You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Байрам арафасида Исроил ҳужумларидан Ливанда ўнлаб одам ҳалок бўлди
- Author, Саманта Гранвил
- Author, Жон Судворд
- Role, BBC News, Ливан
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу "Ҳизбуллоҳ"га қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга ваъда берганидан сўнг, сешанба куни Ливаннинг жануби ва шарқидаги ҳужумларда ўнлаб одам ҳалок бўлди.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги ҳужумларда камида 31 киши ҳалок бўлган, улар орасида бир нечта бола ҳам бор.
Исроил армиясининг маълум қилишича, у "Ҳизбуллоҳ"нинг 100 дан ортиқ инфратузилма объектлари ва жангариларини нишонга олган. Бу апрел ўрталарида АҚШ воситачилигида эълон қилинган оташкесим келишувидан бери энг кучли бомбардимон кечаларидан бири бўлди.
Бу Нетаняҳунинг шу ҳафта "Хизбуллоҳга янада қаттироқ босим ўтказиш" ҳақида кўрсатма берганини айтганидан кейин юз берди.
Чоршанба тонгида Исроил шимолида Ливандан отилган снаряд сабаб ҳаво ҳужуми сиреналари янгради. Исроил ҳарбийлари баёнотига кўра, снаряд очиқ ҳудудга тушган ва жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Сешанба куни хавфсизлик кабинети йиғилишида сўзлаган Нетаняҳу Исроил "Ливандаги операциясини кучайтираётгани"ни айтди.
"Исроил мудофаа кучлари қуруқликда катта кучлар билан ҳаракат қилмоқда ва стратегик ҳудудларни эгалламоқда", деди у. Шунингдек, у шимолий Исроилдаги аҳолини "Ҳизбуллоҳ" ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун "хавфсизлик ҳудуди мустаҳкамланаётгани"ни қўшимча қилди.
Ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳар икки томон томонидан бир неча бор бузилгани айтилмоқда. Бу АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги урушни тугатиш бўйича давом этаётган мураккаб музокараларга хавф туғдирмоқда.
Исроилнинг ҳаво ва артиллерия зарбалари, айниқса Ливан жанубида, ҳар куни давом этмоқда. "Ҳизбуллоҳ" эса шимолий Исроилдаги аҳоли пунктлари ва Ливан жанубидаги Исроил қўшинларига қарши ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширмоқда.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ҳаво ҳужумлари Бекаа водийсидаги Машғара қишлоғи ва жанубий Ливандаги Бурж аш-Шамали ҳудудини нишонга олган.
Айрим ҳужумлар ЮНЕСКО томонидан минтақадаги "энг яхши сақланган ўрта аср қалъаларидан бири" деб тан олинган қарийб 900 йиллик Бофорт қалъаси яқинига ҳам зарба берган.
Душанба куни эълон қилинган видеомурожаатда Нетаняҳу Исроил "Ҳизбуллоҳ"нинг, жумладан Исроил мудофаа тизимларини четлаб ўта оладиган оптик толали дронлар билан амалга оширган ҳужумларига жавобан, зарбалар сони ва кучини оширишини айтган.
"Биз уларга қаттиқ зарба берамиз", деди у.
Бу баёнотдан кейин "Ҳизбуллоҳ" таянч ҳудудларидан бири Байрут жанубий чеккаларида ваҳима кузатилди. Аҳоли ҳудудни тарк эта бошлади, кўчаларда хавфсиз жой излаган оилаларнинг минглаб машиналари тўпланди.
Ҳужумлар пойтахтни четлаб ўтган бўлса-да, Исроил ҳарбий самолётлари тундан сешанба тонгига қадар Ливан бўйлаб кетма-кет зарбалар берди. BBC қарийб 50 та жойда ўнлаб ҳужумларни санаган.
Ливан миллий ахборот агентлиги NNA маълумотига кўра, душанба кечқурун жанубий Араб Салим шаҳридаги уйга қилинган зарбада эр-хотин ҳалок бўлган. Каутарият ал-Рез қишлоғида эса яна икки киши нобуд бўлган.
Тунда Машғарадаги бир нечта уй Исроил зарбалари оқибатида вайрон бўлган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, вайроналар орасидан 11 кишининг жасади олиб чиқилган, улар орасида бир аёл ва икки бола бор. Яна 15 киши жароҳатланган.
Жароҳатланганлар орасида Муҳаммад исмли ёш бола ҳам бўлган. Видеоларда қутқарувчилар ярим тун пайти вайроналар орасини шошилинч ковлаб, кичик боланинг қўлларини чиқариб олишга уринаётгани кўринади. Чанг ва тупроққа беланган етти ёшли бола охир-оқибат қутқариб олинган.
"Кўзимни очганимда ҳаракат қила олмаётгандек ҳис қилдим, атрофим эса фақат зулмат эди", деди Муҳаммад BBC'га шифохона ётоғида ётган ҳолда.
"Мени қутқарган одамларнинг овозини эшитдим. Улар мени чиқариш учун узоқ вақт ҳаракат қилди".
Унинг боши бинт билан ўралган, қўл ва оёқларида ҳам жароҳат излари бор эди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Муҳаммад уйига ракета тушган пайтда ухлаб ётган бўлган. Ҳужумда унинг отаси ва икки опаси ҳалок бўлди.
Машғара деярли "арвоҳлар шаҳри"га айланган. Йўлда бир неча машина кимлигимизни билиш учун ўтиб-қайтади. Аммо ҳаёт тўхтаган.
Муниципалитет вакили Аҳмад BBC журналистларини тунги ҳужумлардан бири содир бўлган жойга олиб борди.
"Мен 'Ҳизбуллоҳ' аъзоси эмасман, аммо қишлоқдаги ҳамма қаршиликни қўллаб-қувватлайди ва душман [Исроил] ҳеч кимни аямаяпти", дейди у.
Аҳмаднинг гапини реактив самолётлар овози бўлади. Кучли портлаш ва биз ҳудудни тарк этишга мажбур бўлдик.
Кейинроқ ижтимоий тармоқларда BBC тасвирга олаётган жой яқинида катта портлаш содир бўлгани акс этган видеолар тарқалди.
Исроил армияси Машғарадан олинган ҳаводан тасвирларни эълон қилиб, уларда "террорчилар фаолияти аниқланган 'Ҳизбуллоҳ' инфратузилма объектлари"га зарбалар берилганини билдирди. Баёнотда "зарбалар натижасида террористлар йўқ қилин"гани ҳам айтилган.
Ҳарбийлар, шунингдек, Ливан жанубидаги 90 дан ортиқ қурол омборлари, қўмондонлик марказлари ва кузатув нуқталари нишонга олинганини маълум қилди.
Сешанба тонгида Исроил армияси Ливан бўйлаб янги эвакуация буйруқларини эълон қилди. Армия "Ҳизбуллоҳ"ни 17 апрелда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблади.
Исроил армиясининг араб тилида сўзловчи вакили полковник Авихай Адраи "Ҳизбуллоҳ"нинг такрорий қоидабузарликлари Исроил кучларини ҳаракат қилишга мажбур қилганини айтди.
"Ҳизбуллоҳ" эса Исроил томонидан оташкесим келишуви бузилганига жавобан шимолий Исроилдаги учта казарма ва бир ҳарбий постни нишонга олганини билдирди.
Нетаняҳунинг зарбаларни кучайтириш ҳақидаги буйруғи Исроил армияси жанубий Ливанда якшанба куни бир аскар ҳалок бўлганини маълум қилганидан кейин берилди.
Шу тариқа, 2 мартдан бери "Ҳизбуллоҳ" ҳужумлари натижасида Ливанда ҳалок бўлган Исроил ҳарбийлари сони 23 нафарга етди. Яна бир фуқаролик пудратчиси ҳам ҳалок бўлган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шу давр ичида Исроил зарбалари оқибатида камида 3 185 киши ҳалок бўлган.