Москва: Тоқаев Россияни 'буюк держава' деди, Путинни яна мақтади

Сурат манбаси, rasmiy
Қозоғистон президентининг бу галги мақтови унинг Москвага икки кунлик амалий ташрифи чоғида янгради.
Қозоғистон Украина билан урушаётган Россияга чегарадош ягона Марказий Осиё давлатидир.
Икковлон ўртасидаги қуруқлик оша чегара дунёдаги энг узуни бўлади.
Россия Украинага очган урушдан бевосита жабр чекаётган, Украина дронлари нишонига айланган минтақа мамлакатидир.
Нима гап?
Президент Тоқаев Россия ва унинг президентини Путин билан икки томонлама мулоқоти чоғида мақтади.
Сўз навбати ўзига етганида, Қозоғистон раҳбари Россия президентининг яқинда Хитойга қилган ташрифига хосан тўхталди.
У Путиннинг ташрифи, APEC саммити, АҚШ ва Хитой президентлари билан илк уч томонлама мулоқоти муваффақиятли кечгани билан табриклаши кераклигини айтди.
Тарихий уч томонлама мулоқот Шэнжэндаги саммит теграсида кечган.
Дунёда қутблашув ва геосиёсий танглик кучайиб бораётган бир пайтда амалга ошгани билан четда кўпчиликнинг эътиборига тушган.
Жаҳон бўйлаб сарлавҳаларга чиққанди.
Тоқаев фикрича, "тарихнинг жуда мураккаб бир палласида, геосиёсат бутунлай беқарорлашиб кетган бир пайтда Россия буюк давлат сифатида олдинга чиққан".
Қозоғистон президенти буни Путиннинг "улкан хизмати", деб атаган.
Тоқаев буни кузатгани, Россия учун қувонгани ва чин дилдан хурсандлигини ҳам билдирган.
У Россияни "буюк держава", деб атаган.
Бу ҳақда Россия президентининг матбуот хизмати расман хабар берган.
Расмий хабарда айтилишича, Путин бу гапларидан кейин Қозоғистон президентига раҳмат айтган.
Бу Тоқаевнинг кечаётган йилда Путинни илк бор мақташи эмас.
Қозоғистон президенти икки кунлик амалий ташриф билан Росмияда бўлиб турибди.
Тоқаев Москвада экан, AI Journey 2026 халқаро анжуманида ҳам иштирок этади.
Россия ва Путин омили

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади.
Россия Украинада олиб бораётган урушдан ошкора безовта.
Тоқаев шу йил июлида Путинга Украина можаросини музлатишни тўғридан-тўғри таклиф қилишгача борган.
Бу гапни Россия раҳбарининг юзига очиқча айта олган давлат раҳбари сифатида қилган иши яхшигина шов-шувга ҳам сабаб бўлган.
Расмий Остона БМТ Низомига мувофиқ, барча давлатлар ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлаб келади.
Айнан Украина уруши Кремлнинг кейинги нишони ким бўлажагига оид саволларни ҳам пайдо қиларкан, орада эҳтимолий давлатлар сирасида айнан Қозоғистоннинг номи ҳам тилга олинган.
Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида айнан Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари "нишони"га айланган.
Улар томонидан ери, давлатчилиги қайта-қайта ошкора савол остига олинган, бу Қозоғистоннинг Украинадан кейин Россиянинг навбатдаги нишонига айланажагига оид қўрқувларни ҳам уйғотган.
Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги, аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса орада икки ўртада даҳанаки жангларга ҳам сабаб бўлган.
Қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, сўнгги йилларда Россия билан ўзаро муносабатларининг қанчалик танглашгани бобида четда ҳам эътиборга тушгани ҳам бор гап.
Мавжуд вазият Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи устма-уст баёнотлар билан чиқишига ҳам олиб келган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Россиянинг халқаро саҳнада оҳанги кучайиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Путин ва Россия сўнгги кунларда четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Ўзининг чақириқ ва талаблари билан минтақада янги саволларни пайдо қилган.
Путин аввалига МДҲ хавфсизлиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирган.
Кейин Россия шамсияси остидаги хавфсизлик блоки – ОДКБни кучайтиришга чақирган.
Ушбу блокка Тожикистон ва Қирғизистон билан бирга Қозоғистон ҳам киради.
Путин унга аъзо давлатларни ҳозирги "халқаро кескинлик"ни инобатга олган ҳолда, ташкилот салоҳиятини ошириш ва ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ундаган.
Бунинг ортидан Россия НАТОдан Марказий Осиёдан чиқишни талаб қилганига оид хабарлар олинди.
Айрим Ғарб нашрлари ёзишича, Россия бу талабини Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларда илгари сурган.
НАТОдан минтақада "ҳар қандай ҳарбий фаолиятдан воз кечиш"ни талаб қилган.
Бу эса айни мазмундаги хабарлар аҳамиятини янада кучайтирувчи омил ўлароқ ўртага чиққан.
Ҳам НАТО ва ҳам минтақа давлатлари пойтахтлари эса ҳозирча жим, уларнинг бу хусусда бирор бир расмий муносабат билан чиқишгани ҳалича кўрилмайди.
Россиянинг Марказий Осиёни ҳам ўз ичига олгани айтилувчи сўнгги талаблари аксарият таҳлилчилар томонидан "максималист", деб баҳоланди.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Россия ҳануз Украина билан урушаётган бир пайтга тўғри келди.
Орада кечган вақт давомида эса Украина урушига тинч йўл билан барҳам бериш уринишлари иш бермаган.
Ҳатто дунёнинг энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрати бўлган Америка Қўшма Штатларининг президенти Доналд Трамп, қарийб икки йилдирки, Украина урушига "бир кунда" чек қўйиш ҳақидаги сайловолди ваъдасини бажара олмаган.
Россиянинг халқаро саҳнадаги энг яқин иттифоқчилари - Хитой ва Ҳиндистоннинг ундашлари ҳам бесамар якунланган.
Туркия томонидан илгари сурилгани мисолида бўладими ёки Пекин - тинчлик режалари ҳам деярли шундайлигича қоғозда қолиб кетган.
Россия ҳам дунёнинг саноқли қудратларидан биттаси бўлади.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи халқаро саҳнада минтақа давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастакловчи баёнотлар ортиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Қозоғистон ва дрон ҳужумлари
Ushbu voqea xalqaro huquq bilan himoyalangan fuqarolik obyektiga nisbatan uchinchi tajovuzkor harakat bo‘ldi.
Қозоғистон ўтган йил охирида Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми терминалига қилинган ҳужум юзасидан Украинага расман ва ошкора ўзининг норозилигини билдирган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда баёнот билан чиққан.
Вазирлик ўзининг баёнотида бунга ўхшаш ҳодисалар Қозоғистон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга путур етказишини ҳам таъкидлаган.
Расмий Остона, "Украина тарафи бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун аниқ чоралар кўриши"га умид ҳам билдирган.
Расмий Киев эса "Украина Қозоғистонга қарши ҳеч қандай душманона ҳаракатлар қилмаяпти", - дея баёнот берган.
"Украина томонининг ҳеч қандай ҳаракати Қозоғистон ёки бошқа учинчи бир томонларга қаратилган эмаслиги"ни таъкидлаган.
"Украина Россия ҳужумларига жавобан зарба бериши, ўзларининг барча саъй-ҳаракатлари БМТ Низомининг 51-моддасида кафолатланган ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқининг бир қисми сифатида Россиянинг кенг кўламли тажовузкорлигини қайтаришга қаратилган"лигини баён қилган.
Барча томонларни Россияни "ўз давлатлари ва халқларига қарши жиноий урушини имкон қадар тезроқ тугатишга ундаш" учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ҳам чақирган.
Расмий Киевнинг бу жавобига расмий Остонанинг муносабати ноаён қолган.
Аммо буларнинг барчаси ортидан ҳам минтақадан Қозоғистоннинг Украина дрон ҳужумларидан жабр чекканига оид хабарлар келишда давом этган.
Қозоғистон ва Украина

Сурат манбаси, EPA
Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бири шу пайтгача Россия Украинага очган урушни на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинага оид халқаро резолюцияларида ҳам бетарафликларича қолишаётир.
Қозоғистон ўзининг Украина уруши борасидаги илк расмий баёнотини 2022 йилнинг мартида, Россия ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлашидан ой ўтиб берган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўшанда Россия ва Украинани "музокаралар орқали тил топишиш"га чақирган, "ёмон тинчлик яхши жанжалдан афзал" эканини айтган.
Расмий Остона орада Украина масаласида Қозоғистоннинг позицияси "аниқ" экани, бу "БМТ Низоми асосида барча давлатлар, шу жумладан, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш заруратидан иборат" эканини айтган.
Қозоғистон Украина можаросининг тез орада тугатилишидан чин дилдан манфаатдор экани ва зарур бўлса, бунда ўз ролини ўйнашга ҳам тайёр эканлигини таъкидлаган.
Расмий Остона, "зиддиятларни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш қатъий ечим эмаслигини айтишдан ҳам тортинмаслиги"ни расман ва ошкора баён қилган.
Қозоғистон "кўпқутбли ташқи сиёсати туфайли дунёнинг ҳеч бир давлати билан ёмон муносабатларга эга бўлмаган тинчликсевар давлат" эканини айтади.
Орада Ғарбнинг Украина уруши боис Россияга қўллаб келаётган халқаро санкциялари талабларини бажаришга ҳам ваъда берган.
Расман тақиқланган 2023 йилга қадар қозоғистонликлар Россиянинг Украинадаги урушига вақти-вақти билан ўз норозиликларини билдириб келишган.
Урушга қарши намойишларга чиқишган, фаоллар эса, Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча бор тинч митинглар ҳам уюштиришган.
Бу каби ҳолат Украина уруши манзарасида қолган аксарият минтақа давлатларида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Қозоғистон уруш ичидаги Украинага инсонпарварлик ёрдами ҳам юбориб келади.






























