Саида Мирзиёева Google билан YouTube монетизациясини муҳокама қилди: Ўзбекистонликлар қанча пул ишлаши мумкин?

Сурат манбаси, TELEGRAM/MIRZIYOEVA
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, мамлакатда YouTube монетизациясини йўлга қўйиш имкониятини муҳокама қилди.
Учрашув Ню-Йоркда, Мирзиёеванинг БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга ташрифи доирасида ўтказилди.
Саида Мирзиёеванинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловларга оид қонунчилик такомиллаштирилган. У бу ўзгаришлар халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистонда ишлаши учун имконият яратаётганини айтди.
Ҳозир YouTube'нинг муаллифларга реклама орқали даромад олиш имконини берувчи ҳамкорлик дастури, YouTube Partner Program, Ўзбекистонда тўлиқ ишламайди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида дастур Қозоғистонда мавжуд.
Ўзбекистонлик айрим контент яратувчилар хорижий аудитория орқали даромад олиши мумкин. Аммо Ўзбекистондаги аудитория учун YouTube рекламаси ва унга боғлиқ тўлиқ монетизация тизими ишламаяпти. Шу сабабли маҳаллий видеоблогерлар асосан тўғридан-тўғри реклама, махсус лойиҳалар ва маҳсулотларни контентга интеграция қилиш орқали даромад топиб келади.
Монетизацияга нима тўсқинлик қилган?

Сурат манбаси, EPA/ADAM
YouTube монетизациясининг Ўзбекистонда ишга тушмаганига бир нечта ҳуқуқий ва техник омиллар сабаб қилиб кўрсатилган.
Асосий масалалардан бири Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби эди. Бундай талаб Google каби фаолияти глобал сервер инфратузилмасига таянадиган компаниялар учун қийинчилик туғдирган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник 2025 йил декабрида америкалик технология компанияларининг Ўзбекистонда монетизация хизматларини кенгайтиришига шахсий маълумотларни маҳаллий серверларда сақлаш талаби билан бирга интеллектуал мулк ҳимояси, тўлов тизимларини тартибга солиш ва тил билан боғлиқ техник масалалар ҳам таъсир қилаётганини айтган эди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Аммо 2026 йил март ойида президент Шавкат Мирзиёев "Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги қонунга ўзгартишларни тасдиқлади. Янги тартибга кўра, маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида сақлаш бўйича мажбурий талаб асосан биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телекоммуникация операторлари абонентларига оид маълумотлар учун сақлаб қолинди.
Бошқа турдаги шахсий маълумотларни эса қонунда белгиланган ҳимоя талабларига риоя қилинган тақдирда хорижда сақлаш ва қайта ишлаш мумкин бўлди.
2026 йил ёзида Ўзбекистон ҳукумати шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилади деб тан олинган 49 мамлакат ва ҳудуд рўйхатини тасдиқлади. Улар орасида АҚШ, Британия, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари ва Япония ҳам бор.
Бу ўзгаришлар аввал Google каби халқаро технология компаниялари учун қийинчилик туғдирган асосий ҳуқуқий тўсиқлардан бирини юмшатди.
Бироқ YouTube монетизациясининг очилиши фақат шахсий маълумотларга оид қонунчиликка боғлиқ эмас.
Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида халқаро тўлов тизимларидан фойдаланишдаги чекловлар, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар ва ўзбек тилидаги контентни автоматик аниқлаш ҳамда модерация қилиш имкониятлари ҳам тўсиқлар қаторида санаб ўтилган.
Шунинг учун ҳозирги музокаралар YouTube монетизацияси Ўзбекистонда дарҳол ишга тушади дегани эмас. Google ҳозирча бундай хизмат қачон очилиши мумкинлиги ҳақида расмий сана эълон қилгани йўқ.
Ўзбекистонлик блогерлар қанча даромад олиши мумкин?
YouTube монетизациясининг очилиши Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган креатив индустрияси учун сезиларли иқтисодий имконият яратиши мумкин.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 26 мингдан ортиқ фаол видеоблогер бор. Уларнинг қарийб минг нафарида 100 мингдан зиёд, беш минг нафарида 10 мингдан 100 минггача обуначи бор.
Марказ Ўзбекистондаги YouTube видеоларининг йиллик кўришлар сони ва реклама нархларига асосланиб, монетизациядан олинадиган умумий даромадни йилига 28,8 млн доллардан 50,4 млн долларгача баҳолаган.
Унинг ҳисоб-китобига кўра, монетизациянинг ишга тушиши Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига 0,05-0,1 фоизгача қўшимча ҳисса қўшиши мумкин. Бу рақамлар прогноз бўлиб, амалдаги даромад аудитория ҳажми, реклама нархи ва видеоларнинг кўрилишига боғлиқ бўлади.
Монетизация жорий этилса, ўзбекистонлик муаллифлар маҳаллий ва хорижий аудитория томоша қиладиган видеоларида кўрсатиладиган рекламадан бевосита даромад олиш имконига эга бўлади.
Бу эса фақат блогерлар эмас, балки видео ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа касблар, жумладан монтажчилар, дизайнерлар, продюсерлар ва рақамли реклама мутахассислари учун ҳам янги иқтисодий имкониятлар яратиши мумкин. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази YouTube монетизацияси ёшларни рақамли иқтисодиётга жалб қилиш ва контент яратиш индустриясига сармоя жалб этишга туртки бериши мумкинлигини айтган.
Шу билан бирга, монетизация ўзбек тилида сифатли контент ишлаб чиқаришни тижорий жиҳатдан жозибадорроқ қилиши ва контент яратувчиларнинг реклама берувчиларга бевосита боғлиқлигини камайтириши мумкин.
Ҳозирча эса Google ва Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичлари ёки YouTube монетизациясини ишга тушириш муддати ҳақида маълумот бермаган.
































