Раҳматилла Мирзаевнинг ўлими юзасидан ҳукм чиқарилди

Таниқли сухандоннинг ўлими юзасидан у узоқ йиллар ишлаган Ўзбекистон телевидениеси бирор бир хабар бермаган.
Сурат тагсўзи, Таниқли сухандоннинг ўлими юзасидан у узоқ йиллар ишлаган Ўзбекистон телевидениеси бирор бир хабар бермаган.
Published

Ўзбекистондаги интернет сайтлари хабарига кўра, таниқли сухандон Раҳматилла Мирзаев ўлимида гумон қилинганлар устидан ҳукм ўқилган.

Тошкент шаҳар жиноят ишлар маҳкамаси Қудрат Шоазизов ва Умид Мирзаевни қотилликда айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазолари белгилаган.

Қудрат Шоазизов 14 йилга, Раҳматилла Мирзаевнинг ўғли Умид Мирзаев эса 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон телевидениеси сухандони, 61 ёшли Раҳматилла Мирзаев 2015 йил 2 мартида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги уйида пичоқлаб ўлдирилгани хабар қилинганди.

Воқеадан сўнг, Ўзбекистондаги шоу-бизнесга алоқадор манбанинг Би-би-сига айтишича, қотил Раҳматилла Мирзаевнинг уйида, шкаф ичида яшириниб ўтирганида топилган.

Содир этилган қотилликдан кўп вақт ўтмасдан Раҳматилла Мирзаевнинг ўғли Умид Мирзаев ҳам қўлга олинган. Унинг онаси, Раҳматилла Мирзаевнинг биринчи турмуш ўртоғи Раиса Мирзаева ўғлининг қотилликка алоқаси борлигига ишонмаслиги, ота-боланинг муносабатлари жуда яхши бўлганини гапирган "Даракчи" газетига берган интервьюсида.

"Умиднинг ҳаётида ота-она асосий инсон эди. У отасини жуда яхши кўрарди, унга ғамхўрлик қиларди, тез-тез олдига бориб турар, уйдаги ишларни бажарарди. Раҳматилла ака 15 феврал куни Умиднинг тўйи ҳақида гаплашиш учун келган эди. 27 феврал куни охирги марта телефон орқали гаплашгандик. Раҳматилла ака ўлимидан бир неча кун олдин Умидга Lacetti автомобилини совға қилганини айтганди. Унинг Sparkи борку, нима учун янги машина керак, деганимда, мен Умидга ваъда бергандим", деганди", дея хотирлайди марҳумнинг хотини суҳбатда.

Шу билан бирга, Умид Мирзаевнинг ҳимоячиси орқали "Узметроном" сайтида босилган иқрорномасида келтирилишича, у воқеадан хабарсиз отасини кўргани уйига борганида милиция ходимлари томонидан ушлаб олиб кетилганини айтган. Умид Мирзаев Келес милициясида сўроқ қилиниб, қийноққа солинганини ҳам сўзлаб берган.

"Узметроном" сайтидаги хабарга кўра, илгари прокуратурада ишлаган шахс Умид Мирзаевнинг адвокати бўлган, лекин ишни охиригача олиб боришига имкон берилмаганидан сўнг Умид Мирзаевнинг иқрорномасини интернетда босишга қарор қилганини айтган.

Раҳматилла Мирзаев узоқ йиллар Ўзбекистон телерадиокомпаниясида сухандон бўлиб ишлаган. Бироқ Раҳматилла Мирзаевнинг қотиллиги юзасидан Ўзбекистондаги расмий оммавий ахборот воситалари бирор бир хабар тарқатмаган.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio