Россия армияси сафида Украинада жанг қилиб қайтган яна бир ўзбекистонлик судланди

Сурат манбаси, EPA
Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилиб, Ўзбекистонга қайтган фуқароларга нисбатан суд ҳукмлари чиқмоқда.
Бу сафар Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани суди 23 ёшли йигитни ёлланма сифатида урушда қатнашганликда айбдор деб топиб, тўрт йил муддатга озодлигини чеклади.
Бу бундай айблов билан жавобгарликка тортилган биринчи ўзбекистонлик эмас. Аввал ҳам Россия армияси сафида Украинада жанг қилиб, кейин Ўзбекистонга қайтган бир неча фуқарога нисбатан ҳукмлар чиққан.
Маълумотларга кўра, фарғоналик йигит 2021 йилда отаси ва укаси билан ишлаш мақсадида Россияга кетган. Кейинчалик у гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун озодликдан маҳрум этилган. Тергов маълумотларига кўра, жазони ўтаётган вақтида Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, Украинадаги жангларда қатнашган.
Бироқ судда берган кўрсатмасига кўра, ҳарбий шартномани ихтиёрий эмас, босим остида имзолаган. Унинг айтишича, Россия қамоқхонасида унга жазо муддати яна ўн йилга узайтирилиши мумкинлиги айтилганидан кейин ҳарбий шартномага рози бўлган.
Унинг сўзларига кўра, икки ойлик ҳарбий тайёргарликдан сўнг Запороже вилоятида жанг қилган ва дрон ҳужумида яраланган. 2026 йил февралда Ўзбекистонга қайтгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берган кўрсатмасида урушда қатнашганини тан олган.
Тергов давомида унинг телефонида жанговар ҳаракатларда иштирок этганини тасдиқловчи фотосуратлар аниқланган. Суд унинг айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, тўрт йил муддатга озодлигини чеклаш жазосини тайинлагани хабар қилинди.
Биринчи марта эмас
Бу Ўзбекистонда Россия армияси сафида Украинада жанг қилиб қайтган фуқарога нисбатан чиқарилган биринчи ҳукм эмас.
Жорий йил феврал ойида Россия армияси билан шартнома имзолаб, Украинада жанг қилган 57 ёшли наманганлик эркак ҳам Ўзбекистонда судлангани ҳақида хабар қилинган эди. Маълумотларга кўра, у ҳам бир неча йил аввал ишлаш мақсадида Россияга кетган. Кейин Украинадаги жангларда қатнашган, жароҳат олган, Россия фуқаролигини олган ва ҳарбий хизмати тугагач, Ўзбекистонга қайтган. У уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Ҳозиргача маълум бўлган ишлардан кўринишича, Украинадаги урушга қўшилиш сабаблари турлича бўлган. Айримлари иқтисодий қийинчиликлар ёки юқори маош таклифини сабаб қилиб кўрсатган бўлса, бошқалари Россия қамоқхоналарида босим ўтказилганини иддао қилган.
Қонун нима дейди?

Сурат манбаси, BBC EX NEWSNIGHT LIBRARY
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, моддий манфаатдорлик ёки бошқа шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш жиноят ҳисобланади. Бу модда беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Россия армияси сафида Украинада жанг қилиб қайтган бир неча ўзбекистонлик ҳам айнан шу модда бўйича жавобгарликка тортилган. Фарғоналик йигит ишида эса суд Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, ёши ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш ўрнига тўрт йил муддатга озодлигини чеклаш жазосини тайинлагани билдирилади.
Муҳожирлар қандай ёлланади?

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқдан олинган расм
Бу ишлар Россияда меҳнат қилаётган Марказий Осиё муҳожирлари қандай қилиб урушга жалб қилинаётгани ҳақидаги саволларни яна кун тартибига олиб чиқмоқда.
Қирғизистонлик журналист ва таҳлилчи Адил Турдуқулов сўнгги бир йил давомида Россия армияси сафида жанг қилган ёки Украинада асирга тушган Марказий Осиё фуқаролари ҳақида ҳужжатли филмлар тайёрлаб келмоқда.
Унинг айтишича, Россия армияси сафида жанг қилаётган ёки Украина асирлигига тушган Марказий Осиё фуқароларининг аниқ сони маълум эмас.
"Тахминий маълумотларга кўра, улар орасида энг кўпи ўзбекистонликлар бўлиб, кейинги ўринларда тожиклар, қирғизлар ва қозоқлар туради. Туркманистондан эса, Россияда меҳнат муҳожирлари нисбатан кам бўлгани учун, деярли учрамайди", - деди у BBC билан суҳбатда.
Taxminiy ma’lumotlarga ko‘ra, ular orasida eng ko‘pi o‘zbekistonliklar bo‘lib, keyingi o‘rinlarda tojiklar, qirg‘izlar va qozoqlar turadi...
Турдуқуловнинг фикрича, Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳимояси чеклангани уларни ҳарбий хизматга жалб қилишни осонлаштиради.
"Айримлари ватанга қайтишни истайди. Бошқалари эса ўз юртида жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан хавотирда", - дейди у.
Унинг айтишича, Украинада асирга тушган Марказий Осиёлик муҳожирларни Россияга қайтариш ёки маҳбуслар алмашинуви жараёнларига киритиш борасида ҳам етарлича ҳаракат қилинмаяпти.

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқлар
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
BBC ва Mediazona тадқиқотига кўра, Россия армияси сафида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи фронтга Россия қамоқхоналаридан ёлланган маҳбуслар бўлган.
Мавзуни ўрганган BBC Россия бўйича кaттa мухбири Олга Ившина олдинроқ, янги шартнома имзолаганларнинг кўпи минимал ҳарбий тайёргарликдан кейин дарҳол фронтнинг олд қаторларига ташланиши ҳақида айтган. Айримлари эса шартнома имзолаганидан бир ой ўтар-ўтмас ҳалок бўлган.

































