Очлик ва очкўзлик: Қанча овқат ейиш керак

    • Author, Сара Белл
    • Role, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Катта стакандаги газли ичимликлар, тобора йириклашиб бораётган гамбургерлар, овқатга тўла ликопчалар — сўнгги ярим асрда дунёнинг айрим жойларида таомлар ҳажми ортиб борди. Шу билан бирга семириш ҳам кўпайди.

Аммо озиқ-овқат саноати турли хил ширинликлар билан тинимсиз васваса қилаётганда, қандай қилиб соғлом юриш ва ортиқча овқатланмаслик мумкин?

Бу тенденция айниқса АҚШда сезиларли. 1980-йиллардан бошлаб овқат ҳажмлари ресторан маданиятининг оммалашиши ва муассасалар ўртасида рақобат кучайиши билан бирга катталашди. "Агар бир ресторан кичик ҳажмда макарон сотса, бошқаси эса каттароқ миқдорда таклиф қилса, одамлар каттасини берган ресторанга боришади", — дейди Ню-Йорк университети профессори доктор Лиза Янг BBC'нинг The Food Chain дастурида.

"Овқат жуда арзон эди. Таом арзон бўлса, ишлаб чиқарувчи сизга икки баравар кўпроқ бериб, фақат бироз кўпроқ пул олишдан манфаатдор бўлади. Сиз ўзингизни яхши овқат сотиб олдим деб ўйлайсиз, улар эса кўпроқ даромад топади" — дея тушинтиради у.

Бу тенденциялар Бразилия каби ривожланаётган мамлакатларда ҳам кузатилмоқда,-дейди Сан-Паулу университети профессори, овқатланиш одоби бўйича эксперт, доктор Марле Алваренга.

"Бу асосан қадоқланган ва қайта ишланган маҳсулотларда намоён бўлади. Масалан, анъанавий таомларимиз — гуруч, ловия, балиқ ёки маниок унлари катта ҳажмларда сотилмайди", — дейди у.

Доктор Янгнинг таъкидлашича, бу асосан озиқ-овқат тизимининг америкалашаётгани билан боғлиқ.

"McDonald's каби америкалик таомлар ёки турли шоколад батончалари бошқа мамлакатларга кириб боргани сайин, уларнинг ҳажми ҳам катталашади. Ултра-қайта ишланган маҳсулотларни еганда, одам 500 калорияга кўпроқ истеъмол қилади", — дейди эксперт.

Катта порция кўпроқ истеъмол қилиш деганими?

Психологларнинг фикрича, тадқиқотлардан энг ишончли хулоса — одамларга каттароқ миқдорда таом берилса, улар кўпроқ ейдилар. Бир тадқиқотга кўра, улуш икки баравар катталашса, одамлар 35% кўпроқ овқат ейишади.

"Одамлар ҳар доим ликопдаги овқатни охиригача еб тугатмайди. Лекин порция катталашгани сайин, умумий истеъмол ҳам ортиши аниқ", — дейди Сиднейдаги Янги Жанубий Уэлс университети профессори Ленни Вартанян.

Унинг айтишича, муаммонинг катта қисми шундаки, одамлар овқатнинг қанча миқдорини тўғри деб ҳисоблашни аниқ билишмайди. Инстинктлар ҳамиша ишончли эмас. Шунинг учун одамлар кўпинча порция ҳажмини меъёр сифатида қабул қилади.

"Биз камдан-кам ҳолатда жуда оч ёки жуда тўқ бўламиз. Одатда ўрта ҳолатдамиз. Ана шу пайтда турли сигналлар бизга таъсир қилади", —дейди профессор Вартанян.

Кичикроқ ликопча ишлатиш ёрдам бериши мумкинми?

Бир вақтлар оддий ечим деб овқат миқдорини кичрайтириш ҳисобланарди. Яъни ликопчага камроқ овқат солинади, шу билан визуал иллюзия пайдо бўлади: овқатни кичик ликопга солсангиз, у тўлароқ кўринади, одам ўзини тўқроқ ҳис қилиши ва камроқ ейиши мумкин. Бироқ тадқиқотлар бу назарияни тасдиқламайди.

"Ликопчанинг ўзи овқат миқдорига таъсир қилмайди; асосийси, қўшимча овқатнинг қўл остида бор-йўқлиги", — дейди профессор Вартанян. Яъни агар овқат столда қўл етадиган жойда турса, ликопчанинг ҳажмига қарамай, одам хоҳласа яна олади. Аслида, ўзингизга бир қисм солиб, қолганини кўздан йироққа қўйиш керак.

"Овқатни шундай жойга қўйингки, сизда қўшимча олиш имкони бўлмасин", — дейди профессор.

Порция ҳажмини қандай тартибга солиш керак?

Экспертлар айтишича, энг муҳим нарса — очлик ҳиссига қулоқ солиш ва еяётган овқатга онглироқ муносабатда бўлиш.

"Одамлар ликопда нима борлигига эътибор бермайди, очлик ҳиссига қулоқ солмайди. Улар ўзларини тўқ ёки очлигини ҳам сезмайди", — дейди доктор Лиза Янг.

Яна бир муҳим жиҳат — катта порциялар мавжудлиги одамларнинг "меъёр" ҳақидаги тасаввурини ўзгартиради.

"Менинг маслаҳатим — эҳтиёткор бўлинг. Одобга қаранг, ҳажмга қаранг. Саноат маркетинг ва бошқа усуллар билан нима қилаётганини англашга ҳаракат қилинг", — дейди доктор Марле Алваренга.

Тамадди ҳақида нима дейиш мумкин?

Агар сизда олма, бошқа мева ёки қадоқланмаган маҳсулот бўлса, қанча ейишингиз катта аҳамиятга эга эмас, чунки улар фойдали", — дейди доктор Янг. Аммо агар қадоқланган маҳсулот бўлса, қадоғида стандарт ҳажм кўрсатилади, масалан, бир қадоқда тўрт кишилик овқат. Сиз маҳсулотни қадоқдан чиқариб, унинг кўринишига қарашингиз ва ҳақиқатда қанча еяётганингизни солиштиришингиз керак.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Одамлар "Мен нонуштада фақат кичик ликопчада бўтқа донини ейман", дейишади. Лекин улардан ҳақиқатда қанча еяётганини кўрсатишни сўрасангиз ва стандарт ҳажм билан солиштирсангиз, улар уч баравар кўпроқ еяётгани маълум бўлади", — дейди у.

"Стандарт ҳажмни кўз билан баҳоланг. Кейин ўзингиздан сўранг: "Менинг ликопчамда ёки лаганимда неча косалик таом бор?" Бу ёрдам беради", — дея хулоса қилади эксперт.