You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Уруш гирдобидаги дунё: Иккинчи Жаҳон Урушидан бери бунақаси кузатилмаган
Норвегиянинг Тинчлик муаммоларини ўрганиш институтининг (PRIO) қуролли тўқнашувлар ҳақидаги йиллик ҳисоботида айтилишича, 2025 йилда давлат даражасидаги низолар сони 1946 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етган.
Ўтган йилги қурбонлар сони охирги ўн йилликларда фақат иккита даврдан — 1994 йилги Руанда геноциди ва 2021 йилги Эфиопия урушидан кейинги энг даҳшатли кўрсаткич бўлди. Бугунги кунда Украинадаги уруш энг кўп одам ҳаётдан кўз юмаётган низо бўлиб қолмоқда.
“Можаролар тенденцияси” деб номланган ҳисоботда камида битта давлат иштирок этган 65 та тўқнашув қайд этилган.
Орасида саккизта давлатлараро низолар бор. Тадқиқотчилар Россиянинг Украинага босқинидан ташқари, Ҳиндистон ва Покистон, Покистон ва Афғонистон, Камбожа ва Таиланд ўртасидаги чегара тўқнашувларини ҳамда Исроилнинг Сурияга уюштирган авиазарбаларини шулар жумласига киритишган. Эрон атрофидаги ҳозирги ҳарбий вазият 2025 йилги ҳисоботга киритилмаган, аммо Исроилнинг Ливанни бомбалагани ёзилган.
AFP агентлиги ҳисобот муаллифи Сири Аас Рустаднинг ушбу сўзларидан иқтибос келтиради: "Афсуски, ижобий янгиликлар кам. Одатда мен маълумотлардан озгина бўлса ҳам бирор ижобий жиҳат топишга ҳаракат қилардим, аммо бу йилги рақамлар даҳшатли".
Ҳисоботга кўра, ҳарбий ёки сиёсий зўравонлик билан бевосита боғлиқ ўлимлар сони 245 минг кишини ташкил этган. Бу статистикада асосий қисм фронтда ҳалок бўлган ҳарбийлар, масалан, Украинадаги россиялик аскарлар.
Бироқ умумий қурбонларнинг 25 фоизидан кўпроғи — 76,5 минг киши — тинч аҳоли вакиллари. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан беш баробар ошган.
Тадқиқотчилар бу кескин ўсишни Суданда армия ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувлар билан изоҳлайди. Ал-Фошир шаҳрининг қамал қилиниши, қотилликлар ва очлик ўтган йили тахминан 60 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган.
"Охирги беш ёки олти йил ичида бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик низолар давом этмоқда ёки бири тугаши билан иккинчиси бошланиб кетяпти. Дунёга ҳеч қандай тин олиш имкони берилмаяпти, — дейди Рустад. — Шу жиҳатдан ҳозирги вазият ўтган йиллардагидан фарқ қилади: бутун дунё бўйлаб низоларнинг шиддати жуда юқори ва барқарор бўлиб турибди".
Норвегия институти ўз шарҳларида низоларни учта асосий турга ажратади: камида битта давлат иштирок этган низолар, давлат иштирокисиз бўлган можаролар ва тинч аҳолига қарши бир томонлама зўравонлик ҳолатлари.
Биринчи турга кирувчи вазиятлар бўйича Африка 29та низо билан етакчилик қилмоқда, ундан кейинги ўринларда Осиё ва Яқин Шарқ турибди. Европада эса бундай низо фақат битта, бироқ унинг кўлами қитъа Иккинчи Жаҳон урушидан бери кўрмаган даражада улкандир.
Ўтган йили норвегияликлар «уруш» деб аташ мумкин бўлган можаролар сонини жами 13 та деб ҳисобладилар. Нисбатан тинч ўтган 2000 йиллар ва 2017–2022 йиллар беш йиллигидан сўнг урушлар сони ҳам ошиб бормоқда.
Рустад таъкидлашича, энг тажовузкор давлатлардан бири — Исроил бўлиб, у Ғазо бўлгасида, Сурияда, Ливанда, Эронга қарши ва Ямандаги Ҳусийларга қарши турли хил бешта можарога аралашган. Осиёда бундай «етакчилик» Мянма (Бирма)га тегишли. Бир вақтнинг ўзида тўртта можарога Сурия, Покистон ва Ҳиндистон жалб этилган.
Ҳисобот муаллифи АҚШни ҳам тилга олади, Доналд Трампнинг президентлик лавозимига қайтиши «фақат ҳужумлар ва зўравонлик даражасининг ошишини эмас, балки савдо тўсиқлари жорий этилишига ҳам олиб келди», дейди.
«Ҳамкорлик ҳақида ҳозирча унутиб туриш мумкин. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳозирча ишламаяпти ва дунё тобора кўпроқ қутблашиб бормоқда», — дейди у.