You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Жон сақлаш учун фарзандини сотаётганлар: Афғонистонда оталар чорасиз танлов қаршисида
- Author, Ёгита Лимайе
- Role, correspondent
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Афғонистоннинг Ғўр вилояти маркази Чағчарон шаҳридаги чанг босган майдонга тонг отиши билан юзлаб эркаклар йиғилади.
Улар кимдир бирор иш таклиф қилиб қолар деган илинжда йўл четида саф тортади, юзларида ҳолдан тойгани кўриниб туради. Иш топилса, ўша куни оилалари овқат ейди, бўлмаса йўқ.
Бироқ иш топиш эҳтимоли жуда паст.
45 ёшли Жумахон сўнгги олти ҳафта ичида кунига 150 дан 200 афғонийгача ($2,35-$3,13) ҳақ тўланадиган ишни бор-йўғи уч кун топа олди.
"Болаларим кетма-кет уч кеча оч ётди. Хотиним ҳам, болаларим ҳам йиғлади. Шунинг учун қўшнимдан ун сотиб олиш учун қарз сўрадим", дейди у.
"Фарзандларим очликдан ўлиб қолишидан қўрқиб яшайман".
Бундай кун кўраётган фақат у эмас.
Диққат: Ушбу мақолада кўнгилни хира қиладиган тафсилотлар мавжуд.
БМТга кўра, бугунги Афғонистонда ҳар тўрт кишидан уч нафари ўзининг бирламчи эҳтиёжларини қондира олмайди. Ишсизлик авжида, соғлиқни сақлаш тизими оғир аҳволда, бир пайтлар миллионлаб одамларни энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаб турган ёрдам энг паст даражага тушган.
Мамлакат ҳозир мисли кўрилмаган очликка юз тутмоқда: 4,7 миллион киши – Афғонистон аҳолисининг ўндан биридан кўпроғи – очарчилик ёқасида турибди.
Ғўр – энг кўп жабр кўрган вилоятлардан бири.
Бу ердаги эркаклар чорасизликдан нима қилишни билмайди.
"Менга қўнғироқ қилишиб, болаларим икки кундан бери овқат емаганини айтишди", дейди Рабоний, овози бўғилиб.
"Ўзимни ўлдиргим келди. Аммо кейин ўйладим: бу оиламга қандай ёрдам беради? Шунинг учун мана, иш қидириб юрибман".
Хожа Аҳмад бир неча оғиз сўз айтар-айтмас ҳўнграб йиғлаб юборади.
"Биз очликдан ўляпмиз. Катта фарзандларим вафот этган, шунинг учун оиламни боқишим керак. Лекин қариб қолдим, шунга ҳеч ким менга иш бергиси келмайди", дейди у.
Майдон яқинидаги новвойхона ҳар очилганда эгаси оломонга қотган нон тарқатади. Бир неча сония ичида нон бўлаклари талаш бўлиб, ўнга яқин эркак камёб топилманинг бир бўлагини чангаллаб олади.
Шу пайт яна бир талотўп бошланади. Мотоцикл минган бир киши ғишт ташиш учун битта мардикор ёлламоқчи бўлиб келади. Ўнлаб одамлар ўзини унинг устига отади.
Биз у ерда бўлган икки соат ичида атиги уч киши ишга ёлланди.
Яқин атрофдаги маҳаллаларда – Сиёҳкўҳ тоғ тизмасининг қорли чўққилари манзарасида, қақраган жигарранг тепаликлар узра сочилган ҳувиллаган уйларда – ишсизликнинг ҳалокатли нуқси яққол кўриниб туради.
Абдурашид Азимий бизни уйига бошлаб кириб, икки фарзанди – етти ёшли эгизаклари Руқия ва Роҳилани олиб чиқади. У нима учун бундай чидаб бўлмас танлов қилаётганини тушунтиришга ошиқиб, уларни маҳкам бағрига босади.
"Мен қизларимни сотишга тайёрман, – дейди у йиғламсираб. – Мен камбағалман, қарзга ботганман, чорасизман".
"Ишдан уйга лабларим қақраб, оч, чанқаган, эзилган ва бошим ғовлаган ҳолда қайтаман. Болаларим ёнимга келиб, «дада, бизга нон беринг», дейди. Лекин нима бера оламан? Ишнинг ўзи қани?"
Абдурашид қизларини эрга бериш ёки уй ишларига хизматчи қилиш учун сотишга тайёрлигини айтади. "Агар бир қизимни сотсам, қолган болаларимни камида тўрт йил боқа оламан", дейди у.
У йиғлаганича Роҳилани қучоқлаб ўпади. "Юрагим эзилади, бошқа чорам йўқ".
"Ейдиганимиз фақат нон ва иссиқ сув, ҳатто чой ҳам йўқ", дейди уларнинг онаси Кайҳон.
Ўғилларни қўйиб, қизларни сотиш танлови ўғиллар бўлажак боқувчи деб қаралиши билан боғлиқ. Афғонистонда Толибоннинг аёллар ва қизлар таълими ҳамда ишлашига қўйган чекловлари туфайли бу ҳолат янада яққолроқ намоён бўлади.
Бундан ташқари, никоҳ пайтида куёвнинг оиласи томонидан келиннинг оиласига қалин бериш анъанаси ҳам бор.
Абдурашид ва Кайҳоннинг ўсмир ёшдаги икки ўғли шаҳар марказида пойабзал тозалайди. Яна бири эса ахлат йиғади, Кайҳон ундан овқат пиширишда ёқилғи сифатида фойдаланади.
Саид Аҳмаднинг айтишича, беш ёшли қизи Шайқа кўричак бўлиб, жигарида киста пайдо бўлганидан сўнг уни сотишга мажбур бўлган.
"Даволаниш харажатларини тўлашга пулим йўқ эди. Шунинг учун қизимни бир қариндошимга сотдим", дейди у.
Шайқанинг операцияси муваффақиятли ўтди. Бунинг учун пул у сотилган 200 000 афғонийдан ($3,200) келди.
"Агар ўшанда пулнинг ҳаммасини олганимда, у қизимни олиб кетган бўларди. Шунинг учун унга «Ҳозирча фақат даволанишига етадиганини беринг, келаси беш йил ичида қолганини берасиз, шундан кейин уни олиб кетасиз. У ўғлингизга хотин бўлади», деб тушунтирдим", дейди Саид.
Шайқа жажжи қўллари билан унинг бўйнидан қучади. Уларнинг ўзаро меҳри яққол кўриниб турибди, аммо беш йилдан сўнг, атиги 10 ёшга тўлганида, у бу ердан кетиб, қариндошининг уйига, унинг ўғилларидан бирига турмушга чиқиши керак бўлади.
"Агар пулим бўлганида, ҳеч қачон бундай қарорга келмасдим, – дейди Саид. – Лекин кейин ўйлаб қолдим: мабодо операция қилинмаса, ўлиб қолса-чи?"
"Фарзандингизни бундай ёшлигида бировга бериб юбориш одамни жуда ғамга солади. Эрта никоҳнинг ўзига яраша муаммолари бор; аммо унинг даволанишига пул тўлай олмаганим учун, ҳеч бўлмаса, тирик қолади-ку, деб ўйладим".
Афғонистонда вояга етмаганлар никоҳи кенг тарқалган бўлиб, Толибон ҳукумати қизлар таълимини тақиқлагани туфайли янада кучаймоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Бундан атиги икки йил олдин Саид бироз ёрдам олаётган эди.
Ўшанда у ва унинг оиласи – миллионлаб бошқа афғонлар каби – озиқ-овқат ёрдами: ун, ўсимлик ёғи, ясмиқ ва болалар учун озуқавий қўшимчалар оларди.
Аммо сўнгги бир неча йил ичида ёрдамнинг кескин қисқариши аксарият аҳолини бу ҳаётий ёрдамдан маҳрум қилди.
Бир пайтлар Афғонистоннинг энг йирик донори бўлган АҚШ ўтган йили мамлакатга деярли барча ёрдамни тўхтатди. Буюк Британия каби бошқа кўплаб асосий донорлар ҳам ёрдамни сезиларли камайтирди. БМТнинг жорий маълумотларига кўра, бу йил олинган ёрдам 2021 йилга нисбатан 70 фоизга кам.
Мамлакат вилоятларининг ярмидан кўпига таъсир кўрсатган кучли қурғоқчилик аҳволни янада оғирлаштирмоқда.
"Биз ҳеч кимдан – на ҳукуматдан, на нодавлат ташкилотлардан ёрдам олдик", дейди қишлоқ турғунларидан бири Абдумалик.
2021 йилда ҳокимиятни эгаллаган Толибон ҳукумати эса айбни Афғонистоннинг олдинги маъмуриятига – хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетиши ортидан ҳокимиятдан четлатилган ҳукуматга юклайди.
"20 йиллик ишғол даврида АҚШ доллари оқими туфайли сунъий иқтисодиёт яратилганди, – дейди Толибон ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитрат Би-би-сига. – Ишғол тугагач, бизга қашшоқлик, машаққат, ишсизлик ва бошқа муаммолар мерос қолди".
Бироқ Толибоннинг ўз сиёсати, хусусан, аёлларга нисбатан жорий этган чекловлари ҳам донорларнинг юз ўгиришига асосий сабаб бўлмоқда.
Бу ҳақда сўралганда, Толибон ҳукумати донорларнинг кетишида ўз масъулиятини рад этиб, "гуманитар ёрдам сиёсийлаштирилмаслиги керак"лигини таъкидлади.
Фитрат, шунингдек, Толибоннинг "йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали қашшоқликни камайтириш ва иш ўринлари яратиш" режаларига ишора қилиб, бир нечта инфратузилма ва тоғ-кон саноати лойиҳаларини санаб ўтди.
Аммо узоқ муддатли лойиҳалар бир кун келиб иш бериши мумкин бўлса-да, зудлик билан ёрдам берилмаса, омон қололмайдиган миллионлаб одамлар борлиги аниқ.
Муҳаммад Ҳошим бир неча ҳафта олдин 14 ойлик қизалоғидан айрилди.
"Болам очликдан, дори-дармон йўқлигидан ўлди... Бола касал ва оч бўлса, ўлиши табиий-ку", дейди у.
Маҳаллий оқсоқолнинг айтишича, сўнгги икки йил ичида болалар ўлими, асосан, тўйиб овқатланмаслик сабабли "ростдан ҳам кўпайиб кетган".
Бироқ бу ерда ўлимлар ҳақида расмий қайдлар йўқ. Қабристон – болалар ўлими кескин ошгани далилини топиш мумкин бўлган ягона жой. Шу сабабли, аввалгидек, кичик ва катта қабрларни алоҳида санадик. Кичик қабрлар катталариникидан қарийб икки баравар кўп эди – бу катталарга қараганда болалар икки баравар кўп вафот этганини англатади.
Чағчарондаги вилоят марказий шифохонасида бундан-да кўпроқ далиллар бор эди. Қабристон болалар ўлими кўпайганини кўрсатувчи ягона жой. Шундай қилиб, аввалгидек, кичик ва катта қабрларни алоҳида-алоҳида санаб чиқдик.
Неонатал, яъни чақалоқлар бўлими энг гавжуми. Барча каравотлар банд, баъзиларида ҳатто иккитадан гўдак ётибди. Уларнинг аксарияти кам вазнли ва кўпчилиги мустақил нафас олишга қийналмоқда.
Бир ҳамшира кичик аравачада янги туғилган эгизак қизларни олиб келди. Улар муддатидан икки ой олдин туғилган. Бирининг вазни 2 кг, иккинчисиники эса атиги 1 кг.
Уларнинг аҳволи оғир бўлгани учун зудлик билан кислород аппаратига уланди.
Уларнинг онаси, 22 ёшли Шокила туғруқ бўлимида ўзига келмоқда.
"У жуда ҳолсиз, ҳомиладорлик пайтида деярли ҳеч нарса емаган, фақат нон ва чой ичган, – дея тушунтиради эгизакларнинг бувиси Гулбадан. – Шунинг учун ҳам гўдаклар шундай аҳволда".
Ўша куни шифохонадан чиққанимиздан бир неча соат ўтгач, вазни оғирроқ бўлган гўдак ҳатто исм қўйишга улгуришмасидан вафот этди.
"Шифокорлар унга ёрдам беришга ҳаракат қилишди, лекин у жон берди, – дейди эртаси куни қайғуга ботган бувиси. – Унинг митти жасадини ўраб, уйга олиб келдим. Онаси буни билгач, ҳушидан кетди".
Гулбадан тирик қолган чақалоққа ишора қилиб, "Ҳеч бўлмаса шу омон қолса эди", деб қўшиб қўйди.
Ҳамшира Фотима Ҳусайнийнинг айтишича, баъзи кунларда ҳаттоки учтагача гўдак вафот этади.
"Бошида болаларнинг ўлаётганини кўриш мен учун жуда оғир эди. Лекин ҳозир бу биз учун деярли одатий ҳолга айланиб қолди", дейди у.
Неонатал бўлимни бошқарадиган доктор Муҳаммад Мусо Олдатнинг айтишича, ўлим даражаси 10 фоизгача кўтарилади, бу "асло қабул қилиб бўлмайдиган" ҳолат.
"Аммо қашшоқлик туфайли беморлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда, – дейди у. – Қолаверса, бу ерда гўдакларни тўғри даволаш учун шароит ҳам етарли эмас".
Болалар реанимация бўлимида олти ҳафталик Замир менингит ва пневмониядан азият чекмоқда. Иккаласини ҳам даволаса бўлади, аммо бунинг учун шифокорлар МРТ текширувини ўтказишлари керак, уларда эса керакли ускуна йўқ.
Лекин шифокорлар айтган энг ҳайратланарли нарса шуки, давлат шифохонасида кўпчилик беморлар учун дори-дармон йўқ, оилалар эса дори-дармонни ташқаридаги дорихоналардан сотиб олишга мажбур.
"Баъзан, аҳволи яхшироқ оиланинг боласидан дори ортиб қолса, уни дори олишга қурби етмайдиган оилаларнинг гўдаклари учун ишлатамиз", дейди Фотима.
Пулсизлик кўплаб оилаларни оғир қарорлар қабул қилишга мажбурламоқда.
Гулбаданнинг тирик қолган набираси бироз семириб, нафас олиши барқарорлашди. Аммо бир неча кундан сўнг оиласи уни уйига олиб кетди. Уни касалхонада қолдиришга қурблари етмасди.
Чақалоқ Замирни ҳам ота-онаси худди шу сабаб билан уйига олиб кетди.
Энди бу митти таначалар ҳаёт учун ёлғиз ўзлари курашишларига тўғри келади.
Қўшимча материаллар Иможен Андерсон, Маҳфуз Зубайда ва Санжай Гангули томонидан тайёрланган.
Янгиланиш: Ушбу мақолага Афғонистонда нега ўғил болаларга қараганда қизлар кўпроқ сотилишига оид изоҳ киритилди. Шунингдек, Саиднинг қизи Шайқа қариндошига никоҳ учун сотилгани ҳақида қўшимча маълумот қўшилди ҳамда Саиднинг бу қарорга қандай келганини тушунтирган яна бир иқтибос илова қилинди.