Путин янги даъво билан чиқди, Москва ҳалиям ўйинчими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Россия президентининг айтишича, ўтган ҳафта Эрон Олий руҳоний раҳбаридан пайғом олган. Ғарб заифлашаяптими?
Ҳалиям ўйинчими?
Стив Розенберг
BBC муҳаррири, Россия
Россия президенти ўтган ҳафта Эрон Олий раҳбаридан пайғом олганлигини айтди.
Путиннинг бу гапи кеча, Санкт-Петербургда, унинг Эрон Ташқи ишлар вазири билан учрашуви чоғида янгради.
Аммо, шундай деркан, Россия президенти бундан бошқа тафсилотларга тўхталмади.
Кремл етакчиси Эрон халқи "ўз суверенитети" учун курашаётганлигини айтди.
Путин "тезроқ тинчлик ўрнатилишини таъминлаш учун (Эрон) ва минтақадаги бошқа халқлар манфаатларига хизмат қиладиган ҳамма нарсани қилиши"ни таъкидлади.
Шундай экан, Кремл аниқ нима қила олади?
Tezroq tinchlik o‘rnatilishini ta’minlash uchun (Eron) va mintaqadagi boshqa xalqlar manfaatlariga xizmat qiladigan hamma narsani qilamiz.
Хабарлар асосида бизга унинг Эрон билан жосуслик маълумотларини бўлишаётгани маълум.
Бу икки давлат иттифоқчилардир.
Икковлон ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битим амал қилади.
Аммо ушбу келишув Москвани Теҳронга ҳарбий ёрдам кўрсатишга масъулламайди.
Россия, бошқа томондан, қолган Форс кўрфази давлатлари, Исроил ва Трамп маъмурияти билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолиш илинжида.
Лекин, шунга қарамай, ўтган ой Европа Жосуслик идоралари Москва Теҳронга замонавий дрон технологиясини етказиб бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди.
Эрон Россия кўрсата оладиган ҳар қандай ҳарбий ва иқтисодий ёрдамни мамнуният билан қабул қилади.
Санкт-Петербургдаги музокараларда Россия ҳарбий разведкаси раҳбари Игор Костюков ҳам иштирок этди.
Ўз навбатида, Москва ҳалиям Яқин Шарқда ўйинчи эканлигини кўрсатишни хоҳлайди.
Россия яқинда Яқин Шарқ масаласида ёрдамчи бўлиш – воситачилик таклифи билан чиққан ва Эроннинг бойитилган уранини биз сақлашимиз мумкин, деган гапни ҳам айтган.
Аммо Вашингтон бу таклифга рўйхушлик бермади.
Уруш сабаб дунёда нефтнинг қимматлашиши Россияга йўқ ердан фойда келтирди.
Энди у энергия маҳсулотлари экспортидан кўпроқ даромад олмоқда, деб ёзади BBC нинг Россиядаги муҳаррири Стив Розенберг.
Янги даъво

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Путиннинг баён қилишича, Ғарб давлатлари ўзларининг етакчилик мавқеъларини йўқотишмоқда.
Россия президентига кўра, улар ўз ўринларини янги ривожланиш марказлари – Глобал Жануб давлатларига бўшатиб қўйишмоқда.
Путиннинг айтишича, ҳозир ҳеч бир давлат якка ўзи ривожлана олмайдиган кўп қутбли дунё архитектураси шаклланмоқда.
Аммо, Россия президентига кўра, глобал ривожланишнинг барқарор ва адолатли модели тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган, барча давлатлар манфаатлари ҳисобга олинган тақдирдагина имконли бўлади.
Путин бу ҳақда шу соатларда "Очиқ мулоқот" халқаро форуми иштирокчилари ва меҳмонларига йўллаган видеомурожаатида тўхталиб ўтган.
Кўп қутбли дунёни шакллантириш эса Россия ташқи сиёсати ва геосиёсий стратегиясининг асосий устувор йўналиши сифатида кўрилади.
Айниқса, сўнгги йилларда энг кўп эътибор қаратаётган ва диққат тортаётган мавзу, масалалардан бири бўлади.
Бу ғоя АҚШ ва Ғарб давлатларининг глобал ҳукмронлиги - бир қутбли дунёга қарши туришни назарда тутиши таъкидланади.
Россия БРИКС ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига ўхшаш ташкилотларни ўзи назарда тутаётган ана шу янгича тарибнинг иқтисодий ва сиёсий марказлари сифатида кўриши айтилади.
БРИКС гуруҳига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради, шунингдек, сўнгги йилларда бу гуруҳга бир нечта бошқа давлатлар ҳам қўшилган.
Россия яна ўзаро олди-бердида АҚШ долларидан воз кечиш ғоясини анча йиллардан бери илгари суриб келади.
Бу ғоя ҳозирда дунёнинг қарийб ярим аҳолисини тамсил этувчи БРИКС гуруҳи ташкил этилиши ортидан халқаро даражага чиққан.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруш очганига бугун, 28 апрел куни роппа-роса икки ой бўлди.
Эрон Ташқи ишлар вазири эса Исломободга сафари ортидан Россияга борган.
Эронликлар Покистон пойтахтида Америка томони билан музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказишдан бош тортишган.
Трамп куни-кеча АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик муваққат сулҳни номаълум муддатгача узайтирган.
АҚШ президенти Эрон "ягона ва аниқ" таклиф билан чиқмагунича, оташкесим амалда бўлишини айтган.
Трампнинг сулҳга қанчалик мойиллиги Эрон қамал қилиб турган Ҳўрмуз бўғози Теҳрон қўлидаги энг кучли ва ҳатто, "ядро қуроли"га айланганига оид таҳлиллар, баҳоларга ҳам сабаб бўлган.
Ҳўрмуз дунёдаги энг муҳим сув йўлларидан бири бўлади.
Ҳўрмуз қамали дунёдаги нефт нархларини кўтариб, жаҳон иқтисодига жиддий зарба бера олади.

Сурат манбаси, Dmitry LOVETSKY/ POOL/AFP via Getty Images
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Санкт-Петербургга ташриф буюриб, Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди. Бунгача Ароқчи Покистон ва Умонда — АҚШ билан тинчлик музокараларида воситачилик қилаётган давлатларда бўлган эди. Бу орада ОАВ Теҳрон Вашингтонга Ҳормуз бўғозини очиш ва урушни тугатиш эвазига ядровий дастур бўйича музокараларни кейинга қолдириш таклифини бергани ҳақида хабар тарқатмоқда.
Ароқчи ва Путин учрашуви
Вазирни "Пулково" аэропортида Россия расмийлари ва Эроннинг Россиядаги элчиси Кoзим Жалилий кутиб олди. Жалилийнинг сўзларига кўра, Ароқчи ва Путин Яқин Шарқдаги можаро билан боғлиқ сўнгги воқеаларни муҳокама қилишни режалаштирган.
"Кўриб турганингиздек, бизнинг Россия билан доимо кенг кўламли масалалар, айниқса, минтақавий масалалар бўйича яқин маслаҳатлашувларимиз бўлган, доимий икки томонлама музокаралар олиб борилган", - деди Ароқчи Петербургга келгач (ТАСС агентлиги иқтибоси).
Путин Ароқчини Елцин номидаги Президент кутубхонасининг Петровский залида қабул қилди. Учрашув аввалида у ўтган ҳафта Эроннинг янги олий раҳнамоси оятуллоҳ Можтаба Хомейнийдан мактуб олганини айтди. Бироқ у ушбу мактуб мазмунини ошкор қилмади.
Путин, шунингдек, Эрон халқи янги раҳнамо бошчилигида "ушбу мураккаб синов давридан ўтишига" умид билдирди, Россия эса Яқин Шарқда тезроқ тинчлик ўрнатилиши учун ҳамма нарсани қилишини айтди.
"Ўз навбатимизда, сизнинг манфаатларингизга ва минтақадаги барча халқлар манфаатларига жавоб берадиган ушбу тинчликка имкон қадар тезроқ эришиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз", - дея ишонтирди Путин ("РИА Новости" иқтибоси).
Ароқчи жавобан Эрон халқи "ўз шижоати билан Америка ҳужумларига қарши тура олишини" бутун дунёга исботлаганини айтди. Шунингдек, у Мужтабо Хомейний ва Эрон президенти Масуд Пезешкионнинг "энг эзгу ва иссиқ тилакларини" етказди.
"Мендан ушбу сафар давомида Эрон-Россия муносабатлари биз учун энг юқори даражадаги стратегик шерикликни англатишини ва биз шу йўлдан боришимизни тасдиқлашимни сўрашди", - деди у.
Учрашувда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Қуролли Кучлар Бош штаби Бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюков ҳам иштирок этди. Эрон делегацияси таркибида Ароқчидан ташқари унинг ўринбосари Кoзим Гариб-Абоди ва элчи Кoзим Жалилий бор эди.
Санкт-Петербург — урушни тугатишнинг дипломатик йўлини излаётган Ароқчи учун учинчи тўхташ жойи бўлди. Жума куни у Покистонга учган эди, у ерга америкалик музокарачилар — АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳам келиши керак эди.
Бироқ шанба куни Трамп ўз вакилларининг Исломободга сафарини бекор қилганини эълон қилди. Fox News телеканалига берган интервюсида Оқ уй раҳбари: "Ҳеч нарса ҳақида гаплашиб ўтириш учун 18 соат учишнинг кераги йўқ", - деб айтди.
Axios: Теҳрон Вашингтонга янги таклиф юборди
Шанба куни Ароқчи Покистондан Умонга — Эрон ва АҚШ ўртасида воситачилик қилаётган яна бир давлатга йўл олди. Масқатдан кейин у яна қисқа вақтга Покистонга қайтди ва сўнг Россияга йўл олди.
Axios нашрининг манбаларига таяниб ёзишича, Ароқчи Покистон, Умон, Туркия ва Қатар воситачиларига Эрон раҳбариятида АҚШнинг уранни бойитишни 10 йилга тўхтатиш ҳақидаги талабига қандай жавоб бериш бўйича ягона позиция йўқлигини тушунтирган.
Нашр маълумотларига кўра, Теҳрон воситачилар орқали Вашингтонга янги таклиф юборган: Ҳормуз бўғозини очиш, портлар блокадасини бекор қилиш ва ёки узоқ муддатли сулҳга келишиш ёки урушни бутунлай тугатиш, шундан кейингина Эроннинг ядровий дастури мавзусига қайтиш.
"Бу нозик дипломатик мунозаралар ва АҚШ ОАВ орқали музокара олиб бормайди", - деди Оқ уй матбуот котиби Оливия Уэйлс Эроннинг позицияси ҳақидаги маълумотларга изоҳ бераркан.
"Телефон деган нарса бор"
"Агар улар гаплашишни исташса, олдимизга келишлари ёки бизга қўнғироқ қилишлари мумкин. Биласизми, телефонлар ҳам бор. Бизда ажойиб ҳимояланган алоқа тармоқлари мавжуд", - деди Трамп якшанба куни Fox News телеканалига берган интервюсида.
"Улар келишув зарурлигини билишади. Ҳаммаси жуда оддий: уларда ядровий қурол бўлиши мумкин эмас; бошқа ҳеч қандай ҳолатда учрашишдан маъно йўқ", - дея қўшимча қилди АҚШ президенти.
8 апрелдан бери АҚШ ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими амал қилмоқда. Дастлаб у икки ҳафта давом этиши керак эди, аммо 21 апрелда Трамп уни номаълум муддатга узайтирди. 11 апрел куни Исломободда Эрон ва АҚШ ўртасида музокаралар бўлиб ўтган эди (Вашингтон номидан вице-президент Жей Ди Вэнс қатнашди), бироқ улар сезиларли натижа бермади.
Нефт нархи кўтарилмоқда
АҚШ ва Эрон вакилларининг Исломободдаги учрашуви бекор қилингани фонида нефт нархи яна ошди. Масалан, Brent маркали нефт қарийб 2 фоизга қимматлаб, бир баррели 107,26 долларни ташкил этди.
Эрон билан урушда сулҳ узайтирилганидан бери Brent нефти жами 10 фоиздан кўпроққа қимматлади.
Нефт трейдерлари янгиликларга унчалик муносабат билдирмаяпти ва можаро тугаётганига оид "ишончли" далилларни кутмоқда, деб таҳлил қилади Сингапур Менежмент университети иқтисодчиси Го Цзин Рон. "Менимча, трейдерларга осонгина бекор қилиниши мумкин бўлган заиф келишув эмас, балки аниқ далиллар керак", - дейди у.
Тинчлик даврида дунё хом нефти ва суюлтирилган табиий газининг қарийб 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғозининг блокада қилиниши турли маҳсулотлар - "чиқинди пакетларидан тортиб дори-дармонларгача" нархи ошишига олиб келиши мумкин, деб тушунтиради BNP Paribas стратеги Софи Хойн.
Унинг айтишича, агар Ҳормуз бўғози бир неча ҳафтадан кўпроқ ёпиқ қолса, таъминот занжири учун оқибатлар "ҳақиқатан ҳам жуда узоққа борувчи" бўлади.





























