Нега Саудия Арабистони АҚШга қўшилиб ҳужум қилмоқда?

Сурат манбаси, AFP
Саудия Арабистони ва АҚШ Ироқдаги Эрон томонидан дастакланган қуролли гуруҳларга қарши зарбалар берилганини маълум қилишди.
Бу ҳолат Яқин Шарқдаги можаронинг янада кескинлашиши эҳтимолини кучайтириши айтилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) нинг маълум қилишича, зарбалар "Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан АҚШ кучлари ва Саудиянинг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш кўрсатмаси берилган Эронпараст террористик гуруҳлар"га қарши амалга оширилган.
Ироқнинг таркибида Эрон қўллаб-қувватлайдиган шиа ҳарбийлашган гуруҳлари устунлик қиладиган ярим ҳарбий Халқ Сафарбарлик Кучлари АҚШ ва Саудия зарбалари натижасида ўз базаларида камида 20 нафар аъзоси ҳалок бўлганини билдирди.
Бу ҳодиса CENTCOM Эрон Яқин Шарқдаги АҚШ кучларига қарши "кутилмаган ҳужум уриниши" сифатида ракеталар учирганини маълум қилганидан бир неча соат ўтгач рўй берган. Бу томонлар ўртасидаги нисбий сукунат даври якунлангани белгиси бўлиши мумкин.
Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири TikTok пост
Ҳужумлар қачон ва қандай рўй берди?
АҚШнинг маълум қилишича, Эрон ракета ҳужумлари сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси содир бўлган ва барча ракеталар "муваффақиятли тарзда уриб туширилган".
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса ракеталар Иорданиядаги АҚШ ҳарбий-ҳаво базаси ва қўмондонлик марказини нишонга олганини, бу "америкалик болалар қотили армиясининг тажовузкор ҳаракатларига жавоб" эканини билдирган.
Шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари денгиз кучлари Ҳўрмуз бўғозида учта нефт танкерига зарба берганини маълум қилди. Уларга кўра, мазкур кемалар огоҳлантиришларга амал қилмай, ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Форс кўрфази сув йўли орқали "хавфсиз бўлмаган ва ноқонуний йўналиш" бўйлаб ҳаракатланган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
CENTCOM баёнотига кўра, АҚШ ва Саудия қирувчи самолётлари сўнгги 72 соат ичида Ислом инқилоби қўриқчилари кўрсатма берган 30 дан ортиқ ҳаво дрони ҳужумларига жавобан Ироқнинг шарқий қисмидаги "террорчиларга тегишли бир нечта логистика ва қурол-яроғ объектлари"га зарба берган.
Қўмондонлик дрон ҳужумларини "асоссиз" деб атади ҳамда улар муваффақиятсизликка учраганини қўшимча қилди.
"Ислом инқилоби қўриқчилари ва унинг террорчи вакил кучлари бу ҳужумларни тўхтатиши керак, акс ҳолда АҚШнинг қўшимча ҳарбий жавобига юз тутади", дейилади CENTCOM баёнотида.
Саудия мудофаа вазирлиги матбуот котиби, генерал-майор Туркий ал-Маликий ҳам "Эрон қўллаб-қувватлайдиган террористик гуруҳларни" ларни душанба ва сешанба кунлари Ироқ ҳудудидан Саудиянинг Шарқий вилояти ва Ар-Риёд минтақасидаги нефть иншоотлари томон дрон ҳужумларини амалга оширганликда айблади.
Унинг айтишича, Саудия Арабистони "ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи"дан келиб чиқиб, ушбу гуруҳларга тегишли муайян нишонларга зарбалар берган.
"Саудия Қироллиги можарони кенгайтиришни истамайди, бироқ унга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузга қатъий жавоб қайтаради", деди у.
Ироқдаги Халқ Сафарбарлик Кучлари чоршанба тонгида тарқатган баёнотида Боғдод, Восит, Найнаво, Басра, Киркук, Карбало ва Диёла вилоятларидаги бир қатор қароргоҳларига берилган АҚШ-Саудия зарбалари оқибатида камида 20 нафар жангчиси ҳалок бўлгани, яна 32 киши яраланганини билдирди.
AFP агентлигига гапирган расмий шахснинг айтишича, шимолдаги Найнаво ва марказий Диёла вилоятларидаги зарбалар энг кўп қурбонларга сабаб бўлган.
Халқ Сафарбарлик Кучлари ўз баёнотида бу ҳужумларни "хиёнаткорона террорчилик ҳужумлари" деб атаб, уларни ўта жиддий кескинлашув ва Ироқ ҳудудий яхлитлигининг бузилиши, мамлакатнинг расмий хавфсизлик тузилмаларига қаратилган зарба" сифатида баҳолади.
Халқ Сафарбарлик Кучлари кучлари ким?
Ироқ Халқ Сафарбарлик Кучлари асосан шиа мазҳабидаги мусулмон ҳарбийлашган гуруҳлардан ташкил топган бирлашма бўлиб, расман Ироқ қуролли кучлари таркибига киритилган. Унинг таркибида Теҳрон Яқин Шарқ бўйлаб ўз манфаатларини илгари суриш учун йиллар давомида фойдаланиб келган кучлар тармоғига кирувчи бир қатор гуруҳлар ҳам бор.
Бу ҳарбийлашган гуруҳлар Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари ва манфаатларига бир неча бор ҳужум уюштирган. Уларнинг мақсади мамлакатда қолган АҚШ қўшинларини чиқиб кетишга мажбур қилишдан иборат. АҚШ эса мунтазам равишда бу гуруҳларга қарши жавоб зарбаларини бериб келади.
Reuters агентлиги Эрон давлат телевидениесида Эрон мудофаа соҳасидаги расмий манбанинг сўзларини келтириб, Теҳроннинг Саудияга қарши дрон ҳужумларига алоқадорлигини рад этган сўзларини хабар берган.
Бу манба минтақадаги АҚШ манфаатларига қарши ҳужумларни Эрон билан боғлашни "катта хато", деб атаган.
Можаро кескинлашаётгани белгилари

Сурат манбаси, AFP
АҚШ ва Эрон ўртасида яна авж олган қарама-қаршиликлар президент Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози юзасидан баҳсни ҳал қилиш учун "жуда дўстона музокаралар" ҳақида гапирганидан икки кун ўтгач содир бўлди. Ўша пайтда икки томон кетма-кет уч кун давомида бир-бирига зарба бермаган эди.
Бу нисбий сукунат АҚШнинг кетма-кет 13 кеча давом этган бомбардимонларидан кейин юзага келганди.
Вашингтон бу ҳужумлар орқали Ҳўрмуз бўғозидан ўтишга уринаётган тижорий кемаларга ҳужум қилиш имкониятларини чеклаш мақсадида Эроннинг қурол-яроғ ва ҳарбий объектларини нишонга олганини айтган. Зарбаларда ўнлаб одам ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Эрон эса АҚШ ҳужумларига жавобан қўшни араб давлатларидаги Америка ҳарбий объектларини ракета ва дронлар билан нишонга олган. Иордания ва Ироқда АҚШнинг тўрт нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.
Ҳўрмуз бўғозига кириш ва уни назорат қилиш масаласи АҚШ ҳамда Эрон ўртасидаги келишмовчиликларнинг асосий нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Эрон расмийлари эса бундай музокаралар аслида умуман бўлаётганини ҳам рад этиб келади.
Чоршанба куни нефт нархлари жаҳон бозорларидаги эрта савдоларда яна кўтарилди. Нефт тижоратчилари можаронинг кучайиши бўғоз орқали энергия ташувларига янада катта тўсиқ туғдиришидан хавотирдалар.
Ҳўрмуз бўғози феврал ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён амалда ёпиқ қолмоқда.
Осиё бозорларидаги эрталабки савдоларда халқаро эталон ҳисобланган Brent нефти нархи 4,3 фоизга ошиб, баррели 87,70 долларга етди.
Сўнгги зарбалар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи билан бир вақтга тўғри келди. Жаноб Нетаняҳу Оқ уйда Трамп билан учрашди ҳамда Эронга нисбатан қатъий позицияси билан танилган АҚШ сенатори Линдси Грэмнинг дафн маросимида қатнашди.
Пентагоннинг сўнгги маълумотларига кўра, Трамп феврал ойида Эронга қарши зарбалар беришни буюрганидан буён камида 624 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси яраланган.






























