АҚШ ва Марказий Осиё: Самарқанд саммити нима беради? Видео

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио айтишича, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни муҳим деб ҳисоблайди ва бу муносабатларни ривожлантиришни истайди.
У Самарқандга парвоз қилишидан олдин журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Марко Рубио Украинага Starlink сигналлари секинлаштирилгани, Ғарбий Соҳилда америкалик журналист яҳудий келгиндилар ҳужумига учрагани, Россияга қарши АҚШ санкцияси ҳақидаги саволларга ҳам жавоб қайтарди.
Самарқандга сафари мақсади ҳақида сўралганда, жаноб Рубио шундай деди:
"Бу - ўша раҳбарлар билан бирга ишлаш фурсати етган вақт. Гап фақат Ўзбекистон ҳақида эмас. Марказий Осиёнинг қолган тўрт давлати ҳам бор. Бу ерда муҳим муносабатлар мавжуд. Биласизми, баъзан стратегик ташрифларимиз диққатдан четда қолиб кетади. Чунки доим қаердадир инқироз ёки муаммо бўлади ёки бирор конференция сабабли сафарга чиқасиз. Аммо шундай мамлакатлар ҳам борки, биз улар билан муносабатларимизни мустаҳкамлашни истаймиз ва у ерга боришни хоҳлаймиз.
Бир неча ҳафта олдин Греция ва бошқа жойларга ташрифларимизда айнан шуни қилдик. Ундан бир неча ҳафта аввал эса Лотин Америкасига боргандик. Энди эса Марказий Осиёга йўл олаяпмиз.
Бу барча беш давлат раҳбарини ва беш мамлакат ташқи ишлар вазирларини бир жойга жамлаш имконини берадиган вақт".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев хабар беришича, 19 октябр куни Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг "C5+1" шаклидаги учрашуви бўлиб ўтади.
Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби иштирок этади.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иштирокида Ўзбекистон-АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи давраси ҳам бўлиб ўтади.
Мулоқот давомида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё ишбилармон доиралари иштирокида учрашувлар ҳам ўтказилади.

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Матбуот хабарларига кўра, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан бирга Самарқандга Америка йирик бизнесининг 200 дан ортиқ вакили ҳам борганлар.
Улар орасида дунёнинг энг бой одами, Tesla, X(собиқ Твиттер) ва SpaceX ширкатлари раҳбари Элон Маск ҳам бўлиши кутилаётгани хабар қилинган.
C5+1 - АҚШ билан беш Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик форматидир.
Бу шаклдаги ҳамкорлик 2015 йилдан буён давом этиб келади.
Ўтган йил ноябрида Вашингтонда, Оқ Уйда C5+1 президентларининг учрашуви бўлиб ўтган эди.
АҚШ Давлат котиби Рубионинг Марказий Осиё раҳбарлари билан мулоқоти Президент Трамп Россия билан бизнесни яна қайта тиклаш истагини намоён этган вақтга тўғри келмоқда.
2022 йилда Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлагани сабабли Европа ва АҚШнинг президент Байден раҳбарлигидаги олдинги маъмурияти Россияга қарши жазо чоралари киритган, савдо-сотиқ таъқиқланган.
Шу йил сентябрида АҚШнинг Россияга қарши янги санкциялари эълон қилинган, бу ҳақдаги қонунни Президент Трампнинг ўзи имзолаган эди.
Қонун кучга киришига икки кун қолганда Президент Трамп унинг ижросини тўхтатди.
Бундан олдин Россиядан дизел ёқилғиси сотиб олиш қарорини маъқуллади.
Буни Президент жаҳон бозорида ёқилғи нархи кўтарилиб кетгани билан тушунтирди.
Украинани Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарба бермасликка чақирди.
Президент Трампнинг Россияга санкция киритишни тўхтатиш қарорини Америкадаги Демократ сиёсатчилар танқид қилдилар.
Улар Трампни Москвага ён беришда ҳамда Киев ва Зеленскийдан юз ўгиришда айбладилар.
Трамп Эронга қарши бошлаган уруш нефт ва газ нархларини кўтариб юборди, жаҳон нефти ва гази ўтадиган муҳим Ҳўрмуз бўғози ёпилишига олиб келди.
АҚШдаги ноябрдаги оралиқ сайловлари арафасида ёқилғи нархлари кескин ошган.
Инфляция ўсгани Трампнинг америкаликлар орасидаги обрўсига салбий таъсир кўрсатган.
Американинг ўзи Россия билан бизнесни қайта тиклашга уринаётган бир вақтда Марказий Осиё раҳбарларидан Совуқ Уруш замонидаги рақиби билан савдо-сотиқ ва импортни чеклашни талаб қиладими, дея савол қўймоқдалар таҳлилчилар.































