Ўзбекистон ва минтақа: Толибон билан ҳисоблашмаса бўлмайдими?

Толибон ҳаракати ҳайъати Самарқандда. Сурат 2019 йилда олинган.

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳали Афғонистонда қудратга қайтмай туриб, Толибон билан фаол мулоқотга киришган минтақа давлати бўлади.
Published
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Афғонистон Ўзбекистонга ҳам чегарадош.

Яна икки Марказий Осиё давлати - Тожикистон ва Туркманистонга ҳам.

Толибоннинг беш йилдан буён Афғонистонда қудратда қолаётгани бугун ҳатто Ғарбда янги саволларни пайдо қилди.

Толибон тузуми ўз ўрнида қоладими, ҳеч қаерга йўқолмайдими?

Улар билан энди ҳатто дунёнинг "демократик давлатлари ҳам мулоқот қилишига тўғри келади"ми?

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллашининг беш йиллиги санаси арафасида Ғарбнинг энг нуфузли нашрларида худди ана шундай баҳолар сарлавҳаларга чиқди.

Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлган.

Аъзолари ва тарафдорларининг сони бир неча юз мингга нисбат берилган.

Ҳаракатни яқин-яқингача Россия ҳам, аксарият минтақа давлатлари ҳам "террорчи ташкилот", деб кўрган.

Ўз мамлакатларида фаолиятини ҳам расман тақиқлаб келган.

Толибон билан мулоқот зарурми?

Толибон етакчиларидан бири Мулла Абдулғани Бародар.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон, беш йилдирки, Афғонистонни якка ўзи, ўз талқинидаги Шаръий қадриятлар асосида бошқариб келади.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Афғонистон ҳозир Толибоннинг Исломий Амирлиги.

Ҳаракат амалдаги афғон ҳукумати билан музокараларни чиппакка чиқариб, 2021 йилнинг 15 августида пойтахт Кобулни қайта эгаллаган.

Толибоннинг қудратга қайтишига 2010 йилда расмий Вашингтон билан имзолаган Доҳа битими йўл очган.

Худди шу битим шартлари асосида Ғарб бошчилигидаги хорижий иттифоқ кучлари Афғонистонни тўлиғича тарк этган.

Бу АҚШ тарихидаги энг узоқ уруш бўлган.

Толибон ва иттифоқчилари АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари билан 20 йилча урушган.

Аммо, алал-оқибат, уларнинг Афғонистондан буткул чиқиб кетишларига эришган.

Америкаликларнинг ортга қайтиш уринишларига қатъиян "йўқ", деган. Шу кунгача ўзининг мавқеида қатъий.

Афғонистонда бирор бир хориж аскарининг бўлишига изн бермасликларини баён қилган.

Ҳокимиятни эгаллашидан қисқа вақт ўтмай, минтақадаги энг йирик Қуролли кучларга эга бўлиш истагини ошкора баён қилган.

АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонда қолдирган миллиардлаб долларлик ҳарбий техника ва қурол-аслаҳанинг аксариятига ҳам эга чиққан.

Инфографика

Сурат манбаси, .

Толибон Афғонистонда аввалига ўзининг муваққат ҳукуматига асос солган, кейин уни доимийси, деб эълон қилган.

Инклюзив ҳукуматга оид ваъдасида турмаган.

Беш йилдирки, Афғонистонни якка ўзи, ўз талқинидаги Шаръий қадриятлар асосида бошқариб келади.

Халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ҳукумат тузиш каби энг муҳим ва асосий талабларига қулоқ тутмайди.

Бунинг оқибатида Афғонистонга халқаро ёрдамлар деярли тўхтаган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларининг аксарияти музлатилган.

Афғонистондаги бу галги бошқаруви ҳам инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ жиддий хавотирларни пайдо қилиб бўлган.

Қудратга қайтишининг беш йиллиги санаси арафасида дунёнинг йирик халқаро ташкилотлари, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам мавжуд вазиятга ўзининг эътиборини қаратган, яна хавотирларини изҳор этган.

Афғонистон аҳолисининг сони 40 миллиондан ортади, ярмига яқини хотин-қиз.

Ўтган беш йил ичида Афғонистонда ишсизлик ва қашшоқлик янада чуқур илдиз отган.

Бу айнан Афғонистон мисолида узоқ йиллар давомида ижтимоий норозилик ва исёнчиликка туртки бериб келаётган икки асосий омил сифатида ҳам кўрилади.

Глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳалокатли табиий офатлар эса Афғонистондаги мавжуд вазиятни янада оғирлаштирган.

Афғонистонда юзага келаётган ижтимоий, иқтисодий ҳолат миллионлаб одамнинг очликка юз тутишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Аксарият минтақа давлатлари Афғонистондаги ижтимоий, иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши ва бунинг натижасида юзага келажак катта миқдордаги қочқинлар оқими ўз барқарорликларига таҳдидга айланишидан ҳам хавотирда.

Ҳозир Толибон ҳукумати билан мулоқотда бўлганлар сафига Европа давлатлари ҳам қўшила бошлашган, аммо бу четда бир хилда қарши олинмаган, танқидларга ҳам тутилган.

Яқин-яқингача турли жангари гуруҳлар фаол бўлган Афғонистон узоқ йиллик урушлардан энди-энди чиқмоқда.

Прагматик сиёсатми?

Толибон ҳайъати Москвада.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўтган беш йил ичида Толибон ҳукуматини фақат Россия расман тан олган, холос.

Аммо, орадан беш йил ўтиб ҳам, Афғонистондаги ҳукуматини фақат Россия расман тан олган.

Афғонистонга чегарадош бўлса-да, Ўзбекистон илова қолган бирор бир Марказий Осиё давлати ҳам ҳалича бу каби қадамга бормаган.

Аммо аксарият минтақа давлатлари Толибон ҳукумати билан фаол дипломатик муносабатда.

Ҳайъатларининг ўзаро ташрифлари ҳам мунтазам, элчихоналари ҳам очиқ, элчилари ҳам ишлаб турибди, томонлар ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириш, турли битим ва шартномалар имзолаш ҳаракатида.

2024 йилда Қозоғистон ва Қирғизистон кутилмаган қадамларга ҳам боришган.

Афғонистонга чегарадош бўлмаган бу икки минтақа давлати кетма-кет Толибонни ўзларида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришган, дунёнинг эътиборини ўзларига қаратишган.

Толибон ҳукуматининг Ўзбекистонга ўз элчисини юбориши ҳам орада озмунча эътиборга сабаб бўлмай қолмаган воқеъликка айланган.

Ўзбекистон Толибон ҳокимиятни эгаллаган сўнгги беш йил ичида расмий ташриф билан Афғонистонга ўзининг энг юқори мартабали ҳайъатини юборган биринчи давлат ҳам бўлган.

Ҳайъатга Ўзбекистон Бош вазирининг шахсан ўзи бошчилик қилган.

2024 йилги худди шу ташриф чоғида томонлар ўзаро савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказиш истагини изҳор этишган.

Бир расмий ташрифнинг ўзида умумий қиймати қарийб 2.5 миллиард долларлик ўнлаб иқтисодий ва сармоявий битимлар имзолашган.

Мазкур рақамлар ҳам нафақат катталиги, балки-да, амалдаги Толибон ҳукуматининг фақатгина Россия томонидан расман тан олингани манзарасида янграётгани билан ҳам четда кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Томонлар худди шу ташриф чоғида Термиз халқаро Савдо марказини ҳам ишга туширишган.

Ўзбекистон каттаю кичик минбарлардан Толибон ҳукуматини яккалаб қўймасликка, музлатилган активларини очишга чақириб келаётган саноқли давлатлардан ҳам бири бўлади.

Яъни, аксар минтақавий таҳлилчилар эътирофича, Тожикистон истисно аксарият минтақа давлатлари Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсат юритиш йўлини танлашган.

Аммо нега?

Толибон сиёсий қаноти ҳайъатининг Ўзбекистонга 2029 йилши ташрифи.

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Ҳали Афғонистонда қудратга қайтмасидан бурун Толибон билан нега мулоқотга киришишгани сабабига тўхтатларкан, Ўзбекистон президенти буни энг аввало ўзига "халқининг тинчилиги ва осойишталиги керак"лиги билан изоҳлаган.

Толибон ўзининг ҳайъатини Ўзбекистонга ҳали 2019 йилда, қудратга қайтмасидан бурун юборган.

Ҳайъатга Толибоннинг Доҳадаги ўша пайтдаги сиёсий қаноти раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар бошчилик қилган.

Толибон ҳайъати Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилган ва ўша ерда Жума намозини ўқиган.

Шундан сўнг меҳмонларни Самарқанд вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олган.

У Толибон раҳбарининг ўринбосари Мулла Абдул Ғанига зарбоф тўн кийдирган.

Меҳмонларга зиёфат берилган. Таомланиш вақтида миллий мусиқа асбоблари иштирокида шошмақом куйлари янграб турган.

Уларнинг Ўзбекистонда қанчалик илиқ қарши олингани ўшанда ҳатто амалдаги афғон ҳукуматининг эътирозига сабаб бўлганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ҳали Афғонистонда қудратга қайтмасидан бурун Толибон билан нега мулоқотга киришишгани сабабига тўхтатларкан, Ўзбекистон президенти буни энг аввало ўзига "халқининг тинчилиги ва осойишталиги керак"лиги билан изоҳлаган.

Шавкат Мирзиёев, "фақат ва фақат Ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъиназар, гаплашаман", деб айтган.

Президент Мирзиёев бу ҳақда Толибон қудратга қайтишидан бир неча кун ўтиб тўхталган.

"Ўзбекистон томонга бирорта ўқ отилмаслиги учун ҳар қандай мулоқотга тайёр" эканини билдирган.

Қозоғистон президенти эса, Толибонни нега террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қарорига келганликлари сабабини, "бугунги Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлиги ва бу режимнинг узоқ муддатли омил эканлигини англаб етганликлари" билан изоҳлаган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақанинг икки йирик давлати бўлишади.

Ўзбекистон яна постсовет маконидаги энг йирик мусулмон давлати ҳам саналади.

Қирғизистон томони эса, минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мулоқотни ушлаб туриш мақсадида Толибон ҳаракатини "фаолияти тақиқланган ташкилотлар" рўйхатидан чиқарганликларини айтган.

Ҳукуматини расман тан олишларидан бир йил аввал давлат ташрифи билан пойтахт Тошкентда экан, Россия президенти "Толибон ҳаракати ҳозир Афғонистонда куч" эканини айтган.

Владимир Путин, "улар билан муносабатлар бугунги воқеълик асосида қурилиши керак"лигини таъкидлаган.

Россия 2025 йилнинг июлида дунёда биринчи бўлиб Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олган.

Орадан йил ўтмай, яъни шу йил май ойида улар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликка оид битимни ҳам имзолаган.

Бу янгилик яна минтақадаги урушлар фонида ўртага чиққани билан ҳам хос эътибор топган, турли талқин ва таҳлилларга ҳам йўл очмай қолмаган.

Россия энди Толибонни кучайтиради, унга қурол-яроғ беради, деган хавотирларга ҳам сабаб бўлган.

Россия Украина билан, Покистон Толибон ҳукумати билан, АҚШ ва Исроил эса Эрон билан уруш ичида.

Покистон Толибон ҳукуматини "яксон этмоқчи", уларга "очиқ уруш" эълон қилган.

Афғонистон таҳдиди, бошқа томондан, минтақа давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда, йилларки, Россия қўлидаги энг муҳим, самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўриб келинган.

Аксарият минтақа давлатлари эса Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ўзаро муносабатларида асосий урғуни иқтисодий ва гуманитар соҳаларга қаратишган.

Толибон ҳукумати эса, Ўзбекистонни ҳам Афғонистон ҳудудидан уларга бирор бир хавф йўқлиги, Афғонистондаги бизнеси ривожига қўлидан келадиган барча ёрдамини бериши ва лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашга ишонтириб келади.

Афғонистонда ҳукуматини тутиб қолиш учун қандай қилиб бўлмасин, мамлакат иқтисодининг таназзулга учрашининг олдини олиш илинжида.

Кескин мавқеъдагилар ҳам бор

Душанбедаги учрашув

Сурат манбаси, rasmiy

Толибон ҳукуматига нисбатан кескин мавқеъни минтақа давлатлари орасидани фақат Тожикистон эгаллаган.

Президент Эмомали Раҳмон аввалбошдан Афғонистонда инклюзив бўлмаган ҳукуматни тан олмасликларини айтган.

Унинг айни мазмундаги баёноти Толибон Афғонистондаги қудратга қайтган йили, Покистон Ташқи ишлар вазири билан пойтахт Душанбеда кечган музокаралари манзарасида янграган.

2021 йилнинг 25 августида президентнинг расмий веб-сайтида чоп қилинган хабарда, "Тожикистон томони афғон халқига, жумладан, тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги қонунбузарлик, қотиллик, талончилик ва таъқибларни қатъий қоралагани" айтилган.

Маълум бўлишича, худди шу мулоқот чоғида Тожикистон томони Афғонистондаги сиёсий муаммоларга зудлик билан барҳам берилиши учун мамлакатдаги барча миллий озчиликлар вакилларини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат тузилиши шарт эканини таъкидлаган.

Бунинг ортидан эса, Тожикистон Афғонистонда бутун афғон халқи, айниқса, барча миллий озчиликларнинг мавқеини инобатга олмай, зулм ва таъқиблар асосида қурилган бошқа ҳар қандай ҳукуматни тан олмаслиги расман ва ошкора баён қилгани билдирилган.

Ўз ўрнида, Тожикистон президенти матбуот хизматининг расмий хабарида этник тожиклар Афғонистон аҳолисининг 46 фоизини ташкил этиши ҳам тилга олинган.

Толибон қудратга келган ўтган 10 кун ичида эса қолган бирор бир Марказий Осиё давлатининг Афғонистондаги вазият муносабати билан қилган расмий баёнотларида бу каби оҳанг кўзга ташланмаганди.

Тожикистон ҳозир ҳам Афғонистонга электр энергияси бериб келади, иқтисодий алоқаларини ҳам буткул узмаган.

Аммо Тожикистон сўнгги йилларда Афғонистон билан ўзаро чегараси кўп бузилаётган, тез-тез ҳужумга учраган минтақа давлатига ҳам айланган.

Худди шу каби вазият манзарасида томонлар ўртасида дипломатик алоқалар жонлана бошлаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Толибон омили

Инфографика

Сурат манбаси, .

Толибон 1990-йиллар бошларида Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, Покистон шимолида пайдо бўлган, паштун гуруҳи.

Гуруҳнинг Саудия Арабистони томонидан молияланувчи, сунний Исломнинг муросасиз шакли тарғиб қилинадиган диний мадрасаларда шакллангани айтилади.

Толибон қудратга қайтган заҳоти ўз талқинидаги Шариатни қатъий жорий этишга ваъда бериб келган.

Ҳаракат, бундан ташқари, Покистон ва Афғонистон ҳудудларига узанган паштун ҳудудларида тинчлик ва хавфсизликни қарор топтириш ниятида бўлган.

Ҳаракат ўз вақтида минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.

Ҳарбий доираларда аъзолари ва сафдошларининг жами сони 200 000 дан ошиши тахмин этилган.

Афғонистон яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган.

У ердан турли жангари гуруҳлар ва глобал тармоқлар ҳам бошпана топиб келган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати мисолида айрим йирик Ўзбек жангари гуруҳлари ўз вақтида Толибон билан яқин иттифоқчилик ҳам қилган.

Толибон Доҳа битими шартлари мувофиқ, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб, учинчи бир давлатга таҳдид солишига имкон бермаслигини таъкидлаб келган.

Аммо ўтган йили Толибон ушбу келишув тугаганини эълон қилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бу хабарларга расмий Вашингтон ва Ўзбекистон илова Афғонистонга чегарадош бошқа минтақа давлатларининг расмий муносабатлари эса ноаён қолган.

Сўнгги йилларда Россия ва Россия шамсияси остидаги хавфсизлик блоклари Афғонистон таҳдидига оид огоҳлантиришларини кучайтиришган.

Афғонистонни бугун ҳам "террорчилик манбаси" сифатида тилга олишган.

Толибон аъзолари

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон қудратга қайтган заҳоти ўз талқинидаги Шариатни қатъий жорий этишга ваъда бериб келган.

Афғонистон омили

Минтақа харитаси.
Сурат тагсўзи, Афғонистоннинг геостратегик жойлашуви муҳим. Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлай олади.

Хитой, Эрон ва Покистондан ташқари бугун Толибон бошқаруви остида бўлган Афғонистонга уч Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам чегарадош.

Покистон ва Хитой дунёнинг саноқли глобал ядровий қудратлари сирасига ҳам киришади.

Тожикистон ва Туркманистоннинг Афғонистон билан ўзаро чегараси энг узунларидан.

Туркманистонники минг чақиримга яқин, Тожикистонники эса бундан ҳам ошади.

Афғонистонда яна этник Ўзбек, Тожик, Туркман, Қирғиз ва Қозоқлар ҳам яшаб келишади.

Афғонистоннинг геостратегик жойлашуви муҳим.

Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлай олади.

Денгизга йўли икки карра ёпиқ Ўзбекистонни ҳам жаҳон сув йўллари ва ноанъанавий бозорларга олиб чиқиш потенциалига эга.

Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи йирик минтақавий иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган мамлакат.

Улар минтақа давлатларининг Россия таъсиридан узоқлашишларига ҳам имкон бера олади.

Афғонистонда сўнгги ўн йилликларда якуний Ғарб айтиб келган.

Аммо Афғонистон, айниқса, ҳозир минтақадаги энг йирик геосиёсий ўйинчилар саналувчи Россия ва Хитойнинг ҳам, таъбир жоиз, нигоҳи остидаги давлат.

Бу икковлон ҳам Ғарбни минтақага қайта яқинлаштирмаслик, унинг ҳарбий ҳозирлигига имкон бермаслик мавқеида қатъий.

Хитойнинг кўп миллиардлик минтақавий лойиҳалари Афғонистонни ҳам четлаб ўтмайди.

Афғонистон ядровий ва Россиянинг минтақадаги яна бир анъанавий иттифоқчиси Ҳиндистонга ҳам яқин жойлашган.

Минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда, аммо расмий Москванинг иттифоқчиси бўлган ўйинчи давлатлари ҳам, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.

Россия Украина уруши фонида яна бугун Глобал Жануб ёрдамида Ғарбнинг санкцияларини ҳам четлаб ўтмоқчи, Ҳиндистону Хитойнинг йирик бозорларига кўз тиккан, кўпроқ кириб бормоқчи.

Аммо айнан Россия Украинага очган уруш фонида минтақа давлатлари айнан Афғонистон орқали ҳам ўзларининг транспорт-логистика йўлларини ва ташқи бозорларини турфалаштириш ҳаракатида.

Россиянинг Толибонга янада яқинлашиш сиёсати эса, айрим минтақавий таҳлилчилар орасида Кремл бу билан "Марказий Осиёни амалда ўз бурчагига қамаб қўйиш — жаҳон бозорлари ёки денгизга чиқишига йўл қўймаслик — ва шу тариқа уни ўзларига қарам ҳолда сақлаб қолиш ниятида эканига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган."