Сиз кўрмаган Қуёш: Энг кучли телескоп нималарни тасвирга олди? Видео
- Author, Виктория Гилл
- Role, Илм-фан мухбири
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Дунёдаги энг кучли Иноуэ телескопи Қуёш юзасидан мисли кўрилмаган тасвирларни олишга муваффақ бўлди.
Хусусан, Қуёшдаги плазма қуюнлари ёки уюрма тизимларининг видео ҳамда фотосуратлари олинди. Уларнинг мавжудлиги маълум эди, лекин ҳеч қачон кўриш имкони бўлмаган.
Қуёшдаги плазмалар ҳаракати магнит майдонини ўзгартиради ва айланиш юзага келади.
Бу - Қуёшдаги энергиянинг кескин ошишини таъминловчи куч.
Коинотдаги об-ҳаво Ердаги энергия тизимлари ҳамда сунъий йўлдошлар фаолиятини бузиши ва фазогирларга зарар етказиши мумкин.
"Қуёш - айни энергия ва бутун коинот об-ҳавосининг манбаи" - дейди АҚШ Давлат қуёшни кузатиш расадхонаси олими Давид Боболтз.
Унинг айтишича, сўнгги батафсил тасвирлар ёрдамида биз коинотда юзага келадиган об-ҳаво олдида қандай қилиб самаралироқ йўл тутишимиз мумкинлигини англаймиз.
"Коинот об-ҳавосини башорат қилиш учун биз Қуёш физикасини энг майда тафсилотларига қадар тушунишимиз керак" - дейди олим.

Сурат манбаси, NSF/NSO/AURA/MPS
Тасвирлар ва тадқиқот натижалари Nature журналида чоп этилган.
Бу аксларни олишга қодир бўлган Иноуэ телескопи дунёдаги энг кучли қуёш телескопи саналади.
У Гавайидаги баланд тоғ устига ўрнатилган. Бу ердан осмон жуда тиниқ кўринади ва атрофда ҳеч қандай чанг йўқ.
Олимлар Қуёш юзасида буралиб тепага ўрлаётган қуюн ё уюрмаларни батафсил тасвирга туширганлар.
"Бу айланма ҳаракатлар магнит энергиясини яратади ва ушбу қувват тўпланиб, кейин йирик портлашларни юзага келтириши мумкин" - дейди астроном Давид Куридзе.

Сурат манбаси, NASA/SDO
Қуёшдаги портлашлар

Сурат манбаси, NASA
Koinot ob-havosini bashorat qilish uchun biz Quyosh fizikasini eng mayda tafsilotlariga qadar tushunishimiz kerak.
Олимлар ўрганган ҳодиса Келвин-Гелмголс беқарорлиги, деб аталади.
У газ қатламлари ё суюқлик (бу ўринда плазмалар) ўзаро мулоқотда бўлганида юзага келади. Атроф муҳит жунбушга келади ва тепага ўрловчи қуюнлар пайдо бўлади.
Расадхона ходими олим Фридрих Вёгернинг айтишича, Қуёш юзасида бу ҳолатнинг аниқланиши нафақат коинот об-ҳавоси динамикасини, балки Қуёш юзаси нега бунчалик иссиқ эканини ҳам тушунишишга ёрдам беради.
У қувват қандай юқорига ўрлашини кўрсатади.
"Юқори қатламларда етарли қувват йиғилгач, у қуёш чақнаши ёки коронал масса отилиши кўринишида ажралиб чиқиши мумкин".
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Сурат манбаси, NSF National Solar Observatory
Олимларга кўра, сўнгги тасвирлар ва тадқиқотлар бизнинг ҳаётимизда жуда қўл келадиган билим.
Шу қаторда, Қуёш қанчалик бетакрор лаборатория эканлигини ҳам эслатиб туради.
"У (Қуёш) бизга энг яқин юлдуз" - дейди Давид Боболтз - "Ва у бизга физиканинг асосий қонунларни тушунишимиз учун ёрдам беради".
Эйнштейннинг умумий нисбийлик назарияси илк тажрибавий далили ҳам қуёш тутилишини кузатиш натижасида қўлга киритилган" - дейди у.
"Инсоният ўз билимларини ошириши учун ҳам бундай тажрибаларни давом эттиришимиз шарт".






























