҳаётдан кўз юмганини хабар қилди.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг шахсини тўлиқ ошкор қилмаган, фақат бош ҳарфларини келтирган: А.Д.К., У.С.А., Б.О.М., А.Р.Э., Х.Д.Р., Х.Ф.Ф. ва И.Д.Ф.
Ҳозирча расмий идоралар ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг қайси корхонада ишлагани, қайси вилоятдан экани ёки ҳужум вақтида айнан қаерда бўлгани ҳақида батафсил маълумот бермаган.
Ҳужумнинг асосий нишони сифатида Татаристоннинг Нижнекамск шаҳридаги саноат ҳудудидаги нефт ва нефть-кимё объектлари тилга олинаяпти.
Хусусан, Украина Бош штаби «ТАНЕКО» нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилганини билдирди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қатор халқаро ва маҳаллий нашрлар завод ҳудудида ёнғин чиққанини хабар қилди.
Татаристон ҳокимияти маълумотига кўра, 75 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 21 нафари шифохонага ётқизилган.
Татаристон Президенти Рустам Минниханов республика бўйлаб мотам эълон қилинди, байрам тадбирлари бекор қилинди.
Кўп сондаги дронлар ҳужуми эрталабки соат 8:30 да рўй берган.
Россиянинг бошқа ҳудудларидаги сингари Татаристонда ҳам дронлар ҳужуми олдини олиш мақсадида мобил телефон алоқаси ва Интернет узилган, кўплаб инсонлар яқинларининг қаердалигини билолмай қийналганлар.
Расмийлар портлашлар рўй берган иншоотлар ва жойларини эълон қилмаяптилар.
Бироқ ижтимоий тармоқларда дрон ҳужумлари Нижнекамск шаҳрининг Школьный бульвар деб номланган кўчасида кузатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Бу кўчада "Ковёр" Ёшлар ташаббус маркази, талабалар меҳнат отрядлари маркази, ётоқхона, "Кама" меҳмонхонаси жойлашгани хабар қилинади.
Расмийлар Школьный бульвардаги мактаб биноси шикастланганини маълум қилдилар.






























