Нега Афғон оилалари қизларини эрга беришни сўнгги чора сифатида кўришмоқда?

Юзи хиралаштирилган Афғон аёли
    • Author, Yogita Limaye
    • Role, BBC muxbiri, Kobul
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Алия (унинг исмини хавфсизлиги учун ўзгартирдик) ўтган йили турмушга чиқишдан қочиб, ўз қишлоғидан Кобулгача юзлаб километр йўл босди.

Амакисининг қизи билан таксида қилинган бу сафар Афғонистонда ғайриодатий ва хавфли иш эди.

Қоидага кўра, у бошдан-оёқ ёпинган, фақат кўзлари кўриниб турарди.

Уларни исталган вақтда эркак маҳрамсиз юрган аёлларни текширадиган Толибон нозирлари қўлга олиши мумкин эди.

Бироқ 19 ёшли Алия ва қариндошини Толибоннинг ҳеч бир назорат-ўтказиш пунктида тўхтатишмади ва пойтахтга эсон-омон етиб олишди.

"Оиламга бу ерга дугоналарим ва собиқ синфдошларим билан кўришиш учун кетяпман, деб баҳона қилдим. Аммо бу ёлғон эди. Бу ерда синфдошларим йўқ. Асл сабаб шуки, агар Дайкундида қолганимда, мени эрга тегишга мажбур қилишарди".

Бунинг ўрнига у Кобулга аниқ режа билан келди: инглиз тили курсига ёзилди.

Фақат қурби етадиганлар учун мўлжалланган бу қисқа муддатли хусусий курслар, диний таълим бериладиган мадрасаларни ҳисобга олмаганда, Афғонистондаги қизлар учун бошланғич мактабдан кейин билим олишнинг ягона имконияти. Аммо уларнинг ҳеч бири расмий таълим ўрнини босмайди.

Толибон 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришини тақиқлаганига қарийб беш йил бўлди. Бу тақиқ нега ҳали ҳам амалда экани борасида турли сабаблар келтирилади.

Бу йиллар давомида Алияга ўхшаган қизлар ўзлари истаган ва муҳтож бўлган таълимдан бебаҳра улғайди. Касб-ҳунар эгаллаш йўллари деярли тўлиқ ёпилиб, уларнинг имкониятлари торайиб борди ва натижада Афғонистондаги миллионлаб қизлар учун фақат битта танлов қолди: турмушга чиқиш.

Argo, Badakhshan province on May 12, 2026.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўғил болалар мадрасаси. Қиз болаларнинг ҳам айрим билимни олишларига рухсат берилган

Алиянинг ҳикояси фақат жасорати билан ғайриодатий эмас. У айни пайтда қизлар учун мавжуд саноқли имкониятлардан фойдаланишга қурби етадиган оиладан чиққан – БМТ маълумотларига кўра, ҳар тўрт кишидан учтаси ўзининг асосий эҳтиёжларини қондира олмайдиган мамлакатда бу жуда ноёб ҳолат.

Гап Алиянинг оиласи унинг ўқишини истамаслигида ҳам эмас – улар қизининг Кобулда қолиш истагини қабул қилишган ва ҳозир ҳам унинг инглиз тили курсини молиялаштиришмоқда – лекин улар ҳам Афғонистондаги воқелик олдида ожиз.

"Тақиққача ота-онам мени мактабга боришга астойдил ундашарди. Улар «Учувчи бўлиш орзунгга албатта эришасан», дейишарди".

"Аммо энди улар мен учун энг яхши йўл турмушга чиқиш эканини айтишмоқда, чунки мен мактабга, университетга бора олмайман, ҳатто ишлай ҳам олмайман".

Алияга совчилар келяпти. У совчилардан бирини қабул қилишга мажбур бўлишидан, янги оиласи ота-онаси берган эркинликни бермаслигидан қўрқади. "Баъзи оилалар жуда қаттиққўл бўлиши мумкин. Улар менга орзуларимни унутишимни айтишлари эҳтимоли бор. Кўнглим ҳеч таскин топмаяпти".

Аммо унинг иродаси пўлатдек мустаҳкам. "Агар оилам мени турмушга чиқишга мажбурламаса, кутаман. Охирги нафасимгача бунга қаршилик қиламан".

Лекин қаршилик қилиш осон эмас.

Кобул ғарбидаги кичкина, бўм-бўш бир уйда Шама билан учрашдик.

"Агар Толибон ҳокимиятни эгалламаганда, мен ҳозиргача мактабни деярли битирган бўлардим. Шифокор бўлиш орзумга яқин қолган эдим. Мен шуни истагандим", дейди Шама.

Аксинча, тўрт йил олдин, 18 ёшида, онаси уни турмушга чиқишга ундади. Ҳозир у бири гўдак, иккинчиси эса кичкинтой бўлган икки қизчанинг онаси.

Биз унинг ва оиласининг исмларини хавфсизлиги учун ўзгартирдик.

Қоронғи хонада юзларини ниқоб билан ёпиб ўтирган икки Афғон аёли

Сурат манбаси, BBC/Imogen Anderson

Сурат тагсўзи, Би-би-си ушбу мақолани тайёрлашда суҳбатлашилган барча аёлларнинг шахсини сир тутишга қарор қилган

Эри олти йил олдин вафот этганидан сўнг қизларини мактабда ўқитиш учун фаррош бўлиб ишлаган унинг онаси Комила бошқа чора топа олмаганини айтади. У турмуш қуриш ёшидаги қизи ёлғиз қолса, қийналиб қолишидан қўрққан.

"Уларнинг [Толибон ҳукумати аскарларининг] «Нега уни эрга бермаяпсан?» деб сўроққа тутишидан қўрқардим", дейди Комила бизга.

"Мен унинг ўқимишли бўлишини, ишлашини ва жамиятга ҳисса қўшишини хоҳлагандим. Ўзим саводсизман, кўзи ожиз одамдекман. Аммо қизларим ўқишини истагандим. Унинг [Шаманинг] орзулари жуда кўп эди. Аммо унга бу насиб қилмади".

Толибон ҳукуматининг таълимга қўйган тақиқи сон-саноқсиз аёллар ва қизлар ҳаётига аллақачон тузатиб бўлмас таъсир кўрсатди. БМТга кўра, агар тақиқ 2030 йилгача давом этса, "аёллар саводхонлиги даражаси шундоқ ҳам дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бирига эга бўлган мамлакатда икки миллиондан ортиқ қиз бошланғич мактабдан кейинги таълимдан маҳрум бўлади".

"Эрли бўлиш аёл кишининг ягона орзуси эмас. У аввало ўз оёғида туриши, мустақил бўлиши керак, шундан кейингина турмушга чиқиб, оила қуриши мумкин. Аммо мен янги ҳаётга буларнинг ҳеч бирисиз қадам қўйдим. Орзуларим армон бўлиб қолди", дейди Шама.

Толибон ҳокимиятни эгаллашидан олдин Шама кўплаб совчиларни рад этган эди.

"Мен уларни рад этгандим, чунки ўқиш мен учун ҳамма нарсадан муҳимроқ эди. Мен ўзим учун истаган нарса улар [бўлажак куёвлар] мен учун истаган нарса эмас эди", дейди у.

Унинг айтишича, ҳозир доимий стрессда, ҳатто ишлаётган ёки ўқиётгани аёллар тасвирланган филмларни кўрганида ҳам руҳий изтиробга тушади.

Эри унга яхши муомала қилади, бироқ ўз салоҳиятини рўёбга чиқара олмаганлик қайғуси уни ҳеч қачон тарк этмайди. "Бу мен учун жуда қийин. Ўзимни уйимда қамалиб қолгандек ҳис қиляпман. Мен фақат фарзандларим учун яшаяпман", дейди у.

Энди унинг 18 ёшли синглиси Нора ўзи ҳам шундай қисматга дуч келишдан қўрқади.

"Мен турмушга чиқиш учун ҳали жуда ёшман. Ўқишимни давом эттирмоқчиман. Бу худди қамоқда ўтиргандек гап. Ҳукумат туфайли кўчага чиқишга қўрқаман, уйда эса онам турмушга чиқишим кераклигини айтади", дейди мактабга қайтишни орзу қиладиган Нора.

Аммо у Толибон ҳукумати даврида мактабга қайта олишига ишонмайди.

"Толибон ҳукумати қизлар учун мактаблар кейинги огоҳлантиришгача ёпилганини айтганди. Лекин мана, орадан тўрт ярим йил ўтди. Биз ҳар куни шу хабарни кутдик".

Iqtibos

2021 йилдан бери Толибон ҳукуматининг қизлар учун мактаблар қачон очилиши ҳақидаги саволга жавоби турлича, бир баҳонадан иккинчисига ўтиб, ҳозир жавобдан бўйин товлаш ва сукут сақлашга айланиб қолган.

2021 йил сентябр ойида, Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, унинг матбуот котиби билан илк интервюмизда у қизлар учун мактаблар очилишини айтган, улар "хавфсизлик ҳолатини яхшилаш устида ишлаётганини" қўшимча қилганди.

Бир йил ўтгач, жавоб "диний уламолар қизларнинг мактабга бориб-келишидаги хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни кўтараётгани" бўлди, аммо улар бу муаммо устида ишлаётганини билдиришди.

2024 йилда Толибон ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитрат менга: "Биз раҳбарият қарорини кутяпмиз," деди.

Шу ой мен Фитрат билан яна учрашдим. У аёл киши билан суратга тушишни ёки рўпарамда ўтиришни истамади. Мен ундан аёллар учун ўрта мактаб ва олий таълим тақиқини қандай оқлашини сўрадим.

У "ҳозирда етти миллионга яқин ўғил ва беш миллион қиз бола таълим олаётганини" таъкидлаб жавоб берди.

"Олтинчи синфдан юқори таълимни чеклаш алоҳида масала," деди у ва бизни Таълим вазирлигига йўналтираркан, улар "умид қиламизки, қониқарли жавоб беришади", деб қўшиб қўйди.

Мен янада қатъийроқ туриб, Афғонистондаги аёллар ва қизлар Толибон ҳукумати даврида таълим қайта очилишига ишонмасликларини айтганимда, у яна, Таълим вазирлигидан сўранг, деб жавоб берди.

Биз Таълим вазирлигига ҳам айни шу саволни бердик. Улардан жавоб бўлмади.

Толибон ҳукумати ичида аёллар таълими масаласида бизга аён бўлган келишмовчиликлар мавжуд, аммо олий раҳбар йиллар ўтгани сари ўз мавқеини янада қатъийлаштириб борди.

Аёллар ва қизлар ўзлари учун мактаблар ёпилган кунни кечагидек аниқ-тиниқ эслайдилар.

"Ўша куни кеча-кундуз фақат йиғладим, ҳўнг-ҳўнг йиғладим, – деб эслайди Алия. – Бир ҳафта ухлай олмадим. Ўзимни худди тирик мурдадек ҳис қилдим".

"Ўқишни битириб, университетга кираётган тенгдош йигитларни кўрсам, аҳволим ёмонлашади, ўзимни гўё дўзах оловида ёнаётгандек ҳис қиламан", дея қўшимча қилади у.

Аёллар Толибоннинг олий раҳбари жорий этган бошқа кўплаб чекловларга ҳам дуч келмоқда; бу чекловлар баъзи жойларда қатъий қўлланилса, бошқа жойларда бироз эркинлик бор.

Бироқ бу фармонлар одамлар орасида қўрқув уйғотади. Ҳукуматнинг мажбурлов чоралари ва айрим ҳолларда одамларнинг ўзлари ўрнатган чекловлар сабабли аёллар жамоат ҳаётидан деярли четлаштирилди.

Фитрат ўз ҳукуматини ҳимоя қилиб: "Биз аёлларга бизнес юритиш учун минглаб рухсатномалар бердик, бу ижобий қадамдир", дейди.

У, шунингдек, Толибон ҳукуматининг ахлоқ полицияси бўлмиш Фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги "аёлларга меросдан қонуний улуш берилмаган 2000 дан ортиқ ишни" ҳал қилганини ва "мажбуран турмушга узатилаётган ёки вояга етмаган 2500 нафар аёлга ёрдам кўрсатилганини" даъво қилди.

Аммо яқинда Толибон ҳукумати болалар никоҳига қонуний рухсат берилиши назарда тутилган қоидаларни қонунга киритди ва унда вояга етмаган қизнинг сукути никоҳга розилик сифатида талқин қилинишига ижозат этилди.

Ўтказиб юборинг TikTok пост
TikTok контентига рухсат бериш

Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас TikTok бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири TikTok пост

Далиллар бунинг аксини кўрсатмоқда, қизларнинг ўқиши тақиқлангани сабабли вояга етмасдан турмушга бериш ва мажбурий никоҳлар сони ортиб бормоқда.

Биз суҳбатлашган аёллар ва қизлар институционал камситишнинг энг оғир шаклларидан бири эндиликда аввалгидек ҳайрат ёки ғазаб уйғотмаяпти, деб ҳисоблайдилар. Улар ўзларини ташлаб қўйилгандек ҳис қилишади.

"Агар бизни унутиб қўйишмаганида, ҳозиргача бирор чора кўрилган бўларди", дейди Алия.

"Нега айнан Афғонистонда туғилганмиз, деб тез-тез ўйлаб қоламан", дейди Нора.

Унинг онаси Комиланинг бутун дунё оналарига айтар гапи бор.

"Қизларингизга ўқиш ва ишлашга рухсат берилган дунёда уларга имкон беринг. Қўйинг, мустақил бўлишсин".

"Бу ерда, Афғонистонда биз учун ҳаммаси тугади".

Мақолани тайёрлашда Иможен Андерсон, Маҳфуз Зубайд ва Санжай Гангули ёрдам берган