Боуэн: Трамп уруш тугашини истаяпти, аммо Эрон чекинмаяпти

Теҳронда дронлар ва баланд кўтарилган мушт тасвирланган мурал олдидан ўтиб кетаётган уч киши.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Музокаралар давом этмоқда, аммо Теҳрон ён беришга тайёр эмаc
    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, BBC News халқаро мавзулар бўйича муҳаррири
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

АҚШ ҳам, Эрон ҳам 8 апрел куни оташкесим эълон қилинганидан бери тўхтаб турган урушга қайтишни истамасликларига ишора қилишмоқда.

Мунтазам ҳарбий тўқнашувларга қарамай, Покистон, Қатар ва бошқалар воситачилик қилаётган музокаралар тўхтагани йўқ.

АҚШ ҳануз Эронга зарба бера оладиган масофада қудратли ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларини сақлаб турибди.

Эрон режими эса ўз кучларини юқори жанговар шайликда ушлаб тургани ва оташкесимдан кучларни қайта ташкил этиш ҳамда АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида етган зарарни бартараф этиш учун фойдаланаётганини тахмин қилиш мумкин.

Кўрфаз ва унинг атрофидаги ҳудудларда сақланаётган ҳарбий таранглик ҳар икки томон учун ҳам вазиятни нотўғри баҳолаш ёки бир-бирининг ниятларини хато тушуниш хавфини оширмоқда.

АҚШ ўз кучлари Эрон яқинида жойлашгани ва катта зарар етказиш имкониятига эга эканини намойиш этиш орқали Теҳрон режимига босимни сақлаб қолиш ҳамда уни ён беришга ундашга уринмоқда.

Эрон томони эса қаршилик кўрсатиш иродаси сусаймаганини ва зарурат туғилса, Америка базаларига ҳамда араб кўрфази давлатлари инфратузилмасига зарба бериши мумкинлигини эслатмоқда.

АҚШ ва Эрон ўртасида кенгроқ келишувга эришиш йўли узоқ ва эҳтимол, умуман етиб бўлмас даражада мураккаб бўлиши мумкин. Бу йўлдаги дастлабки мақсадлар эса оташкесимни сақлаб қолиш ва кейинги музокаралар кун тартиби бўйича "ўзаро англашув меморандуми"га эришишдан иборат.

Бироқ бунинг ўзи ҳам осон кечмаяпти.

Исроилнинг қирувчи учоқлари Байрутга яна қайтиши ҳақидаги баёноти Доналд Трампнинг имкониятларини янада чеклаб қўйди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливандаги янги ҳарбий амалиётлар АҚШнинг Эрон билан келишувга эришишини қийинлаштириб қўйишидан хавотир олаётган кўринмайди. У бошиданоқ Теҳрон режими билан тузилган оташкесимни қўллаб-қувватламаган. Унинг назарида, Америка ва Эрон ўртасидаги ҳар қандай келишув - ёмон келишув.

Эрон томони Ливандаги иттифоқчиси ва вакили ҳисобланган Ҳизбуллоҳни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Теҳрон кенгроқ келишув АҚШ билан бирга Исроил ҳарбий амалиётларига ҳам барҳам берилишини ўз ичига олиши кераклигини билдирган. Президент Трамп эса ҳозирча Исроилни тийиб туришга уринаётгандек кўринмоқда.

Ҳўрмуз бўғозига келсак, Эрон ҳукумати уни қайта очиш эвазига маълум бир бадал талаб қилиши мумкин. Бу санкцияларни юмшатиш ёки музлатилган активларни қайтариш шаклида бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бўғознинг қайта очилиши эса жиддий музокаралар бошланишининг муҳим шарти бўлиб кўринмоқда.

Бир вақтлар ҳаётий аҳамиятга эга ва гавжум бўлган ушбу сув йўлидан ҳозир фақат оз сонли кемалар ўтмоқда.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини 28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳужумидан кейин ёпиб қўйган эди.

Ҳўрмуз бўғозида шом чўкаётган пайтда лангар ташлаган кемалар.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатнови деярли тўхтаб қолди.

Саудия Арабистони нефтнинг бир қисмини Қизил денгиз бўйидаги портларига қувурлар орқали етказиб бермоқда. Бирлашган Араб Амирликлари эса Ҳўрмуз бўғозидан ташқарида, Уммон кўрфазига қараган соҳилидаги терминалларга туташган қувурга эга.

Бироқ дунёнинг қолган қисми ҳали ҳам нефт ва газнинг одатий таъминотининг қарийб 20 фоизидан, шунингдек бошқа муҳим экспорт маҳсулотларидан маҳрум бўлиб турибди.

Бўғознинг ёпиқ қолиши жаҳон иқтисодиётининг катта қисми учун ҳалокатли бўлиши мумкин.

АҚШ энди Кўрфаз нефтига қарам эмас, аммо Америкадаги бензин нархи барибир жаҳон нефт бозори томонидан белгиланади.

Доналд Трамп қийин аҳволда қолди. У осон ғалабага эришиш мумкин, деган ҳисоб билан урушга кириб йўл қўйган қўпол хатосининг оқибатлари билан юзлашмоқда.

АҚШ президенти ва унинг яқин иттифоқчиси – Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяху исломий режимнинг уларнинг ҳужумларига қаршилик кўрсатиш ва дош беришга қанчалик тайёр эканини мутлақо чамалай олишмаган кўринади.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Трампда вазиятдан чиқишнинг осон йўли йўқ, Эрон режими эса вазият шундай қолишини хоҳлайди.

Трамга Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш зарур. Эронга қарши уруш Америкада кўпчилик томонидан маъқулланмаяпти ва унинг яна авж олиши янада кўпроқ америкаликларни унга қарши қилиши мумкин.

Трампнинг муаммоси шундаки, Эроннинг бўғозни очиш эвазига қўядиган шартларига унинг ўз Республикачилар партиясидаги "лочинлар" (қаттиққўл сиёсат тарафдорлари) қарши чиқмоқда, қолаверса, Трампнинг ўзи ҳам бу можарода зафар қучгандек кўринишни истайди.

Доналд Трамп Эрон билан тузадиган ҳар қандай битими, ҳатто музокараларни давом эттириш учун ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтириш тўғрисидаги келишув ҳам 2015 йилда Барак Обама даврида имзоланган ядровий келишув билан солиштирилишини сира ҳазм қилолмайди.

Трамп ушбу келишувни қоралаган ва Оқ уйдаги биринчи муддатида АҚШни ундан олиб чиққан эди.

Эрон раҳбарлари ўз режими мавжудлиги учун курашаётганларига ишонишади ва бунда маълум маънода асос ҳам бор.

Шу нарса аниқки, АҚШнинг Исроил билан ёки усиз берадиган янги зарбалари уларни бу позициясидан қайтара олмайди.

Жереми Боуэн
BBC News халқаро мавзулар бўйича муҳаррири
BBC NEWS
Улар Эрон режими табиатини нотўғри баҳолашди. Энди бунинг оқибатлари билан нафақат АҚШ ва Исроил, балки бутун дунё юзлашмоқда.
Жереми Боуэн
BBC News халқаро мавзулар бўйича муҳаррири (bbc.com/uzbek)
АҚШ Давлат котиби Marco Rubio, президент Donald Trump ва мудофаа вазири Pete Hegseth вазирлар маҳкамаси йиғилишида.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Трамп ва унинг маъмуриятининг юқори мартабали аъзолари Теҳронни муайян ён беришларга кўндириш билан бир вақтда, сиёсий оқибатлар кучайиб кетмасидан олдин урушни тезроқ тугатишга ҳаракат қилмоқда.

Трамп ва унинг маҳкамасининг юқори мартабали аъзолари сиёсий оқибатлардан қочиш учун урушни тезроқ тугатиш билан бир пайтда Теҳрондан ён беришларни талаб қилиш ўртасида мувозанат топишга ҳаракат қилмоқдалар.

Кўрфазнинг бой Араб нефт давлатлари узоқ муддатли иқтисодий зарар кўрди ва энди ортиқ жабр тортишни истамайди.

Уларнинг бизнес ва мамлакатларини узоқ муддат ривожлантириш модели Кўрфазнинг глобал иқтисодиёт учун барқарор марказ ва хорижий инвестициялар учун хавфсиз макон бўлишига асосланади.

Уруш бу давлатларга қаттиқ зарба берди ва уларнинг барқарорлик қиёфасини тиклаш учун йиллар керак бўлади.

Қатар Покистон билан бир қаторда музокараларни қайта бошлаш бўйича дипломатик уринишларда тўлақонли воситачи шерик ҳисобланади.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони Эронга турли позициялардан туриб муносабат билдиришди.

Амирликлар исроилликлар билан стратегик муносабатларини янада мустаҳкамлади, Исроил эса БААга "Темир гумбаз" ракетага қарши мудофаа тизимини ва уни бошқариш учун Исроил Мудофаа Кучлари аскарларини жойлаштирди.

Маълум бўлишича, саудияликлар Эрон ҳужумларига жавобан унга зарба берган. Аммо эътиборли жиҳати, Саудиядаги юқори мартабали манбаларнинг билдиришича, улар Теҳронга АҚШ-Исроил коалицияси таркибида эмас, балки мустақил равишда ҳаракат қилаётганларини аниқ тушунтиришган.

Доналд Трамп ва Бенямин Нетаньяҳу Эронга қарши уруш бошлаганида, ҳар икки раҳбар ҳам ўз мамлакатларининг улкан ҳарбий-ҳаво қудрати Теҳрондаги исломий режимни ағдариш учун етарли бўлишини айтган эди.

Улар янглишдилар.

Улар уруш, санкциялар ва яккаланиш каби оғир синовларга қарамай, деярли ярим аср давомида яшаб келаётган режимнинг табиатини нотўғри тушунишди.

Энди АҚШ ва Исроил, шунингдек, бутун дунё бу хатонинг оқибатлари билан яшашга мажбур бўлмоқда.