You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Боуэн: Трамп ва Нетаняҳу Яқин Шарқни қайта шакллантираман деб доимий инқироз хавфи остида қолишди
- Author, Жереми Боуэн
- Role, Халқаро масалалар бўйича муҳаррир
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Доналд Трамп ва Бинямин Нетаняҳу Эрон устидан ғалаба Яқин Шарқни бутунлай ўзгартириб юборишига ишонган эди.
Минтақа ҳақиқатан ўзгармоқда. Лекин улар кутган томонга эмас. Эрон Ислом Республикаси мағлуб этилмади. Эндиликдаги хавф – бу вақт-вақти билан алангаланиб турадиган можаро, узоқ, ҳолдан тойдирувчи доимий инқироздир.
Эрон режими Трамп ва Нетаняҳу ўйлаганидан қаттиқроқ ёнғоқ бўлиб чиқди. Уларнинг ўлчовлари хато эди ва оқибатда вазият назоратдан чиқиб кетди.
Бу оқибатларнинг сўнггиси Эроннинг АҚШга тегишли "Apache" вертолётини уриб тушириши бўлди. Бу Эрон ҳамон америкаликларга зиён етказа олишини ва бу урушдан ғолиб бўлиб чиқиш қатъиятидан қайтмаслигини яна бир бор эслатади. Улар учун ғалаба омон қолиш ва дунёнинг энг стратегик сув йўлларидан бири бўлмиш Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни қўлга олиш орқали ўзининг тийиб туриш қудратини оширишдадир.
Президент ва унинг генераллари уриб туширилган вертолёт учун қандай жавоб қайтариш масаласида эҳтиёткор йўл тутишга ҳаракат қилади. Бир томондан, улар ўзларига босим ўтказиш ёки таҳдид қилишларига йўл қўймасликларини кўрсатиб қўйишлари керак. Бироқ, айни пайтда, суст кечаётган ва ҳозирча сезиларли натижа бермаган дипломатик жараённи ҳам издан чиқармаслик лозим. "Apache" экипажи омон қолди. Агар улар ҳалок бўлганида, жавоб анча кескинроқ бўлиши эҳтимоли юқори эди.
Трамп Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш ва Эроннинг бойитилган уран захиралари ҳамда унинг кенгроқ ядровий режалари бўйича узоқ муддатли музокаралар шартларини келишиб олиш каби йирик масалалар борасида Эрон билан битим тузишга умид боғлаётган эди.
Бу урушни америкаликлар қабул қила олмаяпти ва Трамп ўзи ғалаба сифатида тақдим эта оладиган чиқиш йўлини қидирмоқда. Бу эса осон бўлмаяпти.
Трамп ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу эски бир сабоқни қайта ўрганмоқда.
Инсоният уруш санъати ва лаънатини кашф этганидан буён, етакчилар урушни аниқ ғалаба билан якунлашдан кўра, уни бошлаш осонроқ эканини англаб келади.
Февраль ойи сўнгги кунида мамлакатларини Эрон билан урушга бошлаганларида, иккала раҳбар ҳам тарихий ўзгаришлар палласи яқинлашаётгани ҳақида сўзлаб, видео баёнотлар эълон қилди. 1979 йилда шоҳ ағдарилганидан бери Эронни бошқариб келган тузум барбод бўлиш арафасида эди гўё.
Трамп тонг саҳарда Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида ўзининг январь ойида режим мухолифларига "ёрдам бормоқда" дея берган ваъдасини ёдга олди.
"Эроннинг буюк ва мағрур халқига шу кеча айтаманки, озодлик соатингиз яқин. Панада бўлинг. Уйингиздан чиқманг. Ташқари жуда хавфли. Ҳамма ерга бомбалар ташланади. Ишимизни битиргач, ҳукуматингизни ўз қўлингизга олинг. У сизники бўлади. Бу, эҳтимол, келажак авлодлар учун ягона имкониятингиздир".
Эртаси куни эрталаб Нетаняҳу Тел-Авив марказидаги Исроил мудофаа вазирлигининг осмонўпар биноси – "Кирия" томида қуёш нурида туриб, ўз мурожаатини ёздирди. Трамп сингари у ҳам ғалабага ишонч билан гапирди.
"Бу кучлар иттифоқи бизга қирқ йилдан бери орзу қилган ишимизни қилишга имкон беради: террор режимига қақшатқич зарба бериш. Мен шуни ваъда қилганман ва биз шундай қиламиз".
Нетаняҳу бутун сиёсий фаолияти давомида Исроил учун ҳақиқий таҳдид фаластинликлар ёки қўшни араб давлатларидан эмас, балки Эрондан келишини таъкидлаб келган. У бошқа Америка президентларини Эронга ҳужум қилишда ўзига қўшилишга ундаган, аммо уддалай олмаган эди. Трамп бошқача чиқди.
2023 йил 7 октябрда Ҳамас Исроилга ҳужум қилганидан бери икки йилдан ортиқ вақт давомида Нетаняҳу исроилликларга Америка қўллаб-қувватловидаги Исроил ҳарбийлари душманни тор-мор этиб, янада бой ва хавфсиз келажакни бошлаб беришини айтиб келди. Ечим дипломатияда эмас, кучда эди.
Нетаняҳу ўз фурсати келган инсоннинг қиёфасида эди. Душанба куни Трамп Байрутга ҳужум қилиш режаларини бекор қилишини айтганидан сўнг камералар қаршисига чиққан Нетаняҳу, Исроилнинг етакчи газета шарҳловчиси Бен Каспитнинг таъбирича, дами чиққан пуфакка ўхшаб қолганди.
Каспит Бош вазирнинг энг ашаддий танқидчиларидан бири. Лекин Нетаняҳунинг минтақани ўз иродасига бўйсундириш учун куч ишлатиш стратегияси барбод бўлгани аниқ.
Трамп тезкор ғалабани кутган эди. У АҚШ ҳарбийлари Венесуэла президенти ва унинг рафиқасини ўғирлаб, Нью-Йоркдаги қамоқхонага жўнатгани ҳамда Каракасга итоаткор ворисни тайинлаганини мамнуният билан кузатган эди. Унинг назарида бу Ироқ ва Афғонистонда салафлари қилгандан анча яхшироқ режим алмаштириш эди. Рўйхатдаги мамлакат Эрон бўлиши лозим эди.
Ҳар иккала сиёсатчи нима хато кетганига ҳайрон бўлаётган бўлса ажаб эмас. Қўшма Штатлар дунёдаги энг қудратли армияга эга. Исроил эса Яқин Шарқнинг суперкучидир.
Трамп ва Нетаняҳу Теҳрондаги режимни санкциялар, ношуд бошқарув ва коррупция сабабли юзага келган иқтисодий инқироздан ларзага келган ҳолда кўрган эди. Исроил Эроннинг иттифоқчилари – Ғазодаги Ҳамас ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ"га қақшатқич зарбалар берган эди. Унинг яна бир муҳим иттифоқчиси Башар ал-Ассад Сурия президентлигидан четлатилиб, Москвага қочган эди. Январь ойида эса режим йирик намойишларни бостириш чоғида минглаб фуқароларни ўлдирган эди.
Улар Эрон режимининг бардоши, шафқатсизлиги ва айёрлигини паст баҳоладилар. Улар режимнинг олий раҳбари ва унинг энг яқин сафдошларини ўлдириш уни ичдан парчалаб юборади, деб ўйладилар.
Улар қарийб 50 йил давомида такрорий таҳдидларга дучор бўлган, ҳужумдан омон қолиш учун ўзини тайёрлаган, диний ва мафкуравий эътиқодга таянган миллий хавфсизлик концепцияси устида пухта бош қотирган режимга қарши ҳарбий кучнинг самарасига ҳаддан ташқари юқори баҳо бериб юбордилар.
АҚШ иттифоқчилари бўлган, БАА ва Баҳрайн мисолида эса Исроилнинг ҳам ҳамкори саналган Кўрфаздаги нефть давлатлари қаттиқ зарбаларга учради. Гап шунчаки нефть-кимё маҳсулотлари ва ўғит каби улардан олинадиган қўшимча маҳсулотлардан келадиган даромаднинг йўқолишида эмас. Улар ўз келажагини Кўрфаздаги барқарорликка ва кўп миллиард долларлик бизнес муҳитини яратишга боғлаган эди. Потенциал сармоядорлар ва сайёҳлар эса уруш бу истиқболни саробга айлантираётганини кўриб турибди.
Эрон режими ўзининг омон қолгани ва Ҳўрмуз бўғозини ёпиб, жаҳон иқтисодиётини бунчалик осон бўғиб қўйгани АҚШ ва Исроилга қарши узоқ муддатли тийиб туриш омилига айланиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилган Эрон раҳбарларининг эски гвардияси ўрнини эгаллаган кишилар аввалгилар каби мафкурага содиқ, аммо улар тирик қолиш учун кураш деб билган бу жараёнда таваккал қилишга анча мойилроқ. Уларнинг ишонишича, АҚШ ёки Исроилнинг келажакдаги ҳужумларини ёлғиз сўз билан тўхтатиб бўлмайди. Аксинча, улар Эронга қилинадиган ҳар қандай кейинги ҳужумлар оғриқли оқибатларга олиб келишини намойиш этмоқчи.
Унинг стратегиясининг асосий қисмларидан бири Ливандаги урушни Кўрфаздаги уруш билан боғлаш. Режимнинг Трампга йўллаган номаси шуки, агар Исроил Ливанни бомбалайверса ва 1980-йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келаётган "Ҳизбуллоҳ" ҳарбийлашган гуруҳи ва сиёсий ҳаракатини йўқ қилишга уринса, у ҳеч қандай келишувга умид қилмаса ҳам бўлади.
Трамп келишув яқинлашганини (у бу даъвони аввал ҳам айтган ва хато қилган эди) баҳона қилиб, Исроилнинг Байрутга ҳужум режаларини жиловлаш орқали Ливанда содир бўлаётган воқеалар билан Кўрфаздаги воқеалар ўртасидаги боғлиқликни зимдан тан олаётганини кўрсатди.
Душанба куни Нетаняҳу бу боғлиқликни қабул қилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу "тоқат қилиб бўлмас ва мутлақо номақбулдир". Гап шундаки, Трамп ўз манфаати ва урушни тугатиш истагини Нетаняҳунинг Теҳрондаги режимни ағдармагунча урушни давом эттириш қатъиятидан устун қўяди.
Нетаняҳу Байрутга режалаштирилган ҳужумни бекор қилди, бироқ Исроил армияси Ливан жанубига жуда кучли зарбалар беришда давом этмоқда.
Март ойида Ҳўрмуз бўғози ёпилганда, агар июнгача ёпиқлигича қолса, бу глобал иқтисодий оқибатларга олиб келиши ҳақида жиддий огоҳлантиришлар янграган эди.
АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилгунига қадар очиқ бўлган бу сув йўли нафақат ёпиқлигича қолмоқда, балки унинг яқин орада қайта очилишини тасаввур қилиш ҳам қийин.