Қирғиз депутат Украина урушига ташланган йигитни қутқариб қолди. Ўзбек парламенти-чи?

Сурат манбаси, kenesh.kg
Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида туғилган йигит Россия Смоленскида олти ойга қамалган эди. Жазо муддати тугай деб қолганда, рус ҳарбийлари уни мажбурлаб урушга олиб кетганлар. Москвадаги Қирғиз элчилигини хабардор қилишнинг уддасидан чиққан йигитнинг ишига мамлакат парламенти - Жогорку Кенеш депутати Ойсарахон Абдибаева аралашди, йигит ота-онаси бағрига қайтди.
Отаси Бердали Мирзаев ўғли Россия қамоқхонасидан мажбуран Украина урушига олиб кетилаётганидан хабар топганидан кейин парламент депутати Ойсарахон Абдибаевага мурожаат қилди.
Жогорку Кенеш мажлисида депутат ушбу масалани кўтарди, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровдан аралашишни сўради.
"Урушда қатнашишга қарши бўлган фуқаромизни ўзимизга қайтариб беришсин", деди депутат Жогорку Кенешдаги чиқишида.
"Мени дўппослаб урушга мажбуран олиб кетишди. Кечаси тўрт нафар ходим келиб, енгил машинага солиб олиб кетдилар. Ҳарбий полиция ходимлари ухлаб ётган пайтда ёнимдаги Тожик йигитдан телефонини сўраб, Москвадаги қариндошларимга қўнғироқ қилдим. Уларга: "Тезда Қирғизистон элчихонасига хабар беринглар. Мени мажбурлаб урушга олиб кетишаётганини бугуннинг ўзида етказинглар", дедим", дейди қирғизистонлик йигит.
Қирғиз йигити ўз ихтиёрига қарши ҳатто Ғарб матбуоти тобора кўп қўллаётган "гўшт қиймалагич"га ташланаётганидан норози депутат Қирғизистоннинг ва Россиянинг тегишли идораларига бир неча бор мурожаат йўллаган.
"Агар мен депутат сифатида ёрдам бера олмасам, элчи ёрдам бера олмаса, ҳуқуқ-тартибот органлари ва Мудофаа вазирлиги ёрдам бера олмаса, унда бизнинг нима керагимиз бор?", деди Ойсарахон Абдибаева Би-би-сига.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Россияда ишлаётган қирғизистонлик ёшларни Украинадаги урушга мажбуран жалб қилишаётгани ҳақидаги масала Қирғизистон парламентида тез-тез кўтарилади.
Ўтган йили сентябрида Жогорку Кенеш депутати Эрнис Айдаралиев Россияда рус тилида гаплаша олмайдиган ёки уни яхши тушунмайдиган йигитларни алдов йўли билан контрактга йўл қўйдириб, урушга олиб кетишаётгани ҳақида Қирғизистон омбудсманига маълум қилган эди.
Омбудсман Жамила Жаманбаева депутатнинг сўзларини тасдиқлаб, бундай фактлар мавжудлигини билдирган, аммо бунга қарши қандай кураш бўлаётгани ҳақида расмий маълумот бергани йўқ.
Ўзбекистон парламенти Россиядаги ўзбекистонликлар Украина урушига ташланиши олдини олиш учун нима қилди?
Бугун Ўзбекистон Сенатининг 65 нафар сенатори, Қонунчилик Палатасининг 150 депутати бор.
Би-би-си Ўзбек таҳририяти Ўзбекистон парламентарийлари ўзбекистонликлар Украина урушига жўнатишлари олдини олиш учун нималар қилаяпти, деган саволга жавоб излади.
Биз Сенат девонининг +998 -78-238-2638 телефон рақамига, фуқаролар мурожаатлари учун деб берилган (78)238-2804, (78)238-2645 телефонларига, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг +998 (78) 238-22-94 телефон рақамига, шунингдек, мурожаат қилиш мумкин деб расмий веб-сайтда кўрсатилган +998 (71) 238-22-63, 998 (71) 239-83-54 рақамларга бир неча марта қўнғироқ қилдик.
Аммо ушбу қўнғироқларимиздан бирортасига ҳам лоақал бир марта гўшакни кўтариб жавоб бермадилар.
inform@parliament.gov.uz электрон почтасига йўллаган саволимизга жавоб кутаяпмиз.

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ўзбекистон парламенти ўзбекистонликларнинг чет элдаги урушларда қатнашиши ва бу урушларнинг тарғиб қилинишини қонунан тақиқлади ва жиноий жавобгарликни кучайтирди.
Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 154-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бу ўзгаришларга кўра, хорижий давлатларнинг ҳарбий ҳаракатларида ёки армиясида қатнашиш ҳарбий ёлланиш (наёмничество) деб баҳоланади. Бу қонунни бузган фуқаролар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Россия томонидан урушга кирган фуқароларга бериладиган тезлаштирилган фуқаролик ҳам уларни Ўзбекистондаги жиноий жавобгарликдан қутқара олмайди.
2026 йилнинг февралда Қонунчилик Палатаси хориждаги ҳарбий тўқнашувларда қатнашишни тарғиб қилишга қарши қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.Ушбу қонунга асосан:
- Чет эл қуролли кучларига кўнгилли бўлиб қўшилишга чақирувчи ҳар қандай реклама ва маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
- Интернет ва ижтимоий тармоқларда урушни, ёлланишни ҳамда хорижий давлат армияси таркибида жанг қилишни оқловчи материаллар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Украина урушида иштирок этган ўзбекистонликларни аниқлаш назоратини кучайтирдилар.
Расмий мълумотларга кўра, 2022 йилдан буён 338 Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Украина урушида қатнашгани учун жиноят ишлари қўзғатилган ва турли жазо чоралари қўлланилган.
Ўзбекистонда алоҳида депутат ёки сенатор Россияда судланган ватандошларнинг ишларига шахсан аралашиб, уларнинг урушга юборилишининг олдини олгани хабари кўзга кўрингани йўқ.
Сиёсий тизим тарихан айрим парламент аъзоларига шахсий ташаббус кўрсатиш ва маҳкумларни мажбурий ёллаш ҳолатларини оммага олиб чиқиш имконини берган Қирғизистондан фарқли равишда, Ўзбекистон парламенти фақат жамоавий қонунчилик органи сифатида фаолият юритади.
Ўзбекистондан бирор депутат ёки сенатор муайян маҳкумни ЧВК "Вагнер" ёки Россия Мудофаа вазирлиги таркибига жалб этилишдан қутқариш мақсадида Россия жазони ижро этиш муассасаларига манзилли ташриф буюргани кузатилмаган.
Асакалик Абдумўмин Маликов ўғли Шукирилло Маликовни 2025 йил октябридан буён қидиради.
Абдумўмин ота Маликов Би-би-сига гапирганидан кейин мутасаддилар келиб ёрдам ваъдасини берганларини айтади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Мигрантлар ва маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан Ўзбекистон депутатлари эмас, балки расмий идоралар шуғулланади.
Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва бош консулхоналари ўзбекистонликларга (жумладан, тергов ҳибсхоналари ва колонияларда сақланаётган шахсларга) мунтазам равишда қатъий огоҳлантириш бериб, ҳарбий шартнома имзолаш ватанга қайтганда жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб келади.
Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон расмий нота ва давлатлараро музокаралар йўлини танлаган.
Масалан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига мигрантларга нисбатан қўпол муносабат ва уларни яширин тарзда ёллашга уринишлар «мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга мутлақо мос келмаслиги»ни бевосита билдирган.
Бунинг натижасида Тошкент вазиятни кузатиб бориш учун Россияда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг расмий вакилларини жойлаштиришни ҳам ўз ичига олган назорат чораларини кучайтиришга эришган.
Россияда судланган кўплаб шахсларга Ўзбек сиёсатчилари ёрдам кўрсата олмаслигининг асосий сабаби уларнинг яширин тарзда Россия паспортини олганида деб кўрилади.
Ўзбекистон қонунчилиги икки фуқароликни тан олмайди.
Агар Ўзбекистон фуқароси қамоқхонада озодлик ёки пул ваъдалари эвазига Россия фуқаролигини қабул қилса, Россия ҳокимияти уни фақат ўз фуқароси сифатида кўради.
Бундай шароитда бирор хорижий депутат ёки дипломат Россия қамоқхонасидаги шахсдан ҳуқуқий кўмак кўрсата олмайди.
Россия Украинага тўлақонли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён нечта Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани аниқ маълумоти йўқ.
Бу борада Ўзбекистон ёки Россия расмийлари томонидан расмий статистика эълон қилинмаган.
Бироқ мустақил тадқиқотчилар ва халқаро лойиҳалар маълумотларига кўра, ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг тасдиқланган сони 229 нафардан 480 нафаргача деб баҳоланади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан бир неча баробар юқори бўлиши мумкин, чунки кўплаб ҳалок бўлганлар ҳалигача шахси аниқланмаган ёки бедарак йўқолганлар сифатида қайд этилган.
2026 йил июл ҳолатига кўра, BBC Рус хизмати ва «Медиазона» нашри қўшма суриштируви урушда ҳалок бўлган 229 нафар Ўзбекистон фуқаросини тасдиқлаган.
Ушбу рўйхатга фақат ўлими очиқ манбалар орқали тўлиқ тасдиқланган шахслар киритилган.
Бунда расмий таъзия хабарлари, қариндошларининг ижтимоий тармоқлардаги эълонлари ҳамда янги ҳарбий қабрлар суратлари асос сифатида олинган.
Ўзбекистон фуқаролари Тожикистон фуқаролари билан бирга Россия армияси сафида ҳалок бўлган хорижлик ёлланма жангчиларнинг энг кўп сонли гуруҳларидан бирини ташкил этади.
Россия ҳарбийларининг ихтиёрий равишда таслим бўлишига кўмаклашадиган Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси ички маълумотлар базалари, ҳалок бўлганларнинг ҳужжатлари ва ҳарбий асирлар ҳақидаги маълумотларга таянган ҳолда янада кенгроқ рўйхатларни эълон қилган.
Уларнинг ҳисоботларига кўра, урушда камида 481 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.
Лойиҳа маълумотларига кўра, Россия томонидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган ёки иштирок этаётган 4 800 нафардан ортиқ ўзбекистонлик шахси аниқланган.






























