"Бензинсиз ишга қандай борамиз?" - Украина зарбалари ортидан Россияда ёқилғи инқирози чуқурлашмоқда

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Севастополда ўтган ҳафта охирида ёқилғи танқислигининг янги босқичи бошланди — ярим оролда бензиннинг эркин савдоси тўхтатилди. Бу Украина дронларининг зарбалари ва ярим оролнинг қисман блокадасининг бевосита оқибатидир. Айрим шаҳарлар ва туманларда электр таъминоти ҳануз барқарор эмас. Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида эса вазият янада оғирроқ — қисман блокада уларга ҳам тааллуқли.

Қримнинг қисман блокада қилиниши Украина янги дронларидан фойдаланишни бошлагач мумкин бўлди. Бу дронлар нисбатан узоқ масофаларга зарба бера олиши сабабли «мидл-страйк» тоифасига киритилади. Улар ёрдамида Украина Россиянинг босиб олинган ҳудудлар ичкарисидаги логистика объектларига, биринчи навбатда эса М-14 автомобиль трассасига, зарбалар бера бошлади.

«Бензинсиз ишга қандай борамиз?»

Қримдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари якшанбадан бери бўш турибди, деди Би-би-сига қримлик Борис* (хавфсизлиги сабабли исми ўзгартирилган). Унинг кузатишича, шу дам олиш кунлари давомида Украинанинг ярим оролни блокада қилиши оқибатлари янада кучайган.

«Заправкада бензин бор, лекин уни сотишмаяпти. Чамаси, уни кечаси олиб келишган, кундуз эса одатдагидек сотишни бошлашлари керак эди, бироқ [Қрим раҳбари Сергей] Аксёновнинг фармонидан кейин ҳаммасини ёпишди», — деди у Би-би-си рус хизматига.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Аксёнов 21 июнь, якшанба куни ҳудудда ёқилғининг нақд пулга сотилиши чекланишини, яқин орада эса харид талонлари берилмаслигини эълон қилди. Қримдаги ёқилғи асосан давлат хизматларига етказиб берилмоқда. Бу баёнот Украина Қуролли Кучларининг Керч паром кечувига берган зарбаларидан кейин янгради. Бунгача Қримда ёқилғини Севастополда талонлар ёки QR-кодлар орқали сотиб олиш мумкин эди. Бу шаҳарда «тежамкорлик мақсадида» 22 ва 23 июнь кунлари ёқилғи сотилмайди.

Борис яқинда автомобилининг бакини тўлдириб олган ва энди бензинни тежашга, машинани фақат зарурат туғилгандагина ишлатишга ҳаракат қилмоқда.

«Ҳатто велосипедимни ҳам таъмирлаб, миниб кўрдим, лекин тоғли ҳудудимизда велосипедда юриш баъзан қийин», — дейди у.

Борис ёш ва спортчи инсон, пиёда юришни яхши кўради, шу сабабли ҳозирча бензин танқислиги унга катта таъсир қилмаяпти. Аммо у келажак ҳақида хавотирда: ҳозирнинг ўзидаёқ Қримнинг айрим ҳудудларида электр энергияси ўчириб қўйилмоқда. Кўпчиликда аввалги узилишлардан қолган электр генераторлари бор, аммо улар бензинда ишлайди, дейди у.

21 июнь тонгида ҳокимият электр таъминоти объектларини таъмирлаш учун режали навбатма-навбат ўчиришларни жорий этди. Маҳаллий электр тармоқлари, эҳтимол, Украина Қуролли Кучларининг зарбалари натижасида шикастланган. Масалан, Жанкойда электр энергияси қуйидаги тартибда ўчирилади: 3 соат электр бор, 3 соат чеклов.

Севастополда ҳам охирги бир сутка ичида электр ва бензин билан боғлиқ вазият анча ёмонлашди, дейди маҳаллий аҳоли вакили Юрий (унинг исми ҳам ўзгартирилган).

«Кеча [электр] генератор буюртма қилдим, бугун бориб олиб келаман. Лекин кулгилиси шундаки, ҳозир савдо умуман тўхтатилгани учун уни ишлатишга ҳам ҳеч нарса йўқ — ичига қуйишга бензин топилмайди», — дея шикоят қилади у.

Юрийнинг айтишича, ярим оролда ёқилғи нархи ҳам кескин ошган:

«Бензин, бор пайтида, ҳар куни бир-икки рублга қимматлашарди. Охирги марта икки кун олдин, ҳужумлардан аввал, 20 литрни 102 рублдан қуйдирдим. Энди бу қанча вақтга етади — номаълум, ишга қандай қатнаймиз — ҳозирча умуман тушунарсиз», — дея нолийди Юрий.

Таққослаш учун: Россияда бензиннинг ўртача нархи 15 июнь ҳолатига кўра 69,11 рублни ташкил этган.

Айрим қримликлар электровелосипедлар, самокатлар ва скутерларга ўтиб олган. Аммо июнь ойининг ўрталаридан бошлаб Қримда мотоцикл ва скутерларда кечки соат 22:00 дан эрталабки 06:00 гача ҳаракатланиш тақиқланди. Севастополда ҳам шунга ўхшаш тақиқ 22 июндан жорий этилган бўлиб, у ҳаво ҳужуми хавфи ҳақидаги огоҳлантириш сигналлари пайтида ҳам амал қилади.

Озиқ-овқат дўконларида эса узоқ муддат сақланадиган маҳсулотларни оммавий равишда сотиб олишмоқда. Юрий бу ҳолатни «ажиотаж ва ваҳима» билан изоҳлайди.

Шунга ўхшаш кайфиятлар ҳақида ҳозир Севастополда яшаётган москвалик Елизавета ҳам (исми ўзгартирилган) сўзлаб берди:

«Дўконларда шакар қолмаган, лекин бу шунчаки одамлар ваҳимага тушгани учун. Қолган маҳсулотларнинг ҳаммаси бор ва етказиб келиняпти», — дейди у.

«Бензин ҳақиқатдан ҳам йўқ, кеча кундузи эса қўшни уй томидан тасодифан ўша ерга қўнган дронни олиб туширишди. Лекин ҳозирча вазият бутунлай танг деган ҳис йўқ. Аммо яқин орада шундай бўлиши мумкин, деган гумон бор», — дейди Елизавета.

Елизаветани энг кўп ғазаблантираётган нарса — огоҳлантириш тизимидаги тартибсизлик ва одамларнинг бўлаётган воқеаларга муносабати.

Унинг таъкидлашича, авваллари ҳаво хавфи сигнали тун кечгача янграб турарди, энди эса ҳужум кечқурун бўлса, сигнални қисқа вақтга ва паст овозда ёқишмоқда. Эҳтимол, бу одамларнинг уйқусини бузмаслик учун қилинмоқда.

«Ташвиш сигнали пайтида транспорт юрмасди — у 15 дақиқа давом этадими ёки 3 соат, фарқи йўқ эди. Лекин бугундан бошлаб транспорт яна қатнайди, деб айтишяпти», — дейди у.

21 июнь куни Севастополда жамоат транспорти қисқартирилган жадвалга ўтказилгани маълум бўлди. Энди у соат 05:30 дан 21:00 гача ишлайди. Шунингдек, савдо марказлари, кафе ва ресторанларнинг иш вақти ҳам кечки соат 20:00 гача чекланган.

Ҳозир Қрим кўпригига кириш ва чиқиш йўналишларида тирбандликлар кузатилмоқда. Қрим кўпригидаги вазиятни кузатиб борувчи телеграм-канал маълумотига кўра, 22 июнь куни Москва вақти билан соат 10:00 да ҳар икки томонда қўлда текширувдан ўтишни кутаётган қарийб 800 та автомобил тўпланган.

Соат 15:00 га келиб, кўприк кундузи вақтинча очилганига қарамай, навбатдаги автомобиллар сони қарийб мингтага етган. Энг катта тирбандликлардан бири ўтган йил август ойида қайд этилган бўлиб, ўшанда бир вақтнинг ўзида қарийб 4 мингта автомобил текширувни кутаётган эди.

22 июнь эрталаб Аксёнов ўз фармони билан ярим оролдаги болалар ёзги лагерларидаги дам олиш дастурларини бекор қилди. У 1 сентябрга қадар брон қилиш ва гуруҳларни қабул қилиш тўхтатилишини эълон қилди.

Севастопол раҳбари Михаил Развожаев эса шаҳардаги учта маҳаллий лагерга 24–25 июнь кунлари режалаштирилган болалар қабул қилиниши амалга ошишини билдирди.

Журналист Андрей Гусий маълумотига кўра, «Артек» оромгоҳидаги болаларни дам олиш учун Краснодар ўлкасига юборишлари мумкин.

Россия ҳудудларида вазият қандай?

Ўтган ҳафта охирида Москва, Москва вилояти ва қўшни ҳудудлар ҳам айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин етишмаслигига дуч келди. Бу ҳолат йирик ёқилғи компаниялари — Роснефть ва Лукойл шохобчаларида ҳам кузатилган.

Москва вилояти ҳокимияти губернатор Андрей Воробьевнинг чатларида навбатлар ва ёпиқ заправкалардан шикоят қилаётган аҳолини тинчлантиришга уринмоқда. Расмийларга кўра, «айрим АЗС (ёқилғи қуйиш шохобчалари)ларда ёқилғининг вақтинча йўқлиги муайян ҳудудларда талабнинг ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Маҳаллий узилишларга қарамай, етказиб бериш жадвали ўзгармаган ва Москва вилоятида бензин ҳамда дизель ёқилғиси захираси етарли».

Липецк вилояти губернатори Игорь Артамонов 20 июнь куни шахсан вилоят бўйлаб сафар қилганини ва Липецк, Елец ҳамда бошқа жойлардаги қатор заправкаларда «айрим турдаги ёқилғилар бўйича узилишлар»ни аниқлаганини маълум қилди.

«Бу ёқилғи мавжуд бўлган АЗСларга қўшимча юклама туширмоқда. Натижада навбатлар пайдо бўляпти», — деди у.

Твер вилоятида эса Сургутнефтегаз ва Татнефть АЗСларида жисмоний шахслар учун вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Маҳаллий аҳолининг ижтимоий тармоқларда ёзишича, Тверь вилоятидаги айрим заправкалар бир кишига 30 литрдан ортиқ ёқилғи сотмаяпти.

Муаммо Тула вилоятида ҳам тан олинмоқда. Маҳаллий ҳокимият узилишларни «логистика тизимининг қайта ташкил этилиши» ва талабнинг ошиши билан изоҳлади. Шу билан бирга, аксарият тармоқли АЗСларда бензин мавжудлиги ва унинг ўртача нархи литри учун тахминан 72 рубл экани таъкидланди.

Хусусий заправкаларда эса ёқилғи нархи литри учун тахминан 100 рублни ташкил этмоқда. У ерларда навбатлар кузатилмаяпти, аммо бундай шохобчаларнинг бир қисми ёпилган.

Муаммо айниқса Доғистонда кескин тус олган. ОАВ ва маҳаллий амалдорлар маълумотларига кўра, бу ҳудудда йирик тармоқли АЗСлар деярли йўқ. Бозорда асосан кичик ҳажмларда ёқилғи сотиб олувчи кўплаб хусусий компаниялар фаолият юритади.