Хитой лагеридан омон чиққан уйғур аёл: Улар уйғурларни йўқ қила олмайди - видео

Лондонда Хитойда қарийб уч йилни тутқунликда ўтказган уйғур аёл Гулбаҳор Ҳайитивожининг «Мен Хитойнинг қайта тарбиялаш лагеридан қандай омон чиқдим» номли автобиографик китоби тақдим қилинди.
Унда 10 йилдан бери оиласи билан Францияда яшаган муаллиф 2016 йилда ҳийла билан Шинжонга чақириб олингани ва Хитойда қамалгани ҳамда Хитой қайта тарбиялаш лагерлари деб атовчи марказларидан бирида қандай жисмоний ва руҳий қийноқларга юз тутганини сўзлайди.
У Франция ҳукумати талаби билан озод қилинган ва Париждаги оиласи бағрига қайтган. АҚШ, Британия ва қатор Европа ҳукуматлари, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, бундай лагерларда Хитой 1 миллион уйғур ва бошқа мусулмон аҳоли вакилларини панжара ортида сақлаган ва жазолаган.
Хитой бу айбловларни рад қилиб келади. Расмий Пекин бу лагерларда уйғурларга ҳунар ўргатилгани ва таълим берилганини айтган.
Кучли халқаро танқидлар ортидан Хитой бу лагерларнинг аксарини ёпган, аммо уйғурлар устидан кучли назорат ва таъқиблар давом этмоқда, дейди Human Rights Watch.

Сурат манбаси, Canbury Press
Ибрат Сафо: Китобни 3–4 кунда ўқиб тугатдим. У жуда таъсирли ёзилган. Баъзида у худди детектив ҳикоядек ёки Жорж Оруэллнинг «1984» номли романидек ўқилади, лекин ҳар-ҳар замонда эсладим — бу аёл бўлган воқеаларни ҳикоя қилаётганини айтяпти, бу реал ҳаёт деяпти, яъни бу нарсаларни у XXI асрда, ҳали яқинда бошидан кечирганини айтяпти. Гулбаҳор, китоб учун раҳмат. Хитойдан Францияга қайтганингизга бир неча йил бўлди. Аввало, ҳозир аҳволингиз қандай?
Гулбаҳор Ҳайитивожи: Салом. Авваламбор, барчангизга катта ҳурматимни изҳор қиламан. Мен Францияга 2019 йилда қайтиб келдим. Қайтиб келгач, лагердаги ҳаётимни унутиш учун қийин даврни бошдан кечирдим. Кейин икки набирали бўлиб, шуларга асосий эътиборимни бердим. Банд бўлиш менга руҳан ёрдам берди. Ҳозир, Худога шукур, аҳволим яхши. Мана, икки йилки, янги ишда ишлаб келяпман.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сафо: Сизни озод қилиш учун Хитойда кўплаб мажбурий тилхатларга имзо чекдиришган. Хитойдаги тутқунлик ҳақида гапирмаслик ваъдасини бергансиз. Лекин қайтгач, нафақат гапирдингиз, балки бутун бир китобни ёздингиз. Хитойда бунга расмий ва норасмий қандай муносабат бўлди?
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ҳайитивожи: Тўғри, сиз айтгандек, мени қўйиб юборишларидан олдин Қорамойдаги лагернинг бошлиғи озодликка чиққанимдан кейин бўлган воқеаларни умуман фош қилмаслигимни буюрган ва фош қилсам, ватандаги қариндошларимга муаммо бўлишини айтиб таҳдид қилган. Мен Францияга қайтгач, бошида чиндан ҳам Хитойнинг таҳдидидан қўрқдим. Чунки у ёқда яқинларим, акаларим, сингилларим бор. Ўша бошлиқ менинг бир синглимнинг исмини тилга олиб, «Шу синглингга жуда яқин экансан», дея таҳдид қилганидан кейин, мен гапирсам, уларга бир бало бўлмасин деб қўрқардим. Лекин бошида ошкора гапирмасам-да, яширин гувоҳликлар бердим. Кейин ўйласам, мен бу воқеаларни гапирмай ўтирсам, фақат ўз туғишганларимни ҳимоя қилган бўлар эканман. Лекин у ердаги лагерларда азоб чекаётган бегуноҳ аёлларни ўйлаб, ўзим ошкора чиқишга қарор қилдим ва бу китобни ёздим. Китобим 2021 йил бошида нашрдан чиқди. Китоб чиқиши биланоқ Хитой ҳукумати мени «террорчи» ва «хулқи бузуқ аёл» деб айблаб чиқди. Шу кундан бошлаб ватандаги барча яқинларим билан алоқалар узилди. Ҳаттоки, 2023 йилда онам оламдан ўтганларини мен Канадада яшайдиган бир қариндошимдан бир ҳафта ўтиб эшитдим. Гарчи ватандаги қариндошларимдан айрилиб қолсам-да, китоб нашрдан чиққандан кейин у 14 та тилга таржима қилингани ва мен ватандаги зулмни дунёга овоза қилганим бунга арзийди, деб ўйлайман.

Сурат манбаси, Getty Images
Сафо: Ҳақиқатан ҳам, бундай иккиланиш ҳар бир уйғурнинг қаршисида бўлса керак. Китобда ёзиладики, эрингиз Карим ва қизингиз Гулҳумор Франциядан туриб сизни озод қилиш учун бор кучларини ишга солганлар. Гулҳумор журналистларга ялинган, ҳукуматларга хат ёзган, Шинжонда кимни таниса, барига мурожаат қилган ва мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда онаси ҳақида жар солган. Хитойда эса, сиз билан сўроқлар давом этаётган вақтда, сизга: «Қизингга айт, сен учун курашишни тўхтатсин ва ижтимоий тармоқлардаги барча постларини ўчирсин. Шунда сени озод этишимиз мумкин», — деб айтишган. Ва сиз қизингизни тинчитишга мажбур бўлгансиз. Лекин на сизда, на Франциядаги оиласида сизнинг энди озод этилишингизга ишонч бор эди. Балки энди сизни буткул унутишар, деган хавф ҳам мавжуд эди. Бу катта дилемма. Ва бу хориждаги уйғурлар орасида муқим давом этяпти, шундай эмасми? Улар ҳатто бир-бири билан кўришишга, сирларини айтишга, оилалари ҳақида гапиришга қўрқадилар.
Ҳайитивожи: Албатта, шундай. Чунки улар Хитойнинг қанчалар разил усулларни қўллашини, уйғурлар аҳволи, ўзларига бўлган зулм ҳақида хорижда гапирганларнинг ватандаги қариндошларидан Хитой қандай ўч олганини билишади.
Сафо: Китобда сиз каравотга кишанлаб қўйилганингиз, овқатсиз қолдирилганингиз, қорда қолдирилганингиз ва бошқа ноинсоний муносабатларни тасвирлагансиз. Сиз энди мен синаманми, хотирамдан айриламанми, ўзимни йўқотаманми, деб қўрққансиз. Бир тақризчи ёзибдики, Хитойнинг бу қийноқлар усули «ўта самарали» бўлган. Лекин аслида у самаралимиди? Чунки сиз омон қолдингиз ва бутун дунёга буни сўзлаб бердингиз. Демак, самара бермабди уларга? Кимнидир қийноққа солиб, унинг қандай фикр юритишини ўзгартириб бўлармикан?
Ҳайитивожи: Хитойнинг мақсади — уйғурларнинг миясини ювиш. Маданиятимиз, тилимиз, эътиқодимизни, санъатимизни йўқ қилиш. Ва оқибатда уйғурларни уруғи билан йўқ қилиш. Мен улар бунинг уддасидан чиқишига ишонмайман. Эслайман, мен лагерда ўтирганимда, ортимда ётадиган бир аёл: «Чен Цюанго бизни буткул йўқ қиламан дея хато ўйлабди», — дея пичирлади. Бизга қайта-қайта овоз кучайтиргич карнайлардан Чен Цюангонинг хитойча ваъзи ўқиларди. Ўша пайт ортимдаги аёл пичирлаб: «Худойим, сенга мангу бола бермасин», — деди. У Чен Цюанго бизни осонликча бўйсундира олмаслигини айтиб, қарғади. Бундай ҳолатлар кўп, лекин Хитой мақсадига эришмайди. Хитойни бу мақсадига етказмаймиз. Етказмаслик бизнинг мажбуриятимиз ва вазифамиз.

Сурат манбаси, Getty Images
Сафо: Бу қийноқлар иш бермаслигининг яна бир исботи бўлса керак. Яна сиз ёзасизки, аввал тақводор мусулмон бўлмагансиз. Лекин тутқунликда бўлганингизда сиз Оллоҳга сиғиниб, ўз динингизга яқинлаша бошлагансиз. Яъни сизни динингиздан айирмоқчи бўлаётган усуллар, аксинча, сизни динингизга яқинлаштирган. Демак, бу усуллар буткул тескари самарани берган. Майли, бу инсоннинг ўлдириб бўлмас эътиқоди, дейлик. Лекин айни дамда баъзи қийноқлар кейин қайта тиклаб бўлмайдиган шикастни ҳам етказганини ёзгансиз. Масалан, аёлларнинг бичилиши ва номаълум вакциналар. Сиз уларнинг нималигини билмагансиз ва охирида мағлуб бўлиб, уларга қўлингизни тутгансиз. Демак, қайта тикланмайдиган шикаст ҳам бор, шундай эмасми?
Ҳайитивожи: Шундай. Бизга йилига икки марта тумовга қарши деган вакцина урилди. Ҳар сафар уришдан олдин сизларда танлаш ҳуқуқи бор, дейиларди. Ҳар сафар мен йўқ деб жавоб бердим. Лекин улар сизни мажбурлайди. Менга: «Сен элликка кирдинг, иммунитетинг яхши эмас», — дея босим қилишди. Бу вакцина кўплаб ҳали турмушга чиқмаган қизларга ҳам урилди. Вакцина олгач, уларнинг ҳайз кўриши тўхтади. Баъзилари мени онадек кўрарди: «Гулбаҳор опа, мен энди 20 га кирдим, бу ердан чиққач турмушга чиқаман, фарзанд кўрмасам нима бўлади?» — дея хавотир олишарди. Мен уларни юпатишга уриндим: «Балки бу ердаги ночор шароитлар, ёмон озиқ-овқат туфайли ҳайзинг келмаётгандир. Бу ердан чиққанингдан кейин турмушинг аслига қайтса, баданинг яхши озиқланса, яна ҳайзинг келади», — дея руҳий тасалли берардим. Кўп аёлларда ҳайз кўриш тўхтади у ерда. Лагердан ташқарида ҳам аёлларнинг розилигини олмай туриб, уларни бичиш ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар тасдиқланган.
Сафо: Бошқа кўрсатмаларда шу каби лагерларда бўлган аёллар ўзларига қарши жинсий жиноятлар, жинсий зўравонлик қилинганини айтганлар. Бу БМТ ҳужжатларида ҳам бор. Сиз ўзингиз шу каби ҳолатларга гувоҳ бўлдингизми ё эшитдингизми?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳайитивожи: Шарқий Туркистоннинг ҳамма жойларида бу каби кўплаб лагерлар қурилган. Ва бу лагерлардаги аҳвол бир-биридан фарқ қилади. Мен Қорамойдаги лагерда сақландим ва бир-биридан фарқли иккита ҳибсхонада ҳам ушландим. Ўзим турган лагерда мен ундай ҳолларга дуч келмадим. Лекин бошқа лагерда бўлганлар гувоҳлик беришяпти. Масалан, Урумчи ва Ғулжадаги жазо лагерларида ҳақиқатан шундай жинсий зўравонлик қилинган.
Сафо: Сиз китобда ҳибсхона ва лагерларда ишлаган уйғурлар ҳақида ҳам ёзасиз. Ва улар хан хитойларга қўшилиб таҳқирлашларга шерик бўлганини тасвирлайсиз. Соқчилар бўлсин, полициячилар, ўқитувчилар ва ҳоказо. Бир Миҳрай исмли тарбиячингиз сизни сўроқ қилаверганида, ўзи қаердан келган экан, оиласи қандай экан, нега бунга рози бўлди экан, деб ўйланасиз. Улар ҳақиқатан ҳам ўша мафкурага ишонадиларми ёки шунчаки омон қолиш учун бу ишни қилишяптими?
Ҳайитивожи: Бу аҳволга тушгунча, уларнинг барида мияси ювилган, дея олмайман. Ва айни дамда ҳаммаси биз томонда турди, бизни ҳимоя қилди, деб ҳам айтолмайман. Мени биринчи марта ҳибсхонадан жазо лагерига 2017 йил ёзида кўчиришганида, Анвар исмли бир ходим бор эди. Бир хитойлик соқчи биз аёлларга шу қадар бақириб муносабат қилаётган вақтида, Анвар келиб: «Нега бу аёлларга қўполлик қиляпсан?» — дея қарши чиқди. Ўша заҳотиёқ уни судраб олиб чиқиб кетишди ва шу-шу уни бошқа кўрмадик. У балки ё қамалди, ё лагерга юборилди. У ердаги соқчилар ўз вазифасини бажаришяпти. Баъзилари бизнинг тарафимизни олишга уринсалар-да, бу улар учун хавфли эди. Агар бизни ҳимоя қилиб, Хитой ҳукумати сиёсатига қарши чиқса, ё ишидан айриларди, ё турмага ташланарди. Очиқча бўлмаса-да, мени қўллаб-қувватлаб, тарафимни олган соқчилар бор эди. Мен ҳеч қаерда, китобимда ҳам улар ҳақида ёзмадим, чунки уларга бирон хатар бўлишини истамайман.
Суҳбатни BBC Uzbek YouTube каналида томоша қилинг.






























