Мерц кутилмаганда Киевга келди, Россия дрони кўприкка яна зарба берди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Элла Киплинг
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Россия Киевдаги йирик кўприкларга кетма-кет тўрт кундан бери ҳужум қилмоқда. Москва Украина пойтахтидаги муҳим инфратузилма объектларига ҳужумларни кучайтирган.
Пивничний (Шимолий) кўприги якшанба куни эрталаб кетма-кет иккинчи кун нишонга олинди. Пивденний (Жанубий) кўпригига эса шу ҳафта аввалроқ бир неча бор зарба берилган эди.
Сўнгги ҳужум Германия канцлери Фридрих Мерц якшанба куни кутилмаганда Киевга ташриф буюрган пайтда содир бўлди.
Айни пайтда Россия мудофаа вазирлиги Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига зарбаларни кучайтиришини билдирди.
BBC текширган видеода Пивничний кўпригида автомобиллар ҳаракатланаётган пайтда дрон унга урилиб, портлагани акс этган. Катта аланга кўтарилиб, сўнг кўприк тепасида қора тутун пайдо бўлган.
Якшанба кунги бу ҳужумда жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Сурат манбаси, Reuters
Киев мэри Виталий Кличко Telegram'да: "Пивничний кўпригидаги қатнов қисмига зарба берилди. Тезкор хизматлар воқеа жойига бормоқда", деб ёзди.
Унинг айтишича, ҳужум оқибатида иссиқлик қувури шикастланган. Шу сабабли шаҳарнинг шимоли-шарқидаги Деснянский туманида вақтинча иссиқ сув таъминоти узилади.
Украина президенти Володимир Зеленский якшанба куни эрталаб Россия дронлари Сумидаги омборга ҳам ҳужум қилганини, бир киши ҳалок бўлганини билдирди.
Унинг айтишича, Днипро шаҳрида алоқа объектига зарба берилиши оқибатида олти киши жароҳатланган.
Тезкор хизматлар ҳужумлар содир бўлган жойларда иш олиб бораётган пайтда Германия канцлери Мерц Киевда Зеленский билан учрашди. Улар урушда ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар хотирасига гулчамбарлар қўйди.
Мерц Германия Украинани қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаб, X тармоғида шундай ёзди: "Келгуси ҳафталар Украина учун ҳал қилувчи бўлади. Шунинг учун бугун Киевга бизга ишонишлари мумкинлигини айтиш учун келдим".
Германиянинг хавфсизлиги ҳам бу уруш қандай якунланишига боғлиқ. Шу боис биз ўз манфаатларимизни кўзлаб ҳам ёрдам бермоқдамиз".

Сурат манбаси, Reuters
Мерц 2025 йил майида канцлер бўлганидан бери Германия Украинага ёрдам бериш бўйича алоҳида давлатлар орасида биринчи ўринга чиққан.
У "Украина келгуси ҳафталарда бизнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашимизга муҳтож", деди.
"Агар Россия тўхтатилмаса, унинг уруш машинаси эртами-кечми бизга қарши ҳам йўналади", дея қўшимча қилди у.
Зеленский Украина ва Германия ўртасида "муҳим келишувлар" тузилишини айтди.
Украина президенти Ғарбдаги иттифоқчиларини мамлакатга кўпроқ ҳарбий ёрдам беришга бир неча бор чақирган. Жумладан, у Россиянинг реактив двигателли янги дронларини уриб туширишга мўлжалланган замонавий воситалар етказиб беришни сўраган.
Agar Rossiya to‘xtatilmasa, uning urush mashinasi ertami-kechmi bizga qarshi ham yo‘naladi.

Сурат манбаси, Reuters
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Киевдаги йирик кўприкларга ҳужумлар Москванинг янги стратегияси бўлиши мумкин.
Кличконинг айтишича, Пивничний (Шимолий) кўпригига биринчи зарба шанба куни берилган. Ҳужумда икки киши жароҳатланган, йўл қопламаси ва троллейбусларнинг ҳаводаги электр симлари шикастланган.
Бундан бир неча кун олдин Россия дронлари Пивденний (Жанубий) кўпригига бир неча бор зарба берган эди.
Днепр дарёси устидан ўтган Пивденний ва Пивничний кўприклари Киевнинг ғарбий ва шарқий қисмларини боғлайди. Пайшанбага қадар уларга зарба берилмаган эди.
Россия ўз дронлари ҳар икки кўприкка зарба берганини билдирди. Унинг даъвосича, бу кўприклардан Украина қўшинлари ва ҳарбий юкларни ташишда фойдаланилган.
Москва хорижий фуқароларни, жумладан дипломатларни яна бир бор Киевни тарк этишга чақирди.
Бунга жавобан Европа Иттифоқининг Украинадаги элчиси Катарина Матернова якшанба куни X тармоғида шундай ёзди: "Европа Иттифоқи ваколатхонаси қолади. Бизга таҳдид қилиш Европанинг Украинани қўллаб-қувватлашини тўхтата олмайди. Бу фақат ушбу қўллаб-қувватлаш нега муҳимлигини яна бир бор эслатади!"
Германиянинг Украинадаги элчиси Борис Руге Матернованинг постига: "Гапингизга қўшиламан, биз ҳам қоламиз", деб жавоб берди.
Пивденний кўпригига аввал қилинган ҳужумлар сабабли Киев мудофаа кенгаши жума куни фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Кличко шаҳардаги вазият "ўта оғир" эканидан огоҳлантирди. Унинг айтишича, Москва шаҳарнинг "муҳим инфратузилмаси, логистика тизими, турар жойлари" ва бошқа муҳим объектларига шиддатли зарбалар бермоқда.
End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

Сурат манбаси, Reuters
Мутахассисларнинг айтишича, Россия дронлари кўприкларни қулатиши эҳтимоли кам. Бироқ такрорий ҳужумлар сабаб уларни қатнов учун ёпишга тўғри келади. Шунингдек, кўприклар конструкцияси заифлашиб, фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин бу зарбалар Украинанинг Россия энергетика объектларига қилган ҳужумларига жавоб эканини айтган. Бироқ бундай ҳужумларни биринчи бўлиб Москванинг ўзи бошлаган эди.
Россия 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаган.

































