"Украинада ғалаба ҳеч қачон бўлмайди" - Видео

Дмитрий Муратов ва Стив Розенберг
    • Author, Stiv Rozenberg
    • Role, BBC Rossyia muharriri
    • Reporting from, Moskva
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Москвадаги "Новая газета" таҳририяти йўлаги жим-жит.

Бу ерни оғир бўшлиқ ҳисси чулғаб олган.

"Энди газета йўқ", дейди нашрнинг собиқ бош муҳаррири Дмитрий Муратов менга берган эксклюзив интервюсида.

Муратов 30 йилдан ортиқ вақт аввал "Новая газета"га ҳаммуассислик қилган. Нашр Россияда мустақил журналистиканинг етакчи минбарларидан бирига айланиб, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва юқори поғонадаги коррупция ҳолатларини ёритиб келган эди.

2021 йили Муратов сўз эркинлигини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди.

Нобел қўмитаси баёнотида "Новая газета"нинг олти нафар журналисти ҳалок бўлгани, улар орасида Чеченистон уруши ҳақида фош этувчи мақолалар ёзган Анна Политковская ҳам борлиги қайд этилганди.

Бу жасоратли журналистика эътироф этилганининг белгиси эди.

Аммо бу эътироф газетани ҳимоя қила олмади.

2021 йилги Нобел Тинчлик мукофоти совриндори Дмитрий Муратов 2022 йил 20 июнида Ню-Йоркда

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Дмитрий Муратов ўзининг Нобел медалини UNICEFнинг Украина қочқинларига инсонпарварлик ёрдамларини қўллаб-қувватлаш учун кимошди савдосига қўйди

"Путин фармон чиқарди ва газета босмахонаси давлат тасарруфига ўтказилди", деб тушунтиради Муратов. "Нашрнинг рўйхатдан ўтказилганлик мақоми бекор қилинди."

"Новая газета" интернетдаги фаолиятини сақлаб қолган. Аммо бу ҳам жуда чекланган: ҳукумат унинг сайтига киришни тўсиб қўйган. Сайтдан фақат хориждан туриб ёки чекловларни айланиб ўтиш учун қўлланадиган VPN, яъни виртуал хусусий тармоқлар ёрдамида фойдаланиш мумкин.

Газета дуч келган қийинчиликлар Россияда сўз эркинлигига қарши босимлар кенгайиб бораётганининг бир кўриниши ҳисобланади. Бу жараён Кремл 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаганидан кейин янада кучайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Фикр етакчиларининг аксари 'хорижий агент', 'экстремист' ёки 'террорчи' деб эълон қилинди. Бундайлар бир неча юз нафар", дейди Дмитрий Муратов.

"Рақамлар турлича. Аммо эҳтиёткор ҳисоб-китобларга кўра, Россиянинг 'махсус ҳарбий амалиёти' бошланганидан буён амалдаги давлат сиёсатига қарши фикр билдиргани учун камида 1500 киши қамоққа ташланган. Бу СССРдаги КГБнинг энг шафқатсиз даврларидаги кўрсаткичдан уч баравар кўпдир."

Мухолиф фикрли олим ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров 1975 йили Нобел Тинчлик мукофотини қабул қилиш маросимидаги маърузасида Совет Иттифоқида ўзи билган 120 нафардан зиёд сиёсий маҳбуснинг исмини санаб ўтган эди. Орадан ўн йил ўтиб, Amnesty International ташкилоти СССРда 600 нафардан зиёд виждон маҳбуси борлигини тахмин қилган.

Журналистлар Антонина Фаворская, Константин Габов, Сергей Карелин ва Артём Кригер судда панжара ортида

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Журналистлар Антонина Фаворская, Константин Габов, Сергей Карелин ва Артём Кригер экстремизм моддаларида йбдор деб топилиб, беш ярим йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилдилар
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Кремл 2022 йилда қисқа ва муваффақиятли бўлади деб ҳисоблаган "ҳарбий операция" Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги Европадаги энг қонли можарога айланди.

Шунга қарамай, Президент Путин Россия ғалаба қозонишини башорат қилишда давом этади.

"Бу ерда ҳеч қачон 'ғалаба' бўлмайди", дея эътироз билдиради Дмитрий Муратов. "Чунки қарийб беш йилдан бери давом этаётган воқеа қандай якунланишидан қатъи назар, уни энди ғалаба деб атаб бўлмайди.

Икки славян халқи бир миллион кишининг ҳаётини барбод қилганида ёки ундан ҳам кўпроқ одам ҳалок бўлганида буни ғалаба деб бўлмайди."

"Менимча, ҳозир Украина билан боғлиқ вазият шундай: уни вайрон қилиш мумкин, аммо бўйсундириш мумкин эмас. Вайрон қилиш деганда нимани назарда тутяпман? Бу можарони ҳатто ядро қуролидан фойдаланиш даражасигача кучайтиришни."

У ҳақиқатан ҳам Кремл раҳбари бу урушда ядро қуролидан фойдаланиши мумкин, деб ҳисоблайдими?

"'Путин бундай деб ўйлаяпти' ёки 'Путин мана бундан қўрқаяпти' деган сиёсий таҳлилчиларнинг ҳаммаси... ҳаммаси сохта башоратчилар", дейди Дмитрий Муратов. "Бу худди астрология билан бир тоифадаги гап. Владимир Путиннинг хаёлида нималар кечаётганини ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман.

Мен фақат журналист сифатида кузатаман. Кўп сондаги маълумотларни таҳлил қиламан. Йил бошидан буён ядро қуролидан фойдаланиш зарурати ҳақида 500 мартадан ортиқ гапирилди. Буни ақли паст одамлар айтса, эътибор бермасдим. Аммо бу мавзуда давлат телевидениесида баҳслар бўлганини эшитдим. Давлат ташкил этган тадбир - Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида ҳам маърузачилардан бири ядро қуролидан фойдаланишни ижобий ва мақбул нарса сифатида кўрсатди."

Путин 2022 йил феврал ойида Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганини эълон қилар экан, бу ҳаракат Россия хавфсизлигини таъминлаш учун кераклигини айтган эди.

"Айтингчи, хавфсизлик ошдими?" деб сўрайди Дмитрий Муратов. "Украина дронлари ҳозир [Россиянинг энг йирик онлайн ритейлери] Wildberries омборларига ҳам зарба бераётган бир пайтда; ёқилғи танқислиги, мобил интернетдаги узилишлар, сиёсий маҳбуслар манзарасида хавфсизлик кўпайдими ёки йўқ?"

Iqtibos

Жамоатчилик фикри сўровлари мамлакат ичида Владимир Путинни қўллаб-қувватланиш пасайганини кўрсатаётганига қарамасдан, Муратов фикрича, Россия президенти ҳокимиятни ҳамон мустаҳкам назорат қилиб турибди.

"Кечирасиз, аммо элита вакиллари орасида бўлиниш борлиги, махфий фитналар тайёрланаётгани ҳақидаги гапларга ишонмайман. Мамлакатни Владимир Путин бошқармоқда. Ундан қўрқишади.

Ва бу қўрқув унинг асосий таянчи бўлган Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) томонидан ҳар томонлама мустаҳкамланади."

Муратов ўз ҳукуматини кескин танқид қилса-да, Ғарб ҳақида ҳам ортиқча хаёлларга берилмайди.

"[Путин] Европа етакчиларининг ҳақиқий баҳосини жуда яхши билади. Бир томондан улар унга инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирадилар. У эса овоз чиқариб кулади, чунки айни пайтда улар бошқа қўли билан Россия билан нефт, газ, олмос ва шунга ўхшаш маҳсулотлар савдоси бўйича келишувларни имзолайдилар ёки имзолаганлар. Улар Путинга Европа қадриятлари ҳақида гапирганларида, у чиндан ҳам қаҳ-қаҳа уриб кулади. Чунки у ўша қадриятларни ўргатаётган одамларнинг ҳақиқий баҳосини яхши билади."

Россияда Муратовга "хорижий агент" мақоми берилган. Бу тамға Кремл танқидчиларини жазолаш учун кўп қўлланади.

"Хорижий агентлар"нинг ҳуқуқлари чекланган: уларга таълим бериш, сайловларда қатнашиш тақиқланган; агар ўз уй-жойини сотса, тушган маблағдан эркин фойдалана олмайдилар. Бу тамға яна бир мақсадга ҳам хизмат қилади: инсонни жамият кўзида ёмонотлиқ қилиш, мамлакат ичида "ички душман" образини яратиш.

Шунга қарамай, журналист ўзига нисбатан босимларга урғу беришдан кўра, қамоқдаги ватандошларининг аҳволига эътибор қаратишни афзал кўради.

"Ҳозир мени энг кўп ташвишга солаётган нарса шуки, қўшни мамлакат ҳудудларининг босиб олинишига қарши биринчи бўлиб овоз кўтарган сиёсий маҳбуслар билан дунёда ҳеч ким қизиқмаяпти", дейди Дмитрий Муратов.

Укаинада туғилган, бироқ Россияда ишлаган 68 яшар болалар шифокори Надежда Буянова иш жойида Украинадаги урушни танқид қилгани учун беш ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Сурат тагсўзи, Укаинада туғилган, бироқ Россияда ишлаган 68 яшар болалар шифокори Надежда Буянова иш жойида Украинадаги урушни танқид қилгани учун беш ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Муратов катта папкани очади ва унинг ичидан йирик форматдаги суратлар тўпламини чиқаради: қамоқдаги маҳбусларнинг портретлари.

Суратлардан бирида тўрт нафар журналист, Антонина Фаворская, Константин Габов, Сергей Карелин ва Артём Кригер тасвирланган. Улар экстремизм айбловлари билан судланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар. Терговчилар уларни марҳум мухолифат етакчиси Алексей Навалний ташкил этган коррупцияга қарши кураш ташкилотига алоқадорликда айбладилар.

Яна бир суратда Алексей Горинов акс этган. У Украинадаги урушга қарши чиққанидан кейин Россия армияси ҳақида "била туриб ёлғон маълумот тарқатиш" айби билан қамоққа ташланган шаҳар кенгаши депутати.

"Бу эса ажойиб пианиночи Павел Кушнир", дейди Дмитрий Муратов. "Рахманинов ва Шуберт асарларининг ноёб ижрочиси."

Мусиқачи урушга қарши видеоларни интернетга жойлаганидан кейин ҳибсга олинган. Дмитрий Муратов яна бир суратни кўрсатади.

"Бу эса унинг тобутда ётган пайти."

Павел Кушнир очлик эълон қилган ҳолда тергов ҳибсхонасида вафот этган. У 39 ёшда эди.

Кетма-кет намойиш этилаётган суратлар ва қамоқ ҳақидаги ҳикоялар ҳокимиятга қарши деб кўрилган инсонлар қандай хавф-хатарларга дуч келаётганини кўрсатади. Бу ҳокимиятни ва урушни очиқ танқид қилиш қанчалик катта хатарлар билан боғлиқ эканини яна бир бор эслатади.

"Нобел мукофоти совриндори бўлиш сизга камида хоҳлаган гапингизни айтиш учун маълум даражада ҳимоя берадими?" деб сўрайман мен.

"Бу савол менга эмас", деб жавоб қайтаради Муратов. "Имкониятингиз бўлганда, буни ҳокимият вакилларидан сўранг."

Яна бир сурат бор. У шу йил апрел ойида олинган.

"Бу газетанинг адвокати. У бино ичига киришни кутиб турган пайти. Полиция идорамизни тинтув қилаётган эди. Бу жараён 13 соат давом этди. Улар адвокатларни ичкарига киритишмади. Бизнинг бошқарувчи муҳарриримиз Олег Ролдугин ҳозир уй қамоғида."

Дмитрий Муратов Россияда ҳукумат танқидчилари ҳаётининг анча тушкун манзарасини чизади.

Шунга қарамасдан, умид уйғотадиган лаҳзалар ҳам учраб туради.

"Биз ҳозир одамлар жим қолган даврда яшаяпмиз. Аммо қилаётган ишларимизни қўллаб-қувватлайдиганлар жуда кўп. Москва кўчаларида ҳамкасбларим ва мен одамлардан фақат миннатдорлик сўзларини эшитамиз. Улар буни шивирлаб айтишади. Лекин одамларнинг аслида нима деб ўйлаётганлари жуда муҳим."