Украинада ҳарбийлар ҳам норозими? Мудофаа вазирининг лавозимдан олиниши нега танқидларга сабаб бўлди? Видео

Пайшанба куни Президент Зеленский мудофаа вазири Михайло Федоровни лавозимидан олгач, Киев кўчаларига намойишчилар чиқди.

Сурат манбаси, Olga Ivashchenko/Bloomberg via Getty Images

Сурат тагсўзи, Пайшанба куни Президент Зеленский мудофаа вазири Михайло Федоровни лавозимидан олгач, Киев кўчаларига намойишчилар чиқди.
    • Author, Пол Адамс
    • Role, Дипломатик масалалар бўйича мухбир
    • Reporting from, Киев
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

"Операциям эртага белгиланган", дейди оғир жароҳатларидан тикланаётган, юзи шикастланган аскар.

"Умид қиламанки, наркоздан уйғонган пайтимда Федоров яна Мудофаа вазирлигига қайтган бўлади", дейди исми ошкор қилинмаган аскар Telegram'даги видеода. "Акс ҳолда, мен қилган барча саъй-ҳаракатлар беҳуда бўлади".

Урушдан ҳолдан тойган украиналик аскарлар ва яраланган фахрийлар орасида бу ҳафтадаги сиёсий воқеалар сабаб умумий норозилик кайфияти ҳукм сурмоқда.

Президент Зеленскийнинг ҳукуматдаги навбатдаги ўзгаришлар чоғида муваффақиятли ёш мудофаа вазири Михайло Федоровни қайта тайинламаслик ҳақидаги қарори кўпчиликни ҳайрат ва ғазабга солмоқда.

"Бу барча ҳарбий хизматчилар юзига урилган очиқ тарсаки", дейди хавфсизлик сабаб кимлиги сир тутилган, биз Марина деб атаётган аскар.

"Ростини айтсам, буни, ҳафсалам пир бўлмаган ҳолда, сўз билан ифодалаш жуда қийин".

Украина бўйлаб норозилик намойишлари кучайиб бораётганига қарамай, Марина халқ ғазаби ниманидир ўзгартиришига ишонмайди.

"Бу ерда аллақачон диктатура шаклланмоқда", дейди у. "Ўзини ҳаммадан устун кўрувчи майда ҳукмдорлар пайдо бўлмоқда".

Ҳарбийлар орасида сиёсий мунозараларга аралашмаслик ҳақида огоҳлантиришлар берилгани айтилмоқда. Шу боис аскарлар очиқ гапиришдан қочмоқда ёки фақат анонимлик шарти билан фикр билдиряпти. BBC суҳбатлашганларнинг барчасига тахаллуслар берди.

Яна бир аскар - Наташанинг айтишича, қўлда ясалган картон плакатлар кўтариб чиққан намойишчилар фронтдаги кундалик шафқатсизликдан жуда узоқда.

"Кеча позицияларимизга кўп зарядли ракета тизими ҳужум қилди. Ўша пайтда ҳеч ким Федоров ёки картон плакатлар ҳақида ўйламаган".

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Шунга қарамай, BBC олган хабарларда Федоровнинг эришган натижаларига нисбатан катта ҳурмат сезилади. У рақамли трансформация вазири сифатида ҳам, қисқа муддатли мудофаа вазири лавозимида ҳам юқори баҳоланмоқда.

Ҳаммадан кўра кўпроқ, у армияда инновацияларни изчил равишда олға сурган шахс сифатида танилади. У дронлар ва бошқа замонавий технологиялар ролини шундай даражага кўтаришга ёрдам бердики, натижада Украина сўнгги ойларда ўзидан анча катта рақибга қарши уруш оқимини ўз фойдасига буришга муваффақ бўлди.

Ўтган ёзда мен у билан Киевда учрашганимда, у "Дронлар армияси: Бонус" деб номланган тизим ҳақида гапириб берган эди. Бу тизим орқали фронтдаги бўлинмалар йўқ қилинган рус аскари ёки ҳарбий техникалар учун балл тўплаши мумкин бўлган.

Мазкур тизим машҳурликка эришиб, моддий-техник таъминотни тезлаштиргани ва инновацияларни рағбатлантиргани айтилади.

Федоров чекланган ресурслардан қандай қилиб самаралироқ фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ўйлайдиган инсон сифатида таассурот қолдирган.

Аммо совет давридан мерос бўлиб қолган эски бошқарув тизими сақланиб қолаётган армиядаги аскарлар Федоров қандай тўсиқларга дуч келганини яхши билади.

"Эски қарашдаги одамлар билан келиша олмасангиз, улар сизни тириклайин ютиб юборади", дейди Наташа.

Сўровимизга жавоб берган айрим аскарлар назарида бу "эски қарашдаги одамлар"нинг бошида Украина Қуролли кучларининг қаттиққўл 60 ёшли бош қўмондони генерал Олександр Сирский туради.

Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин Киев мудофаасидаги муваффақиятлари туфайли у тўрт йил муқаддам миллий қаҳрамон сифатида кўрилган эди. Аммо шундан бери генерал Сирскийнинг номи инсон ҳаётини кам қадрлайдиган, эскича жанг олиб бориш услуби билан боғланмоқда.

"Сирский бизда на обрўга, ва на ҳурматга эга", дейди Андрий. "Биз учун у ҳануз 'Генерал-200'".

Бу лақаб совет ҳарбий кодидаги ҳалок бўлганлар атамасига ишора қилади.

Бошқалар эса уни оддийгина "Қассоб" деб атайди.

Шу билан бирга, ҳарбийларнинг ҳаммаси ҳам бу фикрга қўшилмайди.

Ҳозир Бош штабда ишлаётган собиқ фронт аскари Андриининг айтишича,

"Ҳозирча армияда Сирскийнинг муносиб ўрнини босадиган инсон йўқ. Ҳа, у совет давридан қолган қарашларга эга ва Россиядаги ҳарбий мактабни тамомлаган, бироқ бу урушдаги кўплаб муваффақиятли операцияларга айнан у раҳбарлик қилган".

Аниқ бўлгани шуки, Зеленский қарор қабул қилган пайтга келиб, Федоров ва Сирский ўртасидаги муносабатлар жиддий ёмонлашган эди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, икки томон ҳатто бир хонада бирга ишлай олмай қолган. Лавозимидан олинган вазир эса генерални барча ислоҳотларини тўсишда айблаган.

"Бу можаро тобора катталашиб бораётганди", дейди Андрии. "Буни ҳамма биларди. Зеленский бир қарорга келиши керак эди".

Уларнинг ёшидаги 25 йиллик фарқни ҳисобга олганда (Федоров 35 ёшда), бу кескин можаро марказида турган икки шахс Украинанинг бутунлай бошқача икки қиёфасини ифода этади.

Ҳарбий таҳлилчи ва собиқ разведкачи Иван Ступак бу ҳолатни шундай тасвирлайди, "Федоров - iPhone 16, Сирский эса 1980 йиллардаги телефон. Вазифаси бир хил, аммо ёндашувлари мутлақо бошқача".

2023 йилда Украина ҳарбийлари позицияларидан бирига ташриф буюрган Президент Володимир Зеленский Қуруқлик қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирскийнинг сўзларини тингламоқда.

Сурат манбаси, Ukrainian Presidential Press Service/Handout via Reuters

Сурат тагсўзи, Сирский (ўнгда) Россиянинг 2022 йилдаги кенг кўламли босқини бошланган пайтда Украина пойтахти мудофаасига раҳбарлик қилган.

Ступакнинг айтишича, Федоров ўн йил олдин тасаввур қилиб бўлмайдиган ишни уддалаган - эски қолиплардан чиқиши қийин бўлган, ўзгаришларга қаттиқ қаршилик кўрсатувчи ҳарбий тизимни рақамли дунёга олиб кирган.

Мудофаа вазирлигидаги қисқа фаолияти давомида (у атиги январ ойида тайинланган эди), Федоров бир қатор муҳим натижаларга эришди. Жумладан, у Илон Маскни Starlink сунъий йўлдош интернет хизматидан Россиянинг фойдаланиш имкониятини чеклашга кўндирган.

Бу қарор Россиянинг жабҳа чизиғидаги бўлинмалари учун жиддий муаммолар туғдириб, Украина кучларига Россия ҳужумларини тўхтатиш ва ҳатто орқага суришда ёрдам бергани айтилмоқда.

Сунъий интеллект ва арзон ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари қўлланишида ҳам тезкор ютуқларга эришилди. Бу технологиялар Украина шаҳарларини Россия дронлари таҳдидидан ҳимоя қилишга ёрдам бермоқда.

Федоров вазирликдаги тартиб-қоидалар ва иш услубларини ҳам атрофлича таҳлил қилган. Бунинг мақсади бюрократияни қисқартириш ва самарадорликни ошириш эди.

Бу доимий саъй-ҳаракат талаб қиладиган вазифа эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Мудофаа вазирлиги ботқоққа ўхшайди", дейди Ступак. "Тизим мустаҳкам ўрнашиб қолган ва ўзгаришларга осонликча мослашмайди. Шунинг учун янги технологияларни жорий этиш қийин. Кўпчилик ходимлар бу ерда ўнлаб йиллардан бери ишлайди ва рақамлаштириш ҳақидаги янги қарашларни қабул қилмайди".

Кўплаб кузатувчиларни хавотирга солаётган жиҳат шундаки, Федоровнинг лавозимдан кетиши, Зеленскийнинг ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳақидаги ваъдаларига қарамай, унинг кенг қамровли ислоҳот ва инновация дастурини тўхтатиб қўйиши мумкин.

Куз ва қиш яқинлашар экан, Россия Украина энергетика тармоғига яна янги ҳужумлар уюштириши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор. Айримлар мамлакат янада заифлашиши мумкин деб ҳисобламоқда.

"Федоров барпо этган бу тараққиёт урушнинг энг муҳим даврларидан бирида йўқ қилиниши ва ортга қайтарилишидан жуда хафаман", дейди Украинанинг Коррупцияга қарши кураш маркази ижрочи директори Дария Каленюк.

Каленюкнинг фикрича, бу инқироз Украина раҳбарининг обрўсига ҳам путур етказмоқда.

"Бу жуда ёмон сигнал юборяпти", дейди у. "Президент Зеленский Украина халқи нима деб ўйлаётганига аҳамият бермаяпти. Шунингдек, у жамоасида мустақил фикрлай оладиган, ташаббус кўрсата оладиган ва натижага эриша оладиган одамларни қабул қилмаяпти. Бу Украина манфаатларига зид".

Михайло Федоров - кулранг пиджак ва қора кийимда, сочлари калта кесилган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳукуматга қўшилишидан аввал Михайло Федоров кўнгиллилардан иборат 'Украина IT армияси'ни ташкил қилган эди.

Самарали ёки машҳур амалдорларни ишдан олиш ёки таъсир доирасидан четлатиш борасидаги президент сиёсати айримларни унинг бошқарув услубини тобора диктатурага хос тус олаётган хатти-ҳаракатлар деб баҳолашга сабаб бўлди.

"У ўзини қўллаб-қувватламайдиган одамларга тоқат қилолмайди", дейди Ступак.

Ступакнинг таъкидлашича, ҳазиломуз томони шундаки, Зеленскийнинг ўзи бир вақтлар комик бўлган кезларида масхара қилган сиёсатчиларга ўхшаб бормоқда.

"У ўз ҳазилларининг мавзуи бўлган деярли барча хусусиятларни йиғиб олди. Балки бу унинг етти йилдан бери ҳокимиятда экани билан боғлиқдир".

Каленюк каби фаоллар учун кўчаларга чиққан минглаб ёшларни кўриш таниш манзаранинг, яъни бўлиб ўтган воқеанинг такрорланишидек таассурот уйғотади.

Одамлар Зеленскийдан Украинанинг коррупцияга қарши курашувчи икки идорасининг ваколатларини чекловчи қонунга вето қўйишни талаб қилиб оммавий йиғилганига деярли бир йил бўлди.

Бу намойишлар - Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейинги илк ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб, натижа берган. Зеленский ушбу икки ташкилот мустақиллигини тикловчи янги қонун лойиҳасини эълон қилган эди.

Бугунги намойишчилар ҳам шунга ўхшаш натижага умид қилмоқда. Гарчи президент аллақачон вақтинча вазир сифатида Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Евгений Хмарани тайинлаган бўлса ҳам.

Ukrainian Presidential Press Service/Handout via Reuters
Eski qarashdagi odamlar bilan kelisha olmasangiz, ular sizni tiriklayin yutib yuboradi
Natasha
Ismi o‘zgartirilgan Ukraina askari (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da)

Бироқ бу галги намойишлар ҳозирча кўлами жиҳатидан кичикроқ бўлса-да, Каленюкнинг айтишича, бу сафар масала анча жиддий.

"Бу воқеалар янада хавфлироқ, чунки улар бевосита бизнинг уруш олиб бориш қобилиятимизга таъсир қилмоқда", дейди у.

Президент танқидчиларининг бир қисми Федоровнинг садоқати ва муваффақиятлари кенг эътироф этилганига қарамай, Зеленский уни четлатишни маъқул кўрганига эътибор қаратмоқда.

"Сиз душман устидан технологик ғалаба стратегиясининг асосий меъморига айланишингиз мумкин", деб ёзди ҳаводан разведка бўйича кўнгиллиларни тайёрлайдиган нодавлат ташкилот асосчиси Мария Берлинска Facebook'да.

"Қанчалик кучли ва иқтидорли бўлманг, бу сизга ёрдам бермайди. Бир пайт келиб, сизни шунчаки майдондан четлатишади".