Нетаняҳу БМТда Исроилни ҳимоя қилди. Ўзбекистон делегацияси ҳам зални тарк этдими? Видео

Видео тагсўзи, Ўзбекистон делегацияси ҳам зални тарк этдими?
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида мамлакатининг Эрон, Ғазо ва Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатларини қатъий ҳимоя қилди.

У минбарга чиққанда ўнлаб делегатлар норозилик билдириб зални тарк этди. Ўзбекистон делегацияси ҳам улар орасида бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган. Нетаньяҳу эса жангни давом эттиришга ваъда берди: "Биз ғалаба қозонамиз. Бошқа чорамиз йўқ".

Делегатларнинг чиқиб кетишига жавобан у: "Залда маънавий жасорати етмайдиган яна бошқа қўрқоқлар қолган бўлса, марҳамат, ҳозир чиқиб кетинг", деди.

Исроил раҳбари мамлакатини Ғазода геноцид содир этаётганликда айблашларини ҳам рад этди.

Skip Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг and continue readingИжтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос БМТга йўллаган видеомурожаатида Исроилнинг босиб олинган Ғарбий соҳилда яҳудийлар учун ноқонуний турар жойлар қуришни кенгайтириши фаластин халқининг келажагига ва икки давлат асосида тинчлик ўрнатиш имкониятига таҳдид солаётганини айтди.

У, шунингдек, Исроил армиясини Ғазода фаластинликларни ўлдириш, очликка маҳкум этиш ва ўз уйларини тарк этишга мажбурлашда айблади.

Аббос БМТ йиғилишида видео орқали сўзлади, чунки унга АҚШга кириш визаси берилмаган.

Ғазо шаҳрида уйини тарк этишга мажбур бўлган фаластинлик аёл вайрон бўлган бино ичига ёйилган кирларни йиғмоқда. 2026 йил 21 сентябрь.
Сурат тагсўзи, Ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганига қарийб бир йил бўлса-да, Ғазода қайта қуриш ишлари ҳали бошланмади.

Халқаро жиноят суди ҳарбий жиноятлар содир этганлик гумони билан Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер чиқарган. У БМТдаги нутқида ўзини танқид қилган давлатлар ва раҳбарларга кескин жавоб қайтарди.

Исроилни мустамлакачиликда айблаган Британия ва Франциядаги айримларни танқид қилиб, "мустамлакачилик" атамасини уларнинг ўзи ўйлаб топганини айтди.

Нетаняҳу Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни "золим" деб атаб, уни ҲАМАСни қўллаб-қувватлашда айблади. Туркия президенти маъмурияти бу айбловларни асоссиз деб рад этди.

Нетаняҳу ўзини ҳибсга олишга ваъда берган Нью-Йорк мэри Заҳрон Мамданийни ҳам танқид қилди. Мамданий маъмурияти эса Нетаньяҳу нутқида фаластинликларга нисбатан геноцидни оқлаш учун асоссиз гапларни такрорлаганини билдирди.

Нетаняҳу феврал ойида АҚШ ва Исроил Теҳронга биргаликда ҳаво зарбалари берганини эслатиб, АҚШ президенти Доналд Трампга миннатдорлик билдирди.

Сайлов кампанияси яқинлашмоқда

Нетаняҳунинг БМТдаги нутқи, аввало, икки аудиторияга қаратилган эди: келаси ойги сайлов олдидан исроилликларга ва Исроилни қўллаб-қувватлаш сусайиб бораётган АҚШ жамоатчилигига.

Бу Исроилда 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлардан кейинги биринчи сайлов бўлади. Нетаняҳунинг "Хавфсизлик кафолатчиси" деган обрўси савол остида, сўровларда эса у бошчилик қилаётган коалиция рақибларидан ортда қолмоқда.

Зални тарк этган делегатларни кескин танқид қилиши унга ўзини Исроилни танқид қилаётган хорижий сиёсатчиларга жавоб бера оладиган ягона исроиллик сиёсатчи сифатида кўрсатиш имконини бериши мумкин.

Нетаняҳу АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма зарбаларини эслаб, Трампни ҳам мақтади.

Вашингтон қурол етказиб беришда давом этса-да, сўровларга кўра, америкаликлар орасида Исроилга дастак камаймоқда.

Намойишда қатнашган машҳурлар ушланди

Ню-Йоркда Нетаняҳунинг ташрифига қарши намойиш ўтказган бир неча киши ушланди. Улар орасида "Оскар" совриндори Сюзан Сарандон, "Эмми" совриндори ва Hacks сериали актрисаси Ҳанна Айнбиндер, Демократлар партиясидан Конгрессга номзод Дариализа Авила Шевале ҳамда Ню-Йорк шаҳар кенгаши аъзоси Чи Оссе бор.

Ню-Йорк полицияси вакилининг айтишича, чорраҳани тўсиб қўйган "режалаштирилмаган намойиш" ҳақида хабар тушгач, ходимлар воқеа жойига етиб боришган.

Қизғиш сочларини йиғиб олган Сюзан Сарандон кўзойнак, қора капюшонли куртка ва оқ футболкада Ню-Йоркда икки полиция ходими ёнида турибди.
Сурат тагсўзи, БМТ биноси яқинида ушланган намойишчилар орасида актриса Сюзан Сарандон ҳам бор эди.

2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумида Исроилда тахминан 1 200 киши ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган. Шундан сўнг Исроил армияси Ғазода қуруқликдан ҳужум бошлаган. Ғазодаги ҲАМАС бошқарувидаги соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроилнинг ҳарбий амалиётлари давомида 73 920 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Ўтган йили Халқаро геноцид тадқиқотчилари уюшмаси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари БМТ конвенциясидаги геноцид таърифига мос келишини билдирган. Исроил буни рад этади ва ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш билан изоҳлайди.

28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга ҳаво зарбалари бера бошлади. Улар Эрон яширинча ядро қуроли яратаётганидан шубҳаланган, Теҳрон эса буни рад этган. Эрон Исроилга ва АҚШ ҳарбий базалари жойлашган қўшни Форс кўрфази араб давлатларига ракета ҳамда дронлар билан жавоб қайтарди.