АҚШ Эрон радарларини урганини, Эрон эса жавоб қайтарганини айтди

Коллаж. ВВС Verify рамзи ва вайрон бўлган АҚШ ҳарбий самолёти
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Дам олиш кунлари Америка ва Эрон ҳужумлар ҳақида хабар бераркан, Би-би-си сунъий йўлдош суратларига асосланиб, Эрон Яқин Шарқдаги АҚШнинг 20 ҳарбий базасини шикастлаганини аниқлади.

АҚШ дам олиш кунлари Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини хабар қилди.

Теҳрон эса жавоб тариқасида Америка базасини нишонга олганини айтди, аммо Яқин Шарқ мамлакатларидан қай биридаги база эканин очиқламади.

Ушбу ҳужумлар Ҳўрмуз бўғози атрофидаги бир ҳафта ичида кузатилган учинчи кескинлашув бўлди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom)га кўра, «хавфсизлик мақсадидаги зарбалар»ни амалга оширган, бу «Эроннинг тажовузкор ҳаракатлари»га жавоб бўлган.

Centcomга кўра, бу ҳаракатлар орасида халқаро сувлар устида АҚШ дронининг уриб туширилгани ҳам бор.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) жанубий Эронга қилинган ҳужумда фойдаланилган АҚШ кучлари ҳаво базасини нишонга олганини билдирди.

Шу билан бирга, Қувайт ўз ҳаво мудофаа тизими «душманона» ракеталар ва дронларга қарши ҳаракат қилганини маълум қилди.

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги кейинроқ «жиноий ва қайта-қайта содир этилган эрон ҳужумлари»ни қоралади.

1 июн куни эрталаб Трамп Truth Social тармоғидаги баёнотида танқидчиларини «тинчланиб ўтиришга» чақириб, «охири барчаси яхши бўлишини» айтди. Унинг сўзларига кўра, Эрон «келишув тузишни жуда истаяпти ва бу АҚШ учун яхши келишув бўлади».

Iqtibos

Бу зарбалар икки томон ўртасидаги навбатдаги алмашув бўлиб, бир неча ой давом этган урушни якунлаш бўйича музокаралар дам олиш кунлари олдинга силжимагач, юзага келгани хабар қилинмоқда.

АҚШ оммавий ахборот воситалари Президент Трамп шартларга ўзгартиш киритишни сўраганини хабар қилди.

BBC'нинг АҚШдаги ҳамкори CBS News маълум қилишича, ўзгартишлар Ҳурмуз бўғозидаги кемачилик йўли ва юқори даражада бойитилган уранни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ.

Оқ Уй бу борадаги изоҳ сўровига жавоб бермади.

Эрон бош музокарачиси якшанба куни Теҳрон Эрон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмагунча ҳеч қандай келишувга рози бўлмаслигини билдирди.

Ҳўрмуз бўғози

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўт очишни тўхтатишга келишилганига қарамасдан, Ҳўрмуз бўғози амалда ёпиқлигича қолаяпти

Бундан аввал АҚШ ОАВ Президент Доналд Трамп Эрондан икки давлат ўртасидаги тинчлик келишуви лойиҳасига «ўзгартишлар киритиш»ни талаб қилганини хабар қилган эди.

Axios нашри манбаларга таяниб, Трамп ҳужжатда Эроннинг ядро дастури бўйича аниқ ён босишлари қайд этилишини талаб қилаётганини маълум қилди.

АҚШ ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими апрел бошидан бери амал қилиб келади.

Президент Трамп бир неча бор АҚШ билан Эрон доимий келишувни имзолашга яқинлашганлари ва музокаралар илгарилаётганини айтган, бироқ ҳозирга қадар расмий келишувга эришилмаган.

Axios маълумотига кўра, томонлар меморандум шартларининг катта қисмини аллақачон келишиб олганлар.

Улар орасида Ҳўрмуз бўғози орқали эркин кемачиликни божлар ва таъқибларсиз таъминлаш, шунингдек Эроннинг 30 кун ичида бўғоз сув ҳудудидан денгиз миналарини олиб ташлаш мажбурияти бор.

Келишув, шунингдек, Теҳроннинг ядровий дастури бўйича кенгроқ музокараларга ва Эронга қарши санкцияларни эҳтимолий юмшатишга йўл очиши керак.

Айни пайтда қатор масалалар ҳали ҳам баҳс мавзуси бўлиб турипти ва Вашингтондагилар битим барбод бўлиши мумкинлиги тан олаяптилар.

CBS News ҳам хабар беришича, келишувнинг сўнгги версияси ўт очишни тўхтатиш тартибини яна 60 кунга узайтиришни назарда тутган бўлиб, бу томонларга Эрон ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошлаш имконини беради.

Би-би-си сунъий йўлдош суратларидан нималарни аниқлади?

Эрон уруш бошланганидан бери АҚШнинг 20 дан зиёд ҳарбий объектига зарар етказган.

BBC Verify таҳририяти таҳлил қилган сунъий йўлдош тасвирлари Эрон ҳужумлари оммага маълум қилинганидан кўра кенгроқ бўлганини англатади.

Феврал охиридан бери Эрон Яқин Шарқдаги саккиз мамлакатда жойлашган муҳим объектларни нишонга олди, замонавий ҳаво мудофаа тизимлари, ёқилғи қуйиш самолётлари ва радарларга миллионлаб долларлик зарар етказди.

Сўнгги уч ой давомида Эрон ва Ливан бўйлаб амалга оширилган АҚШ-Исроил зарбаларига жавоб сифатида Теҳрон АҚШ базаларига ҳам, қўшма ҳарбий иншоотларга ҳам ҳужум қилди.

Пентагон маълумотига кўра, "Epic Fury" операцияси бошланганидан бери Эронда 13 мингдан ортиқ нишон урилган.

Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Ҳоманаий АҚШ объектларига зарба беришда ўз қўшинларининг муваффақиятини таъкидлди.

26 май куни эълон қилинган Оятуллоҳ баёнотида Яқин Шарқ энди Америка базалари учун "хавфсиз жой эмас"лиги урғуланди.

Оқ Уй бир неча марта Эрон армияси деярли бутунлай йўқ қилинганини таъкидлаганига қарамай, таҳлилчилар АҚШ объектларига етказилган зарар Теҳроннинг қарши ҳужумлари америкалик амалдорлар аввал тан олганидан кўра анча аниқ ва кенг қамровли бўлганини кўрсатаётганини билдирадилар.

АҚШ ҳарбийлари "операцион хавфсизлик сабаблари"дан келиб чиқиб, BBC Verify хулосаларига изоҳ беришдан бош тортдилар.

Эрон билан урушга оид сунъий йўлдош таҳлилларини чеклашга қарор қилган АҚШ йирик сунъий йўлдош тасвирлари таъминотчиси ҳисобланадиган Planet компаниясидан Эрон ва Яқин Шарқнинг катта қисмига оид янги расмларга «номаълум муддатга» чеклов қўйишни сўраган.

Компания бу қарорни тасвирлар «қарши томон ўйинчилари томонидан иттифоқчилар ва НАТО шериклари ҳамда фуқароларни нишонга олиш учун ишлатилмаслигини таъминлаш» истаги билан изоҳлаган.

BBC Verify Эрон ҳужумлари натижасида етказилган зарарни аниқлаш учун бошқа халқаро манбалардан олинган сунъий йўлдош тасвирлари ва Planet'нинг эски расмларидан фойдаланди.

Объектлар Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Қувайт, Ироқ, Иордания, Баҳрайн ва Уммонда жойлашган.

Аслида зарарланган базалар сони бундан кўп бўлиши мумкин — айрим таҳлилчилар бу рақамни 28 тагача деб баҳоламоқда.