You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Марказий Осиё ва сиёсат: Human Rights Watch собиқ ходими Қирғизистонга кира олмади
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Жанубий Калифорния университети профессори ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Стив Свирдлов Қирғизистонга кира олмади. У буни ўз фаолияти билан боғлади.
Свердлов 19 май куни тонг саҳарда Истанбул орқали учиб келганда Бишкекдаги "Манас" халқаро аэропортидан ортга қайтарилганини BBC мухбирига айтиб берди.
Вазиятни изоҳларкан, ўзи ишлаган университетдан 16 нафар талаба билан борганини, уларни Қирғизистон тарихи ва маданияти билан таништиришни мақсад қилганини билдирди. Талабалар мамлакатга киритилган, аммо ўзига рухсат берилмаган.
"Ҳозир самолётдаман, мени Истанбулга қайтариб юборишмоқда. Талабаларим эса менсиз Бишкекда қолишди. Ҳозирча биз қандай йўл тутишни билмаймиз," - деди у.
Айтишича, чегара хизматчилари 2024 йилдан буён унга мамлакатга киришга чеклов қўйилганини билдиришган, қўшимча маълумот берилмаган. Қирғизистоннинг тегишли идоралари ёки расмийлари ҳозирча бу борада муносабат билдирмади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси вазиятни "оғир ҳолат" деб атади ва буни "америкалик ёш талабалар олдида Қирғизистоннинг обрўсига путур етказиш" дея қўшимча қилди.
Свердлов охирги марта Бишкекка 2024 йили келиб кетган.
Стив Свердлов Human Rights Watch ташкилотининг Тошкент, Олмота ва Бишкекдаги офисларини бошқарган.
Кейинги йилларда мустақил тадқиқотчи сифатида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масалаларини кузатиб, танқидий фикрлар билдириб келган.
"Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаман. Балки шу асос бўлгандир" - деди у.
У мусиқага ҳам қизиқади ва жаз ижро этади. Илгари Бишкекка келган сафарларида кичик концертлар ташкил этган, бу сафар ҳам шундай ниятда бўлганини айтди.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
2019 йилда Свердлов Human Rights Watch вакили сифатида Тошкентга борганда, у жойлашган меҳмонхонага бостириб борган маҳаллий блогер ҳуқуқбонни танқид қилиб, уни сиёсатга аралашишда айблаб, тасвирга олиб, тарқатган эди.
Унинг Қирғизистонга киритилмай, ортга қайтарилиши Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари минтақада фаолларга нисбатан босим кучайгани ҳақида ташвишли қўшма баёнот эълон қилинган вақтга тўғри келди.
"Бир Дунё Қирғизистон" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти Стив Свердловнинг мамлакатга киришига рухсат берилмаганидан жиддий ташвиш билдирди.
Халқаро даражада танилган профессорга тўсиқ қўйилиши ва сабаблари очиқланмагани Қирғизистоннинг нуфузи ҳамда ҳуқуқий тамойилларига зарар етказиши мумкинлиги ташкилот тарқатган баёнотда таъкидланди. Шунингдек, давлат органларидан бундай қарорнинг сабабларини аниқ ва қонуний асосда тушунтириш талаб қилинди.
2025 йил декабр ойида "Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация" (FIDH) ташкилотидан Рафаил Лопухин бошчилигидаги уч нафар эксперти ҳам"Манас" халқаро аэропортидан Қирғизистонга киритилмай, ортга қайтарилган.