Украинага ўзбек ва турклар энг кўп келган бир пайтда, мигрантларга муносабат қандай?

Коллаж — шафтоли рангли футболка кийган одам ён томонга қараб турибди

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Украина ижтимоий тармоқларини мигрантлар ҳақидаги фейклар тўлдириб юборди. Бу ижтимоий тармоқлардаги кампания аллақачон Украинадаги хорижликлар ҳаётига таъсир кўрсатди.
    • Author, Диана Куришко, Маргарита Малюкова
    • Role, Би-би-сининг Украина хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 13 дақ

Бир неча ой олдин, Россия билан уруш авжида турган бир пайтда, Владимир Зеленскийнинг Олий Рададаги фракция раҳбарлари билан учрашувида асосий мавзулардан бири Украинага "индусларнинг ёпирилиб келиши" бўлади, деб ҳеч ким ўйламаган ҳам эди.

Аммо 25-май куни айнан шундай бўлди. Би-би-си Украина хизматининг "Халқ хизматкори" партияси раҳбариятидаги манбаларига кўра, депутатлардан бири ўрнидан туриб, президентдан мигрантлар, хусусан, Ҳиндистондан келаётганлар муаммосини қандай ҳал қилиш кераклигини сўраган.

Владимир Зеленский бу саволдан ҳайрон қолди ва мигрантлар "оқими" ҳақидаги хабарлар атайлаб кескинликни келтириб чиқаришга қаратилган фейк эканини айтди. Бу муаммога қарши курашиш учун эса, аввало, муаммонинг ўзи мавжуд бўлиши керак, деди Зеленский.

Экспертлар ва амалдорлар буларнинг барчаси уйдирма эканини, ҳеч қандай оммавий оқим йўқлигини уқтираётган бўлса-да, Украинага тўда-тўда бўлиб келаётган мигрантлар ҳақидаги ҳикоялар аллақачон кенг тарқалиб кетди. Бунга нафақат оддий украиналиклар, балки депутатлар ҳам ишониб улгурди.

Бу эса украиналикларнинг кечагина ўзларининг яхши қўшнилари деб билган одамларга нисбатан муносабатига аллақачон ўз таъсирини ўтказмоқда.

"Ҳозир ўзимга қаратилган сўкинишларни эшитмаслик учун кўчага камроқ чиқишга ҳаракат қиляпман", дея тан олади ҳиндистонлик Хари Ом Би-би-си Украина хизмати билан суҳбатда.

У 25 ёшда, Деҳлидан Лвовга тиббиёт университетида ўқиш учун келган. Украинада 6 йилдан бери яшайди ва маҳаллий тилни мукаммал ўрганган. Кўчада унга нима деяётганларини жуда яхши тушунади.

Хари Омнинг айтишича, у авваллари Лвов марказида сайр қилишни, теннис ўйнашни яхши кўрган, энди эса одам гавжум жойлардан қочишга ҳаракат қилмоқда.

Лвовдаги сўнгги бир неча сайри вақтида у ёқимсиз ҳолатларга дуч келди - кўчада одамлар унга ўқрайиб қарашган, ўткинчилар эса унинг шаънига ҳақорат ва уятсиз сўзлар ёғдиришган. Кимдир эса уни очиқчасига телефонига тасвирга олган.

Май ойидаги дам олиш кунларининг бирида у Карпат тоғларидаги Синевир кўлига экскурсияга борди.

"Ўша гўзал кўл бўйида бир гуруҳ ўсмирлар бармоқларини менга бигиз қилиб: "Бу индус-ку, [уятсиз сўзлар]" деб бақиришди. Ва яна кўплаб дилозар гаплар айтишди. Бу жуда ёқимсиз ҳолат эди", дейди Хари Ом.

Хари Ом - қора сочли, калта кесилган сочли, мўйловли ва енгил соқолли эркак; у тўқ сариқ поло футболка кийган

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Хари Омга кўра, у авваллари Украинада ўзини жуда эркин ва хотиржам ҳис қилган. Бироқ кейинги ҳафталарда вазият бутунлай ўзгарди - кўчаларда унга қарата ҳақоратлар ёғдириб, бармоқ билан кўрсатишмоқда.

Олдинлари у ўқишни битиргач, Украинада қолиб, шу ерда шифокор бўлиб ишлашни режалаштирган эди. Унга Украина ёқарди. Олти йил давомида у ўзига нисбатан бирор марта ҳам ёмон муносабатга дуч келмаган. Аммо яқиндагина ҳаммаси ўзгарди.

2026-йил май ойидан бошлаб Украина ижтимоий тармоқларида Осиёдан мигрантларнинг оммавий равишда келаётгани ва украиналиклар учун «хавф-хатарлар» ҳақида сохта «янгиликлар» кенг тарқала бошлади.

"Бу тахминан май ойида, мигрантлар ҳақидаги шу хабарларнинг пайдо бўлиши билан бошланди. Унгача ҳаммаси ажойиб эди. Ҳатто мен интернатура ўтаётган касалхонада ҳам беморлар миллатим билан боғлиқ ғалати луқмалар ташлай бошлашди. Ахир мен шифокорман-ку, одамларни даволайман. Теримнинг рангини нима алоқаси бор? Менинг ташқи кўринишимнинг бунга нима дахли бор?", дея куюнади Хари Ом.

Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқларнинг Украина сегментида.мигрантлар мавзуси атрофида ҳақиқий васваса кузатилди: гўёки мигрантлар Украина шаҳарларини босиб кетаётгани, улар фронтда ҳалок бўлган украиналикларнинг ўрнини эгаллаши ва Карпатдаги тоғ дарёларида кир ювишаётгани ҳақида кўплаб сохта хабарлар ҳамда видеолар пайдо бўлди.

Бир нечта шаҳарларда миграцияга қарши унча катта бўлмаган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу мавзуга баъзи сиёсатчилар ҳам киришиб, "мигрантларни оммавий равишда олиб келиш"га қарши чиқишди.

Аслида эса на бу йил, на ўтган йили мигрантларнинг оммавий оқими кузатилмаган. Аксинча, ҳозир Украинага урушдан олдингига қараганда бир неча баробар кам хорижлик келмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Украинага миллионлаб эмас, бор-йўғи бир неча минг меҳнат мигранти келган. Энг кўп мигрантлар Ҳиндистондан эмас, балки Туркия ва Ўзбекистондан келган. 2026-йилнинг дастлабки ойларида эса атиги мингга яқин мигрант келган, холос.

Экспертлар Украина жамияти ичида кескинлик яратишга қаратилган ушбу ахборот кампаниясида Россия изи борлигини таъкидламоқда.

Би-би-си Украина хизмати мамлакатда мигрантлар билан аслида нималар содир бўлаётганини ўрганиб чиқди.

"Индус" сўзи қатнашган минглаб постлар

Би-би-си Мониторинг хизмати маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқларда Украинага мигрантларнинг ёпирилиб келаётгани ҳақида айнан 2026-йилнинг май ойидан бошлаб оммавий равишда ёза бошлашган.

Telegram тармоғида "индус" сўзи қатнашган постлар сони май ойининг дастлабки уч ҳафтасида ўтган ойларга нисбатан 15 баробарга ошган. Бу постларнинг кўришлар сони 33 миллионга етди.

Ушбу постларда "индуслар аллақачон кириб келгани", Украина Ҳиндистонга айланиб бораётгани, Лвов кўчаларида покистонликлар тўдалари кўрилгани ҳақида гап боради. Шу билан бирга, аксарият ҳолларда бу хабарларда маълумот қаердан олингани ва буни ким айтганига ҳеч қандай манба кўрсатилмаган.

"2030-йилга бориб 4,5 миллион индус, африкалик ва колумбиялик Украинага жойлашади", дея ёзган эди май ойи бошида "Украина Online" телеграм-канали (1,47 млн обуначиси бор). Афтидан, пост муаллифлари Иқтисодиёт вазирлигининг "ЯИМнинг 7 фоизлик ўсишини таъминлаш учун" 2030-йилгача Украинага қўшимча 4,5 миллион ишчи кучи керак бўлиши ҳақидаги таҳминини шундай талқин қилишган.

4-май куни ўзини Украина Қуролли Кучларининг 79-алоҳида десант-ҳужум бригадасига тегишлидек кўрсатган TikTok профилида сунъий интеллект ёрдамида яратилган видео эълон қилинди. Унда "покистонлик мигрант" ўз ватандошларини Украинага кўчиб ўтишга чақиради.

"Бу ерда улар ҳақиқатан ҳам бизга муҳтож, чунки уларнинг барча эркаклари урушга кетган. Бу ер жуда гўзал ва бу ерда яхши пул тўлашади. Бу менга жуда ёқади. Бу ерда жуда чиройли қизлар ва йигитлар ҳам бор", — дейди видеодаги эркак инглиз тилида.

Сунъий интеллект бўйича икки мустақил эксперт — Get Real Labs'дан Хани Фарид ва Питер Ж. Бентлининг Би-би-сига маълум қилишича, бу видео покистонлик блогер Зоҳайб Аттанинг урду тилида ёзиб олинган ҳақиқий видеоси асосида яратилган дипфейкдир.

Блогернинг ўзи Би-би-сига инглиз тилида ҳеч қандай видео жойламаганини айтди. Асл видеода Украина ҳамда "қизлар ва йигитлар" ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ.

Бу TikTok аккаунти кимга тегишли экани номаълум, аммо Украинанинг дезинформацияга қарши курашиш маркази аввалроқ Россия украиналик ҳарбийлар иштирокидаги дипфейкларни тарқатаётганини маълум қилган эди.

Ивано-франковсклик блогер Blacklist май ойида ҳиндистонлик мигрантлар Карпатдаги Бистрица дарёсида гўёки кир юваётгани акс этган видеони эълон қилди. Бу видео вирусга айланиб, кўплаб телеграм-каналлар орқали тарқатилди. Фойдаланувчилар изоҳларда "бундай анъаналар"дан ғазабланиб, тез орада "индуслар украин дарёларида мурдаларни ёқа бошлайди" деган хавотирларини ёзиб қолдиришди.

видео скриншоти — унда одамлар дарёда кийим юваётгани кўринади

Сурат манбаси, Stopfake

Сурат тагсўзи, Stopfake ташкилоти аниқлаганидек, дарёда кир ювиш тасвирланган видео Карпатда эмас, Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида суратга олинган.

Бу ҳам фейк. Stopfake ташкилоти аниқлаганидек, дарёда кир ювиш тасвирланган видео Карпатда эмас, Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида суратга олинган.

Би-би-сига берган изоҳида Blacklist блогери видеони интернетдан топганини айтди. У бу фейк эканини билмаганини, билгач эса бу ҳақда сторис қилганини таъкидлади. Бироқ видеонинг ўзи ўчирилмаган. У ҳамон кўришлар йиғмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Мигрантлар ва сиёсат

Мигрантлар ҳақидаги фейкларни Россия тарқатмоқда, дейди Украина Дезинформацияга қарши кураш маркази. Марказ экспертларига кўра, Россия ҳукумати украиналиклар маҳаллий аҳоли ўрнини мигрантлар эгаллаб олишидан қўрқишини истайди. Бу қўрқувлар украиналикларни Россия билан қарама-қаршилика беҳуда уриниш сифатида қарашга мажбур қилиши керак.

Би-би-си журналистларининг кузатувларига кўра, мигрантлар оқими ҳақидаги ҳикояларни аввалроқ Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) томонидан мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишда айбланган телеграм-каналлар кенг тарқатган. СБУ фикрича, бу телеграм-каналлар Россия махсус хизматларига алоқадор. Хусусан, улар тинчлик музокараларини илгари суриш учун мигрантлар мавзусидан фойдаланмоқда.

"Узоқ давом этадиган уруш миллатни вайрон қилади ва мамлакатни мигрантлар учун чиқиндихонага айлантиради", деб ёзган эди, масалан, СБУ рўйхатидаги 840 минг обуначига эга аноним "Резидент" телеграм-канали. Худди шу канал мигрантлар оқимидан Зеленский ютади, чунки уларга камроқ ҳақ тўлаш мумкин ва улар сайловларда унга овоз беришади, деб даъво қилган. Бу, албатта, ёлғон, чунки чет элликлар Украинадаги сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.

Зеленский Моди билан Ҳиндистон ва Украина байроқлари фонида

Сурат манбаси, Andriy Zhyhaylo/Obozrevatel/Global Images Ukraine via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда мигрантлар ва Зеленский ҳақида кўплаб фейклар мавжуд. Суратда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг 2024-йилда Киевга қилган ташрифи.

Бироқ, россияпараст телеграм-каналлар, ботлар ва буни эҳтимол фақат хайп учун қилаётган блогерлардан ташқари, мигрантлар мавзусини украиналик сиёсатчилар ва минглаб оддий одамлар ҳам кўтариб чиқишди.

15-май куни Харков мэри Игор Терехов меҳнат мигрантларининг Украинага киришига қатъий қарши чиқди. Машҳур актриса Олга Сумская Тереховнинг мигрантларга қарши баёнотини қўллаб-қувватлаб сторис тарқатди.

Ивано-Франковск мэри Руслан Марцинкив ўзини миграцияга қарши деб эълон қилиб, коммунал соҳага Ҳиндистондан ишчиларни ёлламасликка чақирди.

Олий Раданинг молия қўмитаси раиси Даниил Гетманцев ҳам интервюларидан бирида Украинадаги демографик муаммони мигрантлар ёрдамида ҳал қилиб бўлмаслигини ва уларни бу ерга олиб келиш керакмаслигини айтиб, "оловга мой сепди".

Мигрантлар йўқ, аммо норозилик намойишлари бор

23–24 май дам олиш кунлари Киевдаги Майданда ва Лвов марказидаги Шевченко ҳайкали олдида миграцияга қарши кичик норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бир неча ўнлаб одамлар "Украина украиналиклар учун!", "Украинадан йўқол, хунук мигрант!", "Яқинларимиз бундай мамлакат учун жанг қилаётгани йўқ" деган шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб чиқишди.

Лвовда 23-май кунги "Карпати" - "Заря" учрашуви вақтида мухлислар стадионга "Миграцияга йўқ. Миллатни асра" деб ёзилган улкан баннер осиб қўйишди.

"Мигрантлар йўқ, аммо норозиликлар бор. Агар норозиликлар бўлса, одамлар "демак, қаердадир мигрантлар ҳам бор экан-да" деган хулосага келишади", дея шарҳлайди бу воқеаларни Би-би-си билан суҳбатда Украинанинг Фронтир институтидаги "Демография ва миграция" йўналиши раҳбари Олга Духнич.

У ижтимоий тармоқлардаги мигрантлар ҳақидаги фейклар билан боғлиқ ҳолатни онгли равишда олиб борилган ва қўрқитишга қаратилган манипулятив ахборот кампанияси деб ҳисоблайди.

Мигрантлар «ёпирилиб келиши»га қарши норозилик, Лвов, 2026 йил 23 май.

Сурат манбаси, Суспільне Львів

Сурат тагсўзи, Мигрантлар «ёпирилиб келиши»га қарши норозилик, Лвов, 2026 йил 23 май.

"Одамлардан хорижликлар ёқадими ёки йўқми, деб сўрашмайди. Ахборот кампанияси дарҳол шундай фикрни шакллантирадики, гўёки хавфли, ифлос, касал, жиноятчи мигрантлар бор ва улар келиб сизга ёмонлик қилади. Украиналиклар эса табиийки, уларга ёмонлик қилишларига қарши бўлишади", дейди Духнич.

Унинг фикрича, баъзи сиёсий кучлар ҳам ушбу мавзудан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринмоқда.

"Кимдир кўчага чиқдими, демак улар ниманидир кўрган, ниманидир билади, деб ўйлайди одамлар. Аста-секин жамиятда мигрантларга нисбатан ҳеч қандай реал асосга эга бўлмаган салбий муносабат шаклланиб боради. Бу жамоатчилик онгини манипуляция қилишнинг типик усулидир. Бу эса бизга миграция масалаларига бўлган ҳақиқий муносабат ҳақида ҳеч нарса айтмайди", дейди эксперт.

Мигрантлар қаерда?

Давлат миграция хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилда Украинада 189 минг хорижлик вақтинча яшаган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 48 мингни ташкил қилмоқда.

Хорижликларга ишлаш учун рухсатномалар берувчм Давлат бандлик хизмати мигрантлар сони кескин ошгани ҳақидаги даъволарни миф деб атайди.

"Кенг кўламли босқин бошланишидан олдин иш берувчилар ҳар йили хорижликларни ишга жойлаштириш учун 20 мингга яқин рухсатнома олишарди. 2022 йилдан кейин бу кўрсаткич пасайди ва ҳанузгача урушдан олдинги даражага етгани йўқ", — дея таъкидлади идора.

Масалан, 2024 йилда хорижликларга Украинада ишлаш учун 4720 та, 2025 йилда эса 7483 та рухсатнома берилган. 2026 йилнинг январь ойидан май ойига қадар бундай рухсатномалар сони атиги 2,8 мингтани ташкил қилган, дея маълум қилди Давлат бандлик маркази Би-би-си Украина хизматига.

Ижтимоий тармоқларда Ҳиндистон ва Бангладешдан миллионлаб мигрантлар келиши билан қўрқитишларга қарамай, 2025 йилда Украинада ишлаш учун энг кўп рухсатнома Туркия (1070 та) ва Ўзбекистон (852 та) фуқароларига берилган. Ҳиндистонликларга 851 та, покистонликларга эса 600 та рухсатнома берилган.

Суспільне Львів
Migrantlar yo‘q, ammo norozilik namoyishlari bor. Agar noroziliklar bo‘lsa, odamlar "demak, qayerdadir migrantlar ham bor ekan-da" degan xulosaga kelishadi
Olga Duxnich
Ukrainaning Frontir institutidagi "Demografiya va migratsiya" bo‘limi rahbari

Шу билан бирга, берилган рухсатномаларнинг сони шунча мигрант мамлакатга кириб келди, дегани эмас. Рухсатнома олгандан сўнг хорижлик виза ёки яшаш гувоҳномасини олиши керак.

Давлат миграция хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилда ишлаш учун рухсатнома олган 9 мингга яқин хорижликнинг фақатгина тенг ярми яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Шундай қилиб, 2025 йилда Украинага 4,9 минг атрофида меҳнат муҳожири кириб келган. Уларнинг аксарияти Туркия фуқаролари бўлган. Украина Давлат божхона хизмати маълумотларига кўра, кейинги ўринларда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Озарбайжон, Бангладеш ва Хитой туради.

Ўтган йили Украинага кириш учун визани Бангладешдан атиги 32 киши, Ҳиндистондан эса 344 киши олган. Урушгача, 2021 йилда, 13 минг нафар меҳнат муҳожири келган эди.

Чет элликни олиб келиш ва ишга жойлаштириш — мураккаб, узоқ ва қиммат жараён, дейди OLX Jobs Ukraine раҳбари Мария Абдуллина. Унинг маълумотларига кўра, битта мигрантни Украинага ишга кўчириб келишни расмийлаштириш учун иш берувчи ўртача 1,5 минг доллар сарфлашига тўғри келади. Бунинг учун кўплаб ҳужжатларни тайёрлаш, ишчиларни ташиш ва яшаш жойини ташкил қилиш керак.

"Ҳатто шундай катта сармоя киритиб ҳам, иш берувчилар мигрантларнинг маълум вақт ишлаб, кейин ғойиб бўлиб қолишидек муаммога дуч келишмоқда. Мигрантлар Украинани Европага ўтиш учун оралиқ нуқта сифатида кўришади. Иш ҳақи бўйича биз Европа билан рақобатлаша олмаймиз", — дейди Мария Абдуллина.

Покистон ва Бангладешдаги Би-би-си журналистлари ҳам худди шу ҳолатни тасдиқламоқда. Улар Украина ушбу мамлакатлар фуқаролари учун миграция йўналишида ҳеч қачон устувор бўлмаганини таъкидламоқда.

Покистон ҳукумати ҳам покистонликларнинг Украинага улкан оқими ҳақидаги фейкларни инкопр қилди. Би-би-си мухбирлари билан суҳбатлашган Покистон иммиграция органлари вакилларининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Покистондан Украинага мигрантларнинг сезиларли оқими мавжуд эмас.

Гарчи урушгача маълум миқдордаги покистонлик талабалар тиббиёт ва муҳандислик таълими олиш учун Украинага борган бўлса-да, уруш бошланиши билан у ерда ўқишни хоҳловчилар деярли қолмади.

Аёл қўлида Ҳиндистон паспорти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Авваллари Ҳиндистон фуқаролари олий таълим олиш учун Украинага кўп келишар эди.

Би-би-сининг Ҳиндистон хизмати ҳам шунга ўхшаш тенденция ҳақида хабар берди. Урушдан олдин Украина ҳиндистонликлар орасида арзон тиббий таълим олиш йўналиши сифатида машҳур эди. Ўн минглаб ҳиндистонлик талабалар Ҳиндистондаги хусусий тиббиёт коллежларида ўқишдан кўра арзонроққа тушадиган олий таълим олиш учун Украинага келарди.

Бироқ, уруш туфайли вазият ўзгарди. Ҳозирча ҳиндистонликлар орасида Украинага узоқ муддатли кўчиб ўтиш ёки миграция қилишга катта қизиқиш йўқ, дея таъкидлайди Би-би-си мухбири Вандана Вижай.

Хари Ом Украинага Деҳлидан келган. Унинг сўзларига кўра, Украинага таълим олиш учун келган танишларининг деярли барчаси тиббиёт олийгоҳларида ўқиган ёки ўқимоқда. Украина тиббиёт олийгоҳида бир йиллик ўқиш тахминан 5 минг доллар туради.

Ҳозирда Украинада 7 мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Россия босқинига қадар бошқа давлатлардан келган талабалар ўн баробар кўп эди, дея таъкидлайди Украина Давлат миграция хизмати.

Уруш сабабли Украинага ноқонуний миграция йўллари деярли қолмади. Илгари мигрантлар Европа Иттифоқига ўтиш учун фойдаланган Россия билан чегара ҳозирда фронт чизиғига айланган. Шимолдаги Беларус билан чегара — Украинага яна бир йўл - миналаштирилган ҳудудга айланган. Европа Иттифоқи ва Молдова билан чегара эса қаттиқ назорат остида.

"Бугунги кунда Украинага киришнинг ягона йўли - бу Молдова орқали транзит. Қолаверса, Молдова транзит визаларини беришга жуда синчковлик билан ёндашади, чунки улар ўзлари учун ҳам хавф-хатарларни ҳисобга олишади", дейди Давлат миграция хизмати раҳбари Наталя Науменко.

Меҳнат мигрантларига эҳтиёж катта

"Украинада уруш ва пандемиядан олдин ҳам мавжуд бўлган улкан кадрлар инқирози ҳукм сурмоқда, шунинг учун хориждан ишчи кучи жалб қилишдан қочиб қутулиб бўлмайди", дейди Мария Абдуллина.

"Агар биз инфратузилма тикланишини, иқтисодиёт ишлашини хоҳласак, бизга одамлар керак. Ҳаттоки барча украиналикларни хориждан қайтарган тақдиримизда ҳам, барибир одам етишмайди", деб ҳисоблайди эксперт.

Унга кўра, ҳайдовчилар, кассирлар, қадоқловчилар, юк ташувчилар, қурувчилар - булар ҳеч қачон тўлмайдиган бўш иш ўринлари. Улар доимий равишда ишга олинади. Эҳтиёж эса фақат ортиб бормоқда.

Қурилиш майдонида “Lev” ёзуви бор яшил жилет кийган ишчи

Сурат манбаси, LEV Development

Сурат тагсўзи, Қурувчилар - Украинадаги энг талаб юқори бўлган касблардан бири.

Бироқ, меҳнат мигрантларига бўлган катта эҳтиёжга қарамай, хорижликларнинг Украинага катта оқими кутилмаяпти, дея прогноз қилмоқда Jooble халқаро иш қидириш сервиси топ-менежери Ирина Палиенко.

"Украинага хорижликларни жалб қилиш учун рағбат ва тегишли қонунчилик ўзгаришлари керак. Украинада Европа агентликлари ишламайди. Бу ерда меҳнат ресурсларини импорт қилиш ҳажми кичик бўлган маҳаллий агентликлар бор, холос", дейди Палиенко Forbes нашрига берган интервюсида.

OLX Jobs компанияси ўтказган сўровномага кўра, Украинадаги иш берувчиларнинг бор-йўғи 13 фоизигина хорижликларни ишга жалб қилишни кўриб чиқмоқда. Иш берувчилар чет элликларни ишга қабул қилишдаги асосий тўсиқлар сифатида тил, тегишли тажрибанинг йўқлиги ва бу соҳанинг ўта бюрократлашганини кўрсатмоқда.

Қонунчиликнинг тартибга солинмагани ва барча процедураларнинг мураккаблиги сабабли Украинада хорижликларни ишга жойлаштириш бўйича бирорта ҳам халқаро агентлик ишламайди, деди Би-би-сига LEV Development компанияси ҳаммуассиси Василий Левицкий.

Лвовдаги энг йирик қурилиш компанияси бўлган ушбу фирмада ҳали хорижликлар ишга олинмаган, бироқ келажакда бу вариант кўриб чиқилмоқда.

LEV Development компаниясида таъкидлашларича, улар қонунчилик базасининг хорижликларни ёллаш тартибини соддалаштириш томон ўзгаришини интиқлик билан кутишмоқда.

"Агар давлат ҳақиқатан ҳам хорижлик ишчилар иқтисодиётни ривожлантиришга ва кадрлар танқислигини қоплашга ёрдам беришига умид қилса, у адекват, шаффоф ва рақобатбардош миграция сиёсатини шакллантириши шарт", дея қайд этди LEV Development ҳаммуассиси Александр Островский.

LEV Development ҳамтаъсисчилари Островский ва Левицкий

Сурат манбаси, LEV Development

Сурат тагсўзи, LEV Development ҳаммуассислари Александр Островский ва Василий Левицкийнинг айтишича, уларнинг компанияси келажакда хорижликларни ишга олишни режалаштирмоқда.

Апрел ойида Президент офиси раҳбари Кирилл Буданов Ташқи ишлар вазирлиги ва СБУга асосан Африка ва Осиё давлатларини ўз ичига олувчи «миграция хавфи» туғдирувчи мамлакатлар рўйхатини тузиш қоидаларини ўзгартиришни ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гап ишчи визаларини олиш шартларини бироз юмшатиш ва хориждан ишчи кучини жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳақида борган.

Бу баёнотларга қарамай, хорижликларнинг Украинага кириш қоидаларида ҳозирча ҳеч нарса ўзгармаган. Меҳнат мигрантларини ёллаш ҳанузгача узоқ ва қиммат жараён бўлиб қолмоқда. Чет элликларни ишга жалб қилишга камдан-кам иш берувчилар жазм қилади, бу ҳақда очиқ гапиришга тайёр бўлган компания раҳбарлари эса ундан ҳам камроқ.

Мигрантларни ёллашга уриниб кўрган Украина компанияларидан бири - 38 мингдан ортиқ одам ишлайдиган МХП («Мироновский хлебопродукт») холдингидир. 2025-йилда компания 7 нафар хорижлик ишчини Украинага олиб келди.

Бироқ, биринчи тунги ракета ҳужумларидан кейинёқ бир нечта мигрант ғойиб бўлди. Улар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ишни, яшаш жойини ташлаб кетиб, алоқага чиқмай қўйишди, дейди МХПнинг ишлаб чиқариш, логистика ва харидлар йўналиши бўйича директори Дина Конограй.

Кейинроқ йўқолиб қолган ишчилар топилди, аммо бу вақтга келиб уларнинг ишлаш учун рухсатномалари бекор қилинган эди, дейишди компанияда. Хорижликлар учун уруш ҳолатидаги мамлакатга келиш ва доимий ҳаво ҳужуми хавфи ҳамда электр узилишлари кузатиладиган узлуксиз стресс шароитида ишлаш - бу жуда катта синов.

«Мироновский хлебопродукт» компанияси

Сурат манбаси, facebook.com/mhpUKR

Сурат тагсўзи, «Мироновский хлебопродукт» компанияси етти нафар хорижлик ходимни ёллаган, бироқ уларнинг баъзилари уруш шароитида ишлай олмаган.

МХП компаниясида хорижликлар билан ишлашдаги яна бир қийинчилик сифатида маданий меъёрларнинг турлича тушунилишини таъкидлашди: яъни маҳаллий жамоа учун оддий туюлган нарсалар бошқа маданий муҳитдан келган одамлар учун тушунарсиз бўлиши мумкин.

"Гап субординация, жамоадаги ўзаро муносабатлар, жамоат жойларидаги ўзини тутиш ва шахсий чегаралар ҳақида бормоқда. Шунинг учун бу ерда "одамларнинг ўзлари келишиб кетади" деган ёндашув иш бермайди. Компания онгли равишда йўл кўрсатувчилик ролини ўз зиммасига олади", деган эди Конограй.

Ҳозирда компанияда иккинчи синов лойиҳа давом этмоқда — ишга яна етти нафар чет эллик жалб қилинган.

Инқироз йўқми?

Май ойида Президент офиси раҳбари Кирилл Буданов хорижликлар мавзусига яна бир бор қайтиб, ҳозирча мигрантлар билан боғлиқ инқироз ҳақида гапиришга асос йўқлигини айтди. У Украинани меҳмондўст мамлакат деб атади ва ахборот майдонида шунчаки «реаллик ўрнини босувчи» сохта воқелик яратилганини таъкидлади.

Украиналикларнинг аксарияти хорижлик ҳамкасбларига ижобий муносабатда бўлади, дейилади OLX Jobs ва European Business Association томонидан ўтказилган сўровномада. Унда 25 минг респондент иштирок этган.

Фақат 8 фоиз ходимларгина чет эллик ҳамкасбларига нисбатан салбий муносабат билдирган. Иштирокчиларнинг 40 фоизи ижобий, 26 фоизи эса нейтрал муносабатда эканини айтган.

"Аҳолининг кўпчилиги бошқа этник гуруҳ вакилларини қўшни, ҳамкасб ёки Украина аҳолиси сифатида қабул қилишга тайёр, аммо оила аъзоси ёки яқин дўст сифатида эмас", дейилади Киев халқаро социология институтининг ксенофобияга бағишланган 2025-йилги сўровномасида.

Бироқ, агар мигрантларга нисбатан салбий муносабатни бундай сунъий кучайтириш давом этса ва улар ҳақида фейк хабарлар, шунингдек митинглар кўпайса, Олга Духнич огоҳлантирганидек, бу реал ксенофобия кўринишига айланиб кетиши мумкин.

"Уруш шароитида яшаётганимиз учун одамлар ҳозир руҳан беқарор. Ташқи кўриниши билан фарқ қиладиган одамларни таъқиб қилишни бошлашлари мумкин. Мигрантларга қарши бундай норозилик акциялари Украина жамиятининг ички бирдамлигини бузишига ва "жодугарлар ови" бошланишига олиб келиши мумкин", дейди Фронтир институтидаги "Демография ва миграция" йўналиши вакили.

Хари Ом эса ҳозирча Украинада қолмоқда. У интернатурасини тугатиб, кейин Германияга кўчиб ўтмоқчи. Баҳорда Львовда у ҳаво ҳужумининг гувоҳи бўлди. Ўшанда дрон унга жуда яқин жойда портлаган эди.

"Шу йиллар ичида мен ҳужумларга ўрганиб қолдим. Улардан деярли қўрқмасдим. Ҳозир эса бу ерда дронлардан кўра одамлардан кўпроқ қўрқяпман", дейди Хари Ом.

Мигрантларга қарши бутун кампания фақат ижтимоий тармоқларда уюштирилганини ва Украина қонунчилигида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини билгач, у вақт ўтиб ўзига бўлган муносабат шу йилнинг май ойигача бўлганидек яна яхшиланишига умид билдирмоқда.