Қозоқлар ёппасига inDrive га ўтаяпти, Ўзбекистон аксилрақобати Yandex ни текшириши керакми?

Ўзбекистон шаҳарларидан бири кўчасидаги Яндекс Го таксиси
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Қозоғистонда Yandex Go хизматида юз берган йирик узилиш рақобатчи платформа - inDrive (аввалги номи inDriver) хизматига талабнинг кескин ошишига сабаб бўлди.

Такси ва етказиб бериш буюртмалари деярли уч баробарга кўпайгани ортидан компания қўшимча ҳайдовчиларни жалб қилиш ва тарифлар ошишини чеклаш чораларини кўрди, деб хабар берди хусусий Kursiv.media нашри 12 октябр куни.

inDrive асосчиси ва бош директори Арсен Томский Threads ижтимоий тармоғида шундай ёзди:

"11 октябр эрталаб Қозоғистонда Yandex хизматларидаги узилиш фонида inDrive орқали берилган такси ва етказиб бериш буюртмалари сони деярли уч баробарга ошди".

Хабарда қайд этилишича, айрим ҳудудларда мавжуд автомобиллар етишмаслиги тарифларни сезиларли даражада оширган.

Бунга жавобан inDrive ҳайдовчилардан олинадиган комиссия миқдорини камайтирган. Томскийга кўра, бу комиссия аввалданоқ «бозордаги энг паст» кўрсаткичлардан бири бўлган.

"Бу ўз самарасини берди: биз ўн минглаб янги ҳайдовчилардан аризалар қабул қилдик, уларнинг кўпчилиги тез орада иш бошлади ва бир неча соатдан сўнг нархлар пасая бошлади", деди тадбиркор.

Шунга қарамай, вазият ҳали ҳам одатий ҳолатга қайтмаган.

Қозоғистондан олинаётган хабарларга кўра, айрим жойларда, жумладан, аэропортларда, тарифлар одатдагидан юқори қолаяпти.

Томский тушунтиришича, inDrive платформасида йўловчилар ва ҳайдовчилар нархни мустақил келишиб оладилар: йўловчи ўз таклифини беради, ҳайдовчи эса уни қабул қилиши ёки муқобил нарх таклиф қилиши мумкин.

Талаб кескин ошган ва автомобиллар етмай қолган вазиятларда ҳар икки томон ҳам юқорироқ нархлар таклиф қилишга мойил бўлади.

Иқтибос
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Тарифларнинг янада кўтарилишининг олдини олиш мақсадида компания ҳайдовчиларни жалб қилишни давом эттирган ва келишиладиган тарифлар доирасини чеклаган.

Бундан аввал Томский йўловчилар оқимининг кескин кўпайиши талаб ва таклиф ўртасида номутаносиблик келтириб чиқарганини тан олган эди.

Унинг айтишича, inDrive комиссия миқдорини мажбурий солиқ тўловларини қоплаш учун зарур бўлган энг паст даражага туширган ва фойдаланувчилар келишиши мумкин бўлган тарифлар доирасига қўшимча чекловлар жорий этиш масаласини кўриб чиққан.

Арсен Томский inDrive компаниясининг асосчиси ва бош директори ҳисобланади.

У 1973 йили Россиянинг Якутск шаҳрида туғилган.

Дастлаб IT соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланган, 2013 йилда inDriver (кейинчалик inDrive) сервисини ишга туширган.

Томский inDriveни Якутскда такси нархларининг сунъий оширилишига қарши жавоб сифатида яратганини айтган.

2022 йили Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлагани ортидан Арсен Томский компанияси фаолиятини Россиядан тўлиқ кўчиришга қарор қилган.

Кейинчалик у Қозоғистон фуқаролигини олган ва Forbes'нинг Қозоғистондаги бой тадбиркорлар рўйхатига кирган.

13 октябр куни Қозоғистон Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги inDrive такси хизматига расмий огоҳлантириш мактубини юборган, айрим такси ҳақлари уч баравар қимматлашиб кетганига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

"Яндекс Go" фаолиятидаги узилишлар оқибатида Арманистонда ҳам такси ҳақлари кескин кўтарилиб кетган, Yandexга муқобил gg ширкати серверлари ҳам худди Қозоғистондаги inDrive дек зўриқиш билан ишлай бошлаган.

"Кремл тарғиботи ва дезинформацияси кескин камайди"

Украинанинг Россиядаги маълумотлар марказларига берган зарбалари оқибатида Кремлнинг интернетдаги тарғибот ва дезинформация фаолияти кескин қисқаргани кузатилди, дея хабар берди "Франс Пресс" ахборот агентлиги.

Мухожиратдаги россиялик шахмат бўйича гроссмейстер, мухолиф сиёсатчи Гарри Каспаров шундай ёзди:

«Менинг лентамдаги россиялик тролл-ботларнинг сони аллақачон кескин камайди».

Кўплаб интернет фойдаланувчилари АҚШ Президенти Доналд Трамп, Россия ёки Германиядаги муҳожирларга қарши ва Россия тарафдори бўлган AfD партиясини қўллаб-қувватловчи ижтимоий тармоқ контенти сезиларли даражада камайгани ҳақида ёздилар.

Уларнинг фикрича, бу пасайиш Россиядаги маълумотлар марказларига берилган зарбаларнинг бевосита натижасидир. Бу ҳужумлар Россиянинг «бот»ларини, яъни кўп миқдордаги паст сифатли контентни, аксар ҳолларда тарғибот ва дезинформацияни тарқатиш учун ишлатиладиган автоном компютер дастурларини ишдан чиқарган.

12 октябр куни Варшава хавфсизлик форумида Литва Бош вазири Миндаугас Синкявичюс бундай ҳужумларни ўз мамлакати ва Полшада бўлиб ўтадиган яқинлашаётган сайловлар хавфсизлигини таъминлаш учун самарали чора сифатида тавсия қилди.

«Биз жаноб Зеленскийдан Россиядаги яна кўпроқ маълумотлар марказларига зарба беришни сўрашимиз керак. Менимча, бу ёрдам бериши мумкин», деди у.

Украина Президенти Володимир Зеленский форумда сўзлар экан, унинг мамлакати Россия маълумотлар марказларини нишонга ола бошлаганидан кейин «кўплаб ижтимоий тармоқ платформаларида нафас олиш бироз енгиллашганини» айтди.

Бутун дунё интернет трафигини кузатиб ва таҳлил қилиб борувчи Cloudflare Radar маълумотларига кўра, Сасово объектига қилинган ҳужумдан кейин Yandex манбалари орқали келувчи Интернет трафиги тахминан 35 фоизга камайган.

Владимирдаги дата-маркази ёпилганидан кейин эса бу кўрсаткич бир ҳафта аввалги даражага нисбатан 99 фоизга тушиб кетган.

Бироқ Россиянинг Интернетдаги тарғибот фаолиятини ўрганувчи мутахассислар бундай сабаб-оқибат боғлиқлиги ҳақида хулоса чиқаришга эрта, дейдилар.

«Ҳозирча маълумотлар марказларига қилинган ҳужум Кремлнинг "тролл фабрикалари" овозини ўчирганини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далил йўқ», деди AFP агентлигига интернетдаги дезинформация операцияларини мониторинг қилиш билан шуғулланадиган Data for Good ташкилоти мутахассиси Никола Тулечки.

Унинг айтишича, кенг тарқалган Cloudflare графигида ижтимоий тармоқлардаги ботлар эмас, балки Yandex томонидан бошқариладиган тармоқдан веб-сайтларга юборилган автоматлаштирилган сўровлар ҳажмининг камайиши акс этган.

Россия билан боғлиқ таъсир ўтказиш операцияларини кузатиб борувчи Antibot4Navalny жамоаси ҳам Cloudflare Radar графикларининг талқини нотўғри эканини ҳисоблайди.

«Украина Yandex маълумотлар марказига зарба берганидан кейин Кремл назоратидаги ижтимоий тармоқ ботлари ва тролл фабрикалари жим бўлиб қолди, деб таъкидлаётганларга: афсуски, сизнинг умидингизни пучга чиқаришга тўғри келади», деб ёзди жамоа X ижтимоий тармоғида.

Ўзбекистон онлайн харита бозоридаги вазият қайта кўриб чиқилиши керакми?

ИҚТИБОС

13 октябр куни Яндекс муаммоларга дуч келаётгани мавзусига Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам изоҳ берди.

Песковга кўра, ҳукумат бутун Россия технологияси дуч келган муаммоларни кўриб чиқаяпти.

Yandex маълумотлар марказларига ҳужумлар оқибатида фойдаланувчилар молиявий йўқотишлардан жабр кўрдиларми ёки йўқлигини айтишга ҳали эрта, деди Россия президенти матбуот котиби.

"Компания кучли", деди Дмитрий Песков.

Яндекснинг бош офисидан хабар қилишларича, "хизматлар ҳамон чекловлар билан ишлаяпти, компания инженерлари қайта тиклаш ишларини давом эттираяптилар. "Яндекс 360" хизмати октябр ойи охиригача жорий мижозларга бепул бўлади".

Ўзбекистондаги gazeta.uz га Yandex Uzbekistan ширкатидан айтишларича, 11 октябр куни издан чиққан хизматлар борган сари қайта тикланаяпти.

Yandex Go ва бошқа кўплаб боғлиқ хизматлар одатий режимда ишлаяпти.

Бироқ айрим функциялар хизматларда ҳамон хатолик кузатилши мумкинлигини айтишган Yandex Uzbekistan дан.

"Ҳозир биз учун энг устувор вазифа тўловлар барқарорлиги ва инструментларни қўллаб-қувватлаш", дейишди ширкат вакиллари.

Нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа Марказий Осиё мамлакатларида ҳам онлайн харита, электрон тўлов ва бошқа Интернет хизматларини фақат Россия ширкатига ишониб топшириб қўйиш хато экани ҳақида ёзишмоқда экспертлар, оддий Интернет фойдаланувчилари.

Хусусан, ўзбекистонлик таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов ўзининг Телеграм каналида шундай ёзди:

"Ўзбекистонда такси, етказиш, транспорт хариталарининг ҳаммаси Yandex харитасига боғланган. Фақат шулар бойисин, деб Google хаританинг ривожига сунъий тўсқинлик яратиб келинган. Apple харита-ку бизда умуман ишламайди қарийб.

Узилиш бизда ҳам ўн минглаб инсонларнинг ишлашига, иш вақтига таъсир ўтказади.

Агар ўтган йиллар ичида барчага тенг шароит қилиниб, Google харита ҳам тенг ривожлантирилганида, ёки ўзимизнинг электрон харитамиз яратилганида — бу ҳолатга тушмасдик, албатта.

Ҳалиям кеч эмас, бошқаларни бозорга қўйиш керак, уруш исканжасидаги босқинчиларга ишонмасдан".

Узилишларга изоҳ берар экан, Қозоғистондаги машҳур таҳлилий Telegram канали - "Первый жүз" мамлакат хорижий рақамли инфратузилмага боғлиқлик хавфларини қайта баҳолаши кераклигини таъкидлади.

Канал фикрича, мазкур узилиш «вақтинча ишламай қолган таксилар ҳақидаги ҳикоя эмас, балки технологик қарамлик қанчалик қимматга тушишининг яққол намунасидир».

"Первый жүз"га кўра, Россиядаги объектларда юз берган техник муаммолар Олмаота ва Астанадаги фойдаланувчиларга ҳам таъсир қилаётгани «мамлакатнинг рақамли чегараси ҳар доим ҳам унинг жисмоний чегараси билан мос келмаслигини» кўрсатади.

Шу муносабат билан канал Қозоғистон учун учта асосий хулосани келтирган.

Биринчи хулоса инфратузилма билан боғлиқ. Унга кўра, ҳатто маҳаллий жамоалар ва хизматлар мавжуд бўлган бозор ҳам, агар платформанинг муҳим таркибий қисмлари Россиядаги ҳисоблаш ресурсларига таянса, ҳақиқий мустақилликка эга бўлмаслиги мумкин.

Иккинчи хулоса иқтисодий аҳамиятга эга. Чунки бундай узилишлар йўловчиларни йўлда қолдириши, ҳайдовчилар, курьерлар ва бизнес субъектларини эса даромаддан маҳрум қилиши ҳамда уларнинг фаолиятини издан чиқариши мумкин.

Учинчи хулоса эса стратегик хусусиятга эга.

"Первый жүз" қайд этишича, Қозоғистон Россия хизматларидан воз кечмаслиги, балки танлов имкониятларини диверсификация қилиши керак.

«Кўп векторли сиёсат бир қарамликни бошқасига алмаштириш эмас, балки танлаш имкониятига эга бўлишни англатади», дейилади хабарда.

Муаллиф захира инфратузилмаси, муқобил тўлов тизимлари ва бутун рақамли секторнинг барқарорлигини оширишга чақириб, хулосасида шундай дейди:

«Рақамли суверенитет маҳаллий иловалар сони билан эмас, балки хорижий платформа ишдан тўхтаганда иқтисодиётнинг ишлашда давом этиш қобилияти билан ўлчанади».

Yandex Taxi Россия, Молдова, Арманистон, Беларус, Грузия, Қирғизистон, Сербия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликларида фаолият юритади.

Айни пайтда Қирғизистонда Россиянинг яна бир компанияси - Wildberries'нинг WB Taxi такси хизмати фаоллашди.

Яндекс билан боғлиқ воқеалардан кейин Бишкек кўчаларида WB Taxi'нинг "Бизни танланг" мазмунидаги рекламалари кўпайганини BBC O'zbek мухбири хабар қилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, WB Taxi Қирғизистонда 2026 йил 27 мартда иш бошлаган.

Wildberries - Россияда ташкил этилган йирик интернет-дўкон.

Компания Марказий Осиё бозорига ўн йилларча аввал кириб келган.

Жорий йил ёзида эса Украина Россия ҳудудидаги Wildberries омборлари ва логистика марказларига қарши ҳужумларни кучайтирган.

Киев бу объектлар Россия армияси учун ҳарбий маҳсулотлар етказиб беришда ишлатилганини айтган.

Москва эса бу даъволарни рад этган.