Ўзбекистонда адвокатлар: қонунлар кучлими, амалиётми? (Видео)

Яшнободда калтакланган адвокат Назиржон Абдуҳафизов шифохонада

Сурат манбаси, Facebook sahifasidan

Сурат тагсўзи, Яшнободда калтакланган адвокат Назиржон Абдуҳафизов шифохонада
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Яшнободда калтакланган адвокат, Қашқадарёда ярим соат бинодан чиқарилмаган ҳимоячи, тергов материалларига чекланган кириш ва давлат ҳисобидан ишлайдиган адвокатларнинг паст ҳақ тўлови. Ўзбекистонда адвокатура тизими сўнгги йилларда сезиларли ислоҳотларни бошдан кечираётган бўлса-да, адвокатлар фаолиятида жиддий муаммолар сақланиб қолаётганини мутахассисларнинг ўзи ҳам тан олади.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган икки воқеа адвокатлар фаолияти ва уларнинг ҳимояси масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.

Улардан бирида Тошкентнинг Яшнобод туманида адвокат Назиржон Абдуҳафизов ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини айтди. Адвокатнинг сўзларига кўра, у жабрланувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун борган пайтда хизмат гувоҳномасини кўрсатганига қарамай, жисмоний куч ишлатилган.

Бундан икки кун аввал эса Қашқадарёда тарқалган видеода адвокат ички ишлар бошқармаси биносидан чиқиб кетишга уринганида пост ходимлари томонидан тўхтатилгани акс этган эди.

Бу воқеалар бир саволни яна ўртага ташлади: Ўзбекистонда адвокатлар фуқароларни ҳимоя қиляптими ёки баъзан ўзлари ҳам ҳимояга муҳтожми?

"Ҳеч кимнинг адвокатга қўл кўтаришга ҳаққи йўқ"

Тошкент шаҳар Аёл адвокатлар алянси раҳбари Гулмира Бобожонова Яшнободдаги воқеани кескин қоралайди.

Унинг айтишича, ҳолат юзасидан Адвокатлар палатаси ва прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари бошланган.

"Ким бўлган тақдирда ҳам, ҳеч кимнинг адвокатга қўл кўтаришга ҳаққи йўқ", дейди Бобожонова.

Шу билан бирга, у ҳар қандай воқеага якуний баҳо беришдан олдин барча томонларнинг позициясини ўрганиш зарурлигини таъкидлайди.

Адвокат Диёра Рафиева ҳам фаолияти давомида босим ва чекловларга дуч келганини айтади.

Унинг ҳикоя қилишича, бир тинтув жараёнида хизмат гувоҳномасини кўрсатганига қарамай, ички ишлар ходимлари уни мажбуран хизмат машинасига ўтқазиб, бўлимга олиб кетган ҳамда бир неча соат ушлаб турган.

"Телефоним ва компютеримни текширмоқчи бўлишди. Мен адвокатлик дахлсизлигини эслатдим", дейди у.

BBC
Kim bo‘lgan taqdirda ham, hech kimning advokatga qo‘l ko‘tarishga haqqi yo‘q!
Gulmira Bobojonova
Аёл адвокатлар алянси раҳбари Гулмира Бобожонова

Қонунда бор, амалиётда йўқми?

Суҳбат давомида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири тергов материалларига кириш масаласи бўлди.

Адвокат Бобур Муқаддамовнинг фикрича, ҳимоя тарафи кўпинча тергов қандай далилларга асосланаётганини билмасдан ишлашга мажбур бўлади.

"Биз кўп ҳолларда жангга кўзи боғланган жангчидек кирамиз", дейди у.

Амалдаги қонунчиликка кўра, адвокат жиноят иши материаллари билан тўлиқ тарзда тергов тугаганидан кейингина танишиши мумкин.

Бироқ адвокатлар кўплаб процессуал ҳужжатларни тергов босқичидаёқ олиш имконияти амалда чекланаётганини айтади.

Диёра Рафиеванинг фикрича, ҳужжатларсиз самарали ҳимоя ташкил қилиш қийин.

"Баъзан экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарорнинг нусхасини олишнинг ўзи учун бир неча бор мурожаат қилишга тўғри келади", дейди у.

У АҚШ ва Буюк Британиядаги тажрибаларни мисол қилиб, ҳимоячининг маълумотларга кенгроқ кириши суд адолатининг муҳим шарти эканини таъкидлайди.

Бобур Муқаддамов
Сурат тагсўзи, "Биз кўп ҳолларда жангга кўзи боғланган жангчидек кирамиз", дейди Бобур Муқаддамов.

Судда тенглик борми?

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча йил аввал адвокатларнинг нуфузини ошириш ва уларни процессуал жиҳатдан кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Бобур Муқаддамовга кўра, суд жараёнининг ўзида адвокат ва прокурор ҳуқуқлари кўп жиҳатдан тенглаштирилган.

Адвокатлар саволларга эътироз билдириш, далилларни баҳслашиш ва суд мунозараларида фаол қатнашиш имкониятига эга.

Гулмира Бобожонованинг айтишича, аввалги йиллардан фарқли равишда ҳозир айблов хулосаларини прокурорларнинг ўзи ўқиб эшиттиради ва процессларда фаолроқ иштирок этади.

Аммо адвокатлар назарида тенгликнинг асосий муаммоси суд залидан олдинроқ, яъни тергов босқичида бошланади.

Айнан шу сабабли улар тергов материалларига кенгроқ кириш имкониятини энг муҳим ислоҳотлардан бири деб ҳисоблайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аёл адвокатлар қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?

Адвокат Диёра Рафиева
Сурат тагсўзи, "Баъзан мени эркак бўлганимда бошқача қабул қилишармиди деган ўй келади"

Адвокат Диёра Рафиева аёл бўлгани учун айрим ҳолларда қўшимча босимларга дуч келишини айтади.

Унинг сўзларига кўра, баъзи мансабдорлар билан ишлашда касбий аргументлардан кўра гендер стереотиплари кўпроқ намоён бўлади.

"Баъзан мени эркак бўлганимда бошқача қабул қилишармиди деган ўй келади", дейди у.

Гулмира Бобожонованинг фикрича, аёл адвокатлар олдидаги асосий чақириқлардан бири касб ва оилавий масъулиятларни бир вақтнинг ўзида олиб боришдир.

2023 йилда Адвокатлар палатаси қошида ташкил этилган Аёл адвокатлар алянси ҳам айнан шу мақсадда тузилган.

Давлат ҳисобидан ишлайдиган адвокатлар муаммоси

Адвокатлар яна бир муҳим масалани кўтарди: давлат томонидан тўланадиган ҳимоя хизматлари учун ҳақ миқдори.

Ўзбекистонда "давлат адвокати" деган алоҳида институт йўқ. Бир адвокат ҳам шартнома асосида, ҳам давлат ҳисобидан ҳимоя хизматларини кўрсатиши мумкин.

Аммо Бобур Муқаддамовнинг айтишича, амалдаги тўловлар кўплаб адвокатларни бундай ишларни олишдан қайтармоқда.

"Тўловлари жуда ҳам кам", дейди у.

Унинг фикрича, бозор иқтисодиёти шароитида давлат томонидан тўланадиган ҳақ ҳам хизматнинг реал қийматига яқинлаштирилиши керак.

Е-адвокат: муваффақиятли ислоҳотлардан бири

Суҳбат иштирокчилари ҳам тан олган ижобий ўзгаришлардан бири электрон тизимларнинг жорий этилиши бўлди.

Бугунги кунда ордерлар, рухсатномалар ва давлат ҳисобидан адвокат тайинлаш жараёнлари "Е-адвокат" платформаси орқали амалга оширилмоқда.

Бу тизим авваллари мавжуд бўлган "таниш адвокат" чақириш амалиётини деярли йўққа чиқарган.

Адвокатлар электрон рухсатномалар туфайли тергов ҳибсхоналаридаги учрашувларни ҳам олдиндан режалаштириш мумкин бўлаётганини айтади.

Самарқандлик адвокат Диёра Рафиеванинг фикрича, технологик ислоҳотлар иш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштирган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Муаммо қонундими ёки унинг ижросидами?

Суҳбат якунида адвокатлар бир масалада деярли якдил бўлди.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда адвокатура фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликнинг катта қисми замонавий талаблар даражасида шаклланган.

Асосий савол эса бошқа ерда: бу нормалар амалда қай даражада ишлаяпти?

Яшнобод ва Қашқадарёдаги воқеалар, тергов материалларига кириш билан боғлиқ баҳслар, суд жараёнлари ва аёл адвокатларнинг тажрибалари бир нарсани кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда адвокатура олдинга қадам ташлади. Электрон тизимлар жорий қилинди, адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилди, процессдаги мавқеи мустаҳкамланди.

Аммо адвокатларнинг ўзи айтганидек, ҳақиқий тенглик фақат қонунларда ёзилиши билан эмас, у амалда ишлаганда намоён бўлади. Шундагина адвокат фуқарони ҳимоя қиладиган шахс сифатида эмас, қонун устуворлигининг тенг ҳуқуқли иштирокчиси сифатида майдонга чиқади.