Россия қандай қилиб яраланган аскарларни яна фронтга жўнатяпти?

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images
- Author, BBC Рус хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Минани босиб қўйганидан сўнг Олег Шикин бош суягига парчалар кириши, юзи ва қўли куйиши, чап кўзи, кўкраги, қўллари ва оёқлари жароҳатланиши оқибатида шифохонага ётқизилди. Жарроҳлар унинг бош суягининг бир қисмини олиб ташлашга мажбур бўлди.
Шикин жазони ижро этиш колониясидан озод этилиши эвазига армия билан шартнома имзолаганди. Сўнгги тўрт йил давомида Россия Украинага қарши уруш учун кўпроқ аскар ёллашга интилар экан, ўн минглаб маҳкумлар ҳам худди шундай қарор қабул қилган.
Даволангач, Шикин ҳарбий-тиббий комиссияга юборилди. Комиссия унинг "ҳарбий хизматга яроқсиз" ёки йўқлигини аниқлаши керак эди. Уруш вақтида айнан шу мақом аскарни хизматдан бўшатиш учун асос бўлади.
Шифокорлар унга бир ойлик меҳнатга лаёқатсизлик таътилидан сўнг қайта тиббий кўрикдан ўтишни тавсия қилди. Аммо бунинг ўрнига, бошига титан пластина ўрнатилган ҳолда Шикин яна фронтга қайтарилди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Шикиннинг иши BBC Рус хизмати аниқлаган ўнлаб шундай ҳолатлардан бири, холос. Оммавий фойдаланиш мумкин бўлган суд ҳужжатларида командирлар яраланган аскарларни қонунда белгиланган мажбурий тиббий кўрикка юбориш ўрнига яна жанг майдонига қайтаргани ҳақидаги такрорий даъволар келтирилган.
Россиянинг "Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонуни"га мувофиқ, "ҳарбий хизматга яроқсиз" ёки "қисман яроқли" деб топилган ҳарбий хизматчилар муддатидан аввал хизматдан бўшатилиши мумкин. Бу мақомни терапевт, жарроҳ, невропатолог, психиатр, офталмолог, қулоқ-бурун-томоқ шифокори, стоматолог ва заруратга қараб бошқа мутахассислардан иборат ҳарбий-тиббий комиссия белгилайди.
Тўлиқ таркибдаги ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтказилмаган Шикин буни қонунга зид деб ҳисоблаб, Нижний Новгород ҳарбий судига шикоят қилди. Суд, кўринишича, унинг даъвосини асосли деб топиб, командирига Шикинни тегишли тиббий комиссиядан ўтказишни таъминлашни буюрган.
Бироқ ҳужжатлар шу ерда тугайди. Шундан кейин интернетда Шикин ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот учрамайди. У қайта тиббий кўрикдан ўтган-ўтмагани, ҳатто ҳозир тирикми ёки ҳалок бўлганми номаълум қолмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи "Фуқаро. Армия. Ҳуқуқ" ташкилоти раҳбари Сергей Кривенконинг айтишича, кўплаб собиқ маҳкумлар амалда армиядан чиқа олмай қолган ва бу ҳолат уларни урушда «беписандлик билан қурбон қилиш»га имконият яратмоқда.
Масалан, Жанубий ҳудудий ҳарбий суд Рустам Фарзалиевнинг жиноий ўтмиши унинг армиядан бўшатилишига тўсқинлик қилади, деган қарор чиқарган. Ҳолбуки, у "ижтимоий аҳамиятга эга касаллик" сабабли «қисман ҳарбий хизматга яроқли» деб топилган эди.
Яна бир собиқ маҳкум Виталий Каменюк эса уни ҳарбий хизматга яроқли деб топиш учун фақат бир нафар невропатологнинг хулосасига таянилганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, "оғир жароҳат" олгани қайд этилган дастлабки тиббий маълумотнома мавжуд бўлишига қарамай, уни тўлиқ ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтказиш рад этилган.
Шу билан бирга, бармоқларини йўқотган ёки инсон иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), сил, саратон ёки руҳий касалликлар каби хасталикларга чалинган оддий кўнгиллилар "қисман ҳарбий хизматга яроқли" деб топилиб, хизматдан бўшатилган.
Бироқ ҳарбий-тиббий кўриклардан норози бўлаётганлар фақат собиқ маҳкумлар эмас.

Сурат манбаси, Getty Images
2022 йилда юз минглаб захирадаги ҳарбийлар сафарбар этилган пайтда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги уруш даври учун махсус кўрсатма чиқарди. Унга кўра, сафарбар қилинганлар ҳарбий қисмга етиб келгач, "юқумли касалликлар, шунингдек, сафарбарликка тўсқинлик қилувчи жароҳатлар ва касалликларни аниқлаш мақсадида" дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилиши керак эди. Фақат ушбу кўрик давомида «ҳарбий хизматга яроқсиз» деб топилган тақдирдагина улар тўлиқ ҳарбий-тиббий комиссияга юборилиши белгиланган.
Суд ҳужжатларида захирадаги ҳарбий Дмитрий Ёлкин ўзини ҳарбий хизматга яроқли деб топишда фақат 11 йил аввалги тиббий ҳужжатларига таянилганини таъкидлайди. Унинг айтишича, ҳозирги саломатлиги умуман тўлиқ баҳоланмаган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
2023 йил июн ойида ўша пайтдаги Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов имзолаган яна бир кўрсатмага мувофиқ, госпиталдан чиққан ёки касаллик таътилидан қайтган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга яроқлилиги, яроқсизлиги ёки қисман яроқлилиги тўлиқ ҳарбий-тиббий комиссия эмас, балки ҳарбий қисмнинг навбатчи шифокори ёки ҳатто фелдшери томонидан баҳоланиши мумкин.
Бугунги кунда маҳкумлар, талабалар ва хориждан кўнгиллиларни ёллаш бўйича кенг қамровли кампаниялар олиб борилаётгани ҳамда юқори маошлар таклиф қилинаётганига қарамай, Россиянинг бир қатор мустақил нашрлари шартнома асосида ҳарбий хизматга киришни истовчилар сони камайиб бораётганини хабар қилмоқда.
Айни пайтда фронтда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони эса ўсишда давом этмоқда.

Сурат манбаси, SOPA Images/LightRocket via Getty Images
BBC Рус хизмати ҳозирга қадар уруш давомида ҳалок бўлган 233200 нафар россиялик ҳарбийнинг шахсини аниқлаб, исм-шарифини тасдиқлаган.
2026 йил май ойида эса Буюк Британиянинг Ҳукумат алоқа разведкаси маркази (GCHQ) раҳбари Россия 2022 йил февралда Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан буён қарийб 500 минг нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.
Айни пайтда жароҳатланган ҳарбийларнинг судга мурожаатлари кўпайиб борар экан, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги уруш даври учун қабул қилинган кўрсатмаларни доимий қонунчиликка айлантиришни таклиф қилди.
Чақирувчилар, шартнома асосида хизмат қилаётганлар ва сафарбар этилган ҳарбийларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи "Виждонга чақириқ" коалицияси адвокатларидан бири бу ҳақда шундай дейди:
"Аслида улар ҳарбий-тиббий комиссияни оддий тиббий кўрик билан алмаштирмоқчи".
Bu endi vaqtinchalik choralar sifatida ko‘rilmayotganini anglatadi. Ular shu tarzda o‘nlab yillar davomida urush olib borishga tayyorgarlik ko‘rmoqda.
Унинг фикрича, бу Россия ўз армиясини узоқ муддатли асосда тўлдиришга тайёрланаётганидан далолат беради.
Исмини ошкор этмаслик шарти билан BBC Рус хизматига гапирган адвокат шундай деди:
"Бу энди вақтинчалик чоралар сифатида кўрилмаётганини англатади. Улар шу тарзда ўнлаб йиллар давомида уруш олиб боришга тайёргарлик кўрмоқда".
BBC Рус хизмати Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигидан таклиф этилаётган қонунчилик ўзгаришлари ва ҳарбий хизматчиларга тўлиқ тиббий кўрик ўтказилмагани ҳақидаги шикоятлар юзасидан изоҳ сўраган. Бироқ вазирлик бу сўровга жавоб бермаган.
































